Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 18:09

Ўзбекистон хабарлари

Сўнгги 14 кунда 734 кишида коронавирус топилди, улардан 185 нафари хориждан келганлар

Шу кунгача 348 292 киши карантиндан чиқарилган.

Сўнгги 14 кунда Ўзбекистонда 734 кишида коронавирус аниқланди, 17та чартер рейс билан олиб келинган 4056 нафар, чегара ўтказиш постлари орқали кириб келган 11 216 нафар ҳамда мулоқотда бўлганлар билан биргаликда ҳисобланганда жами 20 035 нафаро фуқаро стационар карантинга олинди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳромжон Игамбердиев берган маълумотларни вазирлик матбуот хизмати эълон қилди.

Таҳлилларга кўра, хориждан чартер рейслар билан олиб келинганлар орасида энг кўп касалланганлар 14 май куни Санкт-Петербург шаҳридан олиб келинган ўзбекистонликлар орасида аниқланиб, 86 нафарни ташкил этди.

Қозоғистоннинг “Ғишткўприк” чегара постидан кириб келган фуқаролар орасида эса 99 нафари коронавирусга чалингани аниқланган.

Баҳромжон Игамбердиевнинг айтишича, айни пайтда давлат бюджетидан стационар шароитда тиббий кузатувда бўлган ҳар бир фуқаронинг бир куни учун ўртача 153 минг 700 сўм сарфланмоқда.

Стационар ва уй карантинига олиш тадбирлари бошланган илк кунлардан айни пайтга қадар карантинга олинган жами 394 181 нафар фуқародан 348 292 нафари карантиндан чиқарилган. Шундан, уй карантинига олинган 305 044 нафар фуқародан 280 006 нафари чиқарилган. Стационар карантинга олинган 89 137 нафар фуқародан эса 68 286 нафари чиқарилган.

Кун янгиликлари

53-қурбон: Сурхондарёда 67 ёшли эркак вафот этди

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида яшаган ва коронавирусга чалингани тахмин қилинган 67 ёшли Р.А. оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Қайд этилишича, у 3 июль куни ўзини ёмон ҳис қилган, нафас йўлларида яллиғланиш бўлган. 4 июль куни бемор COVID-19 инфекциясига намуна топширган ва шифохонага ётқизилган.

“Унга COVID-19 инфекциясига гумон, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, икки томонлама пневмония, ўткир юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Вазирлик, врачлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 билан боғлиқ ўлим ҳолатлари сони 53 тага етган.

Янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлиги директори лавозимига Алишер Саъдуллаев тайинланди

Алишер Саъдуллаев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 10 июлида имзоланган қарор билан Саъдуллаев Алишер Зафар ўғли Ёшлар ишлари агентлиги директори лавозимига тайинланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

А. Саъдуллаев янги лавозимга тайинланиши муносабати билан президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Ўтган ой охирида президент Ш.Мирзиёев фармони билан Ўзбекистонда Ёшлар ишлари агентлиги тузилганди.

Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон тарихидаги энг ëш вазир ўринбосари сифатида тилга тушган. 2017 йили Шавкат Мирзиëев ўша пайтда 23 ёшда бўлган А. Саъдуллаевни Халқ таълими вазирига ўринбосар этиб тайинлаган эди.

Президентнинг 2018 йил 25 октябридаги қарори билан бу лавозимдан озод этилган Саъдуллаев кўп ўтмай Ёшлар иттифоқи раисининг 1-ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Қашқадарёда синтетик ёнилғи заводи қурилишида ишлаётган 100 дан зиёд одам коронавирусга чалинди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида барпо этилаётган ва синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Uzbekistan GTL” заводи қурилишида ишлаётган қурувчилардан 127 нафарининг COVID-19 инфекциясига чалинган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилган.

Аввалроқ уларнинг коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли карантинга олингани билдирилганди.

Бошқарма қайдича, айни пайтда завод қурилиши ҳудудида инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда қатор завод ва йирик корхоналар фаолияти тўхтатилган эмас.

Бир ой муқаддам Ўзбекистондаги заводлардан бирида ишлаётган ходимлар Озодликка карантин чоғида уйга бормасдан, корхона омборхонасида ётиб ишлашга мажбур қилинаётганларини айтишганди.

Шанба ва якшанба кунларини ҳам қўшиб икки юз одам 15 кун подряд ишлаймиз. Эрталаб 8 дан кечки 8 гача ишлаймиз. Баъзида кунига 12 соатдан ҳам ошади. Меҳнат кодексига кўра, иш ҳафтаси 40 соатдан ошмаслиги керак. Ётиб қолишимиз смена деб қаралса¸ кейинги куни иш куни бошлангунга қадар 12 соат дам берилиши керак. Лекин, ундай бўлмаяпти”, деганди жумладан Андижондаги "UZ DONG YANG CO" корхонаси ишчиси.

Кейинги ҳафтадан маҳаллий йўналишлар бўйлаб поезд ва учоқ қатновлари тўхтайди

Жорий йилнинг 13 июлидан Ўзбекистонда маҳаллий йўналишлар бўйлаб поезд ва авиа қатновлар ҳам тўхтатилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов 10 июль куни карантин чекловлари бўйича Республика махсус комиссияси қарори юзасидан АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда билдирди.

Республика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан эътиборан республика миқёсида қатор чеклов чоралари ўрнатилганини қайд этган мулозимга кўра, кучайтирилган карантин тартиби шароитида фақатгина Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ, хорижий давлатлардаги фуқароларимизни ватанга олиб келиш бўйича репатриацион рейслар бажарилади.

Н.Ашурматов 10 июль санасидан автобуслар ҳаракати вақтинча тўхтатилиши, чегара пунктларидан фуқароларни карантин ҳудудларига етказиш учун автобус ташувлари амалга оширилишини қўшимча қилган.

Брифингда билдирилишича, 10 июлдан 1 августга қадар "Ўзбекистон темир йўллари" томонидан 5900 та чипта сотилган бўлиб, бу чипта пуллари йўловчиларга қайтарилади.

Шунингдек, "Uzbekistan airways" АЖ томонидан 332 та авиачипта сотилган ("Тошкент-Нукус", "Тошкент-Урганч", "Тошкент-Термиз" йўналишларида). Сотиб олинган авиачипталарнинг амал қилиш муддати 1 йилгача ҳақиқий ҳисобланади. Авиақатновлар тикланганидан кейин йўловчилар аввал сотиб олган чипталари билан бемалол парвоз қилиши мумкинлигини қайд этилди.

Бундан ташқари, автобусда ҳаракатланиш мақсадида июль ойи учун сотиб олинган ойлик йўл чипталари 1 августдан 10 августгача қайтариб олинади ва фойдаланилмаган кунлар учун пул маблағлари қайтарилади.

ТИВ ўзбек-қозоқ чегарасида турган 3750 чоғли ўзбекистонлик юртига қайтарилганини билдирди

Қозоқ-ўзбек чегарасидаги автовокзал ҳудудида турган ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар, 2020 йил 3 июли.

Жорий йилнинг 8-9 июль кунлари қозоқ-ўзбек чегарасидаги “Жибек жўли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар ўзбекистонлик юртига ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

ТИВ Оператив штаби маълумотларига кўра, 1 июлдан 7 июлгача мазкур НЎП орқали 2700 нафардан зиёд ватандош Ўзбекистонга қайтган. Бироқ юзага келган техник муаммолар туфайли қозоқ-ўзбек чегарасидан ўзбекистонликларни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилган. Бу ҳолат чегарада 3000 га яқин ўзбекистонлик тўпланиб қолишига сабаб бўлган.

Республика махсус комиссияси, ДХХ Чегара қўшинлари ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналарининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 8 июль куни фуқароларимизнинг Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан эркин ўтишига тўсқинлик қилувчи барча техник ва ташкилий масалалар тезкорлик билан ҳал қилинди”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Ўзбек дипломатларига кўра, ҳозирги пайтда давлатлараро чегарани кесиб ўтишда муаммо йўқ, назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек ишламоқда, одамлар тўпланиб қолиши кузатилмаяпти.

Вазирлик хориждан қайтган ўзбекистонликлар 14 кунлик карантинга жойлаштирилишини эслатган.

Ўзбек-қозоқ чегарасидан 8 июль куни 2000 нафар ўзбекистонлик ўтказиб юборилгани ҳақида аввалроқ Озодлик хабар қилган. Сариоғоч тумани ҳокими Мухит Ўтаршиев 9 июль куни Озодликнинг қозоқ хизматига Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси чегара яқинидаги автовокзалда турган ўзбекистонликларнинг барчасини кечгача ватанига қайтаришга ваъда берганини маълум қилган эди.

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганликда айбланган ҳоким ўринбосари судда оқланди

Ўзбекистонда турли касб эгаларини тозалаш ишларига жалб қилиш анъанага айланган.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев биринчи инстанция туман суди томонидан оқланди.

Суд у ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаган ва мажбурий обуна қилдирмаган, деган қарорни чиқарди.

ЎзАнинг 10 июлда хабар беришича, Зангиота тумани маъмурий суди Бахтиёр Мамадалиевни 15 миллион 610 минг сўм жарима солиш тўғрисидаги 03/52-сонли қарорини бекор қилиш ва унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатишни лозим, деб топди.

Жорий йилнинг 5 июнь куни Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев ўқитувчиларни мажбурий обуна ва меҳнатга жалб қилгани учун 15 миллион 610 минг сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар эълон қилинган эди.

Вазирлик ахборотида бу иш Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати ҳамда Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳамкорлигида амалга оширилгани қайд этилган.

Мазкур хабарлар тарқалгач, ҳоким ўринбосари Б.Мамадалиев ўзига нисбатан чиқарилган қарордан норози бўлиб, судга мурожаат қилган.

Тошкент вилояти меҳнат инспекцияси Зангиота туман суди қарори устидан юқори инстанцияга шикоят киритишини билдирди.

Коронавирусдан даволанаётган 4 384 бемордан 52 нафарининг аҳволи оғир

Коронавирус юққан беморлардан 7 287 нафари соғайди, 52 бемор вафот этди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 10 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, 11 723 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги 12 соат ичида беморлар сони 159 нафарга кўпайди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 78 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 29 нафари Тошкент шаҳрида, 10 нафари Сурхондарё вилоятида, 5 нафари Хоразм вилоятида ҳамда яна 5 нафари Жиззах вилоятида аҳоли орасида, 17 нафари Навоий вилоятида ва 15 нафари Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирус юққан беморлардан 7 287 нафари соғайди, 52 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 4 384 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 42 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда.

52-ўлим. Зарафшонда 55 ёшли бемор вафот этди

9 июлда Ўзбекистонда коронавирусдан 6 киши вафот этгани хабар қилинган эди.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи 55 ёшли Ж.Ў., исмли эркак бемор коронавирусдан вафот этгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 июлда хабар берди.

Унда 6 июль куни COVID-19 аниқланиб, шу куни Зарафшон шаҳридаги шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси ташхиси қўйилган.

У гипертония касаллиги, артериал гипертензия, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, семизлик каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка артерияси тромбоэмболияси асорати билан кечган.

Ж.Ў., Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 52-бемор бўлди. Аввалроқ 9 июлда Ўзбекистонда коронавирусдан 6 киши вафот этгани хабар қилинган эди.

Коронавирусдан вафот этганлар 51 нафарга етди. Бир кунда 6 бемор ўлди

Коронавирус вазияти мураккаблашгани ортидан Ўзбекистонда 10 июлдан карантин чоралари яна кучайтирилди.

Ўзбекистонда 9 июль давомида коронавирусга чалинган 6 киши вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Тошкент шаҳрида 2 нафар, Бухоро вилоятида 2 нафар, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида эса 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди”, -дейилади хабарда.

Бухорода ўлганлардан бири Афғонистон фуқаросидир. Бундан ташқари Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи 83 ёшли Ш.Т.,исмли аёл, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи 51 ёшли Р.Н. исмли эркак, Жиззах шаҳрида яшовчи 28 ёшли М.О., исмли аёл, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи 53 ёшли Н.С., исмли аёл, Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи 35 ёшли С.С., исмли эркак вафот этган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 51 кишига етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлардан 42 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бухорода 53 ёшли аёл вафот этди, COVID-19 қурбонлари сони 50 нафарга етди

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 53 ёшли Н.С. оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Қайд этилишича, 20 июнь куни Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган аёл икки кун ўтиб аҳволи оғирлашганидан сўнг Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимига кўчирилган. Унга COVID-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Беморда гипертония касаллиги ҳам қайд этилган.

Реанимацион муолажаларга қарамай, аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 50 нафарга етган.

Коронавирус жиззахлик ёш аёл умрига зомин бўлди

Жиззах шаҳрида яшаган 28 ёшли М.О. COVID-19 инфекцияси важидан оламдан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, бемор 22 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, у уй шароитида даволаниб юрган. Аҳволи оғирлашгач, у 4 июль куни тиббиёт ходимларига мурожаат қилган. Коронавирусга намуна олинган беморнинг инфекция юқтириб олгани тасдиқланган.

Икки томонлама бронхопневмония, ўткир нафас етишмовчилиги кузатилган бемор сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Аммо, врачлар томонидан кўрсатилган реанимацион чораларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан оламдан ўтганлар сони 49 нафарга етган.

Яқин тўрт йил учун товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси тасдиқланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда мамлакат президентининг фармони билан 2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълум қилди.

“Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 октябридан бошлаб давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг (мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мақсадларида бундан мустасно) таъсис этилишига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:

  • битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритиб келаётган соҳаларда;
  • давлат органлари томонидан ўзларига лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган соҳаларда.

Фармон билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг хулосалари асосида қабул қилинадиган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланган.

Ҳужжатда 2020 йил 1 ноябрига қадар “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунларни бирлаштирган ҳолда ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши қайд этилган.

48-қурбон: Коронавирусга чалинган тошкентлик 51 ёшли эркак вафот этди

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган ва коронавирус юқтириб олгани тасдиқлаган 51 ёшли Р.Н. (эркак) оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Қайд этилишича, 3-4 кун давомида ҳансираш безовта қилган бемор 4 июль куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ётқизилган ва унинг COVID-19 инфекциясига чалингани тасдиқлаган. Унинг кўкрак қафаси рентген текширувидан ўтказилганда икки томонлама пневмония аниқланган.

Аввал эпилепсия касаллиги билан назоратда турган, 2-гуруҳ ногирони бўлган бемор аҳволи оғирлашганидан кейин 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ўтказилган.

Реанимацион муолажаларга қарамай, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 48 нафарга етган.

Қозоқ-ўзбек чегарасида йиғилиб қолган 2000 га яқин ўзбекистонлик ватанига киритилди

Қозоқ-ўзбек чегарасида йиғилиб қолган ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар, 2020 йил 3 июли.

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч туманидаги коронавирус пандемияси туфайли ёпилган “Жибек жўли” чегара маскани яқинида ўтган ҳафтадан бери юртига қайтиш илинжида турган икки минг чоғли ўзбекистонлик муҳожир 9 июлга ўтар кечаси чегарадан ўтди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига 9 июль куни Сариоғоч тумани ҳокими Мухит Ўтаршиев маълум қилди.

Куни кеча туман расмийлари “Жибек жўли” пости яқинидаги муҳожирлар сони 3 мингга етганини билдиргандилар.

Ўтган ҳафта эса чегара маскани олдида Қозоғистонга пул топиш учун келган ўзбекистонлик ва тожикистонликлар йиғилиб қолгани, чегара ёпиқлиги туфайли улар уйларига қайта олмаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Коронавирус тарқалиши важидан март ойидан бери чегараларини ёпиб олган Ўзбекистон карантин марказларида жой йўқлиги сабабли назорат-ўтказиш масканида турганларни ичкарига қўймаётган эди.

Мухит Ўтаршиевнинг Азаттиққа (Озодликнинг қозоқ хизмати) айтишича, 8 июль оқшомида чегара маскани яқинидаги автовокзалда 3400 чоғли муҳожир йиғилиб қолган. Тунда улардан 2 мингга яқини Ўзбекистон чегарасидан ўтган. Бундан ташқари, ҳокимга кўра, яна 500 кишининг чегарадан ўтишига рухсат берилган.

Бу 500 кишини чегарадан ўтказиш бошланди. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси кечгача бу ерда юрган ўзбекистонликларнинг барчаси ватанига қайтишига ваъда берди. Айни пайтда автовокзал ҳудудида 900 дан зиёд одам қоляпти. Ўзбекистонлик муҳожирлар чегарага келишда давом этмоқда”, деди Ўтаршиев.

Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси вакиллари Азаттиққа 9 июль куни “Жибек жўли” чегара маскани олдида “элликка яқин” тожикистонлик қолаётганини маълум қилган.

Коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон март ойида ўз чегараларини ёпиб қўйгани ортидан қўшни давлат ватандошлари ҳам мамлакат ҳудуди орқали ўз юртларига қайта олмай қолган. Натижада юзлаб тожикистонлик бир неча ҳафта мобайнида йўл очилишини кутиб, чегара яқинидаги автовокзалда яшашга мажбур бўлганди.

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида аксариятини тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ташкил этган мингдан зиёд одам йиғилиб қолгани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган.

Кундузлари бу ерда қуёш куйдиради, тунлари эса совуқ. Ерларда ётишга мажбур бўляпмиз, одам кўп, жой йўқ, егулик олиб ейишга пулимиз ҳам йўқ”, дейишганди чегара маскани яқинидаги автовокзалга йиғилган муҳожирлар Азаттиқ мухбирига.

Ундан аввал, аниқроғи 19 июнь куни Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) 635 нафар тожикистонлик 14 та автобусда “Жибек жўли” назорат-ўтказиш масканини тарк этганини маълум қилганди.

ХМТ маълумотига кўра, йўловчиларнинг қарийб 15 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлган. Мазкур сафарни ХМТ Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари билан келишган ҳолда уюштирган.

Ўзбекистон илк бор Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексига киритилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон биринчи марта БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилотининг Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексига (Competitive Industrial Performance Index ) киритилди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилган.

2003 йилдан бери эълон қилиб келинадиган рейтингда Ўзбекистон дунёнинг 152 мамлакати орасида 92-ўринни эгаллаган.

Қайд этилишича, CIP индекси давлатлараро саноат рақобатбардошлигини таққослаш имконини беради. Ҳар бир мамлакатнинг натижалари CIP индексининг 3 йўналиши – саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш қобилияти, технологик чуқурлаштириш ва модернизациялаш, дунё бозорига таъсири бўйича самарадорлигини акс эттиради.

Бу йилги рейтингда Россия 32-ўринни, Қозоғистон 68-ўринни, Қирғизистон 122-ўринни, Тожикистон эса 129-ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ой президент Ш. Мирзиёев Ўзбекистонда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этишга оид фармон имзолаганди.

Фармонда “Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш” мазкур кенгашнинг асосий вазифаларидан бири ўлароқ белгиланганди.

Ўнта вилоятда кучсиз ер силкиниши кузатилди

Жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент вақти билан 11:39 да Тожикистонда зилзила рўй берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълумотига кўра, зилзила эпимаркази Тошкентдан 145 километр нарида бўлган.

Ўзбекистон ҳудудида ер силкиниши Тошкентда 3 балл, Наманганда 2 балл, Андижонда 2 балл, Фарғонада 2 балл, Гулистонда 4 балл, Жиззахда 3 балл, Самарқандда 2 балл, Термизда 2 балл, Қаршида 2 балл, Навоийда эса 2 балл кучланишга эга бўлган.

Зилзила туфайли талафот етган-етмагани очиқланган эмас.

Транспорт вазирлиги: Чартер рейслар бекор қилинмади, қисқартирилди

Ватанига қайтиш истагида Россия аэропортларидан бирида ухлаётган ўзбек муҳожири.

Транспорт вазирлиги ижтимоий тармоқларда чартер рейслари бекор қилингани тўғрисидаги хабарларни рад этди. Вазирлик расмий сайтида билдирилишича, чартер рейслар бекор қилинган эмас, уларнинг сони қисқартирилган.

Вазирликнинг таъкидлашича, рейдлар эпидемиологик вазиятдан, шунингдек, хорижий давлатлар томонидан парвозларни амалга оширишга қўйилаётган вақтинчалик чеклов чораларидан келиб чиққан ҳолда Республика махсус комиссияси томонидан қайта кўриб чиқилган.

Янги жадвалга асосан 10 июлдан 19 июлгача парвозлар қуйидаги тартибда амалга оширилади:

10 июль. Сеул – Тошкент – Сеул (Korean airlines)

12 июль. Санкт-Петербург – Тошкент – Санкт-Петербург (Rossia)

13 июль. Сеул – Тошкент – Сеул (Asiana airlines)

13 июль. Тошкент – Москва – Тошкент (Uzbekistan Airways)

15 июль. Москва – Тошкент – Москва (Ural airlines)

16 июль. Истанбул – Тошкент – Истанбул (Turkish airlines)

16–17-июль. Тошкент – Нью-Йорк – Тошкент (Uzbekistan Airways)

19 июль. Тошкент – Владивосток – Тошкент (Uzbekistan Airways)

“Эпидемиологик вазият яхшиланиши билан хорижий давлатлардаги мамлакатимиз фуқароларини Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида талаб юқори бўлган йўналишларда рейслар сонини сезиларли даражада кўпайтириш чоралари кўрилади”,-дейилади хабарда.

Коронавирусдан яна икки киши вафот этди. Улардан бири хорижлик

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 47 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 9 июль куни Ўзбекистонда коронавирусдан яна икки киши вафот этганини билдирди.

Вафот этганлардан бири Афғонистон фуқароси бўлган 40 ёшли М.Ҳ. (эркак) 21 июнь куни тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган. Беморга “СOVID-19”, икки томонлама пневмониянинг ўта оғир кечиши, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган эди.

Вафот этган иккинчи бемор Учтепа туманида яшовчи 83 ёшли Ш.Т.да (аёл) 28 июнь куни коронавирус аниқланган. Унга “COVID-19” оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 47 кишига етди. Аввалроқ 8 июлда Ўзбекистонда коронавирусдан бир кунда 5 киши вафот этгани хабар қилинган эди.

Коронавирусга чалинган беморлардан 43 нафарининг аҳволи оғир

Айни пайтда нафар коронавирус инфекциясига чалинган 7 060 киши соғайган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 9 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 11 259 нафарни ташкил этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу 12 соат аввалги кўрсаткичдан 167 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 64 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 64 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 6 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 58 нафари аҳоли орасида), 3 нафари Фарғона вилоятида (шундан 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари аҳоли орасида), 11 нафари Қашқадарё вилоятида (шундан 8 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида), 9 нафари Наманган вилоятида (барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида), 16 нафари Жиззах вилоятида (шундан 6 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 10 нафари аҳоли орасида) аниқланган”, -дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда нафар коронавирус инфекциясига чалинган 7 060 киши соғайган.

Ҳозирда мамлакатда 4 152 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 31 нафари оғир, 12 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Масжидлар фаолияти 1 августгача яна тўхтатилди

Ўзбекистондаги масжидлардан бири.

Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар фаолияти тўхтатилади.

“Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа диний конфессияларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда республикадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб 2020 йил 10 июлдан 2020 йил 1 августга қадар диний ташкилотлар фаолияти тўхтатилмоқда”, -дейилади махсус комиссия қарорида.

Коронавирусга қарши кураш доирасида карантин чекловлари ортидан масжидлар фаолияти ҳам тўхтатилган эди. Аммо 8 июндан бошлаб “яшил” ҳудудлардаги масжидларга санитария талабларига риоя қилган ҳолда ишлашга рухсат берилганди.

Мамлакатда коронавирус вазияти мураккаблашгани ортидан Республика Махсус комиссияси 10 июлдан 1 августгача карантин қоидаларини яна кучайтирди ва чекловларни қайта тиклади

ТИВ: Қозоғистон билан чегарада уч минг ўзбекистонлик тўпланиб қолди

Оренбург областининг Қозоғистон билан чегараолди ҳудудидаги Бузулук районида 1 июль куни йўлни тўсишга уринган муҳожирларни полиция тўхтатмоқда, сурат воқеа жойидан муҳожирлар юборган видеодан олинди .

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, ҳозирги кунда ‘Жибек жоли’—‘Ғишт кўприк’ назорат-ўтказиш пункти яқинида 3000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг тўпланиши кузатилмоқда”, - деб хабар берди.

Билдирилишича, Олмаотадаги Бош консулхона ходимлари назорат-ўтказиш пунктида фуқаролар билан доимий алоқа ўрнатган. Консулхона диаспора вакиллари билан биргаликда иссиқ овқат ташкил қилмоқда, вазият умумий назоратга олинган.

“1 июлдан буён 2700 дан ортиқ ўзбекистонлик, асосан касаллар, қариялар, ҳомиладор ва ёш болали аёллар Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишди”,-дейилади хабарда.

Вазирлик техник сабаблар билан сўнгги кунларда фуқароларнинг давлатлараро чегарадан ўтиши чекланган миқдорда амалга оширилганини таъкидлаган.

“Жибек жоли ўтказиш пункти орқали фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудига чекланган ҳолда кириши билан боғлиқ барча муаммолар тез муддатда ҳал қилинади”, — дейилади хабарда.

Озодлик радиоси 7 июлда Россия-Қозоғистон чегарасида икки ҳафтадан бери очиқ осмон остида тунаётган ўзбекистонлик муҳожирлар егулик ва сувсиз қолганини айтишаётгани ҳақида ҳам хабар берган эди.

Ўзбекистонда 8 июлда коронавирусдан беш киши вафот этди

Бир кун ичида Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида 1 нафардан, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 9 июлга ўтар кечаси маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида коронавирусга чалингани тасдиқланган 56 ёшли З.Д. (аёл) , Навоий шаҳрида 52 ёшли эркак Б.А., вафот этган.

Тошкентнинг Миробод туманида 72 ёшли бемор аёл Л.С., Олмазор туманида яшовчи 64 ёшли аёл М.Х., Учтепа туманида яшовчи 64 ёшли эркак бемор Б.К., ҳаётдан кўз юмган.

Шу тариқа коронавирус қурбонлари сони 45 нафарга етган.

8 июль куни Ўзбекистонда 422 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 295 нафари карантин муассасаларида, 127 нафари аҳоли орасида аниқланган.

️Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 11092 нафар бемордан 7060 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 63 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3987 нафар бемордан 31 нафари оғир, 12 нафари эса ўта оғир аҳволда.

COVID-19: Хасталикка чалинганлар сони 11 мингдан ошди, қурбонлар сони 45 нафарга етди

uzbekistan - covid 19

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 8 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 11092 (+110) нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Янги касалланиш ҳолатларининг ҳаммаси Карантин марказидаги ватандошлар (барчаси хориждан келган) орасида аниқланган.

Вазирлик маълумотига мувофиқ, айни пайтгача коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан 7060 нафари соғайган, 3987 беморнинг эса муолажалари давом этмоқда.

ССВ маълумотига кўра, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 56 ёшли З.Д. (аёл) оламдан ўтган. Беморнинг ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани айтилмоқда.

Шунингдек, Навоий шаҳрида яшаган ва COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани тасдиқлаган 52 ёшли эркак Б.А. (эркак) ҳам вафот этган. Врачлар унинг вафотига ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир бош мия ва ўпка шиши сабаб бўлганини қайд этганлар.

Бундан ташқари, Тошкентнинг Миробод туманида яшаган ва коронавирусга чалинган 72 ёшли Л.С. (аёл) ҳаётдан кўз юмган. Унинг ҳам ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани билдирилган. Шу тариқа коронавирус қурбонлари сони 45 нафарга етган.

Мирзиёев ўзбекистонликларга хасталикка енгил қарамасликни тавсия қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган коронавирус инфекциясига асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир “сеҳрли рецептлар” ҳали йўқлигини урғулаган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар сони кескин кўпайиб, ўлим сони ҳам ортиб бораётганини афсус билан қайд этган президент ватандошларга касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзида сезиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши, ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин. Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг! Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деди Ш. Мирзиёев.

Президентга кўра, айни вақтда ҳаётни нормал изга солиш, иқтисодиётни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганиш, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларни темир интизом билан давом эттириш керак.

42-қурбон: Коронавирусга чалинган 64 ёшли тошкентлик эркак вафот этди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшаган ва коронавирус юқтириб олгани тасдиқлаган 64 ёшли Б.К. оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Вазирлик вакилларига кўра, бемор шу йил 1 июлидан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси реанимация бўлимида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабетнинг 2-тури, нафас етишмовчилигининг 1-2-даражаси, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган. 2 июль куни унинг коронавирусга чалингани тасдиқлаган.

ССВ бемор охирги 8 йил давомида у Паркинсон касаллиги билан диспансер назоратида бўлганини ҳам қўшимча қилган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 42 нафарга етган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG