Линклар

Шошилинч хабар
02 июл 2020, Тошкент вақти: 10:34

Халқаро хабарлар

HRW қозоқ расмийларини фуқаролик жамиятининг икки фаолини озод қилишга чақирди

Қозоғистонлик фаол Асия Тулесова.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 12 июнь куни ёйинланган баёнотида Қозоғистон расмийларини фуқаролик жамияти фаоллари Альнур Ильяшев ва Асия Тулесовадан айбловни олиб ташлаш ва уларни ҳибсдан озод этишга чақирди.

Шу йил 6 июнь куни намойишчилар қўлга олинаётган жойда ёнида турган полициячининг фуражкасини уриб тушириб юборгани учун “ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатганлик” айби қўйилган Тулесова Олмаота суди томонидан 10 суткалик ҳибсга ҳукм этилган.

Бу номутаносиб айбловлар асосида Асия Тулесованинг ҳибс этилиши полиция ва суд томонидан қўпол равишда ўз ваколатларини ошириб юборишдир. Тинч йиғилишлар чекланаётгани ва Тулесованинг таъқиб қилинаётгани Қозоғистоннинг тинч норозилик чиқишларига қатағон билан жавоб бераётганини кўрсатади”, деди HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон расмийларини ижтимоий тармоқлардаги постларида қасддан ёлғон маълумотлар тарқатганликда айбланган фаол Альнур Ильяшевни ҳам озод қилишга чақирган. Ҳукмрон “Нур Ўтан” партияси ва бошқа расмийларни танқид қилгани ва турли жамоатчилик тадбирларини уюштиргани билан танилган 43 ёшли Ильяшев “фавқулодда вазият чоғида қасдан ёлғон маълумот тарқатганлик”да айбланиб, шу йил 17 апрелида қўлга олинган. Эртаси куни Олмаота суди уни икки ойга қамаш ҳақида ҳукм чиқарган. 12 июнь куни Олмаотада унинг иши бўйича маҳкама мажлиси бошланди.

Тулесова ҳам, Ильяшев ҳам ўзига қўйилган айбловни тан олган эмас.

Риттманга кўра, Қозоғистонда фаоллар ўзларининг сўз эркинлиги ва тинч норозилик билдириш ҳуқуқидан фойдалангани учун қамоқ жазосига дучор қилинмаслиги лозим.

“Расмийлар Альнур Ильяшев ва Асия Тулесовага билдирилган айбловларни бекор қилиб, уларни озод қилишлари керак”, деди HRW вакиласи.

Кун янгиликлари

Черногория бир жинсли оилаларни тан олди

Черногория президенти Мило Жуканович мамлакатда бир жинсли никоҳларга рухсат берилувчи қонунни имзолади. Президент буни “нисбатан ривожланган демократия сари қадам” сифатида изоҳлади.

Парламентдаги 81 депутатдан 42 нафари қонун учун овоз берди. Қонун бир йилдан сўнг кучга киради. Қонунга асосан бир жинсдаги оилалар анъанавий оилалар эга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланади, фақат уларга бола асраб олиш тақиқланади.

Бир йил олдин парламент мазкур қонунни қабул қилишдан бош тортган эди.

Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилаётган Черногорияда бир жинсли никоҳларнинг тан олинишини Европа лидерлари ва ЛГБТ фаоллар олқишлади.

Черногория Бош вазири Душко Маркович ҳам президент фикрини қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши “Европа давлати ҳисобланган Черногорияда жинсий мансублигига қараб камситишга йўл қўйилмаслинини, Черногория жамиятининг демократик балоғат ва интеграцион жараёнларга етишганлигини” англатади.

Ҳолливуд продюсери тегажоқлик қилган аёлларга 19 миллион доллар товон пули берилади

2020 йилниг мартида суд Вайнштейнни 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Нью-Йорк прокурори Ҳолливуд продюсери Харви Вайнштейн тегажоқлигидан жабрланган аёлларга 19 миллион долларга яқин товон пули берилишини маълум қилди.

1 июлда эълон қилинган баёнотда айтилишича, уларга бу маблағ Ҳарви Вайнштейн ва унинг акаси Робертга тегишли бўлган ва айни пайтда банкрот деб топилган ширкат ҳисобидан тўланади.

Аввалроқ Ҳолливуд продюсери тегажоқлик қилгани иддаоси билан 80га яқин аёл шикоят қилган эди. Уларга бу пул қай тарзда тақсимланиши тўғрисида маълумот берилмади.

Товон пули тўланиши учун махсус фонд ташкил қилинади. Бу фондга Вайнштейн ширкати билан ҳамкорлик қилган суғурта компаниялари пул ўтказади. Товон пули фақат ширкатда ишлаган вақтларида тегажоқликка учраган аёлларга берилади. Вайнштейнни судга берган аёлларга товон пули тааллуқли эмас.

Харви Вайнштейн Miramax ва Weinstein Co кинокомпанияларининг асосчисидир. У турли номинацияларда “Оскар” мукофотини олган кўплаб фильмларнинг, жумладан, “Англиялик бемор”, “Ошиқ Шекспир”, “Майкашлик қоидалари”, “Узук ҳукумдори” каби фильмлар продюсери бўлган.

2017 йилнинг кузида ўнлаб аёллар Вайнштейн уларга тегажоқлик қилгани ва зўрлагани ҳақида баёнот берган эдилар. 2018 йилда унга нисбатан жиноят иши очилган. 2020 йилниг мартида суд Вайнштейнни 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Бишкекда жамоат транспорти фаолиятига чеклов киритилди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда янги иш тартиби жорий қилинмоқда. Бу ҳақда 1 июль куни Бишкек мэри Азиз Сурақматов маълум қилди.

Унга кўра, троллейбуслар, автобуслар, йўналишли таксилар бегим кунлари соат 07:00 дан 10:00 гача ҳамда соат 17:00 дан 21:00 гача ишлайди. Шанба ва якшанба кунлари эса жамоат транспорти қатнамайди.

Кафе, ресторан ва умумий овқатланиш шохобчалари соат 08:00 дан 20:00 гача, супермаркетлар соат 07:00 дан 19:00 гача, бозорлар эса соат 06:00 дан 17:00 гача ишлайди.

Бундан ташқари, велосипедларни ижара бериш нуқталари, болалар майдончалари, футбол ва ўйин майдонлари иши тўхтатилади. Тўйхона, тунги клуб ва барлар, кўнгилочар жойлари ҳам, ташрифчилар сони қанча бўлишидан қатъи назар, вақтинча ёпилади. Қайд этилишича, бу тартибни бузганлар электр ва сув таъминотидан узиб қўйилади.

Мэрия боғ, хиёбон, майдон ҳамда одамлар кўп тўпланадиган ва ҳордиқ чиқарадиган бошқа жойларга ҳам ташрифни чеклаган ва ватандошларни карантин тартибига риоя қилишга чақирган.

Сўнгги кеча-кундузда Қирғизистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 439 та ҳолат аниқланган, булардан 195 таси Бишкекка тўғри келган. Пойтахтда эпидемиологик вазият оғирлигича қолмоқда.

Қирғизистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 5735 нафарга етган. Беморлардан 2443 нафари зарур муолажалардан кейин соғайиб кетган, 62 киши оламдан ўтган.

Помпео Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтиришга чақирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби БМТ Хавфсизлик кенгашини Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтиришга чақирди. Майк Помпео ўз чақириғини Эрондаги режим “масъулиятни ҳис қиладиган демократия” эмаслиги билан изоҳлади.

Эмбарго муддати 2020 йил октябрида тугайди. Аввалроқ АҚШ Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтириш бўйича резолюция лойиҳасини тайёрлаган эди. Бироқ вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган Хитой ва Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сифатида АҚШ лойиҳасининг қабул қилинишига қарши чиқишларини билдирган, дея хабар қилади “Америка овози”.

АҚШ Давлат котиби бунга жавобан “Пекин ва Москва эмбарго муддати узайтирилишини астойдил илтимос қилаётган минтақадаги бошқа мамлакатларга қулоқ тутса, яхши бўларди”, деган.

АҚШ президенти маъмурияти аввалги баёнотларида Эронга нисбатан қурол-аслаҳа эмбаргосини бекор қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини бир неча бор билдирган.

Рамзан Қодиров Путинни “умрбод президент” қилиш таклифи билан чиқди

Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Владимир Путинни Россиянинг “умрбод президенти” қилиш таклифини ўртага ташлади. Республика раҳбарияти билан ўтказилган ва видеоси ижтимоий тармоқларда тарқатилган кенгашда Қодиров Россиянинг амалдаги президенти ҳақида “Унинг ўрнини ким ҳам боса оларди? Бунақа сиёсий лидер дунё миқёсида йўқ”, деган.

Қодировга кўра, Чеченистон Путин даврида гуллаб-яшнаган. Видео сўнгида Чеченистон раҳбари республика аҳолисини “сайловга бориб, овоз бериш”га чақирган – афтидан, бу ерда Россия Констутуциясига ўзгартишлар киритиш бўйича овоз бериш назарда тутилмоқда.

Мазкур ўзгартишлар бўйича овоз бериш 1 июль куни поёнига етади. Овоз беришга қўйилган ўзгартишлардан бири Путиннинг аввалги президентлик муддатларини нолга туширишни кўзда тутади - ўзгартишлар қабул қилинган тақдирда амалдаги президент қайта сайланишлар билан бирга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиши мумкин бўлади.

Аввалги сайловларда Чеченистонда сайловчилар давомати 90 фоиздан ошган. Участкаларда мустақил кузатувчилар деярли бўлмаган, мухолифат вакиллари бу республикада ўтказилган сайлов натижаларига ишонмайдилар.

Қодиров 2018 йилдаги президент сайлови олдидан ҳам Путин Россияни “умрбод бошқариши” тарафдори эканини айтган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Конституциясида умрбод президент лавозими кўзда тутилмаганини билдирган.

Москва ва Петербургда Конституцияга ўзгартиш киритилишига қарши акциялар бўлиб ўтди

Санкт-Петербургдаги Сарой майдонида ўтказилган пикетдан лавҳа, 2020 йил 1 июли.

Санкт-Петербург шаҳридаги Сарой майдонида Россия Конституциясига ўзгартишлар киритилишига қарши акция бўлиб ўтди. Маҳаллий турғунлар норозилик тадбирига қўлларида Конституциянинг эски нусхасини кўтариб чиқишди.

Озодликнинг рус хизмати хабарига кўра, акцияга чиққан фаолларни полиция Росгвардия ва шаҳар коммунал мажмуаси ходимлари майдондан суриб чиқаришган.

Фаоллардан Влад Шипицин ва Алексей Архипов тадбир бошланмасидан аввал “Адмиралтейская” метро бекатидан чиқишда қўлга олинган. Ундан олдин полиция яна бир неча фаолни тутиб кетган.

Москванинг Қизил майдонида ҳам 1 июль куни фаоллар норозилик тадбири уюштирганлар. Улар 2036 сони шаклида ерга ётиб олганлар. Конституцияга ўзгартишлар киритиладиган бўлса, президент Владимир Путин айнан 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиши мумкин. Фаоллар қўлга олинган.

Россияда Конституцияга ўзгартишлар бўйича муддатидан аввал овоз бериш 24 июндан 30 июнгача ўтказилган. Овоз беришнинг асосий куни қилиб 1 июль белгиланган ва “дам олиш куни” деб эълон қилинган. Конституцияга ўзгартишлар президент Путин ташаббуси билан қабул қилинмоқда.

Трамп Германиядан 9500 нафар америкалик ҳарбийни олиб чиқиш режасини маъқуллади

АҚШ президенти Дональд Трамп Германиядан 9,5 минг нафар америкалик ҳарбийни олиб чиқиш режасини маъқуллади. Бу ҳақда Пентагон вакили Жонатан Хоффман маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, президент билан келишилган режа Россияни тийиб туришга, НАТОни кучайтиришга кўмаклашади ва АҚШнинг Европадаги операцион имкониятларини яхшилайди.

Қарор АҚШнинг Германиядаги ҳарбий контингенти сони 25 минг нафаргача камайишини англатади. Хоффман ҳарбийларни олиб чиқиш графигига аниқлик киритмаган ва бу ҳарбийлар бошқа мамлакатларга жойлаштириладими-йўқми – буни ҳам айтмаган.

Ўтган ҳафта Польша президенти Анджей Дуданинг Вашингтонга ташрифи чоғида Трамп ҳарбийларнинг бир қисми Польша ҳудудига ташланишини айтган. Пентагон вакиллари эса аскарларнинг айримлари Шарқий Европа давлатларига жойлаштирилишини билдириб, бу орқали Москвага муайян сигнал йўллагандилар.

Трамп Берлинни аввал бир неча бор мудофаа учун етарли харажат ажратмаётганликда ҳамда савдо-сотиқ билан боғлиқ масалаларда АҚШга нисбатан адолатсизлик қилаётганликда айблаган.

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида ўз жонига қасд қилган ўсмирлар кўпайди

2019 йилда Тожикистонда ўзини ўлдирганларнинг 104 нафари ўсмирдир.

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида 2020 йилнинг олти ойида 11 нафар ўсмир ўз жонига қасд қилди. Расман билдирилишича, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан уч баробарга кўпдир.

Ўз жонига қасд қилган ўсмирларнинг ота-оналари фарзандлари нега ўзини ўлдирганини билмасликларини айтмоқдалар.

Психологлар эса депрессия, жавобсиз муҳаббат, ота-она ва тенгдошлари билан конфликт, келажакдан қўрқиш ва ёлғизлик ўсмирларни ўзини ўзи ўлдиришга ундовчи омиллар эканини айтмоқдалар.

Хатлон вилоят расмийларига кўра, ўз жонига қасд қилганларнинг асосий қисми 15-17 ёш атрофидаги ўсмир қизлардир.

Бош прокурор Юсуф Раҳмон 2019 йилда Тожикистонда 632 одам ўз жонига қасд қилганини билдирган. Унга кўра, ўзини ўлдирганларнинг 104 нафари ўсмир, 170 нафари эса 18-25 ёш атрофидаги ёшлардир.

АҚШ сенаторлари қозоқ фаолларни қамоқдан бўшатишга чақирди

Капитолий биноси.

АҚШнинг Республикачилар ва Демократлар партияларидан сайланган 12 сенатори Қозоғистон президенти Қасим Жомарт Тоқаевга мактуб жўнатиб, уни фаоллар Макс Бокаев, Асет Абишев ва бошқаларни қамоқдан зудликда озод этишга чақирди.

Мазкур мактуб матни 30 июнда сенатор Роберт Менендеснинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам эълон қилинди.

“Ҳеч ким ўзининг сўз, йиғилишлар ва ташкилотларга бирлашиш эркинлигини амалга оширгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин эмас. Биз ҳеч қандай шартларсиз ўз қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун қамалган фуқароларни озод этишга чақирамиз”, -дейилади мактубда.

46 ёшли фаол Макс Бокаев 2016 йилда Атирауда ер ислоҳотига қарши ўтказилган митингда иштирок этгани ортидан беш йилга қаималган эди.

42 ёшли олмаоталик Асет Абишев 2018 йилнинг ноябрида “Қозоғистон Демократик танлови” партиясига аъзоликда айбланиб тўрт йилга кесилган.

Қозоғистон суди хориждан бошпана топган мухолифатчи Мухтор Аблязов томонидан асос солинган мазкур партияни “экстремистик ташкилот”, деб эълон қилган.

Қирғизистонда бир кунда яна беш киши коронавирусдан ўлди

Бир кунда 439 кишига коронавирус юқди.

Қирғизистонда коронавирусга чалиниб, касалхонада даволанаётган беморлардан яна беш нафари вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Қаратаевнинг 1 июлда билдиришича, Бишкекдаги Республика клиник касалхонасида 57 ва 67 ёшдаги икки эркак, Норин вилоят касалхонасида 60 ёшли эркак, Москва туман касалхонасида 70 ёшли эркак ва Бишкекдаги Қирғиз-Турк касалхонасида 72 ёшли аёл вафот этди.

1 июль ҳолатига кўра, бир кунда 439 кишига коронавирус юқди. Бу Қирғизистонда коронавирус бўйича илк ҳолат аниқланган 18 мартдан бери энг юқори даражадаги бир кунлик кўрсаткичдир.

Қирғизистонда шу кунгача жами 5735 одамда коронавирус аниқланган. Улардан 62 нафари вафот этди, 2447 бемор соғайди.

Теҳрондаги портлашда камида 19 киши ҳалок бўлди

Теҳрондаги Синаатхар тиббиёт маркази ёнғиндан сўнг.

Теҳрон жанубидаги Синаатхар тиббиёт марказида юз берган портлаш оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Эрон матбуоти хабар берди.

Дастлаб Эрон ҳукумати 30 июнь куни портлашда 30 киши ҳалок бўлгани ва олти киши яралангани ҳақида хабар берган эди.

Кейинроқ Теҳрон ўт ўчириш хизмати расмий вакили Жалол Маликий яна олти кишининг жасади топилганини билдирганди. Маликийнинг айтишича, ёнғинда ҳалок бўлганларнинг 15 нафари аёл, 4 нафари эркак, 20 бемор қутқариб қолинган.

Расмий маълумотга кўра, тиббиёт маркази ертўласида газ тизимидаги носозлик портлашга сабаб бўлган.

АҚШ Ҳонконг тўғрисидаги қонун қабул қилингани ортидан Хитойга жавоб чоралари кўради

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ҳонконг миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ортидан Хитойга нисбатан жавоб чоралари кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Помпео Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишини “Ҳонконг ва Хитойдаги барча эркпарвар одамлар учун ғамгин кун”, деб баҳолади.

Европа Иттифоқи ва Британия ҳам Ҳонгконг мухториятини чеклайдиган миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун қабул қилинганиин кескин қоралади. Хитой эса хориж давлатлари ички ишлар аралашишга ҳаққи йўқлигини айтиб, танқидчиларни танқид қилди.

Ҳонконг мухториятни сақлаб қолиш шарти билан 1997 йили Хитойга ўтказиб берилгунига қадар Буюк Британия томонидан бошқариларди.

Сўнгги йилларда шаҳар Пекин томонидан босимга учраяпти, Ҳонконг мухолифати Хитойдаги ҳукмрон коммунистик партия шартлашилган “бир мамлакат – икки тизим” тамойилидан узоқлашаётганини билдирмоқда.

Эронда режим танқидчиси бўлган журналист ўлимга ҳукм этилди

Руҳуллоҳ Зам.

Эронда мамлакат расмийларини танқид қилган мақолалари билан танилган журналист Руҳуллоҳ Зам олий жазога ҳукм қилинди. Бу ҳақда 30 июнь куни Эрон суд ҳокимияти вакили Ғуломҳусайн Исмоилий билдирди.

Зам томонидан асос солинган AmadNews сайти ва унинг Телеграм-канали 2017 йилдаги норозилик тўлқини чоғида одамларга норозилик тадбирлари қачон ва қаерда бўлиши ҳақида хабар бериб борган ҳамда эронлик амалдорлар ҳақида таҳқиромиз маълумотларни ёйинлаган.

2017 йилги намойишлар 2009 йилги акциялардан кейинги энг йирик норозилик тадбирлари бўлган эди. Акциялар чоғида минглаб одам полиция томонидан қўлга олинган, 25 киши нобуд бўлган.

Парижда яшаб, ишлаб юрган Зам Эронга келган пайтда – 2019 йил октябрида қўлга олинган. Унинг Эронга қандай келиб қолганию қай йўсинда ҳибсга олингани ҳақида ҳалигача ноаниқликлар кўп. Франция расмийлари мазкур қадамни қатъиян қоралаганлар. Ўтган ойларда Эрон телеканаллари Замнинг ҳуқуқбузарлик содир этганига оид эътирофлари ва аввалги фаолияти учун узр сўрагани акс этмиш кадрларни ёйинлаб борган.

Исмоилий Эрон Инқилобий суди Замни “ёвузлик ва зўравонликни ёйганлик” айблови билан судлаганини маълум қилди. Эронда бу каби айблов кўпинча жосуслик ёки ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланганларга нисбатан билдирилади. Ҳукм қачон ўқилгани маълум эмас.

Айни пайтда суд ҳокимияти вакилига кўра Зам шикоят аризаси билан мамлакат Олий судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Душанбе Ўзбекистон ва Қозоғистондан 300 чоғли фуқаросини юртига қайтарди

“Сомон Эйр” авиаширкати учоғи.

Тожикистон расмийлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда вақтинча яшаб турган 97 нафар тожикистонликни ватанига қайтариб олиб келди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ватандошлар икки мамлакат чегарасидаги “Дусти” назорат-ўтказиш маскани орқали юртига қайтган.

Шунингдек, Қозоғистон расмийлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида 29 июнь куни “Сомон Эйр” авиаширкатининг махсус рейси билан Олмаота шаҳридан 200 нафар тожикистонлик Душанбега олиб келинган.

Расмий маълумотларга кўра, шу кунда Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 5900 нафарга етган, 4506 бемор соғайиб кетган, 52 нафари эса оламдан ўтган.

Путин россияликларни Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича овоз беришга чақирди

Россия президенти Владимир Путин Ғалаба парадида, Москва, 2020 йил 24 июни.

Россия президенти Владимир Путин марказий телеканаллар орқали 30 июнь куни қилган чиқишида россияликларни Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича овоз беришда иштирок этишга чақирди. Мурожаат матни Кремль сайтида ёйинланган.

“Эртага, 1 июль – овоз беришнинг асосий куни. Сизлардан, қадрли дўстлар, ўз сўзингизни айтишингизни сўрайман. Ҳар бирингизнинг овозингиз энг муҳим, энг асосийдир”, деди Путин.

Ўз чиқишида у россияликлар овоз бериш орқали мамлакатда замонавий таълим ва соғлиқни сақлаш, ишончли ижтимоий ҳимоя ҳамда самарали ишлайдиган, жамиятга ҳисоб берадиган ҳокимияти бўлган турмушни танлашларини билдирди.

Овоз беришнинг асосий куни 1 июлга белгиланган. Конституцияга ўзгартишлар киритиш Путин томонидан таклиф қилинган ва кейинроқ улар кенгайтирилган.

Ўзгартишларнинг қабул қилиниши, хусусан, Путинга кейинги президент сайловида иштирок этиш имкониятини яратади, парламентга президент таклифи билан Олий ва Конституциявий суд судьяларини ишдан бўшатиш ҳуқуқини беради ва бошқа қатор имкониятлар йўлини очади.

Танқидчилар пандемия шароитида овоз беришнинг ташкил этилиши россияликлар орасида коронавирус инфекцияси кенг ёйилишига йўл очиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилганлар.

МХДҚ: Коронавирус юқтириб олган Атамбаев ҳибсхонадан касалхонага йўлланди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев президент ва ҳукумат ишлари бошқармаси клиник касалхонасида даволанмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизмати маълум қилди.

Қўмита Атамбаев оила аъзоларининг “у МХДҚ тергов ҳибсхонаси ходимлари хизмат вазифаларини совуққонлик билан бажаргани оқибатида вирус инфекциясини юқтириб олган”ига оид мулоҳазаларини рад этди.

“Мазкур баёнот билан Атамбаевнинг оиласи унинг жиноятларини яшириш мақсадида уни сиёсий тутқун кўрсатиб, жамоатчилик эътиборини атайлаб чалғитишга ва жиноят ишларини сиёсий юзага кўчирмоқчи бўляпти”, дейилган қўмита хабарномасида.

МХДҚ Атамбаевнинг COVID-19 аломатлари аниқланган адвокат билан алоқада бўлганини қўшимча қилган.

Қайд этилишича, касалхонада адвокатлар ва врачлар Атамбаев билан бемалол учрашиши мумкин, МХДҚ тергов ҳибсхонаси эса одатдагидек фаолият юритмоқда, ходимлар орасида коронавирусга чалиниш аломатлари кўрилгани йўқ.

Аввалроқ қўмита собиқ президент Алмазбек Атамбаев МХДҚ тергов ҳибсхонасидан касалхонага ўтказилгани, унга “икки томонлама пневмония” ташхиси қўйилгани ҳақида маълум қилганди. Атамбаевнинг оиласи унга атайлаб касаллик юқтириб, яқинларини огоҳлантирмасдан ҳибсхонадан яширин равишда олиб чиқиб кетганлари ва улар ҳозир собиқ президентнинг қаерда эканини билмаслиги ҳақида баёнот тарқатганди.

23 июнь куни Бишкекнинг Биринчи май туман судида жиноят олами авторитетларидан бири Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод қилинганига оид маҳкама якунланган, суд доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ҳозирда Биринчи май туман судида Алмазбек Атамбаев фигурант ўлароқ кўрилаётган Қўйтош воқеалари бўйича яна бир неча жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Бу ишлар доирасида унга “қотиллик”, “одамларни гаровга олиш” ва бошқа моддалар бўйича айбловлар билдирилган.

Қирғизистонда бир суткада 7 ўлим. Коронавирусдан вафот этганлар 57 кишига етди

Беморлардан 2370 нафари соғайди.

Қирғизистонда сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинган беморлардан 7 нафари вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Қаратаевнинг 30 июлда билдиришича, Бишкекдаги Республика юқумли касалликлар шифохонасида 55 ва 76 ёшдаги икки эркак, Ўш шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида 70 ва 49 ёшдаги икки аёл, Бишкекдаги 2-сонли туғруқхонада 27 ёшли аёл, Жайил туман касалхонасида 44 ёшли эркак ва Бишкекдаги Қирғиз-Турк касалхонасида 53 ёшдаги эркак бемор вафот этган.

Бу билан Қирғизистонда коронавирус ҳолати илк маротаба аниқланган 18 мартдан то шу кунгача коронавирусдан ўлганлар сони 57 кишига етди.

Вазирнинг билдиришича, сўнгги бир кун ичида 279 одамда коронавирус аниқланди. Бу билан коронавирус юққанлар сони 5296 кишини ташкил қилди. Беморлардан 2370 нафари соғайди.

Қозоқ президенти карантин чораларини кучайтиришга кўрсатма берди

Г

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматга коронавирусга қарши кураш доирасида карантин чораларини кучайтириш тўғрисида топшириқ берди.

Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони кескин кўпайиши ортидан Тоқаев 29 июнда вилоят ҳокимлари, ҳукумат амалдорлари ва вазирларга огоҳлантириш берди. Президент карантин чораларини кучайтириш шартлиги ҳақида гапирди.

Қозоғистонда 16 мартда карантин жорий этилган ва 1 июндан бошлаб карантин чоралари юмшатилганди. Бунинг ортидан Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони кескин кўпайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Қозоғистонни “коронавирус тез тарқалаётган давлат”лар қаторига қўшди.

Аввалроқ президент коронавируснинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш мақсадида 10 миллиард доллар ажратилгани ҳақида билдирган эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Қозоғистонда 37 996 киши COVID-19га чалинди. Беморлардан 183 нафари ўлди.

Ҳисобот: Хитой уйғурларни "геноцид қилмоқда"

Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой мусулмонларни босимга олаётгани халқаро ҳамжамиятни ташвишга солиб келмоқда.

Хитой Шинжон-Уйғур мухториятида мусулмон аёлларни стерилизация қилиш орқали бу минтақада уйғур ва бошқа мусулмон халқар сонини озайтиришга ҳаракат қилмоқда. Эксперт Адриан Зенц томонидан 29 июнь куни эълон қилинган янги ҳисоботда мана шу ҳақда маълум қилинди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Хитойнинг бундай ҳаракатини “демографик геноцид” деб ҳисоблаш мумкин. Ҳисоботда бу масалада Хитойда халқаро тергов ўтказиш талаб қилинган. Бироқ Хитой ҳукумати ҳисоботда келтирилган фактларни “асоссиз”, деб атади.

Хитой 2017 йилдан бери Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллиондан ортиқ уйғурни “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақлаётгани ортидан халқаро жамоатчилик томонидан танқид қилиб келинмоқда.

Хитой бу лагерлар террорчилик ва экстремистликка қарши кураш доирасида ташкил этилганини айтиб келади.

Афғонистонда бозорга қилинган ҳужумда 23 киши ўлди

Ҳилманддаги ҳужумда яраланганлар.

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида бозорнинг миномётлардан ўққа тутилиши оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди.

Ҳилманд вилоят расмийларига кўра, 29 июнда содир этилган ҳужумда ўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Расмийлар чорва моллари сотилувчи бозорга қилинган ҳужумда Толибонни айблади. Толибон эса масъулиятни ҳукумат зиммасига юклади.

Президент Ашраф Ғани 29 июнда Толибонни “уруш ва зўравонликдан тийилишга” чақирди. Президентга кўра, Толибон мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларни чўзиб юбормоқда.

“Болаларни қутқаринг” халқаро ташкилоти Афғонистонда амалга оширилаётган ҳужумларда “бегуноҳ болалар ўлаётганидан даҳшатда” экани тўғрисида баёнот тарқатди.

Франция ва Германия иқтисодни тиклаш учун жамғарма тузишни таклиф қилмоқда

Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель.

Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель Европа Иттифоқини иқтисодиётни қайта тиклаш учун “кучли жамғарма” ташкил этишга чақирди.

Германия 1 июлдан Европа Кенгашига раислик қилади. Бу кун олдидан 29 июнда Франция президенти Германия канцлери билан Берлин яқинидаги Мезеберг шаҳрида учрашди.

Икки давлат лидерлари ўтган ойда Европанинг коронавирус туфайли заифлашган иқтисодини қайта тиклаш учун 500 миллиард евролик лойиҳани ишлаб чиққан эди.

Бу таклиф Европа комиссияси томонидан кенгайтирилиб, 750 миллиард евро маблағ ажратиш масаласи кўриб чиқилган. Лекин бу таклиф Европа Иттифоқига аъзо айрим давлатларнинг қаршилигига учрамоқда.

Макрон ва Меркель учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида “Германия ва Франция мазкур лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш учун” барча имкониятларни ишга солишини билдирди.

Эрон Сулаймоний ўлими туфайли Интерполдан Трампга нисбатан қидирув эълон қилишни сўради

Теҳрон 2020 йил бошида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампни ҳибсга олишга ордер берди.

Эрон прокуратураси Трампга нисбатан халқаро қидирув эълон қилиш талаби билан Интерполга мурожаатнома йўллади.

Интерполга юборилган рўйхатда Трампдан ташқари яна 35 кишининг номи бор. Эрон расмийлари фикрича, улар Сулаймонийнинг ўлимига дахлдор кишилардир. Теҳрон уларни қотиллик ва террорчиликда айбламоқда.

АҚШ нашрларининг ёзишича, Интерполнинг Теҳрон илтимосини қондириш эҳтимоли йўқ ҳисоби. Агентликнинг фаолият тамойили унга сиёсий характерга эга бирор-бир иш-ҳаракатни амалга оширишни тақиқлайди.

Оқ уй Теҳроннинг мазкур баёноти юзасидан ҳали бирор изоҳ берганича йўқ.

Эрондаги Ислом инқилоби посбонлари корпуси “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний жорий йил 3 январида Бағдод шаҳрида АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди. Теҳрон бунга АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета отиш билан жавоб берган. Ўшанда америкалик ўнлаб ҳарбий яраланганди.

Франциянинг собиқ бош вазири 5 йилга қамалди

Франсуа Фийон.

Франция собиқ бош вазири ва 2017 йилдаги президент сайлови иштирокчиси Франсуа Фийон товламачиликда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу муддатнинг камида икки йилини сиёсатчи қамоқхонада ўтказади.

Фийоннинг рафиқаси ҳам товламачиликда айбдор, деб топилди. У шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум этилди.

Адвокатлар ҳукм устидан шикоят аризаси киритиб, янги очилган ҳолатлар важидан иш қайта кўриб чиқилишини талаб қилишмоқчи.

Собиқ бош вазир билан боғлиқ можаро 2017 йил қишида – айни сайлов кампанияси авжига чиққан вақтда бошланган. Ўша пайтда Франция матбуоти сиёсатчининг рафиқаси Пенелопа унинг ёрдамчиси сифатида маош олгани, бироқ ишга мутлақо келмагани ҳақида хабар тарқатганди. Мазкур можаро “Пенелопагейт” номини олганди.

Фийон президент сайлови пойгаси лидери бўлиб ҳисобланарди, бироқ жанжалли воқеа унинг рейтингига таъсир қилган. Шу сабабдан у сайловда Эммануэль Макрон ва Марин Ле Пендан кейин учинчи ўринни эгаллаган.

Бишкекда Интернетга чеклов киритиш кўзда тутилган қонунга қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди

Бишкекдаги норозилик тадбиридан лавҳа, 2020 йил 29 июни.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда “Ахборот манипуляция қилиниши тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг парламентда қабул қилинганига қарши 29 июнь куни норозилик тадбири ўтказилди.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, #Rеакция 3.0 деб номланган акция иштирокчилари даставвал темирйўл вокзали олдида йиғилиб, пиёда парламент биноси томон йўл олганлар. Улар мамлакат президентини мазкур қонун лойиҳасини имзоламасликка, лойиҳа ташаббускорлари бўлган депутатларни эса мандатларини топширишга чақирганлар.

Аввалроқ журналистлар, медиаташкилотлар ва фаоллар президент Сўўрўнбай Жээнбековни қонун лойиҳасини имзоламасликка чақириб, Қирғизистонда сўз эркинлигини дастаклаш илтимоси билан ижтимоий тармоқларда постлар қолдирганлар.

“Ахборот манипуляция қилиниши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси май ойи бошида парламент депутатлари Гулшат Асилбаева ва Айнура Ўсмўнова томонидан ишлаб чиқилган. Ҳужжат ўтган ҳафта парламент томонидан қабул қилинган.

Аммо бу қонун ҳали юридик кучга эга эмас. Президент Сўўрўнбай Жээнбеков уни имзолаш ёки унга вето қўйиш ҳуқуқига эга.

Қонун лойиҳасида интернетдан фойдаланувчиларнинг, сайт эгаларининг ҳамда провайдерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган. Ҳужжат муаллифларига кўра, бу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қонун бузилган тақдирда ваколатли давлат идорасига ёлғон аломатига эга ахборотни чеклаб қўйиш имкониятини беришга қаратилган. Бошқача айтганда, бу қонун кучга киргудек бўлса, Қирғизистонда суд қарорисиз исталган веб-портал ишини тўхтатиб қўйиш мумкин бўлади.

Ҳужжат муаллифлари қонун лойиҳасидан асосий мақсад ватандошларни Интернетдаги ёлғон (фейк) ахборотдан муҳофаза қилиш эканини айтмоқдалар. Қонун лойиҳасига қарши бўлганлар фикрича эса бу ҳужжат аксилконституциявий бўлиб, у ўзгача фикрлиларга босим ўтказишда қўшимча пишангга айланиб қолиши мумкин.

Покистоннинг Карачисида биржага ҳужум қилган тўрт жангари ўлдирилди

Полиция вакиллари ҳужумчилар машинасини атрофида йиғилмоқда, Карачи, 2020 йил 29 июни.

Покистоннинг Карачи шаҳрида 29 июнь куни фонд биржаси биносига ҳужум уюштирган тўрт жангари маҳаллий куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан отиб ўлдирилди.

Полиция маълумотига кўра, ҳужум чоғида бинонинг икки қўриқчиси ва бир полиция ходими ҳам нобуд бўлган.

Ҳужумчиларнинг тўртови ҳам ўлди. Биз томондан қурбонлар орасида бир полициячи бор, яна уч полициячи яраланган. Шунингдек, икки [хусусий] қўриқчи ҳам ўлдирилган”, дея билдирди Карачи полицияси мулозими Шаржил Харл журналистларга.

Полиция баёнотига мувофиқ, қуролли ҳужумчилар бинога Toyota Corolla машинасида яқинлашиб, ҳужум бошлашдан аввал ичкарига граната улоқтирганлар ва отишмани бошлаганлар.

Жангарилар атрофи баланд деворлар билан ўралган мустаҳкам бино ичига киришга муваффақ бўлганлар, бироқ уларни махсус тайёргарликдан ўтган отряд ходимлари тўхтатиб қололган.

Куч ишлатар тузилма ходимлари ва жангарилар ўртасида отишма 20 дақиқача давом этган.

Хабарларга кўра, айни пайтда биржа ходимларидан ҳеч бирининг ҳаёти хавф остида эмас.

Кейинроқ мазкур ҳужум учун масъулиятни айирмачи Белужистонни озод қилиш армияси ўз зиммасига олган. Бироқ Покистон расмийлари бу маълумотни ҳали тасдиқлаганича йўқ.

Мазкур гуруҳ ўтган йил июлида АҚШ Давлат департаменти томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилганди.

Гуруҳ вакиллари маркази Карачи шаҳри бўлган Синд вилоятига чегарадош Белужистон вилояти мустақиллигини талаб қилмоқдалар. Бу вилоят табиий газга бой экани айтилади.

Карачи биржаси Покистондаги энг йирик ва энг эски биржалардан бири бўлиб ҳисобланади. У Исломобод ва Лаҳордаги биржалар билан бирлаштирилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG