Линклар

Шошилинч хабар
09 июл 2020, Тошкент вақти: 06:21

ЕИ етакчилари Россияга қарши санкцияларни узайтиришни қўллади


19 июнь куни Европа Иттифоқи давлатлари етакчилари Россиянинг Украинадаги фаолияти учун жорий қилинган санкцияларни яна 6 ойга узайтиришни қўллади.

Озодлик манбаларига кўра, Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель Европа Иттифоқи давлатлари етакчиларига видеолинк орқали мурожаат қилиб, Минск келишувлари шартларини бажаришда ҳеч қандай силжиш бўлмагани айтган.

Санкциялар илк маротаба 2014 йилда Россия Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилиб олиб, Украина шарқида россияпараст айирмачиларни қўлай бошлагани учун жорий қилинган эди.

Ўшандан бери санкциялар ҳар олти ойда узайтирилмоқда. Санкцияларни яна 6 ойга узайтириш бўйича расмий қарор кейинги ҳафталарда қабул қилинади.

Йил бошида Россия президенти Владимир Путин коронавирус пандемиясига қарши курашга кўмаклашиш учун санкцияларни вақтинча «музлатишга» чорлаган эди.

Аммо Европа Иттифоқи етакчилари санкцияларнинг пандемияга қарши курашга салбий таъсири йўқлигини айтиб, Путиннинг таклифини рад этди.

Санкциялар асосан Россиянинг молия, энергетика ҳамда мудофаа саноатларига қарши жорий қилинган.

XS
SM
MD
LG