Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Коронавирус АҚШ ва Буюк Британияда ирқлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий тенгсизликни ойдинлаштирди


Афроамерикаликларнинг коронавирусдан кўпроқ ўлаëтгани генетика эмас¸ сурункали тенгсизлик ва камбағаллик билан изоҳланади.
Афроамерикаликларнинг коронавирусдан кўпроқ ўлаëтгани генетика эмас¸ сурункали тенгсизлик ва камбағаллик билан изоҳланади.

Коронавирус пандемияси АҚШ ва Буюк Британияда афроамерикаликлар ҳамда бошқа миллий озчилик вакилларининг COVID-19 инфекциясидан нобуд бўлиш эҳтимоли юқорироқ эканлигини кўрсатди.

АҚШ штатларидан келиб тушган маълумотларни ўрганиб чиққан APN тадқиқот лабораторияси ҳисоботига кўра, қора танли америкаликларнинг коронавирус туфайли ҳалок бўлиш эҳтимоли оқ танлиларга солиштирганда 2,4 баробарга кўпдир.

Британиядаги Public Health England агентлиги ҳам қора танли, осиёлик ёки миллий озчилик вакилларининг коронавирусдан ўлиш эҳтимоли икки баробарга юқори экани ҳақида хулоса қилди.

Бу мавзуларда тўлиқ маълумот чекланган ҳамда касалликдан ҳалок бўлиш эҳтимолига таъсир кўрсатувчи омиллар кўп бўлишига қарамасдан, кузатувчилар турли ирқ ва миллат вакиллари орасида коронавирус туфайли нобуд бўлганлар сонидаги фарқларнинг асосий сабаби ижтимоий тенгсизлик эканлигини айтмоқда.

2 июнь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет:

- Вирус узоқ йиллардан бери эътибордан четда қолиб келаётган муттасил тенгсизликларни фош қилмоқда. Қўшма Штатларда Жорж Флойднинг ўлими ортидан бошланиб кетган намойишлар нафақат қора танли ва бошқа шахсларга қарши полиция зўравонлиги, балки соғлиқни сақлаш, таълим, иш соҳаларидаги давомли тенгсизликлар ҳамда ирқий дискриминацияга эътибор жалб қиляпти, - деди.

Жонс Ҳокпинс университети коронавирус ҳолатлари бўйича умумий маълумот билан бир қаторда АҚШдаги турли ирқ вакиллари орасидаги ҳолатларни ҳам қайд этиб келмоқда. 40 дан ошиқ штатдан келиб тушган статистика анализи касалликдан озчиликлар, хусусан, афроамерикаликлар кўпроқ жабр кўраётганини очиқлади.

Жонс Ҳокпинс университети ходими Лиза Купер кўплаб афроамерикаликлар ва бошқа озчиликлар аъзолари кундалик турмушда дучор бўладиган ҳолатларни шундай изоҳлайди:

- Кўплаб ирқий ва этник озчиликлар аъзолари қашшоқликда яшагани учун, уларда пандемия бошқача ўтмоқда. Масалан, улар автомобиль сотиб олишга қурблари етмаса, жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланишлари мумкин, бирданига кўп харид қила олмаганлари учун муҳим молларни тез-тез харид қилишлари мумкин, тиббий суғурта ёки мунтазам тиббий хизматлардан фойдаланишга имконлари бўлмаслиги мумкин.

Шунингдек, шахсий автомобилига эга бўлмаган шахслар машинасидан тушмасдан коронавирусга анализ топшириш имконини берувчи чоралардан фойдалана олмасликлари мумкин.

Қора танлилар астма, юрак ва ўпка хасталиклардан нисбатан кўпроқ азият чекиши уларнинг коронавирусдан ҳалок бўлиш эҳтимолини оширса-да, кузатувчилар бу ҳолат замирида ҳам ижтимоий тенгсизликлар ётишини айтишмоқда.

Scientific American журналида бу тафовутга генетика сабабчи эканлиги ҳақидаги иддаолар хавфли ва нотўғри эканлиги айтилди.

The Lancet журналида май ойида чоп этилган мақолага кўра, ўлимнинг асосий бўлмаган қўшимча сабаблари ирқлар ўртасидаги тафовутнинг сабабларидан бири бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, АҚШ ва Британияда тўпланган маълумотларни таҳлил қилган мақола муаллифлари ирқлар ўртасидаги тафовут биологик унсурлар эмас, балки ижтимоий-иқтисодий унсурлар туфайли эканлигини хулоса қилишди. Мақола муаллифлари биологик изоҳлар «фанга ҳам, одамларга ҳам зиён келтиради», дея қўшимча қилишди.

Black Lives Matter – «Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим» ҳаракати коронавирус пандемияси ҳақида ирқий гуруҳлар бўйича бўлинган маълумотни ёйинлашни талаб қилиб келади. Апрель ойида ҳаракат аъзолари ёзган мақолада «Вирус бизни вайрон қиляпти. Биз мамлакатнинг кундалик турмуши давом этишини таъминлайдиган муҳим ишчилармиз. Мактуб ташувчилар, буюрма етказувчилар, транспорт ҳайдовчилари ҳамда шифохона ишчиларимиз. Биз уйда ўтира олмаймиз», деб ёзишга эди.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бачелет ҳам Бразилия, Франция, Буюк Британия ҳамда АҚШ каби давлатларда афроамерикаликлар ва миллий озчиликлар COVID-19 инфекциясидан катта жабр кўраётганини таъкидлади.

- Шундоқ ҳам аён бўлиши лозим бўлган нарсани COVID-19 фош қилгани фожиадир, - деди комиссар.

XS
SM
MD
LG