Линклар

Шошилинч хабар
04 июл 2020, Тошкент вақти: 21:38

"Корзинка" раҳбари ўз бизнесида Гулнора Каримованинг улуши бўлганини рад қилди


Ўзбекистондаги "Корзинка" савдо тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов.

Ўзбекистондаги "Корзинка" савдо тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов Гулнора Каримованинг ўзи бошқараётган бизнесда улуши бўлганини рад қилди.

Ўтган ҳафта Каримованинг ўғли Ислом Каримов Ўзбекистон президентига мурожаатида онасидан олинган активлар рўйхатини келтирганди.

Мактубда кичик Каримов "Корзинка" супермаркетлар тармоғи ҳам онаси Гулнора Каримовага тегишли бўлганини иддао қилганди.

"Кун.уз" нашри мухбири билан суҳбатда "Корзинка" раҳбари Зафар Ҳошимов бу иддаони рад қилган.

Ҳошимов Гулнора Каримова билан ҳеч қачон таниш бўлмаганини ҳам айтган.

– Кичик Ислом Каримов "Инстаграм"га жойлаган очиқ хатида мен томонимдан таъсис этилган, доим менинг якка тасарруфимда бўлган, салкам 25 йилдан бери шахсан ўзим узлуксиз бошқариб келаётган корхонада гўё унинг онасининг улуши бўлган, деган гапни ўқиб жуда таажжубландим. Чунки бу гапда ҳеч қандай асос, даъвода заррача ҳақиқат йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган, - деган Ҳошимов.

Ислом Каримов Ўзбекистонда онасига тегишли бошқа қатор мулклар суд ҳукмисиз президент Мирзиёевнинг куёви назоратига ўтиб кетганини иддао қилган.

"Бобомизнинг шахсан танлови ва иштирокида барпо этилган дачамиз аралаш жанг санъати спорти уюшмаси остида куёвингизнинг назоратига ўтиб кетди", дейилади мурожаатда.

Бундан ташқари Ислом Каримов Ўзбекистондаги Coca-Cola заводи ҳам президентнинг исми тилга олинмаган куёвига ўтиб кетганини даъво қилган.

"Юз миллионлаб АҚШ доллари қийматидаги оилавий бизнесимиз бўлмиш Ўзбекистондаги Coca- Cola заводимиз ҳам куёвингиз назоратига ўтган", - дейилади Ислом Каримов мурожаатида.

Ислом Каримов онасининг иши доирасида тортиб олинаётган мулклар ва маблағлар давлат бюджетига қайтарилаётганини савол остига олади.

"Дачамиз, Coca cola заводи ва бошқа активлар, қонунда белгилангандек, очиқ савдога чиқарилганини эшитмадик", деб ёзган.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи 48 ёшли Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.

Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилган Ўзбекистон Бош прокуратураси унинг хориждаги маблағ ва активлари Ўзбекистонга қайтарилиши кераклигини билдирган.

Бош прокуратура Каримованинг давлат ва одамларга келтирган зарари 1 трлн 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари, 26,1 млн евро миқдорида деб баҳолаган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG