Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2020, Тошкент вақти: 06:56

Коронавирус пандемияси пайтида Россияда учинчи врач деразадан йиқилиб тушди


Коронавирус эпидемияси Россия тиббиëт тизимини ўта ночор ҳолга солиб қўйди.

Россия ғарбида жойлашган Воронеж областидаги тез ёрдам бўлими шифокорининг аҳволи касалхона деразасидан тушиб кетгандан сўнг оғирлигича қолмоқда. Олдинроқ у COVID-19 юқтириб олгандан сўнг ҳам ишлашга мажбурланаётганидан шикоят қилган эди. Бу мамлакатда сўнгги кунларда рўй берган учинчи ҳодисадир.

Александр Шулепов ҳамкасблари ва областдаги коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор гуруҳ вакиллари айтишича, у 2 майда Новая Усмань шаҳридаги шифохонада ишлаётган ва айни дамда коронавирусдан даволанаётган пайтда иккинчи қават деразасидан йиқилиб тушган. Ҳозир у бош суягининг синиши ортидан шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Шулепов 22 апрелда шифохонага ётқизилган, бироқ тиббий текширувдан сўнг унга COVID-19 юққани тасдиқланмагач, жавоб берилиши керак бўлган.

Шифохонага ётқизилган куни Шулепов ҳамкасби Александр Косякин билан COVID-19 юқтиргани тасдиқлангандан сўнг раҳбари ўзи билан ҳамкасбларини ишлашга мажбур қилаётгани хусусида видео орқали шикоят қилган.

Орадан уч кун ўтиб, Шулепов дастлабки гапларидан тониб, Косякин билан бирга тушган видеосида COVID-19 юқтириб олганини билгандан сўнг “эмоционал ҳолат”да бўлганини айтган.

Шулепов Россияда коронавирус инфекцияси кенг тарқалаётган вазиятда деразадан тушиб кетган учинчи шифокордир.

Россиянинг Сибирь минтақасига қарашли Красноярск шаҳридаги уруш ветеранлари шифохонаси бош шифокори Елена Непомняшчая Шулепов билан боғлиқ ҳолатдан сўнг орадан бир ҳафта ўтиб, 1 майда бешинчи қаватдаги кабинетидан деразасидан йиқилиб тушиб ўлган эди.

Маҳаллий ахборот воситалари хабар қилишича, Непомняшчая вилоят соғлиқни сақлаш вазири Борис Немик билан шифохона биноларидан бирини коронавирусга чалинган беморлар даволанадиган корпусга айлантириш масаласини селектор орқали муҳокама қилаётиб, кабинети деразасидан йиқилиб кетган.

Хабарларда Непомняшчаянинг бу таклифга қатъий қарши бўлгани айтилади.

24 апрелда Москва яқинидаги Звёздной шаҳарчасидаги тез ёрдам маркази бошлиғи Наталья Лебедева Москвадаги шифохонада айтилганидек, “нохуш ҳодиса” сабаб ўлган. У шифохонада COVID-19 дан даволанаётган бўлган.

РенТВ телеканали ва “Московский комсомолец” газетаси Лебедева шифохона юқори қаватларидан бирининг деразасидан йиқилиб тушганини хабар қилди.

“Московский комсомолец” Лебедеванинг ҳамкасбларига иқтибосан маълум қилишича, у жонига қасд қилган бўлиши мумкин, чунки қўл остидагиларга касалликни юқтирган эди.

Россиянинг тиббиёт соҳаси раҳбарлари 4 майда коронавирус юқтирганлик ҳолатлари 134 687 тага, ўлим ҳолатлари 1280 тага, тузалганлар эса 16 639 нафарга етганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG