Линклар

Шошилинч хабар
12 июл 2020, Тошкент вақти: 19:05

Туркманистон. Ўқувчилар ёзги лагерларда дам олиш ўрнига картошка ковлаяпти


Туркманистонда мактаб болалари ёзги таътилда ўйнаш ва ҳордиқ чиқариш ўрнига жазирама иссиқда ҳукуматга тегишли фермаларда картошка ковламоқда. Мактаблар уюштирган лагерларга болаларини юборган ота-оналарнинг аксари фарзандлари ишлашга мажбурланишидан бехабар бўлган.

Лебап вилоятида бир неча ота-она Озодлик билан суҳбатда болаларини лагерга юбориш учун 85 доллар тўлашганини айтишди. Исмларини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган ота-оналарнинг айтишича, лагерь уюштирувчилари болаларни театр, кўргазма ва ҳайвонот боғларига олиб боришни ва улар учун спорт ўйинларини уюштиришни ваъда қилишган.

Ўртача ойлик маош 400 доллар бўлган Туркманистонда 85 доллар салмоқли суммадир. Мамлакатда, айниқса, қишлоқ жойларда ишсизлик катта муаммога айланган. Туркманистон иқтисоди кейинги уч йил ичида қатор қийинчиликларга дучор бўлди: мамлакатда озиқ-овқат тақчиллиги юзага келди, инфляция кескин кўтарилди.

11 июнь куни Озодликка интервью берган ота-оналарнинг бири боласини 20 кунга лагерга юборганини, 85 доллар ҳақ кунига икки маҳал овқатни ҳам ўз ичига олишини айтди.

Мактаб расмийлари болалар нима учун мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганини изоҳлагани йўқ.

Лебап вилоятининг Дарғанота туманида яшовчи айрим ота-оналарнинг сўзларига кўра, мактаб расмийлари лагерь ҳақига қурилиш материалларини харид қилишларини айтишган.

Ота-оналар расмий шикоят қилишдан ёки фарзандлари ишлашга мажбурланаётганини танқид қилишдан ҳайиқишяпти, чунки Туркманистон ҳукумати ҳеч қандай танқидга тоқат қилмайди ва танқидчиларни аёвсиз жазолайди.

Озодлик билан суҳбатлашган ота-оналарнинг айтишича, мактаб расмийлари болаларни эрталаб соат 8:30 да далага олиб кетади. 9-17 ёшдаги ўқувчилар соат 15:00 гача ишлашга мажбурланмоқда.

Ота-оналар ёлғон лагерь дастурларини ваъда қилган мактаб расмийлари фарзандларига ҳеч қандай егулик бермаётганини айтишди.

- Болаларимиз уларни ишлашга мажбурлашаётганини, ейишга ҳеч вақо беришмаётганини айтиб, шикоят қиляпти. Уйдан идишда сув ва егулик бериб юборяпмиз. Ҳарорат 40 даражадан ошаётгани учун идишдаги сув ичиб бўлмайдиган даражада исиб кетмоқда, - деди Озодликка интервью берган лебаплик.

Озодлик мухбирига кўра, айрим фермерлар болаларга ачиниб, уларга совуқ сув бермоқда.

Мактаб ўқувчилари ҳукуматга тегишли далаларда ишламоқда. Бундай далаларнинг айрим қисмларини хусусий фермерлар ижарага олган.

Озодлик радиосининг Лебап расмийларидан ушбу масала бўйича изоҳ олишга қаратилган уринишлари самара бермади. Туркманистондаги расмийлар давлатга тегишли бўлмаган нашрларга интервью беришдан қўрқади.

Далаларда ишлашга мажбурланаётган болалар сони ёки Лебап вилоятидан бошқа вилоятлардаги вазият ҳозирча номаълум.

Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашган Озодлик мухбири Дарғанота туманида барча мактаблар кўплаб ўқувчисини лагерга деб, далага ишлагани юборганини хабар қилди. Мактаб расмийлари ота-оналарга болалар 1 июлгача, яъни картошка ковлаш мавсуми ўз якунига етгунича ишлашга мажбур эканлигини айтган.

Туркманистон қонунларида болалар мажбурий меҳнати ман қилинган, аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари пахта терими давомида кўп ҳолатларда дарслар бекор қилиниб, болалар пахта теришга мажбурланишини айтиб келади. Туркманистон расмийлари, шунингдек, давлат идоралари ишчиларини, ҳатто аскарларни пахта теришга мажбурлайди.

2019 йилда жаҳон бўйлаб пахта етиштириш бўйича 9-ўринни эгаллаган Туркманистон расмийлари халқаро ташкилотларнинг мажбурий меҳнатни йўқ қилиш чақириқларини писанд қилмай келади.

XS
SM
MD
LG