Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2020, Тошкент вақти: 06:27

Ўзбекистон хабарлари

Президент академик Бекжон Тошмуҳамедов вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Бекжон Тошмуҳаммедов 1935 йил 27 январда Тошкентда ёзувчи Ойбек хонадонида туғилган.

Президент Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Бош вазир Абдулла Арипов академик Бекжон Тошмуҳамедов вафоти муносабати билан 25 июнь куни таъзия билдирди.

Таъзияномада Бекжон Тошмуҳаммедов таржимаи ҳоли, унинг Ўзбекистон ва жаҳон илм фанига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирилади.

“Б.Тошмуҳамедов АҚШ, Англия, Германия, Франция, Швеция, Дания каби мамлакатларнинг бир неча халқаро илмий марказ ва академияларининг фахрий аъзоси эди. Жонкуяр олим кўплаб истеъдодли ёшларга устозлик қилди. Унинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари етишиб чиқди”, дейилади таъзияномада.

Фанлар академияси 25 июнда Ўзбекистон биофизика фанига асос солган етук олим, академик Бекжон Тошмуҳаммедов 85 ёшида оламдан ўтгани ҳақида маълум қилган эди.

Кун янгиликлари

Ўзбекистонда мактаблар қачон очилиши ҳозирча номаълум

Вазирлик ҳам мактаблар қачон очилишидан хабардор эмас.

Ҳалқ таълими вазирлиги ижтиомий тармоқларда мактаблар қачон очилиши маълум бўлгани ҳақида тарқатилган турли хабарларни инкор қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларнинг айримларида “1—4 ва 11-синфлар 2 сентябрдан, 3—7 ва 9-синфлар 20 октябрдан, 5—8 ва 10-синфлар 5 ноябрдан мактабга бориши”, айримларида эса “10 сентябргача мактаблар очилишига кўрсатма берилгани” ҳақида айтилади.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова “Кун уз”га бу хабарлар асоссиз эканини билдирди.

“Мактаблар қачон очилиши ҳақида якуний қарор махсус комиссия томонидан чиқарилади. Комиссия қарори яқин орада чиқиши керак. Вазирлик ҳам мактаблар қачон очилишидан хабардор эмас. Лекин ўқув йилини бошлаш бўйича ҳозир 3 та сценарий устида иш олиб борилмоқда”, – деб айтган вазирлик расмийси.

1-сценарийга кўра, пандемия ҳолати барқарорлашиб, мактаблар одатий тартибда ўз фаолиятини бошлайди.

2-сценарийга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда болаларда вирус кечиши бўйича хулосаси ижобий бўлмаган тақдирда таълим онлайн тартибда давом эттирилиши мумкин.

3-сценарий гибрид сценарий бўлиб, мактаблар очилади. Мактаблар ҳам синф тизимига ўтказилади. Фақат маълум бир ҳудуд, мактаб ҳолатидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг онлайн дарсларда ёки мактабдаги дарсларда билим олиши давом эттирилади.

Президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров Триатлон ва ММА федерацияси раҳбарлигидан истеъфо берди

Отабек Умаров президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаб келади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров триатлон федерацияси ва Аралаш жанг санъати ассоциацияси - ММА президенти лавозимларидан истеъфо берди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг билдиришича, 14 август куни мазкур федерациялар қўшма йиғилишида Отабек Умаровнинг ўз ваколатларини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилди.

“Мамлакатимиз, бутун халқимиз дунёни ларзага келтирган куч билан тўқнаш келди. Кўриниб турибдики, мавжуд қийинчиликларни енгиш учун ҳар биримиздан катта куч ва ғайрат талаб қилинади. Бундай вазиятда мен давлат хизматини бажариш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар мутлақо янги ҳарактерга эга ва мисли кўрилмаган жавобгарлик даражасига кўтарилганини биламан. Бу менга спорт ташкилотларидаги лавозимимни тарк этишдан бошқа имконият қолдирмайди”, -деб изоҳлаган ўз қарорини Отабек Умаров.

У 2019 йилнинг март ойидан Триатлон федерацияси, 2019 йил ноябрь ойидан Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти лавозимини эгалаб келаётган эди.

Айни пайтда Отабек Умаров ММАнинг Марказий Осиё конфедерацияси раҳбари лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.

Йиғилиш давомида триатлон федерацияси раислигига Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши Котиби Виктор Маҳмудов, ММА ассоциацияси раислигига эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Баҳодир Курбановлар бир овоздан сайланишди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви бўлган Отабек Умаров, бир вақтнинг ўзида, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаб келади.

Бир суткада 7 киши коронавирусдан вафот этди

Коронавирусдан ўлим ҳолатларининг 143таси Тошкент шаҳрида рўйхатга олинди.

Ўзбекистонда сўнги бир суткада расман 7 киши коронавирусдан вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 13 август куни Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилояти 1 нафар, жами 5 нафар бемор вафот этган.

Вазирликнинг 14 август куни эрталаб берган хабарида Шайхонтоҳур туманида яшаган 71 ёшли М.О. (эркак) ҳамда Яккасарой туманида яшаган 51 ёшли У.П. (эркак), жами 2 нафар бемор вафот этгани қайд этилди.

Бу билан шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 218 кишига етди. Коронавирусдан ўлим ҳолатларининг 143таси Тошкент шаҳрида рўйхатга олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 август соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 33 минг 561 кишига етганини билдирди. Беморлардан 27 213 нафари соғайган.

Ҳозирда касалхоналарда 6 130 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 1 340 нафари оғир, 400 нафари эса ўта оғир аҳволда.

БМТ ижтимоий ҳимояга мухтож ўзбекистонликларга кўмак кўрсатиш дастурини бошлади

Дастур диорасида ишсиз ёшлар ва аёллар қўллаб-қувватланади.

COVID-19 оқибатида юзага келган инқирозга қарши кураш доирасида БМТнинг Ўзбекистондаги муассасалари аҳолининг ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож қатламларига бюджети бир миллион АҚШ долларига тенг бўлган қўшма дастурни амалга оширади.

Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган расмий баёнотда билдирилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) раҳбарлиги остида амалга ошириладиган қўшма дастурда БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Халқаро миграция ташкилоти иштирок этади.

Ўзбекистон томонидан эса дастурни амалга оширишда Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ҳамда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, молия, бандлик ва меҳнат муносабатлари, халқ таълими, ички ишлар вазирликлари ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари қатнашади.

Қўшма дастур доирасида “норасмий секторнинг ишсиз қолган меҳнаткашлари, айниқса, ёшлар ва аёллар, шу жумладан, имконияти чекланган аёллар ҳамда аёл раҳбарлик қилаётган оилаларга техник ва моддий қўллаб-қувватланади”.

Бундан ташқари қуролли можаро ҳудудларидан қайтариб келинган оилалар ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган болаларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилади.

Бошпана бериш, "қайноқ линиялар"ни ишга тушириш ҳамда ахборот-тарғибот тадбирларини фаол амалга ошириш орқали хотин-қизлар ва гендер зўравонлиги қурбонларини инклюзив тарзда ҳуқуқий, ижтимоий-руҳий ва тўғридан-тўғри қўллаб-қувватланади.

Хориждан қайтган ва ҳимояга муҳтож бўлган меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-иқтисодий, психологик ва ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам берилади.

Барча туман ва шаҳарларда кимё ва биология мактаблари ташкил этилади

Барча ҳудудларда жами 164 мактаб ташкил этилади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кимё ва биология мактаблари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Мирзиёев имзолаган “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилди.

Қарорга асоан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ушбу мактаблар мақомига мослаштирилади.

Бундан ташқари республика туман ва шаҳарларида босқичма-босқич кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаб ташкил этилади.

Бу мактабларнинг барчаси кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш учун олий таълим муассасаларининг 55 та кафедрасига бириктирилади.

Қарорда “ишлаб чиқариш тармоқлари учун ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш тизимини самарали йўлга қўйиш юзасидан кимё ва биология йўналишларига тегишли мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 47 та профессионал таълим муассасаларига ишлаб чиқариш корхоналарини бириктириш” ҳам назарда тутилган.

Физикадаги янги илмий йўналиш асосчиси бўлган академик Тельман Ражабов вафот этди

Тельман Ражабов 1935 йил 15 августда Самарқанд шаҳрида туғилди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Тельман Ражабов шу йил 12 августда 85 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев Тельман Ражабовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Материалшунослик физикаси, илмий асбобсозлик ва микроэлектронлар техникаси соҳасидаги таниқли олим бўлган Тельман Ражабов 1935 йил 15 августда Самарқанд шаҳрида туғилди.

1959 йили Н.Бауман номидаги Москва техника университетини тугатиб, кейинчалик мазкур университет аспирантурасида таҳсил олди.

1966 йили номзодлик, 1980 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

“Тельман Ражабов мамлакатимизда физикавий материалшунослик ва микроэлектроникани илмий асбобсозликда қўллаш илмий йўналишининг асосчиси сифатида танилди. Ушбу соҳанинг долзарб илмий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб мақола ва тадқиқотлари, монография ва рисолалари юртимиз ва чет эл илмий жамоатчилигининг эътирофига сазовор бўлди”, -дейилади президент расмий сайтида эълон қилинган ҳамдардлик матнида.

Академик Т.Ражабов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.

Ўзбекистон, АҚШ ва Афғонистон хавфсизлик масаласини муҳокама қилди

Йиғилишда COVID-19 оқибатларини бартараф этиш масаласи муҳокама этилди.

Ўзбекистон-АҚШ-Афғонистон уч томонлама ҳамкорлик шаклининг 12 августда бўлиб ўтан Хавфсизлик бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилишида COVID-19 оқибатларини бартараф этиш, терроризм ва наркотрафикка қарши курашишда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳлкама қилинди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, йиғилиш видеоалоқа воситасида ўтказилган.

Уч томонлама ҳамкорлик йиғилишида томонлар коронавирус инфекциясининг минтақавий ва глобал хавфсизликка таъсирини муҳокама қилган.

Бундан ташқари, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, аёлларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларнинг сифатли таълим олиши борасидаги муаммоларни ҳал қилиш механизмлари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон—АҚШ—Афғонистон уч томонлама ҳамкорлик шаклининг биринчи йиғилиши май ойи охирларида видеоконференция шаклида ўтказилган эди.

Биринчи йиғилишда COVID-19 пандемияси муносабати билан Афғонистонга кўмак кўрсатиш масаласи муҳокама қилинган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси журналист Бобомурод Абдуллаев тақдиридан хавотир изҳор қилди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг қирғиз расмийлари томонидан Тошкент сўрови асосида қўлга олинганига оид хабарлардан чуқур хавотирда эканини билдирди.

“Биз унинг ишини диққат билан кузатиб турибмиз”, деб ёзди АҚШ элчиси Твиттердаги ўз саҳифасида 13 август куни.

Жаноб Розенблюмга кўра, Қирғизистон ҳукумати ҳам, Ўзбекистон ҳукумати ҳам Б. Абдуллаевнинг ҳаракатланиш эркинлигини ҳурмат қилиши ҳамда унинг Қирғизистон Республикасидан кўзлаган манзили томон чиқиб кетишига имкон яратиши лозим.

Бобомурод Абдуллаев мавзусига дахлдор учинчи твитида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Д. Розенблюм президент Мирзиёев ўтган йил декабрида Конституция куни муносабати билан ҳамда ундан кейин бир неча бор ирод қилган нутқларида оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида маънодор гапларни айтганини эслатиб, Қўшма Штатлар эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари амалдаги демократия учун зарурий, деган фикрга қўшилишини урғулаган.

Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинганди. МХДҚ журналистнинг Ўзбекистон сўровига кўра ушланганини билдирган.

10 август куни Бишкекнинг Биринчи май суди Б. Абдуллаевни 8 сентябргача ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган. Суд қарорига кўра, журналист бу муддат ичида МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида ушлаб туриладиган бўлган.

Душанба кунги суд олдидан Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик журналистларга ўзбек расмийлари томонидан “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган шахс сифатида гумонланаётганини айтган, бироқ ўзининг бу тахаллус билан мақолалар ёзганини қатъиян рад этган. Айни пайтда “Қора мерган”нинг Телеграм тармоғидаги аккаунти Б. Абдуллаев қўлга олинганидан кейин ҳам фаолият кўрсатишда давом этмоқда.

Бобомурод Абдуллаевнинг қўлга олиниши ортидан “Чегарасиз мухбирлар” (RSF), Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now, Norwegian Helsinki Committee (NHC), Human Rights Watch (HRW) ҳамда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) каби нуфузли ташкилотлар расмий Бишкекни ўзбекистонлик журналистни зудлик билан озод қилишга чақирганлар.

Беш ёшли қизини ўлдирган ота-онага ҳукм ўқилди. Она қизини ўлдирганини тан олмади

Маҳаллий матбуотнинг 13 август куни хабар беришича, Тошкентда 5 ёшли қизини уриб ўлдирган она ва унга жасадни дала ҳовли ўчоғида ёқиб ташлашга ва кейин жасад қолдиқларини Чирчиқ дарёсига улоқтиришга кўмаклашган ўгай отага нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Хабарда айтилишича, 2019 йил 24 октябрь куни она иккинчи турмушидан бўлган 1,5 ёшли боласининг бошини ҳожатхона сувига солиб азоблаган. Буни унинг биринчи турмушидан бўлган 5 ёшли қизи қўриб қолган.

Бундан “жаҳли чиққан она бор кучи билан болани муштлаб уриб, оғир тан жароҳатлари етказган”. Қизалоқ ўша куни соат 17:00 ларда вафот этган.

Бундан қўрқиб кетган “она” шаърий никоҳидаги эрини кўмакка чақирган ва улар жасадни эртаси куни соат 05:00 лар атрофида Бўстонлиқ туманидаги дала ҳовлига келиб ўчоқда ёққан.

Жасад охиригача ёнмагач, мурда қолдиқларини йўқотиш учун уни Чирчиқ дарёсига оқизиб юборишган.

Орадан 10 кун ўтиб эса, набирасини йўқлаган бувисига қизалоқ йўқолиб қолганини айтишган.

Буви милицияга ариза ёзган. Орадан 10 ой ўтиб Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида жиноятчи эр-хотинга нисбатан ҳукм ўқилди.

Суд ҳукмига кўра, аёлга 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг эри эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Судда она ўз айбини тан олмаган. 5 ёшли қизалоқнинг мурда суяклари аёлнинг онасига дафн этиш учун берилган.

Тошкент шаҳрида коронавирусдан шу кунгача 140 киши вафот этди

Ўзбекистон бўйича коронавирусдан расман 215 киши вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 13 август соат 17:00да билдиришича, ярим кун давомида Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшаган 59 ёшли Х.А. (аёл) ҳамда Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли Н.И. (аёл) коронавирусдан вафот этди.

Бу билан Тошкент шаҳрида коронавирусдан вафот этганлар сони расман 140 кишини, Ўзбекистон бўйича эса 215 кишини ташкил қилди.

Вазирлик 13 август соат 10:00да Шайхонтоҳур туманида яшаган 63 ёшли Д.А. (аёл) ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 66 ёшли Х.Э. (аёл) коронавирусдан вафот этганини билдирган эди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 13 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 33 093 нафарни ташкил этмоқда.

Тузалган беморлар сони 26 270 нафарга етди. Касалхоналарда 6 608 нафар бемор даволанмоқда.

“Чегарасиз мухбирлар” Бобомурод Абдуллаевни озод қилишга чақирди

Журналист Бобомурод Абдуллаев 9 августда Бишкекда қўлга олинган эди.

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти (RSF) қирғиз расмийларини ўзбекистонлик журналист ва RSF тадқиқотчиси Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Халқаро ташкилот баёнотига кўра, “Чегарасиз мухбирлар” Бобомурод Абдуллаевни Германияга олиб кетиш ҳаракатида бўлган пайтда ўзбек журналисти Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан расмий Тошкент сўровига биноан қўлга олинган.

Б. Абдуллаев RSF ошиғич кўмак дастури стипендианти бўлиб ҳисобланади ва унинг ҳибсга олиниши ўзбекистонлик журналистнинг Германияга кетиб, режалаб қўйилган ўқишини давом эттиришига монеълик қилган.

“Бобомурод Абдуллаев гўё “Қора мерган” тахаллуси остида ўзбек расмийлари ҳақида танқидий мақолалар ёзгани учун ҳибсга олинибди, у бу иддаони рад қилмоқда. Биз Қирғизистон расмийларини уни зудлик билан озод қилиб, хавф-хатарсиз Германияга етиб олишига имкон беришга чақирамиз. Уни ҳеч бир вазиятда Ўзбекистонга экстрадиция қилиб бўлмайди, чунки у ерда журналист учун қамоқ ва қийноқлар таҳдиди мавжуд”, - деди “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти вакили Михаэль Редиске.

Ташкилот вакилларига кўра, Б. Абдуллаев Ўзбекистонни 2019 йилнинг ноябрь ойида тарк этган ва Берлинда RSFнинг ошиғич кўмак дастури доирасида уч ой ўқиган.

Кейин у Бишкекда жойлашган Марказий Осиёдаги Америка университетида ўқий бошлаган ва коронавирус пандемияси туфайли Қирғизистондан кета олмаган.

RSF ошиғич кўмак дастури унинг Германияга муваффақият билан қайтишида ёрдам беришга уринганига қарамай, у 9 август куни Бишкекда қўлга олинган.

10 август куни Қирғизистон пойтахтидаги Биринчи май туман суди Бобомурод Абдуллаевни 8 сентябргача ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган.

Суд қарорига кўра, журналист бу муддат ичида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасинининг тергов ҳибсхонасида сақланади.

10 августдаги суд олдидан Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик журналистларга ўзбек расмийлари томонидан “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган шахс сифатида гумонланаётганини айтган, бироқ ўзининг бу тахаллус билан мақолалар ёзганини қатъиян рад этган.

Айни пайтда “Қора мерган”нинг Телеграм тармоғидаги аккаунти Б. Абдуллаев қўлга олинганидан кейин ҳам фаолият кўрсатишда давом этмоқда.

Бобомурод Абдуллаев аввал ҳам YouTube видеопорталидаги ўз каналида айрим блогер ва ёзувчилар уни “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган киши ўлароқ гумон қилаётганларини, бироқ ўзининг у одам эмаслигини таъкидлаб, чиқиш қилганди.

Қайд этилишича, журналист Б. Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш”) ва 159-моддасида (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Аввалроқ Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now ва Norwegian Helsinki Committee (NHC) каби нуфузли ташкилотлар қўшма баëнот тарқатиб, Б. Абдуллаевга қўйилаëтган айбларнинг “уюштирилган”и¸ у Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда уни қийноқ ва 20 йилгача қамоқ жазоси кутаëтганини билдирган эдилар.

Бундан ташқари, қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) ҳам Бишкек ҳукуматини Ўзбекистон хавфсизлик кучлари қўлида бундан олдин ҳам қийноққа солинган мустақил журналистни Ўзбекистонга бериб юбориш оқибатларидан огоҳлантирган.

Коронавирусга чалинганлар сони 33 минг кишига яқинлашди

Коронавирус инфекциясига чалинган 25 659 нафар бемор тузалди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 13 август соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 183 кишига кўпайди ва 32 837 нафарни ташкил этмоқда.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 113 нафари Тошкент шаҳрида, 31 нафари Самарқанд вилоятида, 11 нафари Наманган вилоятида, яна 11 нафари Сирдарё вилоятида, 9 нафари Қашқадарё вилоятида ҳамда 8 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, -дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Шу билан бирга, коронавирусга чалинган Шайхонтоҳур туманида яшаган 63 ёшли Д.А. (аёл) ҳамда Зангиота туманида яшаган 66 ёшли Х.Э. (аёл) бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 213 кишига етди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 25 659 нафар бемор тузалди ва соғайиш даражаси 78 фоизни ташкил этди.

Ҳозирда касалхоналарда 6 965 нафар бемор қолмоқда. Улардан 1 375 нафари оғир, 410 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Масжидлар ишлай бошлайди, аммо жума намозлари ўқилмайди

Коронавирус пандемияси муносабати билан диний ташкилотлар фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.

Ўзбекистонда 17 августдан бошлаб диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар фаолиятига рухсат берилади. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг 12 августдаги қарорида қайд этилди.

Қарорда айтилишича, диний ташкилотлар ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда ишлаши мумкин.

Аммо қарор билан диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилади.

Коронавирус пандемияси муносабати билан диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.

Коронавирусдан вафот этганлар сони 211 кишига етди

12 август куни Ўзбекистонла 671 ҳолатда касаллик қайд этилган.

12 август куни кун давомида Тошкент шаҳрида яна беш бемор коронавирус оқибатида вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининиг билдиришича, бу билан Ўзбекистонда вафот этганлар сони 211 кишига етди. Уларнинг 137 нафари Тошкентда даволанаётган беморлардир.

Коронавирусдан ўлим ҳолатлари юзасидан эса иккинчи ўринда Тошкент вилояти турибди. Вилоятда шу кунгача 23 киши вафот этган.

Вазирликнинг билдиришича, 12 август куни Ўзбекистонла 671 ҳолатда касаллик қайд этилган.

Бош прокуратура Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинганини тасдиқлади

Бош прокуратура Бобомурод Абдуллаев қўлга олинганидан беш кун ўтиб расмий маълумот берди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 13 август куни Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олинганлиги юзасидан маълумот берди.

“Ўзбекистон Республикасининг сўровига асосан, 22.01.1993 йилдаги “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Б.Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Ҳозирги кунда унинг Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниши масаласи ҳал қилинмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.

Бобомурод Абдуллаев қўлга олинганидан беш кун ўтиб тарқатилган бу расмий хабарда журналистга қандай айблар қўйилаётгани ёки қандай жиноятларда гумонланаётгани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.

Журналист Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Бобомурод Абдуллаевнинг Бишкекда ҳибсга олингани хабари чиқиши ортидан бир гуруҳ нуфузли халқаро ташкилотлар қирғиз ҳукуматига мурожаат қилиб¸ уни зудлик билан озод этишни сўради.

Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now ва Norwegian Helsinki Committee (NHC) гуруҳларининг қўшма баëнотида Абдуллаевга қўйилаëтган айбларнинг “уюштирилан”и¸ у Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда уни қийноқ ва 20 йилгача қамоқ жазоси кутаëтгани айтилган.

Бош вазир Сўхга борди. Сўх-Фарғона-Сўх авиақатнови бир ой ичида ташкил этилиши ваъда қилинди

Авиақатнов "Ан-2" самолёти ва "Ми-8" вертолёти воситасида амалга оширилади.

Фарғона шаҳри ва Сўх тумани ўртасида йўловчи ташувчи самолёт ва вертолётлар қатнайди. Бу ҳақда 12 август куни Фарғона вилояти Сўх туманига борган бош вазир Абдулла Арипов туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Ариповнинг билдиришича, Сўх туманидаги “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бир ой ичида кичик аэропорт ташкил этилади. Бу ердан Humo Air авиакомпаниясининг “Ан-2” самолёти ҳамда Uzbekistan Helicopters компаниясига қарашли “Ми-8” вертолёти ҳар куни 2 марта Фарғонага ва Сўхга парвоз қилади.

“Ан-2” самолёти 12 нафар йўловчи сиғимига, “Ми-8” вертолёти 16 нафардан 20 нафаргача йўловчи сиғимига эга. Йўловчилар 35—40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади.

Хабарда айтилишича, талабга қараб кейинчалик рейслар сони ҳам кўпайтирилади.

Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади.

2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.

Жорий йилнинг май ойи охирида Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Чечме қишлоғи аҳли ўртасида булоқ суви талашидан жанжал келиб чиққан эди.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлгани расман билдирилган.

Шаҳарларда 15 августдан автотранспорт, 17 августдан шаҳарлараро қатновлар, 20 августдан бозорлар фаолиятига рухсат берилади

17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови тикланади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 12 августда ўтган видеоселектор йиғилишида кўрсатма берди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади.

Белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади.

17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши белгиланди.

20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлайди.

Йиғилишда Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.

Ўзбек муҳожирлари Россияда Ўзбекистон бюджети ҳисобидан рус тили ва касб-ҳунарга ўргатилади

Россияда меҳнат қилаётган ўзбек мигрантларидан бири.

Россия Федерациясида меҳнат муҳожирлигида бўлган Ўзбекистон фуқароларини 2020 йил 1 сентябрга қадар касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш ташкил этилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мутассадди ташкилотларга кўрсатма берди.

Қарорга асосан, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда уч ой муддатда Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Новосибирск шаҳарларида ва бошқа ҳудудларда давлат ҳамда нодавлат таълим муассасалари ва марказлари билан таълим масканларини ташкил этиши шарт.

Бу таълим масканларида “мазкур ҳудудларда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилга, айниқса кечки пайт (иш вақтидан кейин) ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан ўқитиш учун жой, ўқув қўлланма ва ўқув қуроллари билан таъминлаш бўйича ўзаро келишувлар тузиш” қарорда белгилаб қўйилди.

Қарорда таъкидланишича, бу ишни амалга оширишда мутасадди ташкилотлар Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН), “Молодые профессионалы (Ворлдскиллс Россия) иттифоқи ҳамда “бошқа таълим ва касбий малакани баҳолаш муассасалари билан кенг ҳамкорлик ўрнатиши” лозим.

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясида касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш харажатларини Вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш назарда тутилсин”, -дейилади қарорда.

Ўзбекистонда аҳолининг камида 4 миллиони қашшоқ экани расман тан олинди

Республика аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистонда аҳолининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда. Бу ҳолат президентнинг “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида эътироф этилди.

“Республика аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда. Иқтисодий фаол аҳолининг 9,0 фоизи ёки 1,4 миллионга яқин киши ишга муҳтож, аёллар ва ёшлар ўртасида ушбу кўрсаткич мос равишда 12,5 ва 14,9 фоизни ташкил қилмоқда. Аксарият камбағал ва ишсиз фуқароларнинг касбий малака даражаси ҳозирги меҳнат бозори талабларига тўғри келмайди”, - дейилади қарорда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қарорда камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорликка ўқитишга қаратилган умуммиллий тизим жорий этилиши назарда тутилган.

Бунинг учун Қоракалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилади.

Бундан ташқари ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолият юритади.

Тошкент шаҳрининг туманларида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги ўрта махсус таълим муассасаларида ишсиз ёшлар, хотин-қизлар ҳамда ўз малакасини оширмоқчи бўлган фуқаролар учун ташкил этиладиган қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари иш бошлайди.

Маҳалла гузарларида, маҳалла ҳудудларидаги ўқув муассасалар, корхона ва ташкилотлар, ташаббускор тадбиркорлик субъектлари биноларида, бошқа бўш турган жойларда ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарларга ўқитиш марказлари ҳузурида ташкил этилган маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади.

Коронавирусдан ўлганлар сони 208 кишига етди. 1700дан ортиқ беморнинг аҳволи оғир

Ҳозирда 7 917 нафар бемор касалхонада қолмоқда.

Сўнгги 12 соат давомида Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшаган 61 ёшли Ш.А. (аёл) ҳамда Яшнобод туманида яшаган 55 ёшли Б.А. (эркак) коронавирусдан вафот этди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 208 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 августда кун давомида коронавирусдан 6 киши ўлганини билдирган эди. Уларнинг 5 нафари Тошкент шаҳридан, 1 нафари Тошкент вилоятидан.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 12 август соат 10:00 ҳолатига кўра 32 215 нафарни ташкил этди. Бу 11 август соат 23:30даги кўрсаткичдан 232 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 155 нафари Тошкент шаҳрида, 23 нафари Самарқанд вилоятида, яна 23 нафари Бухоро вилоятида, 15 нафари Сирдарё вилоятида, 6 нафари Тошкент вилоятида, яна 6 нафари Қашқадарё вилоятида ҳамда 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”,-дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 24 090 нафар бемор тузалиб, соғайиш даражаси 75 фоизга етди. Ҳозирда 7 917 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 1308 нафари оғир, 428 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун 500 миллион доллар ажратади

“Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 659 миллион 300 минг АҚШ долларига тенг.

Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 августда имзолаган “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилди.

Қарорда таъкидланишича, “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 659 миллион 300 минг АҚШ долларига тенг. Бу маблағнинг 159 миллион 300 минг доллари Ўзбекистоннинг улушидир.

Мазкур лойиҳа доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулот етиштириш, экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш каби қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов коронавирусга чалинганини маълум қилди

Вазир бу ҳақда 12 август куни ўзининг Telegram каналида билдирди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов COVID-19га чалиниб даволаниб чиққани ва ҳозирда уй шароитида реабилитациядан ўтаётганини маълум қилди.

Вазир 12 август куни ўзининг Telegram каналида қолдирган постида, таъмирлаш ишлари қандай кетаётганини билиш учун мактабларга борганида коронавирусни юқтириб олган бўлиши мумкинлигини таҳмин қилди.

Шерзод Шерматовнинг ёзишича, у биринчи ҳафта шифокор маслаҳати билан уйда даволанишга ҳаракат қилган. Лекин бир ҳафтадан кейин, тана ҳарорати яна кўтарилиб кетгач шифохона шароитида даволанишга ўтган. Вазир коронавирусни даволашга ихтисослаштирилган Семашко санаториясида даволанган.

Шерзод Шерматов коронавирусга чалингани маълум қилинган Ўзбекистондаги биринчи вазир бўлди.

Хорижга рухсатномасиз олиб чиқиш мумкин бўлган нақд валюта миқдори кўпайтирилди

Ҳозирги кунда Ўзбекистондан рухсатномасиз 5000 долларгача миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқиш мумкин.

Ўзбекистондан 1 сентябрдан бошлаб хорижга рухсатномасиз ва декларациясиз 9750 долларни нақд пул кўринишида олиб чиқишга рухсат берилади. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси 10 августда қарор қабул қилди.

Қарорга асосан, жисмоний шахслар мамлакатдан 100 миллион сўмгача эквивалентдаги нақд хорижий валютани ҳеч қандай рухсатномасиз олиб чиқиш мумкин, Бундан ташқари 70 миллион сўмгача бўлган эквивалентдаги маблағ учун декларация талаб қилинмайди.

Айни пайтда 100 миллион сўм 9750 долларга, 70 миллион сўм эса 6800 долларга тенг.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондан рухсатномасиз 5000 долларгача, декларациясиз эса 2000 долларгача миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқиш мумкин.

Коронавирусга қарши кураш учун россиялик врачлар гуруҳи келади

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко.

Коронавирусга қарши курашга кўмаклашиш учун Ўзбекистонга яқин кунларда россиялик врачлар жўнатилади. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко 10 август куни ўтган коронавирусга қарши кураш мувофиқлаштириш кенгаши президиумида маълум қилди.

“Известия” газетасининг хабар беришича, вазир Россия врачлари Қозоғистонда коронавирусга қарши курашда ўз миссиясини муваффақиятли бажарганларини ва эндиликда Ўзбекистонга боришга тайёргарлик кўраётганларини айтган.

Хабарда Россия врачлари Ўзбекистонга қачон келиши ва бу масалада Ўзбекистонда кимлар билан музокаралар олиб боргани айтилмаган.

Июль ойи охирида Мурашко Россияда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцинани Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга етказиб бериш масаласида музокаралар бошланганини билдирган эди.

Тошкентда коронавирусдан вафот этганлар сони 131 кишига етди

Коронавирусдан вафот этганлар сони Ўзбекистон бўйича 204 кишига етди.

Тошкентда коронавирусдан, 11 август соат 17:00 ҳолатига кўра, яна икки киши вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Мирзо Улугбек туманида яшаган 63 ёшли Ш.Й. (аёл) ҳамда Шайхонтоҳур туманида яшаган 57 ёшли Х.Қ. (эркак) вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 август куни Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 2 нафар бемор вафот этганини билдирган эди.

Вазирликнинг 11 август куни эрталаб берган маълумотида Юнусобод туманида яшаган 60 ёшли А.А. (эркак) ҳамда Олмазор туманида яшаган 60 ёшли А.М. (эркак), жами 2 киши коронавирусдан ўлгани қайд этилган.

Бу билан Тошкент шаҳрида коронавирусдан вафот этганлар сони 131 кишига, Ўзбекистон бўйича 204 кишига етди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG