Линклар

Шошилинч хабар
08 июл 2020, Тошкент вақти: 19:58

Эътирозлар ортидан Трамп Миллий гвардиянинг 5000 аскарини Вашингтондан олиб чиқишни буюрди


Вашингтон кўчаларидаги жамоат тартибини сақлашга Миллий гвардия аскарлари жалб этилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 7 июнь куни пойтахт Вашингтондан Миллий гвардиянинг 5000 нафар аскарини олиб чиқиш ҳақида буйруқ берди.

Ирқчиликка қарши норозилик намойишларининг Вашингтонда тўхтовсиз давом этаëтгани ортидан бир неча кун олдин Миллий гвардия аскарлари АҚШ пойтахтида жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган эди.

Нафақат Вашингтон¸ балки мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам давом этаëтган бу норозиликларга афроамерикалик Жорж Флойднинг Миннеаполисда полиция томонидан қўлга олиниш пайтида ўлдирилиши сабаб бўлди.

Орадан бир неча кун ўтиб¸ Миллий гвардия кучларининг пойтахт кўчаларидан чақиртириб олинишини Трамп мамлакат пойтахтининг “идеал назорат остида” экани билан изоҳлади, дея хабар қилди “Америка овози”.

Трампнинг оммавий норозилик намойишларини назорат қилиш учун Вашингтонга 10 минг аскар киритилиши ҳақидаги баëноти АҚШ маъмуриятининг жорий ва собиқ мулозимлари танқидига учрамоқда.

Хусусан¸ Мудофаа вазири Марк Эспер АҚШ ҳудудидаги норозилик тўлқинини бостириш учун ҳарбийларнинг жалб этилиши энг сўнгги чора бўлишини айтиб, Трампнинг бу фикрига қарши чиқди. Пентагон раҳбарининг бу фикрига АҚШ Бош прокурори Уильям Барр ҳам қўшилган.

Аввал штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига раҳбарлик қилган собиқ адмирал Майк Маллен, Трамп истаганидек, АҚШда намойишларни тўхтатиш учун армия кучидан фойдаланишга қарши чиқди.

Малленга кўра¸ агар қўшинлар намойишчиларга қарши қўлланиладиган бўлса, АҚШ Қуролли кучларининг жамоатчилик билан ораси бузилиши мумкин.

“Қуролли кучларимиз бизнинг душманларимизга қарши кураш учун тузилган, ўз халқимизга қарши кураш учун эмас”, деди жумладан Маллен Fox News.

Истеъфодаги армия генерали Мартин Демпси ҳам АВС каналида қилган чиқишида намойишларни бостиришда ҳарбийлардан фойдаланиш фикрига эътироз билдирди.

“Америка – жанг майдони эмас. Ўз Қуролли кучларимиздан фойдаланишда жуда эҳтиёткор бўлишимиз лозим”, деди генерал Демпси.

25 майдан бери давом этаëтган ирқчиликка қарши намойишлар АҚШнинг 50 штати ва 140 шаҳрига ëйилди.

Сўнгги маълумотларга кўра¸ намойишлар давомида 10 мингга яқин одам ушланган.

XS
SM
MD
LG