Линклар

Шошилинч хабар
03 феврал 2023, Тошкент вақти: 17:38

Халқаро хабарлар

Эронлик спортчи ва фотосуратчи романтик видеоси учун қўлга олинди

Эронлик паркур спортчи ва фотограф Алиризо Жапалағий.

Эронлик паркур спортчи ва фотограф Алиризо Жапалағий 18 март куни қўлга олинди. Бу ҳақда унинг акасига таянган ҳолда 20 майда Фарда радиоси хабар берди.

Алиризо ҳибсга олиниш олдидан ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеосида уни хавфсизлик хизматига чақиришганини айтган эди. Унга кўра, бир неча кун олдин у Теҳрондаги кўп қаватли уйлардан бирининг томида спорт кийимидаги аёлга "муҳаббат изҳор қилган ҳолда паркур билан шуғулланаётгани" тўғрисидаги сурат ва видеони жойлаштирган. Унинг хавфсизлик хизматига чақиртирилишига мана шу видео ва фотосурат сабаб бўлган.

“Теҳрон тонги” деб номланган мазкур тасвирлар Жапалағийнинг юз минг обуначиси бўлган Instagram тармоғида эълон қилинганди.

Эрон қонунларига асосан мамлакатда аёллар кўчаларда ҳижоб билан юриши зарур.таниш бўлмаган эркак ва аёлнинг мулоқот қилиши тақиқланади. Эрон ҳукумати расман Жапалағий қўлга олингани тўғрисида маълумот бермади.

Сўнгги йилларда ўнлаб эронликлар ижтимоий тармоқларда эълон қилган постлари, жумладан, рақс ва модел суратлар тасвирларини жойлаштиргани учун қўлга олинган.

Кун янгиликлари

Эронлик таниқли режиссёр Жаъфар Паноҳий қамоқхонада очлик эълон қилди

Жаъфар Паноҳий

Эронда ўтган йили 6 йилга озодликдан маҳрум этилган режиссёр Жаъфар Паноҳий очлик эълон қилган. У мазкур акциянинг ўзининг қамоқхонада тутиб турилишига қарши норозилик ўлароқ бошлаганини айтган.

Паноҳий Эрондаги энг машҳур кинорежиссёрлардан бири бўлиб ҳисобланади. Унинг фильмлари Берлин ва Канн кинофестивалларида тақдирланган, Локарнодаги “Олтин қоплон” ва Венециядаги “Олтин арслон” фестивалларида мукофотларга сазовор бўлган.

Ўтган йилнинг май ойида Паноҳий 300 дан зиёд эронлик зиёли ва маданият арбоби қаторида мамлакатда сўз ва ижод эркинлигига қарши қатағон кучаяётганини қораланган очиқ хатга қўл қўйган эди.

2022 йилнинг июль ойида Паноҳий Теҳронда қўлга олинган. Суд режиссёрни 2010 йилдаги аксилҳукумат намойишларини дастаклаганлик ва “тизимга қарши ташвиқот”да айблаб, олти йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Эронлик расмийлар мазкур судни Паноҳийнинг 2009 йили Теҳрондаги аксилҳукумат намойишлари чоғида отилган талабанинг дафн маросимида қатнашиб, ўша воқеалар тўғрисида фильм олишга уринганлик бўйича 2010 йилда чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқиш зарурати билан изоҳлашган.

Боррель: Европа Иттифоқи ҳозирча Украинага жанговар учоқлар етказиб беришни режалаётгани йўқ

ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель

Украинага қирувчи учоқларни етказиб бериш масаласи ҳозирча ЕИ кун тартибида тургани йўқ, дея билдирди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 3 февраль куни ўтказилажак ЕИ-Украина саммити олдидан Брюсселда қилган чиқишида.

Мулозимга кўра, бу масала ЕИга аъзо бўлган 27 та давлат орасида жиддий тортишувларга сабаб бўлган.

Ҳозиргача Украинага жанговар учоқлар етказиб бериш мумкинлиги ҳақида фақат Франция ва Нидерландия расмийлари гапиришган. Германия канцлер Олаф Шольц Украинага қирувчи учоқлар етказилмаслигини, бу қадам уруш янада авж олишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтган.

Британия мазкур масалани муҳокама қилишга ҳали тайёр эмас. АҚШ президенти Жо Байден эса аввалроқ Киевга қирувчи учоқлар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмаётганини билдирган эди.

Айни пайтда The New York Times нашрининг юқори лавозимли амалдорлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, АҚШ президенти маъмурияти учинчи мамлакатлар орқали Киевга F-16 учоқларини етказиб берилишини истисно қилмаяпти. Бу ўринда Вашингтон, масалан, ўз паркини замонавийроқ учоқлар билан янгилаётган Дания ва Нидерландияга F-16 учоқларини Украинага тақдим этишга рухсат бериши мумкин.

Жозеп Боррель фикрича, ҳозирда бутун диққат-эътиборни Украинага ваъда қилинган танкларни етказиб беришга қаратиш лозим.

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида тошқин туфайли 200 дан зиёд киши эвакуация қилинди

Туркистон вилоятида олиб борилган қутқарув ишларидан лавҳа (Қозоғистон ФВВ фотосурати)

Қозоғистон жанубида юзага келган тошқин оқибатида ҳовли-жойларни сув босгани натижасида Туркистон вилоятига кирувчи Қарнақ Кентау, Сауран ва Байдибек туманларидан 204 нафар одам ва 201 бош қўй-эчки эвакуация қилинган. Бу ҳақда маҳаллий Otyrar нашри Чимкент Фавқулодда вазиятлар департаментидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган.

Қорнинг тез эриши ва тинимсиз ёмғир ёғиши натижасида Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги бир неча аҳоли пунктида 2 февраль куни сув сатҳи кўтарилган. Одамларни кўчириш ва вақтинча бошпанага жойлаштириш учун Сауран туманида тўртта эвакуация маскани ҳозирланган.

Айни пайтда Байдибек туманидаги Шаян ва Шақпақ қишлоқлари, Сауран туманидаги Шага қишлоғи ва Арис шаҳрида сувни қайтариш бўйича ишлар олиб борилаётгани, уйларни сув босишига йўл қўймаслик учун қутқарувчилар йўлларга тўсиқ сифатида 12 минг қоп қўйиш устида ишлаётгани айтилган.

Байдибек, Ўрдабаси ва Сауран туманларида жами 21 та кўча ва 235 та хўжалик ҳудуди сув остида қолган. Табиий офатга қарши кураш учун ФВВ, маҳаллий ижроия идоралари ва Мудофаа вазирлигидан 400 дан зиёд одам, қарийб 70 та техника ва 35 та мотопомпа жалб этилган. Чимкент ФВД ҳам тошқин оқибатларини бартараф этиш учун Туркистон вилоятига қўшимча куч йўллаган.

Қозоғистонда пиёз юклаб Россияга кетаётган 23 та юк машинаси тўхтатиб қолинди

Иллюстратив сурат

Қозоғистон расмийлари пиёз ортилган 23 та юк машинасининг Россия ҳудудига чиқиб кетишига рухсат беришмаган. KazTAG хабарига кўра, Чимкент, Жамбил ва Туркистон вилоятларида йўлга чиққан Ғарбий Қозоғистон вилояти орқали Россияга ўтиб кетмоқчи бўлиб турганида тўхтатиб қолинган.

Тутиб қолинган юк эгаларига қайтарилиши ёки Қозоғистоннинг бошқа жойлари сотилиши айтилмоқда.

Аввалроқ Марказий Осиё мамлакатларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ортидан пиёз дохил кўплаб мева-сабзавотлар музлаб қолаётгани, бунинг ортидан бозорларда нархлар ошиб, айрим жойларда тақчиллик кузатилаётган хабар қилинган. Шу муносабат билан Қозоғистон жорий йилнинг 28 январидан эътиборан пиёз экспортига уч ойлик чеклов жорий қилган.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам қарийб икки ҳафта муқаддам йил бошидан 4 ойга пиёз экспорт қилишга вақтинча чеклов ўрнатилганини очиқлаган эди.

Канада парламенти қуйи палатаси Шинжондан 10 минг нафар уйғурни кўчириб келишга оид резолюцияни қабул қилди

Оттавадаги Канада парламенти биноси

Канада парламентининг қуйи палатасида 1 февраль куни мамлакат расмийларини Хитойнинг Шинжон минтақасидан бўлган 10 минг нафар уйғур қочқинини икки йил ичида кўчириб келишга чақирилган резолюция овозга қўйилган. Тавсия характерига эга бўлган резолюцияни қабул қилиш учун палата депутатларининг 322 нафар аъзоси овоз берган, қаршилар бўлган эмас.

Ҳужжат Либерал партиядан депутат Самир Зуберий томонидан ишлаб чиқилган. Унда Канада ҳукуматидан учинчи мамлакатларга қочган шинжонлик уйғур ва туркий тилли бошқа туб аҳоли вакиллари Хитой томонидан босим ва таъқибга учраётганини тан олиш сўралган.

Reuters қайдича, резолюциянинг қабул қилиниши бош вазир Жастин Трюдо ҳукумати зиммасига ҳужжатда акс этган таклифларга риоя қилиш мажбуриятини юкламаса-да, унинг бир овоздан қабул қилиниши озчилик ҳукуматга бу борада чора кўришда катта таъсирга эга бўлиши мумкин.

“Канада ҳар доим ҳимояга муҳтож бўлганларга кўмак кўрсатишда ўз ҳиссасини қўшади. Мен қуйи палата томонидан маъқулланган резолюцияда баён этилмиш чораларни илгари суриш учун барча партиялар аъзолари билан ишлаш ниятида қатъийман”, деган Канада иммиграция вазири Шон Фрейзер.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пекинни 2017 йилдан буён миллиондан зиёд Ислом динига эътиқод қилган уйғур, қозоқ ва бошқа туркий тилли халқлар вакилларини қамоқхона ва лагерларга йўллаганликда айблаб келишади. 2021 йил февралида Канада парламенти қуйи палатаси Пекиннинг Шинжондаги асосан мусулмонлардан иборат туб аҳоли вакилларига нисбатан муносабатини геноцид ўлароқ тан олган. Бу воқеадан бир ой аввал АҚШ давлат котиби Майк Помпео ўз лавозимидан кетишидан аввал Шинжонда содир бўлаётган воқеаларни “геноцид” деб атаганди.

Хитой расмийлари ўзларига қарши айтилаётган айбловларнинг барчасини рад этишиб, Шинжондаги ўз хатти-ҳаракатларини “террорчилик ва экстремизмга қарши кураш чоралари” эканини иддао қилишган.

Краматорскда кўп қаватли уй Россия ракетасига нишон бўлди, қурбонлар бор

Краматорскда Россия ракетаси зарбасига нишон бўлган уй

Украинанинг Донецк вилояти Краматорск шаҳри марказида жойлашган кўп қаватли уй россиялик ҳарбийлар берган ракета зарбаси натижасида вайрон бўлган.

Донецк вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко маълумотига кўра, ҳодиса чоғида камида 3 киши ҳалок бўлиб, 20 киши яраланган. Айни пайтда қутқарувчилар иш олиб бораётган вайронлар остида яна одамлар бўлиши мумкинлиги эътимолдан соқит қилинмаяпти.

Донецк вилояти полицияси қайдича, Россия қўшинлари шаҳарнинг одамлар яшайдиган мавзеига “Искандер-К” ракетасини улоқтиришган, пировардида камида 8 та кўп квартирали уйга шикаст етган.

Украина президент Владимир Зеленский Краматорскка берилган ракета зарбасини “мутлақ ёвузлик билан ҳудудий жиҳатдан чегарадош бўлган мамлакат турмушининг кундалик реаллиги” деб атаган.

Россия томони мазкур ракета зарбаси юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

Украиналик ҳарбийлар назорати остида бўлиб турган Краматорск Россия қўшинлари тўхтовсиз ҳужум уюштираётган Бахмут шаҳридан ўнлаб километр нарида жойланган. Бахмутда уруш бошидан буён энг шиддатли жанглар бораётгани айтилмоқда.

Bloomberg Billionaires Index: Алишер Усмоновнинг бойлиги йил бошидан буён $1 млрдга кўпайди

Алишер Усмонов

Bloomberg агентлигининг Миллиардерлар индекси маълумотига кўра, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг бойлиги жорий йил бошидан буён 1 миллиард доллардан кўпроққа ошиб, 19,5 миллиард долларга етган.

Россия президенти Владимир Путинга яқин кўрилган Усмонов, мазкур рейтингга кўра, айни пайтда дунёдаги 500 нафар энг бой одамлар рўйхатида 81-ўринни эгаллаб турибди.

Россия қўшинлари ўтган йилнинг февраль ойи охирида Украинага бостириб киргани ортидан Алишер Усмонов АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкция рўйхатига киритилган эди.

Financial Times нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ЕИдан россиялик миллиардер Усмоновдан санкцияларни олиб ташлашни сўраган.

Forbes журнали бундан ўн кун муқаддам Алишер Усмонов Россия ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (РИЧТУ) раёсати бюросига пенсия чиқаётгани ва актив фаолиятдан чекинаётганини билдириб, ўзини бюрога аъзоликдан озод қилиш ҳақида ариза ёзгани ҳақида хабар қилган эди.

Наманганнинг Чуст туманида туғилган Алишер Усмонов Россиядаги USM гуруҳининг асосчиси ва йирик акциядори бўлиб ҳисобланади. Мазкур гуруҳга “Металлоинвест”, “Удоканская медь”, “МегаФон” дохил қатор ширкатлар киради. Усмонов “Коммерсантъ” нашр уйига ҳам эгалик қилади, аввалроқ у VK (ВКонтакте ижтимоий тармоғи) соҳиби ҳамда Британиянинг “Арсенал” клубининг эгадоши бўлган, шунингдек, у 2022 йилнинг март ойигача Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбари лавозимини ҳам эгаллаб турган.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ва унинг сафдошлари Алишер Усмоновни коррупцияда айблаб чиққан. ФБКнинг энг машҳур “У сизга Димон эмас” (“Он вам не Димон”) деб номланган суриштирувида Усмонов Россия ҳукуматининг собиқ раҳбари Дмитрий Медведевга билвосита пора бергани иддао қилинган эди. Усмонов бу иддаони рад этган. Суриштирув ёйинланганидан кейин у Навальнийга видеомурожаат билан чиқиб, “Тупурдим сизга” деган сўзлар билан мухолифатчини ёлғончиликда айблаган. Усмонов ўз шаъни ва эътиборини ҳимоя қилиш бўйича Москвада бўлиб ўтган судда Навальнийнинг устидан ғалаба қилган.

Навальний Ғарб мамлакатларини Британия резиденти бўлган Усмоновга қарши коррупция айблови билан санкциялар жорий этишга чақирган эди. Бироқ санкциялар Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейингина жорий этилган.

Грузия президенти: Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни тарк этиши лозим

Грузия президенти Саломе Зурабишвили

Грузия президенти Саломе Зурабишвили Россия ўзларини мустақил деб эълон қилиб олган ва 2008 йилдан буён феълан Москва томонидан бошқарилаётган Абхазия ва Жанубий Осетияни Грузия назорати остига қайтариши зарур, дея билдирди. Унинг фикрича, Россия Украинадаги урушда ютқазяпти, уруш тугаганидан кейин эса у нафақат Украинанинг, балки Грузиянинг ҳам ишғол этилган ҳудудларидан чиқиб кетиши керак.

“Россия, агар бутун урушни демасак, барча жангларни қарийб бой бериб бўлди. Грузия масалалари ҳам музокара столида бўлиши шарт. Россия ўз чегаралари қаердан ўтишини яхшилаб ўрганиб олиши лозим”, дея иқтибос келтирган Bloomberg агентлиги Саломе Зурабишвили сўзларидан.

Грузия президенти ғарб ҳамжамиятини Россия президенти Владимир Путиндан ўз қўшинларини Абхазия ва Жанубий Осетиядан олиб чиқиб кетишни Украина билан тинчлик шартномаси тузилиши шартларидан бири ўлароқ талаб қилишга чақирган. “Акс ҳолда, Ғарб 2008 ва 2014 йилларда бўлгани каби яна битта катта хатога йўл қўяди”, деган Зурабишвили.

Жанубий Осетия билан Абхазия Грузия ССР таркибига кирган. Ўтган асрнинг 90-йилларида бу икки ҳудуд ўз мустақиллигини эълон қилган, бироқ Тбилиси буни қабул қилган эмас. 2008 йили Грузия билан “беш кунлик уруш”дан сўнг Россия Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларига ўз қўшинларини жойлаштириб, уларни мустақил деб тан олган. Мазкур ҳудудлар мустақиллигини Россиядан ташқари фақат Венесуэла, Науру, Никарагуа ва Сурия каби мамлакатларгина тан олишган. Грузия бу жойларни Россия томонидан ишғол қилинган ўз ҳудудлари деб билади.

Грузия ва Россия ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмас. Айни пайтда Грузия, гарчи Украинани дастаклашини расман билдирган бўлса-да, Киевга қарши уруш бошланганидан кейин ғарб мамлакатлари томонидан Россияга қарши киритилган санкцияларга қўшилмаган. Грузия мухолифати мамлакат расмийларини Россияга ён босувчи позицияни эгаллаб келаётганликда айблаган.

Reuters: АҚШ Украинага 150 километр масофага етадиган ракеталарни беради

GLSDB (Ground Launched Small Diameter Bomb) ракетаси учирилишининг моделлаштирилган кўриниши

Қўшма Штатлар Украинага қиймати 2,2 миллиард долларга тенг бўлган ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини ҳозирлаяпти, мазкур пакетга илк бор ҳаракат радиуси 150 километргача бўлган ракеталар киритилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги АҚШ президент Жо Байден маъмуриятидаги икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Гап бу ерда 150 километргача масофага уча оладиган юқори аниқликка эга GLSDB (Ground Launched Small Diameter Bomb) ракеталарини етказиб бериш ҳақида бормоқда. Ҳозирда Украинага радиуси 80 километргача бўлган ракеталар етказиб бериляпти.

Reuters ўтган йилнинг ноябрь ойидаёқ GLSDB’ни ишлаб чиқарувчи Boeing ширкатининг Украинага мазкур ракеталарни етказиб бериш таклифи ҳақида хабар қилган эди.

Айни пайтда Вашингтон Киевга 300 километргача уча оладиган ATACMS ракеталарини етказиб беришга оид илтимосини рад этган. Оқ уй украиналик ҳарбийлар мазкур ракеталар билан Россия ичкарисидаги ҳадафларга зарба беришидан хавотирланмоқда, бу эса урушнинг назоратсиз эскалациясига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ Украина президенти офисининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Киев Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги объектларга ҳужум қилиш имконини берувчи ракеталар етказиб берилиши бўйича музокаралар олиб бораётганини айтган эди.

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамининг янги пакетига “Пэтриот” зенит-ракета комплекслари учун ёрдамчи қурилмалар, аниқ нишонга урадиган ўқ-дорилар ва танкка қарши “Жавелин” ракеталари кириши кутиляпти, дея қўшимча қилишган агентлик манбалари.

Reuters маълумотига кўра, ҳарбий ёрдамнинг янги пакети ҳақида жорий ҳафтада эълон қилинади. Оқ уй бу борада расмий изоҳ беришдан бош тортган.

Қирғизистонлик депутатлар яна TikTok тармоғига тўсиқ қўйиш таклифи билан чиқишмоқда

Қирғизистон парламенти депутати Шайлообек Атазов 1 февраль куни Жўғўрқу Кенеш мажлисида TikTok ижтимоий тармоғини блокировка қилишни таклиф қилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Атазовга кўра, TikTok ўсиб келаётган авлодга салбий таъсир кўрсатяпти ва у миллий мафкурага зиддир. Депутат Маданият вазирлигини мазкур ижтимоий тармоққа эътибор қаратишга чақирган.

“Маданият вазирлигига топшириқ бериш зарур, бу йўналишда иш олиб борсин. Оқшомлари оилавий ўтириб, TikTok томоша қилиш уятли ҳолат бўляпти. Давлатнинг миллий сиёсати бўлиши керак-да”, деган депутат Апазов.

Бу Қирғизистонда TikTok’ни блоклаш бўйича парламент депутатлари томонидан билдирилаётган таклифларнинг биринчиси эмас. Ўтган йилнинг сентябрь ойида депутат Надира Нарматова TikTok тармоғига “бемаъни нарсалар” қўйилаётганини айтган. Бошқа бир депутат – Жанибек Қидиқбаев эса ноябрь ойида TikTok болалар онгига “салбий таъсир” кўрсатаётгани иддаоси билан мазкур ижтимоий тармоқни тўсиб қўйишга чақирган эди.

TikTok Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар дохил кўплаб ўлкаларда кенг тарқалган, қисқа видеоларни жойлаш ва томоша қилишга мўлжалланган ижтимоий тармоқдир. Дунёда энг кўп юклаб олинадиган иловалардан бири бўлган TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига қарашли.

Қирғизистонда ҳам минглаб одам TikTok тармоғидан актив фойдаланишади. Шунингдек, бу платформага қирғизистонлик ўнлаб машҳур блогерлар ўз контентларини жойлаб келишади.

Лондон Абрамовичнинг қарийб 2,8 млрд доллар маблағини Украинага ёрдам ўлароқ ўтказиб бермоқчи

Россиялик миллиардер Роман Абрамович

Буюк Британия ҳукумати россиялик миллиардер Роман Абрамовичга қарашли “Челси” футбол клубининг сотилишидан тушган 2,3 миллиард фунт стерлинг (тақрибан 2,8 миллиард АҚШ доллари) маблағни Украидаги уруш қурбонларга ёрдам жамғармасига ўтказиб беришни режаламоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри ҳукуматдаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, Британия нашрлари бу қадамнинг Европа Иттифоқи томонидан маъқулланишини кутмоқда, чунки Абрамович ЕИда санкция рўйхатида киритилган. Мазкур масаланинг ҳал бўлиши бир неча ҳафтага чўзилиши мумкин.

ОАВ қайдича, пул жўнатилиши режаланаётган жамғармани тузиш ғояси Абрамовичнинг ўзига тегишли бўлган. Бу фикр ўтган йилнинг март ойида россиялик олигарх Украинадаги уруш туфайли санкциялар дуч келгани ортидан пайдо бўлгани айтилмоқда.

“Челси” футбол клубининг савдога қўйилиши 2022 йил бошида эълон қилиниб, сотиш ишлари май ойи охирида якунига етган. Клуб америкалик инвестор Тодд Боли бошчилигидаги консорциумга 4,25 миллиард фунт стерлингга сотилган. Байдан тушган маблағ махсус банк ҳисобрақамига қўйилган, ҳисобрақамининг ўзи эса музлатилган.

Россияда военкомат биносининг ёқилиши илк бор судда теракт деб топилди

Кемеровода ўт қўйилган ҳарбий комиссариат биноси (архив сурати)

Россияда суд ҳарбий комиссариат биносини ёққанлик учун биринчи марта “террор хуружи” моддаси бўйича ҳукм чиқарди.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, Ханти-Мансийск округидан бўлган айбланувчи 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Агентлик ўз хабарида судланувчининг исмини келтирган эмас. Бироқ, афтидан, бу ерда гап Владислав Борисенко ҳақида бормоқда. Ҳукм Екатеринбургдаги Марказий округ ҳарбий суди томонидан чиқарилган.

Нижневартовск шаҳрида яшаган Борисенко Василий Гаврилишен билан биргаликда ўтган йилнинг май ойида шаҳардаги военкомат биносини ёқиб юборишга уринганликда айбланган. Ўшанда бинодаги чўмилиш хонасининг кийим алмаштирадиган хонасига ўтгани айтилган. Аланга чақириқ асосида келган полициячилар томонидан тез орада ўчирилган, ҳодиса чоғида бирор кишининг жабрлангани маълум қилинган эмас.

Украина уруши бошланганидан буён Россияда ўнлаб военкомат ва бошқа давлат муассасалари биноларига ўт қўйишга уринишлар бўлган. Бу каби ҳаракатлар президент Путин томонидан қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин кучайган. Дастлаб ҳарбий комиссариат биноларини ёқиб юборишга уринганлардан бир неча нафари “безорилик” ёки “мулкка зарар етказганлик” моддалари бўйича судланган, бироқ куз ойларидан бошлаб тергов идоралари бу каби ишларни “террор хуружи” ўлароқ малакалаётганлари кузатилмоқда.

WP: АҚШ Украинага танкларни 2023 йил охиридагина етказиб беради

АҚШ Киевга бермоқчи бўлган 31 та “Абрамс” танкини 2023 йилнинг охиригача етказиб бера олмайди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Украинага “Абрамс” танкининг модификация қилинган M1A2 варианти етказиб берилади. Бу танклар АҚШ армиясининг мавжуд заҳирасидан олинмайди, балки Украина учун махсус ишлаб чиқарилади.

CNN телеканали ҳам Киев «Абрамс» танкларини камида йил охирида олиши мумкинлигини хабар қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский 27 январда Sky News телеканалига берган интервьюсида танклар 2023 йилнинг августида етказиб берилган тақдирда ҳам «жуда кеч бўлиши»ни айтган.

Аввалроқ Украинага АҚШ 31 та «Абрамс» танкини, Германия эса 14 та «Леопард» танкини беришини ва қолган давлатларга ҳам Киевга танкларни етказиб беришга тўсқинлик қилмаслигини билдирган. Шундай қилиб, Украинага жами 112 та «Леопард» жўнатилиши режалаштирилган. «Леопард» танклари Украинага 2-3 ойда етиб келиши кутилмоқда.

Украина армияси контрҳужум учун камида 300 ғарб танклари зарур бўлишини маълум қилди.

ЖССТ COVID-19 пандемияси якунланмаганини билдирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 30 январь куни тарқатган баёнотида COVID-19 пандемияси якунланмаганини билдирди. Баёнотда айтилишича, коронавирус билан боғлиқ вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

ЖССТнинг коронавирус бўйича қўмитасининг 14-йиғилиши пандемиянинг уч йиллигига бағишланди. COVID-19 пандемияси 2020 йилнинг 30 январида эълон қилинган эди.

Йиғилишда коронавирусни бартараф этиш учун катта ишлар қилингани, аммо пандемия ўтиб кетди деб ҳисоблашга ҳали эрта экани таъкидланди. Бунга Хитойда қатор карантин чекловлари бекор қилингач яна COVID-19 кескин кўпайгани мисол қилиб кўрсатилди.

Коронавирус тўғрисидаги илк маълумотлар 2019 йилнинг декабрида Хито йда пайдо бўлди. Вирус дунё бўйлаб тез тарқала бошлади. Сўнгги уч йилда жаҳонда 670 миллион киши коронавирусга чалинди, улардан 6,8 миллиони вафот этди. Бугунги кунда 5 миллиард киши коронавирусга қарши эмланди.

Покистон масжидида бўлган портлашни худкуш амалга оширгани маълум бўлди

Портлаш 30 январь куни пешин намози пайтида содир этилди.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги масжидда содир этилган портлашни худкуш амалга оширган. Бу ҳақда “Машъал” радиоси гувоҳларга таянган ҳолда хабар берди.

Гувоҳлар имомнинг ортида биринчи қаторда турган шахс ўзини портлатганини айтганлар. Бу воқеа 30 январда 260 дан ортиқ киши масжидда пешин намозини ўқиётган вақтда содир этилган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, портлаш оқибатида 37 киши ҳалок бўлган, 150 киши яраланган. Масжиднинг бир қисми ўпирилиб тушиб, бир неча одамни босиб қолган.

Мазкур портлаш учун масъулиятни “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи ўз зиммасига олди. Бу ҳақда гуруҳ раҳбарларидан бири Сарбақаф Мухманд Твиттер саҳифасида эълон қилди.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф портлаш ортида турганларга “қатъий чоралар” кўрилишини билдирди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи (АҚШ, Британия ва Канада томонидан террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) Покистон ҳукумати билан келишилган оташкесим тартибини бундан буён тан олмаслиги ҳамда ўз жангариларига бутун мамлакат бўйлаб террор хуружлари содир этишни буюрганини эълон қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG