Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2020, Тошкент вақти: 13:33

Дариға Назарбоева Қозоғистон сенати раислигидан олинди


Аксар таҳлилчилар Назарбоев ўрнини қизи Дариға эгаллаши мумкинлигини тахмин қилиб келаётган эди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи, мамлакат парламенти олий палатаси спикери Дариға Назарбоеванинг ваколатларини тугатишга қарор қилди.

Назарбоева парламентдаги ўрнидан ҳам маҳрум бўлди.

Бу ҳақда 2 май куни Қасим-Жомарт Тоқаев маъмурияти маълум қилди. Маъмурият эълон қилган 14 сўздан иборат қисқа билдирувда Назарбоева ваколатлари тугатилгани айтилади. Ҳозирча бунинг сабаблари очиқланмади.

«Давлат раҳбарининг фармонига биноан Қозоғистон Республикаси парламенти сенати депутати Назарбоева Дариға Нурсултановнанинг ваколатлари тўхтатилди», дейилади билдирувда.

Тоқаев Дариғани дам олиш куни, мамлакатдаги коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган фавқулодда ҳолат давомида лавозимидан четлатди.

Тоқаев Twitterда Дариға Назарбоевага Сенат раиси ўлароқ олиб борган «фаол ва самарали фаолияти» учун миннатдорчилик изҳор қилди.

56 ёшдаги Дариға Назарбоева Қозоғистонни 30 йил мобайнида бошқарган отаси 79 яшар Назарбоев ўтган йили истеъфога чиққан кундан сенат раиси эди.

Назарбоев президентлик лавозимини тарк этган бўлса-да, мамлакатнинг энг олий қарор чиқарувчи расмийси бўлиб қолаётганига ишонилади.

Собиқ президент ҳукмрон «Нур Отан» партиясига етакчилик қилишда давом этмоқда. Шунингдек, у Қозоғистон Хавфсизлик кенгашининг умрбод раисидир.

Ўтган йилда Назарбоев истеъфоси ортидан Тоқаев мамлакат пойтахтини собиқ президент шарафига қайта номлашни таклиф қилди. Натижада пойтахт номи Нурсултонга ўзгартирилди.

Аксар таҳлилчилар Назарбоев ўрнини қизи Дариға эгаллаши мумкинлигини тахмин қилиб келаётган эди.

2007 йилда Дариға турмуш ўртоғи Роҳат Алиев билан боғлиқ машмашалар ортида сиёсий саҳнадан чекинди. Унинг сиёсий карерасидаги танаффус беш йилга чўзилди.

2013 йилда яна сиёсатга қайтган Назарбоева дастлаб парламентга депутат сифатида кирди.

2014 йил Назарбоева парламент қуйи палатаси раиси ўринбосарлигига сайланди.

2015 йил Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бир йил ўтиб у сенат депутати бўлди ва Сенатнинг Халқаро алоқалар, мудофаа ҳамда хавфсизлик қўмитасига етакчилик қилган.

Назарбоевани парламент спикери этиб тайинлашни ўша пайтдаги спикер Тоқаев таклиф қилган эди.

Конституцияга мувофиқ, сенат спикери амалдаги президент ўз вазифасини бажаролмай қолганида ёки истеъфо берганида навбатдаги сайловга қадар президент ваколатини бажариб туради.

«Элбоши» унвони берилган собиқ президент Назарбоев сайтида ҳозирча Назарбоева лавозимидан четлатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Кейинги ҳафталарда Дариға Назарбоева исми Буюк Британияда қимматбаҳо кўчмас мулк бўйича давом этаётган тортишувларга доир хабарларда тилга олинди.

Лондон Олий суди 8 апрель куни «манбаси номаълум бўлган даромадларга сотиб олинган уйлар» тўғрисидаги учта ордерни бекор қилди. Бу ордерларни пул ювишга қарши кураш кампанияси доирасида Жиноятчиликка қарши кураш бўйича миллий агентлик киритган эди. Ордерлар Назарбоеванинг ўғли Нурали Алиев яшаётган уйга ҳам тегишли.

Ордерда айтилишича, баҳоси 80 миллион фунт стерлинг (104 миллион долларга яқин) бўлган уй Нурали Алиев ва унинг онаси Дариға Назарбоева эгалик қиладиган офшор ширкатлари номига расмийлаштирилган. Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу уйлар қайси маблағ ҳисобига сотиб олинганини исботлашни талаб қилиб келаётган эди.

Лондон Олий судининг билдиришича, ордерлар бекор қилинишига «судга тақдим этилган далилларнинг етарли эмаслиги» сабаб бўлди.

Суд қарорида бу уйларни сотиб олиш манбаси «молиявий жиҳатдан мустақил бўлган Дариға Назарбоева» экани айтилади.

Жиноятчиликка қарши кураш бўйича миллий агентлик суд қарори устидан апелляция киритишини билдирди.

Қозоғистон қонунлари Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзоларига ҳар қандай терговдан умрбод иммунитет кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG