Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2020, Тошкент вақти: 23:50

Коронавирусга даво излаб - тожикистонлик врач «ғалати» дорини ўз танасида синаб кўрди


Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги COVID-19 коронавирусини юқтирган беморларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича маҳаллий тиббиёт ходимлари учун қўлланма тайёрлади. Вазирликнинг огоҳлантиришича, дори препаратларини врач рецепти ва тавсиясисиз қабул қилиш қатъиян ман этилади. Бироқ кўпчилик касалликка чалинганлар тавсияни кутиб ўтирмасдан, ўзини ўзи даволашга киришиб кетди.

Рашт тумани марказий касалхонаси бош врачи ўзини силга чалинган уй ҳайвонларини даволашга мўлжалланган препарат ёрдамида коронавирус хасталигидан тузатганини маълум қилди.

(Озодлик тожик хизмати COVID-19 хасталигини даволаш ёки олдини олишдаги самарадорлиги ҳали исботланмаган бу дори номини эълон қилмайди.)

Қобилжон Ғиёсовнинг 6 майда Озодликка билдиришича, коронавирус аломатлари билан Душанбедан қайтиб келган маҳаллий амалдорни даволагандан сўнг инфекция юқтириб олган.

− Биз уни касалхонанинг инфекция бўлимига жойлаштирдик. Ҳамма врачлар қочиб кетди. Мен 6 кун давомида уни даволаш билан шуғулландим. Еттинчи куни ўзимнинг танамда коронавирус аломатлари пайдо бўлди. Бир неча кун ичида аҳволим бутунлай ёмонлаб кетганига ишониш қийин эди. Кўзларим кўрмай қола бошлади, энди ўлиб қолсам керак, деб ўйладим, − дейди Рашт тумани касалхонаси бош врачи.

Шундан сўнг Қобилжон Ғиёсов вирусга қарши дориларни қабул қила бошлаган.

− Лекин улар ёрдам бермади, аҳволим баттарлаша бошлади, ваража тутадиган бўлди, танам ҳарорати баланд (41 даражагача) бўлди, нафас олишга қийналиб қолдим, ўпкам оғирлашиб, ёмон хириллаш пайдо бўлди. Интернетдан қидиришни давом эттириб, эчкилардаги ўпка шамоллашини даволашда ишлатиладиган бир дорини топдим. Кўрсатмасини ўқиб кўриб, уни ўзимда синашим мумкинлигига ишондим. Бахтимга ўша дори ветеринария дорихонасида бор экан. Дастлаб менга унинг 1 миллитрини укол қилишди, лекин аҳволим ўзгармади. Шундан сўнг унинг миқдорини 9 миллитрга етказишга қарор қилдик. Кечқурун укол қилинган бўлса, кечаси соат 2 ларга бориб, бир оз енгиллашдим, − деб ҳикоя қилади Ғиёсов.

Врачнинг айтишича, кейинчалик яна 4 нафар беморни ўша препарат билан даволаган.

Уй ҳайвонларидаги зотилжам хасталигини даволайдиган препарат Нидерландияда ишлаб чиқарилади ва у Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дори препаратлари реестрига киритилган.

Айни чоқда Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги COVID-19 коронавирусини юқтирган беморларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича маҳаллий тиббиёт ходимлари учун қўлланма тайёрлади.

− Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган ойда коронавирус инфекциясига ташхис қўйиш ва даволаш бўйича вақтинчалик қўлланма тайёрлаган эди, деб хабар қилди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мирҳамуддин Камолзода.

Билдиришича, врачларга коронавирусни даволашда “Делагил”, “Арбидол”, “Рибавирин”, “Левофлоксацин” ва “Цефтриаксон” препаратлари тавсия қилинмоқда. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини врачлар тавсиясисиз ушбу дори препаратларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланишидан огоҳлантирмоқда.

Яқинда Сўғд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят раҳбари Ражаббой Аҳмадзода топшириғи билан барча касалхоналар гидроксихлорохин дориси билан таъминланганини билдирди. Бу дори одатда ревматоид артрит ва безгакни даволашда қўлланади, бироқ ҳозирча унинг янги коронавирусни даволашдаги самарадорлиги тасдиқланган эмас.

Бугун бутун дунёда 100 га яқин тадқиқот гуруҳи янги вакцина ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Шулардан фақат 8-11 таси, яъни Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Германия олимлари муваффақият қозона билди ва дастлабки синов ишларини бошлади. Айни пайтда барча тадқиқот гуруҳи ўзаро ахборот алмашмоқда.

Хабар қилганимиздек, Лондонда яшовчи 35 яшар тожик олими Бобожон Назаров раҳбарлигида бир гуруҳ мутахассислар Британияда коронавирусни даволашга мўлжалланган дори синовини бошлади. Синовлар Британиянинг Назаров раҳбарлигидаги “Latus Therapeutics” базасида Оксфорд университетидан келган бир гуруҳ олимлар иштирокида ўтказилди.

Мутахассислар таъкидлашича, COVID-19 га қарши вакцина ишлаб чиқиш қийин, чунки коронавируснинг бошқа штаммларига қарши эмлашнинг мос келувчи намуналари йўқ. Масалан, 2003 йилги атипик зотилжам ўз-ўзидан йўқолиб кетгани сабабли вакцина ишлаб чиқариш бўйича ишланмаларни молиялаштириш тўхтатиб қўйилган.

Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, 6 майга келиб, мамлакатда COVID-19 юқтирганлар сони 379 та, ўлганлар сони эса 8 тага етган.

Бироқ экспертлар ва аксарият ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Тожикистонда коронавирус юқтирганлар сонининг расмий статистикадагидан анча кўплигига ишонади.

XS
SM
MD
LG