Линклар

Шошилинч хабар
26 октябр 2020, Тошкент вақти: 08:57

Ўзбекистон хабарлари

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” раҳбари Тоҳиржон Жалилов Россиядан 500 млн рубль қарз бўлди

Тоҳиржон Жалиловнинг 500 миллион рублга яқин қарздорлиги Россия кредиторлар реестрига киритилди.

GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ бош директори, айни пайтда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ширкати раҳбари бўлиб ишлаётган Тоҳиржон Жалилов Россиядаги корхоналари банкрот бўлгани ортидан 500 миллион рубль қарз бўлиб қолди.

“Воронеж вилоят арбитраж суди Воронеждаги Uz-Daewoo дилери ва “Км/ч” автосалонлар тармоғининг собиқ эгаси Тоҳиржон Жалиловнинг 500 миллион рублга яқин қарздорлигини кредиторлар реестрига киритди”,- деб хабар беради “Коммерсантъ” газетаси.

Воронеж вилояти арбитраж суди ўтган йилнинг ноябрида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ширкати раҳбари Тоҳир Жалиловни банкрот деб тан олган эди.

Ўшанда Жалилов компаниялари "Возрождение" банкидан 502 миллион 990 минг рубль (тахминан 7,8 миллион доллар) қарздор бўлгани хабар қилинган эди. Бунинг ортидан банк 2019 йилнинг март ойида Жалиловни банкрот деб топиш юзасидан судга мурожаат қилган.

“Км/ч” автосалонлар тармоғи Uz-Daewoo, Ravon, Iveco, ZAZ, Skoda ва Volkswagen автомобилларини сотган. Барча салонлар 2014 йилда олинган кредитлар бўйича ўзаро кафил бўлган. Тармоқнинг Россиядаги қарзи 20 миллиард рублдан (тахминан 313 миллион доллар) ошиши мумкин.

2009—2010 йилларда Тоҳир Жалилов General Motors Uzbekistan’нинг маркетинг, савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича бошқарувчи директори лавозимида ишлаган. 2010—2017 йилларда у “Ўзавтосаноат” АЖ раиси ўринбосари, бир вақтнинг ўзида GM Uzbekistan бош директори лавозими эгаллаган. 2017 йилдан буён Тоҳир Жалилов “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компаниясига раҳбарлик қилмоқда.

Кун янгиликлари

Бир йил давомида камида 14та хусусий олийгоҳ ташкил қилинади

Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий таълим ташкилоти ташкил қилинади.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов маълум қилди.

Расмий хабарда очиладиган хусусий олийгоҳлар сони аниқ келтирилмаган.

Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда 12 та вилоятда камида биттадан ташкил қилинса, бир йил ичида мамлакатда камида 14та хусусий ОТМ очилиши мумкин.

Ўзбекистонда хусусий олийгоҳларга рухсат берилиши хабари бундан икки йил аввал пайдо бўлганди.

Ўзбекистон ҳам PayPal тизимига ўтишни режаламоқда

Марказий Осиёда PayPal пул ўтказиш тизимига уланмаган ягона давлат – Ўзбекистон ҳам ушбу тизимга ўтиш ҳаракатларини бошлади.

Бу ҳақда 24 октябрь куни маҳаллий журналистлар билан учрашган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов маълум қилди.

Вазир Содиқовга кўра, ҳозирда Ўзбекистон Марказий банки PayPal ширкати билан музокара олиб бормоқда.

Вазир Содиқов келажакда PayPal тизими билан рақобатга киришадиган миллий пул ўтказиш тизими жорий қилиниши ҳам режаланганини таъкидлади.

2018 йилда расмийлар PayPal тизимининг Ўзбекистонда ишламаслигини амалдаги қонунлар жисмоний шахсларга пулларни хорижий валютада сақлашга рухсат бермаслиги билан изоҳлаган.

Ўтган йилнинг октябрида қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, хорижда ҳисоб рақам очишга рухсат берилди.

Президент қарори билан Мудофаа вазирлигига қарашли Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди

COVID-19 инфекциясини жиловлаш амалиëтларига Ўзбекистон қуролли қўшинлари сафарбар қилинган.

Ўзбекистон президенти 22 октябрь куни “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор имзолади.

24 октябрь куни расмий матбуотда чоп этилган қарорга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди.

Қарорда ëзилишича¸ Академиянинг асосий вазифаси қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайëрлашдан иборат бўлади.

Айни пайтда Академия биологик таҳдидларга тезкор жавоб қайтара оладиган самарали тизимни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича изланишлар олиб боришга масъул бўлади.

Давлат олий ҳарбий таълим муассасаси бўлган мазкур Академияда таҳсил олиш учун 2021/2022 ўқув йилидан номзодлар медицина олийгоҳларининг даволаш факультетларининг 5- босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг 4-босқичини энг юқори натижалар билан тамомлаган талабалар орасидан Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади.

Қарорга кўра¸ Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Айни қарорга кўра, Академияда юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ Академия таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Uzbekistan GTL Бош директори ғалаëн қилган ишчилар талаби қондирилганини иддао қилди

Uzbekistan GTL Бош директори Фахриддин Абдурасулов 21 октябрь куни ғалаëн қилган ишчиларнинг "барча талаблари қондирилгани"ни иддао қилди.

24 октябрь куни мазкур воқеа юзасидан заводда ўтказилган матбуот анжуманида¸ маҳаллий нашрларнинг ëзишича¸ Абдурасулов қуйидаги баëнотни қилган:

"Ишчилар норозилиги ошхонага кириш ускуналарининг вақтинчалик ишламай қолгани, карантин чоралари сабаб 45кун обьектда қолиб кетишгани ва айрим ишчиларнинг ойликлари ишларни топшириш жараёнининг чўзилгани туфайли оз муддатга кечиккани сабаб рўй берган. Ҳозирда ойликлар тўлаб берилган. 45 кунлик иш муддати 22 кунликка туширилган ва ошхона ҳамда яшаш шароитлари яхшиланган. Ишчиларнинг барча талаблари қондирилди".

Озодлик радиоси 21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да Қашқадарë вилояти Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиққани ҳақида хабар берган эди.

22 октябрь куни Озодлик манбалари мазкур қурилишнинг бош пудратчиси Enter Engineering компанияси ишчиларининг тўпланиб қолган ойлигини тўлай бошлаганини билдирган эди.

Воқеа жойида туриб Озодликка хабарлар юбораëтган маҳаллий журналист эса, "ширкатнинг 12 мингдан зиëд ишчисининг кейинги уч ойда тўланмаган ойлигини тўлаш учун икки машинада пул олиб келишганини" кўрганини айтди.

Enter Engineering ишчилари Озодликка ғалаëндан кейин маҳаллий ҳокимият вакиллари¸ журналист ва блогерлар серқатнов бўлиб қолгани¸ уарга қўй сўйиб ош беришгани¸ концертлар уюштирилганини билдирди.

Ҳозирча бу воқеа юзасидан Бош прокуратура бошлаган "ўрганиш жараëни"га оид тафсилотлар жамоатчиликка маълум қилинмади.

Фарғона ҳокими уйга муҳтож 23 журналистга имтиëзли уй ваъда қилди

Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятига ҳоким этиб тайинланиши билан вилоят аҳолиси билан учрашишга киришди.

"24 октябрь куни Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳри ташқарисидаги Миндонобод мавзесидаги “Журналистлар уйи”нинг биринчи ғиштини тантанали суратда қўйди"¸ деб хабар қилди Кун.уз нашри.

Айтилишича¸ Фарғона вилоятидаги 60 га яқин оммавий ахборот воситасида 247 та журналист ишламоқда ва улар орасида уй-жойга муҳтожлар кўп.

Вилоятга яқинда ҳоким этиб тайинланган Хайрулло Бозоров журналистларни моддий қўллаб-қувватлаш¸ хусусан¸ уйсиз журналистларга уй беришни ўз асосий вазифаларидан бири деб эълон қилган.

Ҳоким қарори билан вилоятдаги 23 нафар журналистга Миндонобод мавзесида қуриладиган янги уйлардан 2-3 хонали квартира имтиëзли шартлар билан берилади.

Вилоят расмийларига кўра¸ нархи 160-185 миллион сўм бўлган бу квартиралар журналистларга 10 фоизли дастлабки тўловдан кейин 20 йилга 10 фоизли кредит асосида берилади.

Фарғона вилоятининг олдинги ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг журналистлар билан муносабати зиддиятли бўлиб келган. Республика миқëсидаги нашрлардаги хабарлар ортидан Ғаниев ижтимоий тармоқларда энг кўп танқид қилинадиган амалдорга айланган.

Намангандан Фарғонага ҳоким этиб тайинланиши билан Бозоров ҳокимлик имижини яхшилашга киришди. Хусусан¸ Ғаниев ҳеч бир изоҳсиз ëпиб қўйган Фарғона-Андижон йўлини очтирди¸ шаҳар марказида City қуриш режасини бекор қилди¸ аҳоли ва журналистлар билан учрашувларни йўлга қўйди.

Президент қарори билан Шуҳрат Ғаниев ўтган ой Бош вазирнинг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

АОКА: 2024 йилгача ўқитувчиларнинг ойлиги энг кам иш ҳақининг 15 бараваригача оширилади

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов

24 октябрь куни АОКАда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантиш масаласида қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда қатнашган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов¸ АОКА тарқатган хабарга кўра¸ синф раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилиши¸ методистларларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилишини билдирган.

Битирувчиларининг ОТМларга ўқишга кириш кўрсаткичлари юқори бўлган умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари рағбатлантирилади. Шунингдек, халқаро фан олимпиадалари ғолибларнинг ўқитувчиларига тўғридан тўғри олий малака тоифаси берилади”¸ дейилади АҚОКА расмий хабарида.

Шерматовнинг 24 октябрь кунги анжуманда айтишича¸ 2024 йилга қадар юқори натижаларга эришган педагогларнинг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача босқичма-босқич оширилади¸ халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилади.

Ўзбекистонда коронавирусни қайта юқтириб олиш ҳолати қайд этилди

Бугунги кунда Ўзбекистонда COVID-19 билан қайта зарарланиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева 23 октябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Мулозимага кўра, COVID-19 бу янги инфекция бўлиб, организмда бу вирусга қарши антитанача ишлаб чиқарилади. Аммо антитаначалар қанчалик чидамли, қайта зарарланиш мумкинми ва бу ҳолат қанча муддат давомида юз бериши аниқ эмас. Ҳозирги кунда бу муаммо ўрганилиб борилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда COVID-19 билан қайта зарарланиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Биз қайта зарарланиш ҳолатлари кузатилиши мумкинлигига илмий томонлама амин бўлишимиз лозим", деди Н. Нуруллаева.

Аввалроқ Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков “одамда COVID-19 ҳатто иккинчи марта қайд этилса ҳам, у жуда енгил кечиши мумкин”лигини билдирганди.

Ҳозирги пайтда кўплаб мамлакатларда мутахассислар коронавирусга қайта чалиниш ҳолатлари кузатилаётганини айтмоқдалар. Бироқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу кунгача бундай ҳолатларни расман қайд этган эмас.

ССВ қайдича, 23 октябрь соат 23:30 ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 64 минг 811 та ҳолат қайд этилган, 62 минг 33 нафар бемор шифо топган, қурбонлар сони эса 542 нафарга етган.

Божхона қўмитаси экспортчи ширкатларнинг банк сирларига воқиф бўлиш учун қонунга ўзгартиш киритишни таклиф қилмоқда

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) “Банк сири тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйди. Лойиҳадан келиб чиқилса, ДБҚ ширкатларнинг банк сири ҳисобланадиган маълумотларини ола билиш имкониятига эга бўлмоқчи.

Қўмита, аввало, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига оид банк маълумотларига эга бўлиш учун қонуннинг 8-моддасига (банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш) ўзгартишлар киритишни таклиф қилган. Бу ерда гап “ташқи иқтисодий фаолият [импорт- экспорт] иштирокчиларининг банкда мавжуд бўлган ҳисоб рақамлари, омонатлари (депозитлари), улардаги пул маблағларининг қолдиғи ва операциялар тўғрисидаги ҳамда божхона тўловлари бўйича мажбуриятлар ижроси билан боғлиқ тегишли маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлиш” ҳақида бормоқда.

Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 7 ноябригача давом этади.

Газета.уз қайдича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, банк сирларини ташкил этувчи маълумотларга эга бўлиш ҳуқуқи Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига берилган. Департамент бу ҳуқуқни 2019 йил январь ойида қўлга киритган.

Ўзбекистон аҳолиси сўнгги 9 ойда қарийб ярим миллион кишига кўпайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони: 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 34 миллион 382 минг 700 кишини ташкил этган.

Давлат статистика қўмитаси мамлакатдаги демографик ҳолатга оид сўнгги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида давомида 477 минг 500 кишига ёки 1,4 фоизга кўпайган.

Бундан шаҳар аҳолиси сони 17 миллион 401 минг 900 кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6 фоиз), қишлоқ аҳолиси сони эса 16 миллион 980 минг 800 кишини (49,4 фоиз) ташкил этган.

Давстатқўм охирги 9 ой ичида Ўзбекистонда 614,7 минг нафар бола туғилганлиги қайд этилгани, бу даврда туғилиш коэффициенти 24,0 промиллени ташкил этгани, бу кўрсаткичнинг ўтган йил шу даврига нисбатан 0,5 промиллега кўп эканини билдирган (2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида 23,5 промилле бўлган).

Жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сонининг 30,9 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,7 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келган.

“Адолат” социал-демократик партияси вакиллари ўзларига янги раис сайлашди

“Адолат” СДП Сиёсий кенгашининг янги раиси Баҳром Абдуҳалимов (adolat.uz фотоси).

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг 23 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари бешинчи пленумида партияга янги раис сайланган. Бу ҳақда партия матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Пленумда “Адолат” партияси Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳамда қўмита раиси этиб тайинлангани муносабати билан уни ўз аризасига мувофиқ равишда лавозимидан озод этиш масаласи кўриб чиқилган.

Шундан сўнг "Адолат" СДП раиси лавозимига Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов сайланган.

Транспорт вазирлиги: Россиядаги ватандошларни олиб келиш учун яна 3 та автобус йўлга чиқди

"Uzautotrans service" автобуслари.

Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган ўзбекистонликларни олиб келиш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Uzautotrans service” корхонаси томонидан жорий йилнинг 22 октябрь куни 3 та автобус Екатеринбург шаҳрига жўнаб кетган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Режага мувофиқ, автобуслар 23 октябрь оқшомигача белгиланган манзилга етиб бориши керак.

“Ташкил этилган махсус автобус қатнови орқали Екатеринбург, Челябинск, Тюмень шаҳарларидан жами 150 нафар фуқаролар Ўзбекистонга олиб келинади”, дейилган хабарномада.

Вазирлик ушбу махсус автобус қатновлари барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия Федерацияси томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилаётганини маълум қилган.

Аввалроқ Россиянинг Самара вилоятида йиғилиб қолган ўзбекистонликлар “Uzautotrans service” корхонасига тегишли 15 та автобусда олиб келингани ҳақида хабар қилган эдик.

Янги йилдан офатлар оқибатида ҳужжатини йўқотганлар жазога тортилмайди. Ҳужжатлар давлат ҳисобидан тикланади

Сирдарё вилоятида Сардоба тўғони ёрилгани оқибатида минглаб уйларни сув босган ва минглаб кишилар ҳужжатларини йўқотган эди.

Адлия вазирлигининг 23 октябрда билдиришича, “Фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон ва хорижий давлатда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларини тиклашда улар давлат божи ва йиғимлардан озод қилинади.

Офатлар юз берганлигини тасдиқлаш зарурати туғилганда, ҳужжатни тиклаш ваколати бўлган давлат органининг сўровига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан маълумотнома берилади.


Хориждаги офат туфайли ҳужжатини йўқотганларга эса хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ёхуд халқаро шартномаларга мувофиқ расмийлаштирилган маълумотнома асосида ҳужжатлари қайта тикланади.


Ўзбекистон ҳудудида офатлар юз берганлиги оқибатида ҳужжатларни тиклаганлик учун ундирилмаган тўловлар, мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахслар (ташкилотлар) мавжуд бўлса, кейинчалик улардан регресс тартибида ундирилади.


Офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг ҳужжатлари йўқотилса ёки яроқсиз ҳолга келса, уларга нисбатан жазо чоралари қўлланилмайди.

Самарқанддаги иккита кўчага коронавирусдан ўлган икки ҳукумат амалдорининг исми берилади

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрь куни вафот этган.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 23 октябрь куни ўтган йиғилишида иккита кўчага Аъзамхон Баҳромов ва Ўктам Барноев исмлари берилиши қайд этилди.


Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, бу таклиф сессия давомида депутатлар томонидан таклиф қилинган.


Аъзамхон Баҳромов ва Ўктам Барноев турли йилларда Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган. Аъзамхон Баҳромов 2017 йилдан буён Каттақўрғон тумани ҳокими эди.


Сўнгги йилларда Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Ўктам Барноев 20 сентябрь куни 56 ёшида вафот этган.


Қатор маҳаллий нашрларнинг ҳукуматдаги манбаларига таяниб хабар қилишича, Барноев коронавирусга чалингач, инсультга учраган. Сўнгра, даволаш учун Германияга юборилган ва ўша ерда вафот этган. Барноев Тошкент шаҳридаги Минор қабристонига дафн этилди.


Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов эса 19 октябрда Тошкент шаҳрида дафн этилди. У 60 ёшида оламдан ўтди.

Президентнинг бош тансоқчиси Хавфсизлик кенгаши раисига ўринбосар бўлди

Президент Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Тошматов. Фотосурат "Газета уз"дан олинди. Фотосурат муаллифи Шуҳрат Латипов.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бош тансоқчиси -президент Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Тошматов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» ҳукуматдаги манбага таяниб хабар берди.

Баҳодир Тошматов жорий йил мартида президент Давлат хавфсизлик хизматини бошқариб келаётган эди. У 2017−2020 йилларда Миллий гвардия қўмондони бўлиб ишлаган.


1964 йилда туғилган Баҳодир Тошматов 2008−2011 йилларда мудофаа вазири ўринбосари ва биринчи ўринбосари, 2011−2013 йилларда — Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаган.

2013 йилнинг сентябрида президент Ислом Каримов Мудофаа вазири муовини лавозимида ишлаб келган Виктор Маҳмудовни Миллий хавфсизлик кенгашига котиб этиб тайинлаган.

Миллий хавфсизлик кенгашининг котиби Баҳодир Тошматов эса Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. У 2017 йилгача мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Коронавирусга чалинганларнинг 350 нафардан ортиғи оғир аҳволда қолмоқда

22 октябрь куни мамлакатда 302 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 23 октябрда билдиришича, сўнгги бир сутка давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди. Бу билан ўлганлар сони расман камида 540 нафарга етди.


22 октябрь куни мамлакатда 302 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 311 нафар бемор тузалди.


Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 64518 нафар бемордан 61734нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.


Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 244 нафар бемордан 287 нафари оғир, 78 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Талабаларга контрактни тўртга бўлиб тўлаш имконияти берилди

Тошкентдаги университетлардан бири.

Олий таълим муассасалари талабаларига 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт пулини ўқув йили давомида тенг улушларда тўртга бўлиб тўлаш имконияти берилди.


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг билдиришича, контракт пулининг камида 25 фоизини талабаликка тавсия этилган абитуриентлар 15 сентябргача ёки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатгача ҳамда иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалар учун 1 октябргача ёки олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатгача тўланиши шарт.


Тўлов миқдорининг камида 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 апрелгача ва 100 фоизи 1 июлгача ёки олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатларгача тўланади.


Хорижий фуқаролар учун олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланган муддатларгача, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга ўқув йилининг биринчи ярми учун тўловларни амалга ошириш муддати ва миқдорлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан ва қолган қисми олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланган муддатларгача амалга оширилади.

Марказий банк асосий фоиз ставкасини 14 фоиз даражасида қолдирди

Ўзбекистон Марказий банки биноси.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил 22 октябрида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Ушбу қарор реал фоиз ставкалар ижобийлигини сақлаб қолиш, юзага келган вақтинчалик инфляцион хатарлар фонида иқтисодий фаолликни янада рағбатлантириш учун қулай шароитлар яратилиши ва ўрта муддатли даврда инфляция динамикаси янада секинлашиши ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, Марказий банк инфляциянинг йил якуни бўйича прогнозини йиллик 11-12,5 фоиз даражасида сақлаб қолган ва Ҳукумат билан биргаликда унга эришиш учун барча зарурий чораларни кўради.

“Асосий ставка бўйича келгусидаги қарорлар инфляциянинг жорий ва прогноз динамикасининг шаклланиши, шунингдек ички ва ташқи хатарларни баҳолаш асосида қабул қилинади”, дейилган МБ хабарномасида.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги мажлиси жорий йилнинг 10 декабрига белгиланган.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги қошида экспортни дастаклаш учун жамғарма тузилади

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 21 октябрида имзоланган “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилган.

Мазкур жамғарманинг захира базаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан олинадиган 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари, жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.

Фармонда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси 2022 йил 1 январига қадар экспорт қилувчиларга кўмак кўрсатиши қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, шу муддатгача жамғарма экспортолди молиялаштириш учун кредитлар бўйича экспортчиларга компенсациялар тақдим этади.

Шунингдек, жамғарма тижорат банкларининг экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлари учун бериладиган кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик беради.

Гулнора Каримованинг қизи қамоқдаги онасининг аҳволи ёмонлашганини иддао қилди

Гулнора Каримова.

Аввалги президент И. Каримовнинг тўнғич қизи, шу кунда Зангиотадаги колонияда жазо муддатини ўтаётган Гулнора Каримованинг соғлиғи сўнгги кунларда анча ёмонлашган. Бу ҳақда маҳкуманинг қизи — Имон Каримова Instagram’даги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Унга кўра, онаси шу кунда ўпка шамоллаши ташхиси билан қамоқхона тиббий бўлимида ётибди.

“Унга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти, COVID-19 га тест топширишга рухсат беришмаяпти. Муолажа учун дори-дармон ва аппаратларни етказиб бериш ҳам тақиқланган”, деб ёзган iman.k17 буни “Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий рақиби ва ўз салафи қизидан қутилиш ҳаракати” дея иддао қилган.

48 ёшли Гулнора Каримова Ўзбекистонда давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган. Г. Каримова ва “у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари” устидан сўнгги суд ҳукми шу йилнинг 18 март куни чиқарилган. Ўшанда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовага 13 йил 4 ойлик қамоқ жазоси тайинлаган.

Тергов маълумотларида айтилишича, Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган. Бундан ташқари, Г. Каримова қарийб 2 миллиард доллар миқдоридаги хорижий валютани яширганликда гумонланган.

ОТБ Ўзбекистондан Афғонистонга электр узатиш линияси қурилиши учун 110 млн доллар ажратди

Осиё тараққиёт банки ва Афғонистон расмийлари шу йилнинг 20 октябрь куни Кобулда Ўзбекистон делегацияси иштирокида 110 млн доллар ажратишни назарда тутувчи "Сурхон-Пули-Хумри" электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида битим имзоладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ОТБ ажратган маблағнинг асосий қисми ташкилотнинг ўзбек пудратчилари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ишларига йўналтирилади.

Яқин келажакда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва "ДА Афғонистон Брешна Ширкат" ўртасида ушбу электр узатиш линиясини қуриш бўйича тегишли шартнома имзоланади”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Маълумотларга кўра, сешанба куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Кобул шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси вазирлик ва идоралари раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашуви бўлиб ўтган.

Учрашувда Ўзбекистон томонини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқа ташкилотлар раҳбарияти тамсил этган.

Ҳокими пневмониядан вафот этган Олтинкўл туманига янги раҳбар тайинланди

Иллюстратив сурат.

Халқ депутатлари Олтинкўл туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокими лавозимига Матрузиев Иқболбек Ҳасанбоевич тайинланган. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 22 октябрь куни маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 1984 йилда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган И. Матрузиев 2008 йили Андижон давлат университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2003 йили Жалақудуқдаги болалар боғчасида бошлаган Матрузиев, Андижон вилояти ҳокимлиги вакилларига кўра, Олтинкўл туманига ҳоким бўлиб тайинлангунига қадар вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Олтинкўл туманининг олдинги ҳокими Назиржон Ўринбоев пневмониядан вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Хитой вакцинасини Ўзбекистонда клиник синовдан ўтказиш режалаштирилди

Клиник синовлар 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгиллиларда ўтказилиши кутилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг 22 октябрда маълум қилишича, музокаралар давомида ўтказиладиган клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланди.


Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари хитойлик ҳамкорлар билан эмлаш жараёнини ташкил этиш, жараёнга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди.


Клиник синовлар 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгиллиларда ўтказилиши кутилмоқда. Синов бошланишидан олдин Хитой Халқ Республикаси вакиллари томонидан эмлаш шартларини тушунтиришга қаратилган бир қатор тренинглар ўтказилади.


29 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг иккита компанияси билан коронавирусга қарши вакциналар синовининг сўнгги босқичларини ўтказиш бўйича битимлар имзолагани хабар қилинган эди.


25 сентябрь куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон Россия ширкатларига ҳам Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишни таклиф қилгани ва бу масалада Россия томонининг жавоби кутилаётганини билдирган.


25 сентябрь куни Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси Ўзбекистонга коронавирусга қарши 35 миллион доза «Спутник V» вакцинасини жўнатиш тўғрисида Laxisam фармацевтика ширкати билан шартнома имзолангани тўғрисида билдирган эди.


Хабарда айтилишича, Ўзбекистон мувофиқлаштириш ва назорат органлари рухсати олинганидан сўнг 2020 йилда республикага 10 миллион доза, 2021 йилда эса 25 миллион доза вакцина жўнатилади.

Шифокор қабулига электрон ёзилиш тизими ишга туширилди

“Электрон поликлиника” ахборот тизимига Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги оилавий поликлиникалар уланган.

Шифокор қабулига ёзилиш имкониятини берувчи “Электрон поликлиника” тизими ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бундан буён reg.ssv.uz сайти орқали шифокор қабулига онлайн ёзилиш имконияти мавжуд. Мазкур тизимнинг қўлланилиши ортидан шифокор қабулига кириш учун навбатга туриш эндиликда керак бўлмайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.


Бугунги кунда “Электрон поликлиника” ахборот тизимига Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги оилавий поликлиникалар уланган. Айни пайтда бутун республика бўйлаб поликлиникаларни тизимга улаш ишлари давом эттириб келинмоқда.


“Ушбу тизим ёрдамида фуқаролар ўзлари учун қулай вақтда, уйдан чиқмаган ҳолда шифокор қабулига ёзилишлари, шифокор ва муассаса ҳақида маълумотлар олишлари, шунингдек, олинган тиббий хизматлар сифатини баҳолашлари мумкин бўлади. Поликлиникалар учун ушбу тизимнинг афзалликлари – маълумотларни автоматлаштирилган рўйхатдан ўтказиш, оилавий поликлиникаларда ягона электрон амбулатория тиббий картасини юритиш имкониятидир”,-дейилади хабарда.

Тошкент вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари вафот этди

Баҳодир Муллахонов февраль ойидан Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди.

Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Баҳодир Муллахонов 21 октябрь куни вафот этди.


Вилоят ҳокимлиги билдирган таъзияномада Баҳодир Муллахоновнинг ўлими сабаблари маълум қилинмаган.


«Газета.uz» нашрининг ўз манбасига таянган ҳолда ёзишича, Муллахонов “коронавирус келтириб чиқарган асоратлар натижасида вафот этган”.


Маълум қилинишича, Муллахонов дастлаб Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида, сўнг хусусий клиникада даволанган.


1974 йилда туғилган Баҳодир Муллахонов 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. 1998 йилда эса Оклахома давлат университетининг магистр даражасини олган.


У турли йилларда Марказий банк тузилмаларида ишлаган, шунингдек, «Асака» банки бошқарув раисининг ўринбосари, 2012−2020 йилларда «Қишлоқ қурилиш банк» бошқарув раиси лавозимида ишлаган.


Жорий йилнинг февраль ойидан у Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди.

Зироат Мирзиёеванинг фонди ҳаво ифлосланишини аниқлаш лойиҳасини амалга оширмоқда

Зироат Мирзиёева. "Замин" фонди фотоси.

“Замин” фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирокида БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНEП), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ўтказилган видеоанжуманда, «Замин» фонди атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш лойиҳасининг биринчи босқичи якунига етгани маълум қилинди.


“Замин” фондининг маълум қилишича, лойиҳанинг биринчи босқичида 63 та кузатув пункти ягона таҳлилий марказга бирлаштирилди. Мониторинг натижалари эса monitoring.meteo.uz очиқ онлайн платформаси ва АирУз мобил иловасида эълон қилиб борилмоқда.


Лойиҳа уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Иккинчи босқичда бутун республика бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш ва ҳаво мониторинги учун халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.


Учинчи босқичда мониторинг натижалари республикадаги Ягона геоинформацион маълумотлар базасига киритилиб, халқаро ахборот тизимларига интеграцияланади.


“Ушбу станциялар тўлиқ ишга тушиши натижасида, ҳаво сифати мониторинги халқаро стандартларга мувофиқ ҳар соатда аниқлаб турилади. Фуқаролар ўзи истиқомат қиладиган жойининг ҳавосини ифлосланганлик даражасини ва унинг сабабларини аниқ билиш имконига эга бўлади”,-дейилади хабарда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG