Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 20:41

«Брат 2» фильми титрлари ўрнига АҚШдаги зўравонликларни эфирга узатган "Первый канал" танқидга учради


Атлантадаги норозилик намойиши қатнашчилари.

Россиянинг "Первый канал"и 2000 йил суратга олинган «Брат 2» фильмини 7 июнь куни эфирга узатар экан, фильм якунида титрлар ўрнига АҚШ шаҳарлари кўчаларида содир бўлган талон-торож ва полиция зўравонлиги акс этган видео монтажни кўрсатди. Кўрсатилган кадрларнинг АҚШда оқ танли полициячи томонидан афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлдирилиши ортидан бошланиб кетган тартибсизликлар видеолари эканлиги айтилмоқда.

Фильм якунида мусиқа овози пастлаб борар экан, кадр ортидаги овоз «Озод дунёнинг муҳим қадриятлари полиция дубулғалари зарби остида чил-чил бўлмоқда. Улар талон-торож қилинган дўконлар олови қаърида ёнмоқда, муросасиз аҳвол шиддатида чўкмоқда», дея хитоб қилди.

Флойд ўлими ортидан бошланган ирқчиликка қарши намойишларни Россия матбуоти айнан шундай руҳда тасвирлаб келади. Ҳукумат бошқарувидаги теле ва радиоканаллар бошловчилари ва кўрсатув меҳмонлари АҚШни зўр бериб иккиюзламачиликда айблаб, намойишчиларга қарши куч ишлатилгани ҳақида жар солмоқда.

7 июнь куни Сергей Бодров бош ролни ўйнаган фильм титрлари ўрнига кўрсатилган видеолар Nautilus Pompilius гуруҳининг Goodbye, America ёки «Хайрлашув мактуби» деб номланувчи ашуласи фонида қўйилди. Кадрларда оломон автомобилларни ағдариб, уларга ўт қўяётганини, полиция автомобили намойишчилар устига ҳайдаб юборилганини ва полиция ходимлари ўткинчиларни итариб юбораётганини кўриш мумкин бўлди. Шунингдек, кадрларнинг бирида эшиклари вайрон бўлган дўкондан афтидан ўғирланган молларни олиб чиқаётган шахсларни кўриш мумкин.

Кадр ортидаги овоз тинчиганидан кейин "Первый канал" мухбири Георгий Олисашвили Манҳэттен кўчаларида акцияга чиққан намойишчилар орасида ўз лавҳасини бошлади. Шу йўсинда фильм якуни "Первый канал"нинг асосий хабар дастури бўлмиш «Время»га силлиқ туташтирилди.

Аммо Россия бўйлаб кўплаб томошабин "Первый канал"ни манипуляцияда айбламоқда.

Мухолифатчи фаол ва ҳуқуқшунос Любов Соболь Twitterда видео якунида президент Владимир Путинга 5 ва 6-марта президент бўлиш имконини бериши мумкин бўлган конституцион ўзгаришлар ҳақида ҳам лавҳа кўрсатилиши керак эди, деб истеҳзо билан ёзди. Соболь «"Первый канал" муҳаррирларини «ҳайвонлар» деб атади.

Блогер Александр Горбунов эса «Агар Америка телеканали фожиа ҳақидаги фильм ортидан Норильск суратларини кўрсатганида, Кремлдаги тарғиботчилар қандай дод солишини тасаввур қиляпман», деб ёзди. Яқинда Норильск шаҳрида дизель ёқилғиси оқиб кетиб, Россиянинг Арктика минтақасида бир неча дарёни ифлослантирган эди.

«Брат 2» 2000 йилда чиқарилган бўлиб, фильмга 20 йил тўлгани муносабати билан Россия телеканаллари уни эфирга узатмоқда. 7 июнь куни "Первый канал" 1997 йил суратга олинган «Брат» ва унинг давоми «Брат 2» фильмларини кетма-кет эфирга узатди.

Ҳар икки фильмга Алексей Балабанов режиссёрлик қилган. Балабанов Россияда Совет иттифоқи парчаланиб кетганидан кейинги турмуш акс этган фильмлари билан шуҳрат қозонган. Режиссёр 2013 йил вафот этган.

Twitter фойдаланувчиларидан бири истеҳзо билан «Балабанов бунга рухсат бердимикин, қизиқ?» деб ёзди ва ўз постига рус тилида путинчиТВёлғонлари ва #BlackLivesMatter (қора танлилар ҳаёти муҳим) хештегларини илова қилди.

XS
SM
MD
LG