Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2020, Тошкент вақти: 23:33

“Донецк халқ республикаси” учун жанг қилган қозоғистонлик 4,5 йилга қамалди


Жиноят ишлари бўйича Қўстанай шаҳар суди Донбассда россияпараст айирмачилар сафида жанг қилган Евгений Шчербакни чет элдаги қуролли тўқнашувда иштирок этганлик айблови билан4,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Медиазона” нашрига суд девонхонасидан маълум қилганлар.

Давлат думаси депутати (КПРФ фракцияси) Сергей Шаргунов Шчербакнинг адвокат ёллаши учун пул тўлаб бергани, акс ҳолда, қамоқ муддати бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини айтган. У Россия расмийларини аввалига “ўз телеканалларидаги жилваю шов-шув билан” Шчербакни алдаб-сулдаб урушга чақириб қўйиб, кейин эса, гарчи Россиядан бошпана сўраган бўлса-да, уни Қозоғистонга топшириб юборганликда айблади.

Шчербак 2020 йил апрелида миграцияга оид қонунчиликни бир неча марта бузгани учун Россиядан бадарға қилинганди.

"Урал. МБХ медиа" маълумотига кўра, Қозоғистон фуқароси бўлган Евгений Шчербак 2014 йили “Донецк халқ республикаси” айирмачилари сафида Арсен Павлов (Моторола) қўмондонлик қилган “Спарта” батальонида жанг қилган.

Шчербак 2016 йил октябридан бери Қозоғистоннинг Қўстанай вилояти ИИБ сўровномасига биноан қидирувда. Аввалроқ у Россиядан сиёсий бошпана сўраган, бироқ бунга “асос йўқлиги” туфайли илтимоси рад этилган. Қозоғистонга депортация қилингунича Шчербак Челябинскдаги чет элликларни вақтинча сақлаш марказида тутиб турилган.

XS
SM
MD
LG