Линклар

Шошилинч хабар
15 июл 2020, Тошкент вақти: 00:49

Халқаро хабарлар

Россиялик врачларнинг 80 фоизи COVID-19 га оид ўлим статистикасига ишонмайди

Россиялик врачларнинг қарийб 80 фоизи мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ ўлимга оид расмий статистикага ишонмайди. RNC Pharma ва "Доктор на работе" ташкилоти томонидан ўтказилган ва "Медицинский вестник" нашрида ёйинланган сўров натижалари ана шундан далолат бермоқда.

Сўралган врачларнинг 61 фоизи коронавирус билан боғлиқ ўлим бўйича расмий маълумотлар ҳаққонийлигига шубҳа қилишини айтган. Уларнинг яна 17 фоизи статистика ва ташхис билан манипуляция қилинганини тасдиқлашга тайёрлигини билдирган. Врачларнинг 8 фоизи фикрича, ҳали маълумотларни ўзгартириб беришга ҳожат йўқ, бироқ коронавирус қурбонлари оша бошлаши билан рақамлар манипуляцияси бошланади.

Сўралганларнинг 9 фоизигина расмий статистикага тўла ишонини қайд этган. Уларга кўра, ўлим билан боғлиқ маълумотларни сохталаштиришнинг имкони йўқ. "Медицинский вестник" нашри сўров натижалари юзасидан изоҳ сўраб Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган.

Расмий статистика унинг ноаниқ ва қисман сохталаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гумонга борган тадқиқотчилар томонидан бир неча марта танқид қилинган. Россия расмийлари бу иддаоларни рад этмоқда.

Май ойида Британиянинг The Financial Times ва АҚШнинг The New York Times нашрлари Москва ва Санкт-Петербургда коронавирусдан ўлганлар сони ҳақида материаллар ёйинлаган. Журналистлар фикрича, ўлим ҳолатларининг ҳақиқий сони Россия расмий статистикасида келтирилаётганидан 70 фоизга кўп бўлиши мумкин. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу мақолаларни “асоссиз чайқов” деб атаб, Россиядаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ўлим статистикаси ҳақида улар ёйинлаган хабарлар юзасидан раддия талаб қилган.

27 май ҳолатига кўра, Россияда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 370 минг 680 та ҳолат қайд этилган. COVID-19 важидан 3968 киши ҳаётдан кўз юмган, 142 минг 208 нафар бемор эса соғайиб кетган.

Кун янгиликлари

Қозоғистон мудофаа вазирининг ўринбосари коронавирусдан вафот этди

Қозоғистон мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-майор Бақит Қурманбаев.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги вазир ўринбосари Бақит Қурманбаев вафоти ҳақида маълумот тарқатди. Вазирлик сайтида ёйинланган хабарномада 49 ёшли генерал-майор ўлимининг сабаблари очиқланган эмас.

Мудофаа вазирлиги вакили Асет Есенгулов Озодликнинг қозоқ хизматига Бақит Қурманбаев 14 июль куни коронавирусдан вафот этганини билдирган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, Қурманбаев ўтган йил июнида Туркистон вилоятининг Арис шаҳрида ўқ-дорилар портлаш оқибатини бартараф қилишда иштирок этган ҳамда “пандемияга қарши курашнинг илк кунлариданоқ инфекция тарқалишига қарши кураш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш ва таъмишлар билан фаол шуғулланиб келган”.

Қурманбаевнинг ортида хотини ва икки фарзанди қолган.

Қозоқ расмийлари аввалроқ мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 61 минг 755 нафарга етгани ҳақида маълум қилгандилар.

Арманистон билан чегарадаги жангда озарбайжонлик генерал ҳалок бўлди

Озарбайжоннинг Арманистон билан чегарасида сешанба тонгида содир бўлган жангларда мамлакат армиясининг генерал-майори, полковниги, икки майори ва уч ҳарбийси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати мамлакат Мудофаа вазирининг ўринбосари Карим Велиев сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Арманистон томонидан икки зобит ҳалок бўлган. Бу ҳақда Озодликнинг арман хизмати хабар тарқатди.

Қуролли тўқнашув Озарбайжон-Арманистон чегарасидаги Товуш деган жойда содир бўлган. У ерда 12 июлдан бери икки давлат армияларининг тўқнашуви бўлиб ўтяпти, икки тараф бир-бирларини зиддиятни келтириб чиқарганликда айбламоқда. Мазкур ҳудуд тан олинмаган ва икки давлат ўртасидаги чегара вазияти доим нозик бўлиб турган Тоғли Қорабоғ республикасидан анча олисда жойлашган.

Зиддият бошланганидан бери Озарбайжон томони 11 нафар ҳарбий, Арманистон эса икки нафар ҳарбий ўлганини тасдиқлади. Томонларни ЕХҲТнинг Минск гуруҳи раисдошлари ҳамда АҚШ томони сулҳга чақирган.

Эрон расмийлари МРБнинг муҳтамал жосуси қатл этилганини маълум қилишди

Эрон суд ҳокимияти вакили Ғуломҳусайн Исмоилий.

Эрондаги суд ҳокимияти мамлакат Мудофаа вазирлигининг собиқ ходими Ризо Асғарий қатл этилганини маълум қилди. У АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) билан ҳамкорлик қилганликда айбланганди.

Суд ҳокимияти вакили Ғуломҳусайн Исмоилий 14 июль куни Ризо Асғарий Мудофаа вазирлигидаги фаолиятининг сўнгги йилларида МРБ билан алоқада бўлгани ва АҚШ ташқи разведка идорасига Теҳроннинг ракета дастурига оид маълумотларни етказиб бериб турганини билдирди.

Ҳукм ўтган ҳафта ижро қилинганини айтган Исмоилий мақтул Асғарийнинг Мудофаа вазирлиги аэрокосмик бўлими ходими бўлгани ва тўрт йил муқаддам пенсияга чиққанини қўшимча қилди.

Исмоилий АҚШ ва Исроил фойдасига жосусликда айбланаётган эронлик Маҳмуд Мусавий-Мажидга нисбатан ўлим ҳукми ҳали ижро этилмаганини ҳам маълум қилди. Аввалроқ эронлик расмийлар бу одам Эрон инқилоб посбонлари корпусининг сара бўлими қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийнинг ҳаракатланишига оид маълумотларни етказиб турганини билдиргандилар. Сулаймоний жорий йил январида Ироқда АҚШ дронидан берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган.

Ўтган ой Эрон суд тизими Олий суд Мусавий-Мажидга нисбатан ўлим ҳукмини ўз кучида қолдиргани ҳамда мазкур ҳукм “яқинда” ижро қилинажаги ҳақида маълум қилган.

Помпео ва Лавров ядро қуролига эга беш давлат саммитини ўтказиш ғоясини муҳокама қилишди

Майк Помпео (ў) ва Сергей Лавров (ч) АҚШ Давлат депарментидаги матбуот анжумани чоғида, 2019 йил 10 декабри.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео душанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзоси саммитини ўтказиш ғоясини муҳокама қилди.

Давлат департаменти баёнотида қайд этилишича, телефон суҳбати чоғида Майк Помпео ва Сергей Лавров “БМТ ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан яқин келажакда БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий беш аъзоси саммитини ўтказиш”ни муҳокама қилишган.

Россия президенти Владимир Путин аввал бир неча бор “ядровий бешлик” - Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Франция саммитини ўтказишга чақирган. Россия президентига кўра, БМТга асос солган доимий аъзо мамлакатлар бешлиги тинчликни сақлаб қолиш учун намуна кўрсатиши лозим. Бу ғоя ҳозиргача ғарб мамлакатлари пойтахтларида очиқ қўлловга эга бўлмай келаётганди.

АҚШ Давлат департаменти баёнотида бу ташаббусга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бошқа доимий аъзолари муносабати ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Владимир Путинни Қўшма Штатларда бўлиб ўтиши керак бўлган “Катта Еттилик” саммитига таклиф қилмоқчи эканини билдирган, бироқ “Еттилик”нинг бир неча аъзоси бу фикрни танқид қилиб чиқишганди.

Помпео билан Лавров ўртасидаги телефон суҳбати чоғида, Давлат департаментининг маълум қилишича, Афғонистон дохил томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган, Майк Помпео Қўшма Штатлардаги сайловлар хавфсизлигига оид масалани кўтарган.

Қирғизистонда пневмония важидан бир суткада 45 одам нобуд бўлди

Бишкеклик врачлар.

Қирғизистонда ўтган кеча-кундузда пневмония туфайли 45 киши вафот этди, улардан 22 нафари Бишкекка, 23 нафари эса республиканинг бошқа жойларига тўғри келади. Маълумотларга кўра, март ойидан буён мамлакатда пневмония важидан 497 бемор оламдан ўтган.

Сўнгги кунларда авж олган пневмония коронавирус иллатининг бир кўриниши ўлароқ талқин этила бошлаган бўлса-да, бу хасталик билан COVID-19 статистикаси Қирғизистонда алоҳида-алоҳида олиб борилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда сўнгги суткада коронавирус инфекцияси юқтириб олиниши ортидан 2 та ўлим ҳолати қайд этилган. Шу тариқа Қирғизистонда COVID-19 га чалиниш ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 149 нафарга етган.

Сўнгги хабарларга мувофиқ, Қирғизистонда коронавирусга чалинган беморларнинг умумий сони 11538 нафарга етган, улардан 3569 нафари соғайиб кетган.

Қозоғистонда COVID-19 инфекциясига чалинганлар сони 62 мингга яқинлашди

Олмаотадаги тиббиёт ходимларидан бири, 2020 йил 13 июли.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги 13 июль куни мамлакатда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 1 856 та ҳолат қайд этилганини маълум қилди. Беморлардан 1 011 нафари белгисиз вирус ташувчи тоифасига киритилган, 845 нафар беморда эса турли белгилар кўринмоқда.

Мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш бўйича тасдиқланган ҳолатлар 61 минг 755 тага етган. Беморлар сони бўйича Атирау вилояти, Олмаота ва Нур-Султон шаҳарлари олдинда бормоқда. Мазкур беморлардан 35 минг 911 нафари соғайиб кетган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан вафот этганлар сони 375 нафарга етган. Бу ҳисобга COVID-19 га чалингани тасдиқланган, бироқ махсус комиссия қарори билан ўлим сабаби бошқа хасталик ўлароқ кўрсатилган 100 га яқин марҳум бемор киритилмаган.

Лондон 5G тармоғи учун Huawei’га муқобил изламоқда

Буюк Британия 5G тармоғи учун жиҳозлар етказиб бериш бўйича Huawei ўрнига бошқа ширкат топишда ёрдам сўраб “Беш кўз” (Австралия, Канада, Янги Зеландия, АҚШ) разведка альянсидаги ҳамкорларига мурожаат қилмоқчи. Бу ҳақда The Financial Times хабар қилди.

Нашр маълумотларига кўра, муқобил жиҳоз етказиб берувчини қидириш ишига Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Япония ҳам жалб қилиниши мумкин. Газета манбалари мамлакатлар Huawei’га рақиб бўлган қўшма корхона ташкил этишлари мумкинлиги ҳақида маълум қилганлар. Бироқ илк муҳокамалар ҳали конкрет ҳаракатларга олиб келганича йўқ.

Лондон Хитойнинг Huawei корпорацияси хизматларидан воз кечмоқчи экани ҳақида июль ойи бошида маълум бўлганди. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Британия махсус хизматлари АҚШнинг бу ширкатга қарши санкциялари 5G тармоқлари учун етказиб бериладиган жиҳозлар сифатида салбий акс этиши мумкин, деган фикрдалар. Жумладан, Huawei АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган бутловчи қисмлардан маҳрум бўлади ва ички бозорда бошқа муқобил вариантларни излашга мажбур қолади.

The Financial Times нашрининг ёзишича, Британия бош вазири Huawei хизматлариан воз кечилгани ҳақида яқин кунларда эълон қилади. Манбаларга кўра, Лондон бозорга янги етказиб берувчиларни олиб чиқиш ва очиқ бошланғич кодли технологияларга инвестиция киритиш ниятида.

Бу ғоя танқидчилари Huawei’никига муқобил бўлган саноат жиҳозларини яратиш жуда қийин бўлишини айтмоқдалар.

Ўтган йил майида Вашингтон Пекинни Huawei ширкати ишлаб чиқарган 5G мобил алоқа тармоғи жиҳозлари орқали жосуслик қилишда айблаб, корпорацияга қарши санкциялар жорий қилган.

АҚШ ширкатларига мазкур компанияга жиҳоз ва технологиялар (шу жумладан, Android операцион тизими) сотиш тақиқлаб қўйилган. Жиҳоз ва хизмат етказиб берувчи АҚШ ширкатлари бу чекловлар ортидан миллиардлар доллар йўқотишлари мумкинлигини билдирганлар. Пировардида Вашингтон Huawei’га дастур таъминотини янгилаш ва тармоқларни қўллаб туришга вақтинча рухсатнома берган.

Тожикистон қамоқхоналарида 11 нафар маҳкум пневмониядан вафот этди

Тожикистондаги жазони ўташ муассасаларида пандемия бошидан бери 98 нафар маҳкум пневмонияга чалинган, улардан 11 нафари вафот этган. Бу ҳақда 13 июль куни Тожикистон адлия вазири Музаффар Ашуриён Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Ашуриён ўзи раҳбар бўлган вазирликка бўйсунувчи жазони ўташ муассасаларида коронавирус инфекцияси мавжудлигини яна бир бор рад этган. Бироқ айрим маҳкумларнинг яқинлари аввалроқ мамлакат қамоқхоналари ва тергов ҳибсхоналарида коронавирус йўқлигига оид расмий баёнотни шубҳа остига олганди. Хусусан, Душанбедаги 1-сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 47 ёшли маҳкум Абдулфайз Ражабовнинг яқинлари унинг COVID-19 туфайли вафот этганини иддао қилмоқдалар. Колония раҳбарияти маҳкумнинг пневмониядан ўлганини билдирган.

Пандемия шароитида Тожикистон қамоқхоналаридаги вазият ҳақида Адлия вазирлигига қарашли Жазони ўташ бош бошқармаси раҳбарияти билан маҳкумларнинг яқинларидан бир-бирига зид бўлган маълумотлар келмоқда. Тикансим ортида аслида нима бўлаётгани эса маълум эмас.

Эрон “Боинг” ҳалокатини радиолокацион станциянинг нотўғри созлангани билан изоҳлади

Эрон расмийлари Теҳрон аэропортидан парвоз қилганидан кўп ўтмай икки ракета билан уриб туширилган Украина йўловчи учоғи билан боғлиқ суриштирув натижаларига оид ҳисоботларини эълон қилдилар. Фожиа 2020 йил 8 январида содир бўлганди. “Украина ҳаво йўллари” авиаширкатига тегишли Боинг бортида 176 киши бўлиб, ҳодиса ортидан уларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Эронлик терговчиларга кўра, авиаҳалокатга радиолокацион станциянинг (РЛС) нотўғри созлангани сабаб бўлган. РЛС ҳавога қарши мудофаа операторларига нотўғри сигнал етказган. Ҳисоботга мувофиқ, операторлар ҳам ракета учириш учун ҳавога қарши мудофаа қўмондошлигидан рухсат сўраб ўтирмаганлар.

Британиянинг The Guardian нашри учоқ қулаганида Теҳрон дастлаб авиаҳалокатга учоқ бортидаги “техник носозликлар” сабаб бўлганини иддао қилганини қайд этади. Бироқ, орадан бир неча кун ўтгач, Эрон расмийлари учоқни ўз жанговар ракеталари янглишлик туфайли уриб туширганини тан олганлар.

Эрон фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан ёйинланган ҳисоботда Теҳрон четидаги Ҳавога қарши мудофаа тизими операторлари аппаратурани ўз вақтида қайта созлашга улгурмагани айтилади. Ўша тонгда қўшинлар “кучли тревога” ҳолатида бўлган – “тревога ҳолати” АҚШ қўшни Ироқдаги ўз базалари нишонга олингани учун жавоб зарбалари бериш билан таҳдид қилгани ортидан бир неча соат аввал эълон қилинганди.

Эрон расмий ҳисоботини баён қилган The Guardian мақоласида ҳодисанинг техник тафсилотлари билан бир қаторда учоқ экипажи уриб туширилган пайтда Теҳрон аэропортидан парвоз қилиш протоколига бўйсунгани ҳамда тасдиқланган маршрутга риоя қилгани қайд этилади.

Украина учоғининг “қора қути”лари ҳали ҳам эронлик мутахассислар қўлида қолмоқда. Ҳодиса жойидан топилган “қора қути”лар расшифровка учун 20 июль куни Францияга берилиши кутилмоқда, дея хабар қилди Эроннинг IRNA агентлиги.

Жорий йил 8 январида содир бўлган авиаҳалокатда Эрон, Канада, Украина, Буюк Британия, Афғонистон ва Германия ватандошлари нобуд бўлганди.

Польша сайлови: Экзитпол натижалари Дуданинг олдинда бораётганини кўрсатди

Анжей Дуда.

Польшадаги президент сайловининг иккинчи босқичида, экзитпол натижаларига асосланган дастлабки маълумотларга кўра, амалдаги президент Анжей Дуда озгина фарқ билан олдинда боряпти. У сайловчилардан 50,4 овоз йиғолган. Дуданинг рақиби Рафал Тшасковский 49,6 фоиз овоз жамғаролгани айтилмоқда.

Польшада давлатнинг энг юқори лавозимига амалдаги консерватив президент Анжей Дуда ҳамда Варшаванинг либерал мэри Рафал Тшасковский даъвогарлик қилаётган эди. Сўров натижаларига кўра, иккала номзоднинг ҳам дастакловчилари сони қарийб бир хил бўлган.

Дуданинг мухолифлари кампания ҳалол ўтмаганини иддао қилмоқдалар. Масалан, Польша жамоатчилик телевидениеси Тшасковскийни очиқдан-очиқ қоралаб, Дуда ҳақида фақат ижобий маълумотларни тақдим этган, ваҳоланки ўз мақомига кўра у қатъий сиёсий нейтралитет позициясида туриши лозим эди.

Анжей Дуда беш йилдан бери Польша президенти лавозимини эгаллаб, ўз ҳукумати томонидан киритилган ижтимоий имтиёзларга кафил бўлиб келмоқда. Консерватор бўлган Дуда анъанавий оила моделини ҳимоя қилиб, бир жинсли никоҳларни рад этиб келади.

Амалдаги президентнинг асосий оппоненти бўлган Рафал Тшасковский жинсий озчиликларни дастаклаш учун “ЛГБТ+ хартияси”ни имзолаган. Аммо сайловолди кампанияси чоғида консерватив кайфиятдаги сайловчилар ундан юз ўгирмасликлари учун Тшасковский бу мавзуга урғу бермасликка ҳаракат қилган.

“Немис тўлқини”нинг қайд этишича, Тшасковский ғалаба қозонган тақдирда амалдаги ҳукумат томонидан олиб борилган ҳамда Варшава билан Европа Иттифоқи ўртасида зиддиятни юзага келтирган Адлия тизими ислоҳотини бекор қилишга ваъда берган.

Озарбайжон билан Арманистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди

Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг 2019 йил 20 июнида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувидан лавҳа (архив сурати).

Озарбайжон-Арманистон чегарасида 12 июль куни қуролли тўқнашув рўй берган. Ҳодиса учун масъулиятни Боку билан Ереван бир-бирига юклади.

Бокудан маълум қилишларича, ҳодиса чоғида озарбайжонлик ҳарбийлардан икки нафари нобуд бўлган, беш нафари яраланган. Ереван эса Арманистон томонидан талафот йўқлигини билдирган.

Тўқнашув Озарбайжон-Арманистон чегарасининг Товуз (Арманистон томонидан Тавуш вилояти ҳудуди) тумани ҳудудида содир бўлган.

Озарбайжон ва Арманистон армиялари ўртасида сўнгги йирик қуролли тўқнашув 2016 йил апрелида Тоғли Қорабоғда рўй берганди. Ўшанда ҳар икки тарафдан ўнлаб ҳарбий ҳалок бўлган ёки яраланган. Арманистон билан Озарбайжон 1992 йилдан бери уруш ҳолатида яшаб келмоқда.

Илон Маск совет олими Королёв оиласини SpaceX ширкатига экскурсияга таклиф қилди

Таниқли совет олими Сергей Королёв

SpaceX ширкати асосчиси тадбиркор Илон Маск таниқли совет олими Сергей Королёв оила аъзоларини ширкат фаолияти билан танишиш учун АҚШга таклиф қилди.

10 июль куни Маск Twitterда Королёв оила аъзолари билан суҳбатлашгани ҳақида ёзди:

Маск Королёвни "ракеташунослик соҳасидаги энг кучли олимлардан бири", деб атади.

Россия матбуоти хабарларига кўра, олимнинг невараси Андрей Королёв май ойида, SpaceX ширкати Crew Dragon кемасини Халқаро фазо станциясига (ХФС) муваффақиятли учириши ортидан, Королёвлар оиласи Маскка мактуб ёзганини билдирган.

Андрей Королёв Маск улар билан 20 дақиқа видео орқали суҳбатлашганини айтганди. Суҳбат давомида Маск Королёвлар оиласини коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловлар бекор қилинганидан кейин SpaceX ширкатига экскурсияга таклиф қилган.

SpaceX хусусий ширкатининг мазкур ютуғи Россиянинг ХФСга фазогир олиб чиқиш борасида қарийб ўн йил давом этган монополиясига нуқта қўйди.

Россиянинг кўплаб расмийларидан фарқли ўлароқ, Андрей Королёв SpaceX ширкати ютуғини олқишлаб келади.

АҚШда коронавирус тез суратда тарқаларкан, Трамп илк марта омма олдига ниқоб билан чиқди

Президент Дональд Трамп 11 июль куни илк бор, ниқоб билан омма олдига чиқди, 11 июль, 2020, Мэриленд, АҚШ

АҚШ президенти Дональд Трамп 11 июль куни ҳарбий шифохонага қилган сафари давомида омма олдига илк марта ниқоб тақиб, чиқди.

Уолтер Рид номидаги ҳарбий тиббиёт марказига қилган сафари давомида президент жароҳатланган аскарлар ҳамда COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволаётган шифокорлар билан учрашди.

Трамп Оқ уйда расмийлар билан ўтказган учрашувлари ҳамда оммавий чиқишлари давомида ниқоб тақишдан бош тортгани учун танқидга учраб келади.

Аммо шифохонага жўнаб кетишидан олдин Трамп ниқоб тақишга ҳеч қачон қарши бўлмаганини айтиб, айрим ҳолатларда ниқоб керак эканини айтди.

Ҳарбий шифохонага қилган ташрифи давомида Трамп президент муҳри билан безатилган ниқобни тақди.

Май ойида Трамп сунъий нафас олдириш аппаратларини ишлаб чиқарувчи ширкатга иш соатларидан ташқари вақтда қилган ташрифи давомида ҳам ниқоб таққан эди.

АҚШда коронавирусга чалиниш ҳолатлари тез суратда ошиб бормоқда. Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, бугунга қадар мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 3,2 миллиондан, COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони эса 134 мингдан ошиб кетди.

Зеленскийни қўллаётган миллиардер Украинада маҳаллий матбуот холдингини сотиб олмоқчи

Володимир Зеленский президентликка сайланганидан бир йил ўтиб, очиқ анжуман ўтказмоқда, 20 май, 2020, Киев

Украиналик миллиардер Игор Коломойскийга тегишли ширкат маҳаллий матбуот холдинги акцияларини харид қилишга даъвогарлик қилмоқда.

Бу эса бир неча матбуот нашрига эгалик қилувчи ҳамда жорий президент Володимир Зеленскийни қўллаб келаётган Коломойскийга Украина матбуотига янада кўпроқ таъсир ўтказиш имконини беради.

Kyiv Post газетасининг хабар қилишича, Коломойскийнинг «1+1 Media Group» ширкати UHM холдингини харид қилишга даъвогар олти ширкатнинг биридир.

Холдинг савдосини собиқ президент Виктор Янукович ҳукмронлиги давомида йўқотилган мулкларни тиклаш ва бошқариш зиммаси юкланган давлат агентлиги назорат қилмоқда. Янукович 2014 йилда ҳокимиятдан ағдарилган эди.

2013 йил олигарх Сергий Курченко UHM холдингини 400 миллион долларга харид қилган. Аммо 2017 йил украин суди холдинг акцияларини мусодара қилди.

UHM холдинги 72 юридик шахс, хусусан, газета, радиостанция, журнал ва веб-сайтларни ўз ичига олади.

Коломойскийга қарашли матбуот нашрларининг президент Зеленскийга собиқ президент Петро Порошенко устидан ғалаба қозонишга кўмаклашгани иддао қилиб келинади.

Косово ва Сербия музокараларни давом эттиришга келишиб олди

Косово ва Сербия расмийлари Европа Иттифоқи воситачилигида ўтказилиб келинаётган музокараларни давом эттиришга келишиб олди.

Бундай келишувга Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель иштирокида ўтказилган видеоконференция давомида эришилди.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокаралар 12 июль куни қайта бошланади.

Сербиянинг собиқ вилояти бўлмиш Косово 2008 йилда мустақиллик эълон қилган. Расмий Белград эса буни тан олмай келади.

Ғарб давлатлари Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истагидаги Косово ва Сербияни музокара ўтказишга чорлаб келади.

Аммо видеоконференция ортидан икки давлат расмийлари эълон қилган билдирувлардан улар ўртасидаги тафовут ҳануз йириклиги аён бўлди.

Сербия президенти Александр Вучичнинг сўзларига кўра, музокаралар давомида у Меркель ва Макронга Белград Косово мустақиллигини муҳокама қилишни истамаслигини айтган.

Қўлга олинган Хабаровск губернатори тарафдорлари намойишга чиқди

Россиянинг Хабаровск ўлкасида губернатор Сергей Фургал ҳибсга олинишидан норози ўн минглаб одам намойишга чиқди.

11 июль куни Фургал тарафдорлари Хабаровск шаҳрининг Ленин майдонида тўпланиб, Комсомол майдонига қараб юриб борди.

Намойишчилар президент Владимир Путинни назарда тутган ҳолда «Путин ўғри!» ва «Царь йўқолсин!» дея ҳайқиришди.

Ўлканинг Комсомольск-Амур, Эльбан, Солнечний ҳамда бошқа шаҳарларида ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтди.

10 июль куни Москва шаҳрининг Басманний туман суди 50 ёшдаги Фургални 9 сентябргача тергов изоляторида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган эди.

Унга қотилликка уриниш ва икки маҳаллий тадбиркорни ўлдиришни буюриш айбловлари қўйилган.

2018 йилда Владимир Жириновскийнинг миллатчи «Россия либерал демократик партияси»га (ЛДПР) аъзо Фургал Кремль хушлаган номзод Вячеслав Шпорт устидан кутилмаганда ғалаба қозонган эди.

Жириновский Россия давлат думасида қилган чиқишида Фургалнинг қўлга олиниши ортида сиёсий мотив борлигини таъкидлади.

Украинанинг собиқ президенти Порошенкога нисбатан қўшимча жиноят ишлари очилди

Украина Бош прокуратураси собиқ президент Петро Порошенкога қарши яна тўрт жиноят ишини очди. Бу ҳақда 10 июль куни Порошенконинг адвокати Игор Голован маълум қилди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, терговлар тадбиркор Игор Коломойский илтимоси билан очилган. Коломойский Порошенкони «ПриватБанк» фаолиятига аралашишда айблаб келади.

Ҳолован Порошенкога қўйилган айбловлар ортида сиёсий мотив борлигини таъкидлади.

Порошенконинг узоқ йиллик рақиби Коломойский 2016 йилда марказий банк «ПриватБанк»ни ўз назоратига олиши ортидан банк бошқарувини қўлдан бой берган. Ўша пайтда Порошенко Украина президенти эди.

Коломойский қарийб икки йил давомида хорижда яшаб, 2019 йилнинг апрелида Володимир Зеленский президент этиб сайланганидан кейин мамлакатга қайтди.

Жорий президент Зеленскийнинг Коломойский билан яқин муносабатга эканлиги айтилади. Бунга қарамасдан, Зеленский ўзини олигархлардан узоқ, «халқ номзоди» ўлароқ кўрсатиб келади.

1 июль куни Порошенко унга қарши 24 тергов иши очилганини айтиб, уларнинг барчаси ортида Зеленский турганини иддао қилди.

Аё София музейи яна масжидга айлантириладиган бўлди

Аё София ибодатхонасининг ич қисми, 2020 йил 2 июли.

Туркия Олий маъмурий суди ҳукуматнинг Аё София ибодатхонасини музейга айлантириш тўғрисида 1934 йили қабул қилган қарорини бекор қилди. Бу ҳақда “Онадўли” агентлиги хабар қилган.

Мазкур бинодан 1934 йилгача жомеъ масжиди сифатида фойдаланилган. Уни замонавий Туркия жумҳурияти асосчиси бўлган Мустафо Камол Отатурк ёпган.

Аё София ибодатхонаси 537 йилда қуриб битказилган. У қарийб минг йил давомида Христиан оламининг энг катта черкови бўлган.

1453 йили Истанбул Усмоний империяси томонидан фатҳ этилганидан кейин ибодатхона масжидга айлантирилган. Ўша йил 1 июнида Аё Софияда ўқилган илк жума намозида Фотиҳ Султон Меҳмет иштирок этган.

1935 йили дунёвий давлат қураётган Отатурк масжидни музейга айлантирган. Ҳозирда ибодатхона ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатида туради.

Туркиядаги исломий мухолифат доим бинога жомеъ мақоми қайтарилишини талаб қилиб келган. Бунга Россия, Греция ва Украина православ черковлари вакиллари қарши чиқиб келган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ ибодатхонанинг мақоми ўзгартирилиши бўйича Олий маъмурий суд қарорини кутаётганини ва ўша қарорга қараб иш қилишини билдирган. Онадўли агентлиги хабарига кўра, Эрдўғон суд қарори чиқиши билан Аё Софиянинг ибодатга очилишига оид қарорни имзолаган.

Олмаота вилоятининг ҳоким ўринбосари пневмониядан вафот этди

Олмаота вилоят ҳокимлигига қарашли маъмурий бино.

Қозоғистоннинг Олмаота вилояти ҳокимининг ўринбосари Серикжан Бескемпиров икки томонлама пневмониядан вафот этди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот котиби Ғалимурат Жукел маълум қилди.

Аввалроқ Олмаота вилоятининг бош санитар врачи Қайрат Баймухамбетов 10 июль куни пневмониядан ўлгани очиқланган.

Ўтган ой коронавирусга чалингани тасдиқланган вилоят ҳокими Амандиқ Баталов, ҳокимликдан маълум қилишларича, “нафас сиқилиши ва юрак қон-томир етишмовчилиги” туфайли пойтахтдаги кардиология марказига кўчирилган.

Коронавирус эпидемияси билан бир қаторда Қозоғистонда пневмонияга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайгани кузатилмоқда. Пневмония яқиндан бери мамлакатда “коронавирус инфекциясининг эҳтимолий кўриниши” ўлароқ таснифланмоқда, айни пайтда расмийлар COVID-19 инфекциясига чалинганлар статистикасига фақат хасталиги ПЦР-тест билан тасдиқланган беморларнигина киритмоқдалар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистон касалхоналарида пневмонияга чалинган 40 мингга яқин бемор даволанмоқда, улардан 10 минг нафарида коронавирус инфекцияси борлиги лаборатория таҳлили билан тасдиқланган.

Вазирлик 9 июль куни ўтган ҳафтада (29 июндан 5 июлгача) Қозоғистонда пневмониядан 415 киши ўлганини маълум қилди. 3 июль куни Қозоғистон бош санитар врачи Есмагамбетова жорий йилнинг илк ярмида мамлакатда пневмониядан 1 772 киши вафот этгани, улардан 628 нафари июнь ойида қазо қилганини билдирган.

Белграддаги намойишлардан сўнг расмийлар комендантлик соати жорий қилиш фикридан воз кечишди

Белграддаги парламент биноси олдида уюштирилган намойиш, 2020 йил 9 июли.

Сербия ҳукумати коронавирус туфайли ҳордиқ кунлари Белградда комендантлик соати киритиш режасидан воз кечди. Расмийлар ўз қарорларини мамлакат пойтахтида юз берган оммавий намойишлар қабатида ўзгартирганлар.

Белградда ҳордиқ кунлари учун киритилажак чекловлар ичида одамларнинг 10 нафардан кўп бўлиб йиғилишига нисбатан қўйилган тақиқ амалда бўлади. Ресторанлар, дўконлар ва бошқа жамоат жойлари соат 21:00 да, парклар ва бошқа очиқ жойлар соат 23:00 да ёпилади. Бош вазир Ана Брнабич айни пайтда комендантлик соати энг самарали чора бўлиши мумкинлиги, бироқ расмийлар бундан воз кечганларини билдирди.

Сербияда 21 июнь куни бўлиб ўтган ва президент Александр Вучич партияси ғалабаси билан тугаган парламент сайловларидан кўп ўтмай расмийлар эпидемиологик вазият ёмонлашгани қабатида май ойида бекор қилинган карантин чораларини қайта кирита бошлаганлар.

Жорий йилнинг 7 июлида коронавирус инфекцияси юқиши билан боғлиқ 13 та ўлим ҳолати қайд этилган, бу эса мамлакатда пандемия бошидан бери кузатилган мутлақ рекорд бўлиб ҳисобланади. Ўша куннинг ўзида президент Вучич Белградда комендантлик соати киритилиши ҳамда беш нафардан кўп одам тўпланишига тақиқ қўйилишини эълон қилган. Бу қарор оммавий намойишларни келтириб чиқарган.

8 июлдан 9 июлга ўтар кечаси Белград ва бошқа шаҳарларда юзлаб одам карантин чоралари кучайтирилишига қарши норозилик акцияларига чиққанлар. Митинглар тартибсизликларга айланиб кетган. Полиция 150 дан зиёд одамни қўлга олган. 10 июлга ўтар кечаси норозилик намойишлар яна бошланган, бироқ тинч ўтган.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси бошланганидан бери Сербияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 17 мингдан зиёд ҳолат аниқланган, 352 бемор вафот этган, 13,5 мингдан кўпроқ бемор соғайиб кетган.

Тожикистонда хизматдан бўйин товлаган аскар икки йилга қамалди

Тожикистонлик аскарлар (иллюстратив сурат).

Душанбе гарнизони ҳарбий трибунали Турсунзода шаҳридан бўлган оддий аскар Отабек Ибрагимовни хизматдан бўйин товлаганликда айбдор деб топиб, икки йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, Ибрагимов армияга 2019 йилнинг 12 ноябрида чақирилган бўлиб, хизматни 42660-сонли ҳарбий қисмда ўтаб келган. Бироқ 2019 йилнинг декабрь ойи охирида у касалхонага тушиш ва хизматдан озод бўлиш мақсадида 17 та тошни ютиб юборган.

Тожикистон Жиноят кодексининг 376-моддасида ўз аъзосига шикаст етказиш орқали ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлик учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилиш жазоси кўзда тутилган. Уруш пайтида бу муддат 8 йилдан 20 йилгача узайиши мумкин.

Суд хабарномасида Ибрагимов “ҳарбий хизмат шароитини кўтара олмагани” ҳам қайд этилади.

Тожикистонлик ҳуқуқ фаоллари ёшларнинг аксарияти ҳарбий хизматдан ўнлаб йўл билан (меҳнат муҳожирлигидан тортиб олий ўқув юртига киришга қадар) қутилиб қолишларини айтишади. Шу важдан ҳам ҳарбий комиссариатлар чақириқ бўйича режани бажаришга ҳаракат қилиб, мунтазам равишда ёшларга нисбатан “облава”лар уюштириб турадилар.

Тожикистонда ҳарбий хизматдан оммавий бўйин товлашнинг сабабларидан бири мамлакат армиясида доимий равишда содир бўлиб турадиган калтаклашлар ва ўлим ҳолатлари бўлиши мумкин. Қийноқларга қарши коалиция маълумотларига кўра, 2014 йилдан 2016 йилгача ташкилотга Тожикистон армиясида хизмат қилган ҳарбийларнинг яқинларидан 60 та шикоят келиб тушган. Бу шикоятларнинг ўн биттаси аскарлар ўлимига оид бўлган.

"Ростов" футбол клуби ўзбекистонлик Элдор Шомуродовни Бельгия жамоасига сотишдан бош тортди

Элдор Шомуродов Россия Премьер-Лигасининг энг яхши ўйинчиси.

Россиянинг “Ростов” футбол жамоаси ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродовни Бельгиянинг “Гент” жамоасига сотишдан бош тортди.

Sport24 нашрининг билдиришича, “Гент” “Ростов”га Элдор Шомуродов учун 5 миллион евро таклиф қилган. Шомуродов учун дастлаб 2 миллион евро ва икки йил давомида ҳар йили яна 1,5 миллион евродан пул тўланиши режалаштирилган эди. Бироқ “Ростов” жамоаси бу таклифни рад этди.

Тошкентнинг “Бунёдкор” командаси ўйинчиси бўлган Элдор Шомуродов “Ростов” жамоасига 2017 йилда 300 минг евро эвазига ўтган эди. Унинг мазкур жамоа билан шартномаси 2024 йилда якунланади.

Жарқўрғонлик 25 яшар Элдор Шомуродов футболчилар оиласида улғайган. 6 ёшидан футбол ўйнаб келаётган бу спортчи Муборакнинг “Машъал”, Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаларида тўп сурган.

2015 йилда “Осиёнинг энг яхши футболчиси” унвонига сазовор бўлган. 2019 йилнинг августида Элдор Шомуродов Россия Премьер-Лигасининг энг яхши ўйинчиси деб тан олинди.

ЖССТ: Коронавируснинг ҳаво орқали одамга юқиши "эҳтимолдан соқит қилинмайди"

COVID-19 шу кунгача жаҳон бўйича 12 миллион 100 минг одамга юқди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖССТ 9 июль куни эълон қилинган сўнгги маълумотномасида муайян шароитларда коронавирус одамдан одамга ҳаво орқали юқишини “эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди", деб билдирди.

ЖССТ маълумотномасида айтилишича, айни пайтда коронавирус аэрозоллар орқали, айниқса, “вентиляцияси ёмон бўлган биноларда” қандай тарқалиши мумкинлиги ўрганилмоқда.

Ташкилот касаллик ресторан ва фитнес марказлари каби жойларда ҳаво орқали юқиши мумкинлиги тўғрисида таҳминлар мавжудлигини таъкидлади.

Аввалроқ тиббиёт соҳаси мутахассислари ЖССТга респираторли касаллиликларнинг, жумладан аэрозолларнинг тарқалиши тўғрисидаги қўлланмасини янгилашни таклиф қилиб очиқ хат йўллаган эди.

Ҳозиргача коронавируснинг аэрозоллар орқали тарқалиши ёки тарқалмаслиги ноаниқ бўлиб турибди.

COVID-19 шу кунгача жаҳон бўйича 12 миллион 100 минг одамга юқди. Вирусдан 551 минг киши вафот этди.

АҚШ Эрон генерали асоссиз ўлдирилгани ҳақида хулоса берган БМТ экспертини танқид қилди

Эронда генерал Қосим Сулаймонийга қўйилган ёдгорлик.

Қўшма Штатлар Ироқда АҚШ томонидан Эрон генералининг ўлдирилиши ноқонуний бўлгани тўғрисида хулоса берган БМТ экспертини “террорчиларга йўл очиб берганлик”да айблади.

БМТнинг махсус ҳисоботчиси Агнес Калламар ўз хулосасини 9 июлда Женевада ўтган Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида эълон қилди.

Хулосада қайд этилишича, Вашингтон ўлдирилган Эрон генерали Қосим Сулаймоний Ироқдан туриб АҚШ хавфсизлигига таҳдид солгани тўғрисида бирорта далил-исботни тақдим эта олмаган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Морган Ортагус Вашингтоннинг хулосага муносабатини эълон қилар экан: “АҚШни ўзини мудофаа қилиш мақсадида амалга оширган ҳаракатини қоралаш ва жаҳондаги энг қонхўр террорчилардан бири бўлган генерал Сулаймонийнинг қора ўтмишини оқлаш интеллектуал ноҳалолликдир”, -деб баёнот берди.

Ҳисоботни “зерикарли ва узундан-узоқ” деб таърифлаган Ортагус, АҚШ 2018 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашини тарк этгани тўғри қарор бўлганини билдирди.

Июнь ойининг охирларида Теҳрон 2020 йил бошида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампни ҳибсга олишга ордер бергани хабар қилинган эди.

Эрондаги Ислом инқилоби посбонлари корпуси “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний жорий йил 3 январида Бағдод шаҳрида АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди. Теҳрон бунга АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета отиш билан жавоб берган. Ўшанда америкалик ўнлаб ҳарбий яраланганди.

АҚШ мусулмонлар ҳуқуқини бузаётган Хитой ҳукумати амалдорларига санкция жорий қилди

Шинжон-Уйғур мухторияти. Қашқар шаҳри манзараси.

Қўшма Штатлар Хитой ҳукуматининг тўрт нафар юқори лавозимли мансабдорига Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ҳуқуқларини “қўпол тарзда бузаётгани” учун санкциялар жорий этди. Бу борадаги маълумот 9 июль куни АҚШ Молия вазирлиги томонидан эълон қилинди.

Санкцияга мувофиқ Хитой Коммунистик партиясининг Шинжон-Уйғур мухторияти қўмитаси раиси Чэн Цюаньго, сиёсий ва адлия масалалари қзмитасининг собиқ бошлиғи Зу Хайлун, хавфсизлик хизмати раҳбари Ван Мингшэн ва хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Хуо Лучюнга АҚШга киришга виза берилмайди. Уларнинг АҚШдаги барча мол-мулки ва банк ҳисоблари ҳибс қилинади.

“Қўшма Штатлар бефарқ қараб турмайди, чунки Хитой Коммунистик партияси Шинжонда уйғурлар, этник қозоқлар ва бошқа этник озчиликлар ҳуқуқларини бузмоқда. Жумладан, улар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда, ўзбошимча равишда оммавий равишда қамоқларга олинмоқда. Шунингдек, уларнинг маданияти ва ислом динини йўқ қилишга ҳаракат қилинмоқда”,- деди 9 июль куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ президенти Дональд Трамп 17 июнда Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурларни ва бошқа мусулмон миллатларни таъқиб этишда иштирок этган ва этаётган Хитой амалдорларига санкциялар жорий этиш имкониятини берувчи қонунни имзолаган эди.

Халқаро ҳамжамият 2017 йилдан бери Хитойни Шинжондаги мусулмон миллатларни “террорчилик ва экстремистликка қарши кураш” баҳонаси билан сиёсий лагерларда сақлаб келаётганини танқид қилади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG