Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2020, Тошкент вақти: 15:12

Халқаро хабарлар

АҚШда коронавирусга чалинганлар сони рекорд даражага етди

COVID-19 АҚШда 120 мингдан кўпроқ кишининг ўлимига сабаб бўлди.

АҚШда 24 июнь куни коронавирусга чалинганлар сони рекорд даражага етди. Билдирилишича, бу ерда бир кунда 34 700 кишида COVID-19 аниқланди.

Техас губернатори одамларни уйда қолишга чақирди. Бу штатда коронавирусга “оммавий чалиниш” ҳолатлари аниқланганди.

Аризона губернатори одамларни маска тақиб юришга чақирди. Флоридада эса бир кунда 7 минг киши коронавирусга чалинди.

COVID-19 АҚШда 120 мингдан кўпроқ, жаҳонда 480 мингдан кўпроқ кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Бразилияда ҳам вазият мураккаблигича қолмоқда. 24 июнда бу ерда камида 42 минг одамда вирус топилди. Бир кунда коронавирусдан 1185 киши вафот этди.

Кун янгиликлари

Франция бош вазири истеъфога кетди

Эдуар Филипп.

Франция бош вазири Эдуар Филипп ўз ҳукумати истеъфосини сўради ва бу илтимос мамлакат президенти Эммануэль Макрон томонидан қабул қилинди.

Янги ҳукумат шакллантирилгунига қадар ҳукуматнинг амалдаги таркиби ўз ишини давом эттириб туради.

Франция ҳукуматида кадрлар алмашиши кутилаётган ҳодиса эди. Президентлик муддати тугашига икки йил қолган Макрон яқинда “янги команда” тузилишини очиқлаганди, дея қайд этади Radio France Internationale. Бунга сабаблардан бири коронавирус эпидемияси оқибатлари бўлгани айтилмоқда.

Айрим тахминларга кўра, президент айни пайтда ўз сиёсатини кўпроқ ижтимоий ҳимояга қаратиб, ўз ҳукумати асосан бизнесни дастаклашга йўналганига оид тасаввурни ўзгартиришга ҳаракат қиляпти.

Елисей саройи янги бош вазир исми яқин соатлар ичида эълон қилинишини билдирган.

Эдуар Филипп Франция бош вазири лавозимида 2017 йил 15 майидан бери фаолият кўрсатиб келаётган эди. 2010 йилгача у Гавр шаҳри мэри бўлиб ишлаган. Жорий йил 28 июнида Филипп Гавр шаҳри маъмурияти раҳбари сайловида яна ғалаба қозонган.

Новосибирскдан Бишкекка 186 нафар қирғизистонлик қайтарилди

Москвадан Бишкекка келган чартер рейси (архив сурати).

Жорий йилнинг 3 июль куни Россиянинг Новосибирск шаҳридан Қирғизистон пойтахти Бишкекка чартер рейси учиб келди. Бу ҳақда Республика тезкор штаби маълум қилди.

Мазкур рейс билан Бишкекка 186 нафар қирғизистонлик қайтган, улар орасида ёш болалар, ҳомиладор аёллар, талабалар ва ногиронлар бор.

Аввалроқ Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси 20 мартдан бери Қирғизистонга россиядан 11 минг 784 киши қайтганини маълум қилган. Яна 7 мингдан зиёд қирғизистонлик юртига қайтиш истагини билдирган.

Коронавирус пандемияси ортидан чегаралар ёпилгани туфайли кўплаб қирғизистонлик ватанига қайтолмай қолган. Ҳукумат улар учун турли мамлакатлардан чартер рейслари уюштириб келмоқда.

АҚШда ўсмирларни жинсий алоқага мажбурлаган миллиардер Жеффри Эпштейннинг ёрдамчиси қўлга олинди

Гислейн Максвелл Нью-Гэмпшир штатида 2 июль куни қўлга олинган.

АҚШда ўсмирларни жинсий алоқага мажбурлаганлик айблови билдирилгани ортидан ўтган йилнинг августида қамоқхонада ўзини ўлдирган миллиардер Жеффри Эпштейннинг собиқ дугонаси ва ёрдамчиси Гислейн Максвелл ҳибс қилинди. Федерал тергов бюроси уни Нью-Гэмпшир штатида 2 июль куни қўлга олган.

Максвелл тўрт ҳолатда жинсий алоқа учун ўсмирларни сотиб олганликда ва уларни транспортировка қилганликда, икки ҳолатда ёлғон гувоҳлик берганликда айбланмоқда. У 35 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Миллиардер Эпштейн 2019 йилнинг июлида балоғатга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганликда ва уларни бошқа нуфузли одамлар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаганликда айбланиб қўлга олинганди. Миллиардер айбловни тан олмаган.

Орадан бир ой ўтгач Эпштейн Нью-Йорк қамқохонасида осилган олда топилган. Максвелл эса миллиардер ҳибсга олингач, қочиб кетган эди.

Қирғизистонда бир кунда коронавирусдан ўн бемор вафот этди

Сўнгги бир сутка ичида 506 одамда коронавирус аниқланди.

Қирғизистонда коронавирус юққанлар орасидаги ўлим ҳолати бўйича бир кунлик энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 июлда билдиришича, бир кунда ўн нафар бемор вафот этди.

Хабарда айтилишича, Иссиқота туман касалхонасида 64, 66, 80 ёшдаги уч эркак ва 62,63 ёшдаги икки аёл, жами 5 киши ўлган.

Бишкекдаги Қирғиз-Турк касалхонасида 58 ёшли аёл, Республика юқумли касалликлар клиникасида 54 ёшли эркак, Новқат туман касалхонасида тиббиёт ходими бўлган 59 ёшдаги аёл, Ўш шаҳар касалхонасида 33 ёшдаги аёл, Қизилқия шаҳар касалхонасида 33 ёшли эркак вафот этди.

Бу билан Қирғизистонда коронавирус ҳолати илк маротаба аниқланганидан то шу кунгача 76 киши вафот этди.

Сўнгги бир сутка ичида 506 одамда коронавирус аниқланди. Коронавирус юққан жами беморлар сони 6767га етди. Улардан 2655 нафари соғайди.

Хитой билан зиддиятга киришган Ҳиндистон Россиядан ҳарбий самолётларни сотиб олади

МиГ-29 ҳарбий самолёти.

Ҳиндистон Хитой билан муносабатлари мураккаблашган бир паллада Россиядан 33та ҳарбий самолёт сотиб олади ва яна 59та самолётини модернизация қилдиради. Мазкур шартноманинг умумий қиймати 2 миллиард 400 минг долларни ташкил қилади.

Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги 2 июль куни Россиядан 21 та МиГ-29 ва 12 та Су-30 MKI самолётлари сотиб олинишини билдирди. Бундан ташқари Ҳиндистон армиясида мавжуд бўлган 59 та МиГ-29 модернизация қилинади.

Хабарда айтилишича, самолётларни сотиб олиш масаласи 2 июлда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти пайтида келишилган.

15 июнь куни сўнгги 45 йилда Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги биринчи отишма содир этилган эди. Галван водийсида Хитой аскарлари билан тўқнашув пайтида Ҳиндистоннинг камида 20 ҳарбийси ҳалок бўлди. Отишмада томонлар бир-бирларини айблаган.

Ҳиндистон ва Хитой ўртасида мазкур баҳсли ҳудуд учун 1962 йилда уруш бўлган эди. Бу урушда Ҳиндистон мағлуб бўлган. Ҳиндистон Хитойни 38 минг квадрат метр майдонни босиб олганликда айблаб келади.

Ўтган 30 йил давомида бу масалада ўтказилган музокаралар чегарадаги баҳсли ҳудудлар муаммосини ҳал қила олмади.

Нурсултон Назарбоевнинг коронавирус инфекциясидан халос бўлгани айтилмоқда

Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг коронавирус инфекциясига топширган тести натижаси манфий чиққан. Бу ҳақда Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай 2 июль куни Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Укибайга кўра, Назарбоев айни пайтда, врачлар тавсиясига мувофиқ, ўзини ўзи яккалаш тартибига амал қилишда ва масофадан туриб ишлашда давом этмоқда.

Қозоғистоннинг собиқ президенти COVID-19 инфекциясига чалингани ҳақида 18 июнь куни маълум бўлганди. Бу маълумот очиқланганидан кейин Назарбоевни яхши таниган узоқ-яқиндаги давлат лидерлари унга тезроқ соғайиб кетишни тилаб, қўлларидан келган ҳар қандай ёрдамга тайёр эканларини билдиргандилар ва улар орасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор эди.

Росавиация халқаро авиақатновларга тақиқ муддатини 1 августгача узайтирди

Росавиация мунтазам халқаро авиапарвозларга қўйилган чеклов муддатини август ойи бошигача узайтирди. Аввалроқ муассаса халқаро қатновларни 15 июлдан бошлашни таклиф қилганди. Август ойигача Россияга хорижликлардан кўпчилигининг киришига тақиқ қўйилган.

РБК хабарига кўра, тақиқ муддати узайтирилгани ҳақида Росавиация ўзининг аэропортларга йўллаган телеграммасида маълум қилган. Бу маълумотни агентликнинг ҳукуматдаги манбаси ҳам, Домодедово аэропорти вакили ҳам тасдиқлаган.

Июнь ойи бошида “Интерфакс” агентлиги манбаси Россия аввало МДҲ ва Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар – Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегараларни очишини маълум қилган.

Аммо ўша пайтда РБК манбаси Росавиация даставвал Европа мамлакатлари, Туркия, Хитой ва Жанубий Корея билан чегараларни очишни таклиф қилишини билдирган.

Сахалинда террорчиларни молиялаштирганликда айбланган ўзбекистонлик 9 йилга қамалди

Россиянинг Сахалин вилоятида 30 июнь куни Шарқий округ ҳарбий суди томонидан “терроризмни молиялаштириш орқали террорчилик фаолиятига кўмаклашганлик”да айбланган ўзбекистонликка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Сахалин вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, суд исми ошкор қилинмаган ўзбекистонликнинг 2018 йил октябрь-декабрь ойларида Россия Федерациясида фаолияти тақиқланган халқаро террорчилик ташкилотини молиялаштириш мақсадида тўлов терминаллари орқали “QIWI” ҳамён электрон ҳисоб рақамига боғланган телефон рақамига пул ўтказганини аниқлаган. Судланувчи томонидан жами 24 минг 600 рубль ўтказилган.

Суд давлат қораловчиси далолатини эътиборга олган ҳолда ўзбекистонликни 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ҳукмга мувофиқ, у жазони қаттиқ режимли колонияда ўтайдиган бўлган.

Туркия суди Истанбулдаги Аё София ибодатхонаси мақомини қайта кўриб чиқади

Истанбулдаги Аё София ибодатхонаси.

Туркия Олий маъмурий суди Истанбулдаги Аё София ибодатхонасини жомеъ масжидга айлантириш-айлантирмаслик масаласини кўриб чиқади. “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, бунга оид қарор 2 июль куни ёки 15 кун ичида қабул қилиниши мумкин.

Мазкур ибодатхона 532-537 йилларда Византия императори Юстиниан I буйруғига кўра қурилган. Аё София қарийб минг йил давомида Христиан оламининг энг катта черкови бўлган.

1204-1261 йилларда грек православ черкови ибодатхонаси рим-католик ибодатхонасига айлантирилган. Бу Лотин империяси даврида содир бўлган.

1453 йили Истанбул Усмоний империяси томонидан фатҳ этилганидан кейин ибодатхона масжидга айлантирилган. Бино атрофида тўрт минора қад ростлаган. 1934 йили Аё София музейга айлантирилган. Ҳозирда ибодатхона ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатида туради.

Бино мақомини яна ўзгартириш ва уни масжидга айлантиришга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон чақирмоқда. Мухолифат партиялари президент бу билан ватандошларни иқтисодий бўҳрон ва коронавирус пандемияси муаммоларидан чалғитишга уринмоқда, деб ҳисоблайдилар.

Аё София ибодатхонасига ҳар йили миллионлаб турист ташриф буюради. Истанбул расмийларига кўра, биргина 2019 йилнинг ўзида меъморий обидага 3,7 миллион турист ташриф буюрган.

Помпео: АҚШ бундан буён ҳам Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигини дастаклашда давом этади

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео “C5+1” форматида 30 июнь куни марказий осиёлик ҳамкасблари билан ўтказилган онлайн учрашувни юқори баҳолади.

Помпео Твиттердаги ўз саҳифасида АҚШ бундан буён ҳам Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашда давом этиши ҳақида ёзди.

АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати (C5 + 1) ташқи ишлар вазирларининг галдаги учрашуви сешанба куни онлайн шаклда ўтказилган. Учрашувда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов иштирок этганлар.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда томонлар минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга, жумладан, коронавирус тарқалишига қарши курашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганлар.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг нутқларида “C5+1” шакли Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни илгари суриш платформаси сифатида ўзининг аҳамияти ва долзарблигини намойиш этишда давом этаётганлиги тасдиқланган.

Айни пайтда АҚШ томони Марказий Осиё минтақасини иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ва савдо-сотиқни кенгайтириш учун ўз потенциалини ишга солишга ҳозирлигини билдирган.

“C5+1” гуруҳи учрашувлари 2015 йилдан бери ўтказиб келинади. Гуруҳнинг илк учрашуви Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.

Қозоғистонда 5 июлдан икки ҳафтага карантин чоралари кучайтирилади

Олмаота шаҳридаги йўловчилар, 2020 йил 29 июни.

Қозоғистонда ҳукумат комиссияси “эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш” бўйича 5 июлдан 14 кунлик карантин чораларини жорий этиш ҳақидаги қарор қабул қилди. Мазкур чоралар оммавий тадбирларни тақиқлаш, кўча, боғ ва хиёбонларда уч нафардан кўп одам бирга юришини чеклаш кабиларни ўз ичига олади. Таклиф этилаётган чоралар тафсилотларини 2 июль куни бўлиб ўтган комиссия мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой очиқлади.

Чораларда ҳудудлараро йўловчи ташийдиган транспорт алоқасини тўхтатиш, шаҳарлар ичидаги транспорт фаолиятига чеклов киритиш кўзда тутилган. Ҳудудлараро авиаалоқа ва темирйўл алоқаси “чекловлар билан” сақлаб қолинади, халқаро авиаалоқани ҳам мамлакатлар рўйхатини кўпайтирмаган ҳолда сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин ўз чиқишида режаланаётган чеклов чоралари “мамлакатдаги эпидемиологик вазият ривожидан келиб чиққан ҳолда” узайтирилиши ёки кучайтирилиши мумкинлигини билдирди.

Тахминларга кўра, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар, фитнес-марказлар, ҳовуз ва аквапарклар, ёпиқ бозорлар (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат), маданий ва диний объектлар фаолияти тўхтатилади. Буларга оид тўлиқ рўйхат Қозоғистон бош вазири сайтида ёйинланган.

Ташкилотлар олдига ходимларнинг камида 80 фоизини масофадан туриб ишлатиш талаби қўйилмоқда.

Тиббиёт марказларига олдиндан навбатга ёзилиш тартиби бўйича бориш мумкин бўлади. Дорихона, озиқ-овқат дўконлари ва очиқ бозорлар эса ишини давом эттираверади.

Ёзги майдончаси бўлган кафе ва ресторанлар, йирик қурилиш ва саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш объектлари (шу жумладан автомобилларни ювиш шохобчалари), аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари, тижорат банкларига эса кучайтирилган санитария-дезинфекция тартибига риоя қилган ҳолда чекланган вақт оралиғида ишлашга рухсат берилади.

Ҳафта бошида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев минтақа раҳбарлари билан ўтказилган онлайн-учрашувда март—май ойларида бўлгани каби “қаттиқ карантин” жорий этиш зарурлиги ҳақида билдирганди. Жорий йил 13 мартида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганидан кейин мамлакатда қарийб икки ой фавқулодда вазият тартиби амалда бўлган. Ўша пайтда кишиларнинг ҳаракатланиши чекланган, оммавий тадбирлар тақиқланган.

ФВ амалда бўлган пайтда Қозоғистонда ижтимоий ва сиёсий фаоллиги билан танилган шахслар дохил бир қанча киши қўлга олинган ва маъмурий жазога тортилган. Улар “фавқулодда вазият тартибини бузганлик” ва “ФВ даврида ёлғон маълумот тарқатганлик”да айбланган.

Ҳозирда Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 42,5 минг нафардан ошган, 14 мингга яқин бемор соғайиб кетган, 188 нафар бемор эса ҳаётдан кўз юмган.

Қирғизистон: Азимжон Асқаровнинг адвокати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қилмоқчи

Азимжон Асқаров, 2017 йил.

Қирғиз суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг адвокати Валерьян Вахитов адвокати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қилиш ниятида.

“Қирғизистон халқаро шартномаларни имзолаган, шунинг учун ҳам у мазкур шартномалардаги талабларни бажариши шарт. Олий суд Чуй вилоят суди қарорини ўз кучида қолдирди. Биз барча материалларни йиғиб, БМТга мурожаат қиламиз”, дея иқтибос келтиради Озодликнинг қирғиз хизмати адвокат Вахитов сўзларидан.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2016 йили Асқаров иши бўйича ўз хулосасини тақдим этган. Унда Азимжон Асқаров ҳибсда бўлган пайтда қийноқларга дучор этилгани ҳамда тиббий ёрдам ва холис судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани айтилган. Шу муносабат билан ҳуқуқ фаоли жорий йил февралида Бишкек туманлараро судига мурожаат қилиб, ҳукумат БМТ қўмитаси қарорини бажармаётганини билдирган. Олий суд 15 июнь куни Бишкек шаҳар маъмурий суди Асқаровнинг Қирғизистон ҳукуматига қарши даъво аризаси бўйича маҳкамани тўхтатгани ҳақида маълум қилган.

Ёши 70 ни қоралаган жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Биринчи инстанция суди ҳукми кейинчалик юқори инстанцияларнинг барчаси томонидан ўз кучида қолдирилган.

АҚШ Сенатига Россия президенти Путинга санкция жорий этиш тўғрисидаги қонун тақдим этилди

Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари.

АҚШ Сенатига 1 июль куни Афғонистонда америкалик ҳарбийларнинг ўлдирилиши учун мукофот пули тўлаган россияликларга нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги қонун лоийҳаси тақдим этилди.

Қонун лойиҳаси Афғонистонда АҚШ аскарларини ўлдирган жангариларга Россия мукофот пуллари тўлагани тасдиқланган ҳолатда қабул қилинади. Лойиҳада президент Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгуга ҳам санкциялар жорий этиш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида бу шахсларнинг АҚШдаги активларини музлатиб қўйиш, уларнинг АҚШга киришини тақиқлаш каби санкциялар таклиф этилмоқда. Санкциялар Владимир Путинга яқин бўлган олигархлар, Россия сиёсий арбоблари ва уларнинг оилаларига нисбатан ҳам қўлланилади.

26 июнь куни The New York Times газетаси исми ошкор қилинмаган АҚШ расмийлари Россия ҳарбий разведкаси - ГРУ ўтган йилда Толибонга алоқадор жангариларга АҚШ ва АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинларига ҳужум қилиш эвазига мукофот таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди.

Вашингтондаги Россия элчихонаси The New York Times мақоласини дарҳол «асоссиз ва аноним айбловлар» дея рад этди.

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида юзлаб тожикистонлик тўпланиб қолди

Чегара яқинидаги автовокзалда яшаётган тожикистонликлар.

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктида чегаралар ёпиқлиги сабабли уйига қайтаётган юзлаб тожикистонлик тўпланиб қолди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати- Радио Озоди хабар берди.

Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси 1 июль куни “асосан кексалар ва болалардан иборат тахминан юзга яқин” тожикистонлик уйига жўнатилганини билдирган эди. Бунга қадар улар бир неча ҳафта чегара -ўтказиш пункти яқинидаги автовокзалда яшашга мажбур бўлишган.

Тожикистон элчихонаси 1 июлда жўнатилган тожикистонликлар ўрнига яна Россиядан бошқа юзлаб ватандошлар етиб келганини маълум қилди.

Тожикистонликларнинг айтишларича, ҳозирда чегара пунктида камида 300 киши қолмоқда.

19 июнь куни Халқаро миграция ташкилоти АҚШ, Норвегия ва ЮНИСЕФ молиявий қўлловида Тожикистоннинг 635 фуқаросини 14та автобусда Қозоғистондан уйига элтиб қўйган эди. Бу тадбир Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Россияда Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича референдум якунланди

Президент Владимир Путин овоз бериш участкасида.

Россияда 1 июлда Конституцияга ўзгартиш киритиш юзасидан ўтказилган референдум якунланди. Референдумда овоз бериш бир ҳафта мобайнида давом этган эди.

Марказий сайлов комиссияси юз фоиз бюллетенларни санаб чиққанидан сўнг, овоз берганларнинг 78 фоизи Конституцияга ўзгартишлар киритилишини қўллаб-қувватлаганини маълум қилди. Референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг 65 фоизи иштирок этган.

Россия Конституциясига киритиладиган ўзгартишлар Владимир Путинга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имконини беради.

Дастлаб референдум 22 апрелга белгиланган эди. Бироқ коронавирус таҳдиди туфайли Россия президенти Владимир Путин овоз бериш санасини 1 июлга кўчирганди.

Референдумни ўтказиш бўйича овоз бериш участкалари 25 июндан бошлаб ишлай бошлаган. Бундан мақсад коронавирус туфайли 1 июль куни участкаларда одамларнинг оммавий равишда тўпланишига йўл қўймаслик экани айтилган эди.

АҚШда Хитойда ишлаб чиқарилган "одам сочидан қилинган маҳсулот" ушлаб қолинди

Шинжон-Уйғур мухториятидаги сиёсий лагерлардан бири.

АҚШ Божхона хизмати одам сочларидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар партиясини ушлаб қолди. Бу маҳсулот Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар сақланаётган сиёсий лагерларда ишлаб чиқарилгани тахмин қилинмоқда.

АҚШ Чегара-божхона хизмати вице-комиссари Бренд Смит “мазкур товар инсон ҳуқуқларининг ўта қўпол тарзда бузилишини англатади”, деб билдирди.

Умумий қиймати 800 минг доллар бўлган маҳсулот Lop County Meixin ширкатига тегишли бўлган. АҚШ ҳукумати маҳсулотни мусодара қилишга буйруқ берди. Расмийларнинг билдиришича, бу маҳсулот маҳбусларнинг, жумладан, болаларнинг мажбурий меҳнати билан ишлаб чиқарилган.

Lop County Meixin Шинжон-Уйғур мухториятида одам сочларидан ва мажбурий меҳнат асосида маҳсулот ишлаб чиқаргани учун АҚШда қора рўйхатга киритилган учинчи ширкатдир.

Халқаро ҳамжамият 2017 йилдан бери Хитойни Шинжондаги мусулмон миллатларни “террорчилик ва экстремистликка қарши кураш” баҳонаси билан сиёсий лагерларда сақлаб келаётганини танқид қилади.

Ўшда коронавирусдан даволанаётган аёл ўз жонига қасд қилди

Сўнгги бир суткада 526 кишида коронавирус аниқланди.

Ўш шаҳар касалхонасида коронавирусдан даволанаётган 34 ёшли аёл 1 июль куни ўзини касалхонанинг учинчи қаватидан ерга ташлаб, ҳалок бўлди.

Ўш шаҳар милициясининг билдиришича, аёл 29 июндан бери коронавирусдан даволанаётган эди. Ҳозирча уни ўз жонига қасд қилишига нима сабаб бўлгани маълум эмас. Бу борада тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хабарда айтилишича, аёлнинг 25 июнда кўзи ёрган. Ўзи касалхонада бўлгани сабабли, чақалоқ онасининг қарамоғида бўлган.

Айни пайтда Қирғизистонда коронавирус авжига чиқмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир суткада 526 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан беморлар умумий сони 6261 кишига етди. Улардан 2530 нафари соғайди.

2 июлда хабар қилинишича, бир суткада коронавирусдан Қирғизистонда 4 одам ўлди. Бу билан коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 66 кишига етди.

Черногория бир жинсли оилаларни тан олди

Черногория президенти Мило Жуканович мамлакатда бир жинсли никоҳларга рухсат берилувчи қонунни имзолади. Президент буни “нисбатан ривожланган демократия сари қадам” сифатида изоҳлади.

Парламентдаги 81 депутатдан 42 нафари қонун учун овоз берди. Қонун бир йилдан сўнг кучга киради. Қонунга асосан бир жинсдаги оилалар анъанавий оилалар эга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланади, фақат уларга бола асраб олиш тақиқланади.

Бир йил олдин парламент мазкур қонунни қабул қилишдан бош тортган эди.

Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилаётган Черногорияда бир жинсли никоҳларнинг тан олинишини Европа лидерлари ва ЛГБТ фаоллар олқишлади.

Черногория Бош вазири Душко Маркович ҳам президент фикрини қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши “Европа давлати ҳисобланган Черногорияда жинсий мансублигига қараб камситишга йўл қўйилмаслинини, Черногория жамиятининг демократик балоғат ва интеграцион жараёнларга етишганлигини” англатади.

Ҳолливуд продюсери тегажоқлик қилган аёлларга 19 миллион доллар товон пули берилади

2020 йилниг мартида суд Вайнштейнни 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Нью-Йорк прокурори Ҳолливуд продюсери Харви Вайнштейн тегажоқлигидан жабрланган аёлларга 19 миллион долларга яқин товон пули берилишини маълум қилди.

1 июлда эълон қилинган баёнотда айтилишича, уларга бу маблағ Ҳарви Вайнштейн ва унинг акаси Робертга тегишли бўлган ва айни пайтда банкрот деб топилган ширкат ҳисобидан тўланади.

Аввалроқ Ҳолливуд продюсери тегажоқлик қилгани иддаоси билан 80га яқин аёл шикоят қилган эди. Уларга бу пул қай тарзда тақсимланиши тўғрисида маълумот берилмади.

Товон пули тўланиши учун махсус фонд ташкил қилинади. Бу фондга Вайнштейн ширкати билан ҳамкорлик қилган суғурта компаниялари пул ўтказади. Товон пули фақат ширкатда ишлаган вақтларида тегажоқликка учраган аёлларга берилади. Вайнштейнни судга берган аёлларга товон пули тааллуқли эмас.

Харви Вайнштейн Miramax ва Weinstein Co кинокомпанияларининг асосчисидир. У турли номинацияларда “Оскар” мукофотини олган кўплаб фильмларнинг, жумладан, “Англиялик бемор”, “Ошиқ Шекспир”, “Майкашлик қоидалари”, “Узук ҳукумдори” каби фильмлар продюсери бўлган.

2017 йилнинг кузида ўнлаб аёллар Вайнштейн уларга тегажоқлик қилгани ва зўрлагани ҳақида баёнот берган эдилар. 2018 йилда унга нисбатан жиноят иши очилган. 2020 йилниг мартида суд Вайнштейнни 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Бишкекда жамоат транспорти фаолиятига чеклов киритилди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда янги иш тартиби жорий қилинмоқда. Бу ҳақда 1 июль куни Бишкек мэри Азиз Сурақматов маълум қилди.

Унга кўра, троллейбуслар, автобуслар, йўналишли таксилар бегим кунлари соат 07:00 дан 10:00 гача ҳамда соат 17:00 дан 21:00 гача ишлайди. Шанба ва якшанба кунлари эса жамоат транспорти қатнамайди.

Кафе, ресторан ва умумий овқатланиш шохобчалари соат 08:00 дан 20:00 гача, супермаркетлар соат 07:00 дан 19:00 гача, бозорлар эса соат 06:00 дан 17:00 гача ишлайди.

Бундан ташқари, велосипедларни ижара бериш нуқталари, болалар майдончалари, футбол ва ўйин майдонлари иши тўхтатилади. Тўйхона, тунги клуб ва барлар, кўнгилочар жойлари ҳам, ташрифчилар сони қанча бўлишидан қатъи назар, вақтинча ёпилади. Қайд этилишича, бу тартибни бузганлар электр ва сув таъминотидан узиб қўйилади.

Мэрия боғ, хиёбон, майдон ҳамда одамлар кўп тўпланадиган ва ҳордиқ чиқарадиган бошқа жойларга ҳам ташрифни чеклаган ва ватандошларни карантин тартибига риоя қилишга чақирган.

Сўнгги кеча-кундузда Қирғизистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 439 та ҳолат аниқланган, булардан 195 таси Бишкекка тўғри келган. Пойтахтда эпидемиологик вазият оғирлигича қолмоқда.

Қирғизистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 5735 нафарга етган. Беморлардан 2443 нафари зарур муолажалардан кейин соғайиб кетган, 62 киши оламдан ўтган.

Помпео Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтиришга чақирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби БМТ Хавфсизлик кенгашини Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтиришга чақирди. Майк Помпео ўз чақириғини Эрондаги режим “масъулиятни ҳис қиладиган демократия” эмаслиги билан изоҳлади.

Эмбарго муддати 2020 йил октябрида тугайди. Аввалроқ АҚШ Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтириш бўйича резолюция лойиҳасини тайёрлаган эди. Бироқ вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган Хитой ва Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сифатида АҚШ лойиҳасининг қабул қилинишига қарши чиқишларини билдирган, дея хабар қилади “Америка овози”.

АҚШ Давлат котиби бунга жавобан “Пекин ва Москва эмбарго муддати узайтирилишини астойдил илтимос қилаётган минтақадаги бошқа мамлакатларга қулоқ тутса, яхши бўларди”, деган.

АҚШ президенти маъмурияти аввалги баёнотларида Эронга нисбатан қурол-аслаҳа эмбаргосини бекор қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини бир неча бор билдирган.

Рамзан Қодиров Путинни “умрбод президент” қилиш таклифи билан чиқди

Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Владимир Путинни Россиянинг “умрбод президенти” қилиш таклифини ўртага ташлади. Республика раҳбарияти билан ўтказилган ва видеоси ижтимоий тармоқларда тарқатилган кенгашда Қодиров Россиянинг амалдаги президенти ҳақида “Унинг ўрнини ким ҳам боса оларди? Бунақа сиёсий лидер дунё миқёсида йўқ”, деган.

Қодировга кўра, Чеченистон Путин даврида гуллаб-яшнаган. Видео сўнгида Чеченистон раҳбари республика аҳолисини “сайловга бориб, овоз бериш”га чақирган – афтидан, бу ерда Россия Констутуциясига ўзгартишлар киритиш бўйича овоз бериш назарда тутилмоқда.

Мазкур ўзгартишлар бўйича овоз бериш 1 июль куни поёнига етади. Овоз беришга қўйилган ўзгартишлардан бири Путиннинг аввалги президентлик муддатларини нолга туширишни кўзда тутади - ўзгартишлар қабул қилинган тақдирда амалдаги президент қайта сайланишлар билан бирга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиши мумкин бўлади.

Аввалги сайловларда Чеченистонда сайловчилар давомати 90 фоиздан ошган. Участкаларда мустақил кузатувчилар деярли бўлмаган, мухолифат вакиллари бу республикада ўтказилган сайлов натижаларига ишонмайдилар.

Қодиров 2018 йилдаги президент сайлови олдидан ҳам Путин Россияни “умрбод бошқариши” тарафдори эканини айтган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Конституциясида умрбод президент лавозими кўзда тутилмаганини билдирган.

Москва ва Петербургда Конституцияга ўзгартиш киритилишига қарши акциялар бўлиб ўтди

Санкт-Петербургдаги Сарой майдонида ўтказилган пикетдан лавҳа, 2020 йил 1 июли.

Санкт-Петербург шаҳридаги Сарой майдонида Россия Конституциясига ўзгартишлар киритилишига қарши акция бўлиб ўтди. Маҳаллий турғунлар норозилик тадбирига қўлларида Конституциянинг эски нусхасини кўтариб чиқишди.

Озодликнинг рус хизмати хабарига кўра, акцияга чиққан фаолларни полиция Росгвардия ва шаҳар коммунал мажмуаси ходимлари майдондан суриб чиқаришган.

Фаоллардан Влад Шипицин ва Алексей Архипов тадбир бошланмасидан аввал “Адмиралтейская” метро бекатидан чиқишда қўлга олинган. Ундан олдин полиция яна бир неча фаолни тутиб кетган.

Москванинг Қизил майдонида ҳам 1 июль куни фаоллар норозилик тадбири уюштирганлар. Улар 2036 сони шаклида ерга ётиб олганлар. Конституцияга ўзгартишлар киритиладиган бўлса, президент Владимир Путин айнан 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиши мумкин. Фаоллар қўлга олинган.

Россияда Конституцияга ўзгартишлар бўйича муддатидан аввал овоз бериш 24 июндан 30 июнгача ўтказилган. Овоз беришнинг асосий куни қилиб 1 июль белгиланган ва “дам олиш куни” деб эълон қилинган. Конституцияга ўзгартишлар президент Путин ташаббуси билан қабул қилинмоқда.

Трамп Германиядан 9500 нафар америкалик ҳарбийни олиб чиқиш режасини маъқуллади

АҚШ президенти Дональд Трамп Германиядан 9,5 минг нафар америкалик ҳарбийни олиб чиқиш режасини маъқуллади. Бу ҳақда Пентагон вакили Жонатан Хоффман маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, президент билан келишилган режа Россияни тийиб туришга, НАТОни кучайтиришга кўмаклашади ва АҚШнинг Европадаги операцион имкониятларини яхшилайди.

Қарор АҚШнинг Германиядаги ҳарбий контингенти сони 25 минг нафаргача камайишини англатади. Хоффман ҳарбийларни олиб чиқиш графигига аниқлик киритмаган ва бу ҳарбийлар бошқа мамлакатларга жойлаштириладими-йўқми – буни ҳам айтмаган.

Ўтган ҳафта Польша президенти Анджей Дуданинг Вашингтонга ташрифи чоғида Трамп ҳарбийларнинг бир қисми Польша ҳудудига ташланишини айтган. Пентагон вакиллари эса аскарларнинг айримлари Шарқий Европа давлатларига жойлаштирилишини билдириб, бу орқали Москвага муайян сигнал йўллагандилар.

Трамп Берлинни аввал бир неча бор мудофаа учун етарли харажат ажратмаётганликда ҳамда савдо-сотиқ билан боғлиқ масалаларда АҚШга нисбатан адолатсизлик қилаётганликда айблаган.

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида ўз жонига қасд қилган ўсмирлар кўпайди

2019 йилда Тожикистонда ўзини ўлдирганларнинг 104 нафари ўсмирдир.

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида 2020 йилнинг олти ойида 11 нафар ўсмир ўз жонига қасд қилди. Расман билдирилишича, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан уч баробарга кўпдир.

Ўз жонига қасд қилган ўсмирларнинг ота-оналари фарзандлари нега ўзини ўлдирганини билмасликларини айтмоқдалар.

Психологлар эса депрессия, жавобсиз муҳаббат, ота-она ва тенгдошлари билан конфликт, келажакдан қўрқиш ва ёлғизлик ўсмирларни ўзини ўзи ўлдиришга ундовчи омиллар эканини айтмоқдалар.

Хатлон вилоят расмийларига кўра, ўз жонига қасд қилганларнинг асосий қисми 15-17 ёш атрофидаги ўсмир қизлардир.

Бош прокурор Юсуф Раҳмон 2019 йилда Тожикистонда 632 одам ўз жонига қасд қилганини билдирган. Унга кўра, ўзини ўлдирганларнинг 104 нафари ўсмир, 170 нафари эса 18-25 ёш атрофидаги ёшлардир.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG