Линклар

Шошилинч хабар
13 август 2020, Тошкент вақти: 07:01

Халқаро хабарлар

Рамзан Қодиров Путинни “умрбод президент” қилиш таклифи билан чиқди

Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Владимир Путинни Россиянинг “умрбод президенти” қилиш таклифини ўртага ташлади. Республика раҳбарияти билан ўтказилган ва видеоси ижтимоий тармоқларда тарқатилган кенгашда Қодиров Россиянинг амалдаги президенти ҳақида “Унинг ўрнини ким ҳам боса оларди? Бунақа сиёсий лидер дунё миқёсида йўқ”, деган.

Қодировга кўра, Чеченистон Путин даврида гуллаб-яшнаган. Видео сўнгида Чеченистон раҳбари республика аҳолисини “сайловга бориб, овоз бериш”га чақирган – афтидан, бу ерда Россия Констутуциясига ўзгартишлар киритиш бўйича овоз бериш назарда тутилмоқда.

Мазкур ўзгартишлар бўйича овоз бериш 1 июль куни поёнига етади. Овоз беришга қўйилган ўзгартишлардан бири Путиннинг аввалги президентлик муддатларини нолга туширишни кўзда тутади - ўзгартишлар қабул қилинган тақдирда амалдаги президент қайта сайланишлар билан бирга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиши мумкин бўлади.

Аввалги сайловларда Чеченистонда сайловчилар давомати 90 фоиздан ошган. Участкаларда мустақил кузатувчилар деярли бўлмаган, мухолифат вакиллари бу республикада ўтказилган сайлов натижаларига ишонмайдилар.

Қодиров 2018 йилдаги президент сайлови олдидан ҳам Путин Россияни “умрбод бошқариши” тарафдори эканини айтган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Конституциясида умрбод президент лавозими кўзда тутилмаганини билдирган.

Кун янгиликлари

Тожикистон пойтахтида Россия фуқаролари норозилик акциясини ўтказди

Элчихона олдига 50 нафардан кўпроқ норози йиғилган.

Россиянинг ўнлаб фуқаролари 12 август куни Душанбедаги рус элчихонаси олдида норозилик акциясини ўтказди. Улар Россия ҳукуматидан ўзларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини талаб қилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати маълум қилди.

Норозиларга кўра, улар коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ва давлатлараро қатновлар тўхтатилгани сабабли бер неча ойдан бери Тожикистонни тарк этиша олмаяпти.

Хабарда айтилишича, элчихона олдига 50 нафардан кўпроқ норози йиғилган. Элчихона қўриқчилари уларни тарқатишга ҳаракат қилган. Бироқ норозилар дипломатлардан бири улар билан учрашишини талаб қилган. Шундан сўнг консулхона ходимларидан бири йиғилганлар билан учрашган.

Россия ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 27 мартда вақтинчалик тўхтатилган эди. Ўшандан бери Россиянинг бир неча юз фуқароси Тожикистонни тарк эта олмаяти.

Тожикистон фуқаролик авиацияси раҳбари Икром Субхонзода 27 июлда ўтган матбуот анжуманида Москва Душанбе билан авиақатновларни тиклашга рози бўлганини билдирган. Бироқ шу кунгача бу ваъда амалга ошмади.

Беларусда норозиларга қарши ўқ отилди

Беларусда камида 5 минг норози қўлга олинган.

Беларус ҳукумати 9 августда ўтган президентлик сайлови натижаларига қарши чиққан норозилик намойиши иштирокчиларига ўқотар қуролдан ўқ отилганини тан олди.

Ички ишлар вазирлигининг 12 августда маълум қилишича, Брест шаҳрида норозилар полициячиларга темир тўқмоқлар билан ҳужум қилган. Шундан сўнг полиция ўқотар қуролдан ўқ отган ва оқибатда бир норози яраланган. Вазирликнинг билдиришича, дастлаб полициячилар ҳавога қарата ўқ узган.

”Аммо агрессив кайфиятдаги одамлар таҳдидни тўхтатмагани ортидан полициячилар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўқотар қуролдан ўқ узган. Оқибатда ҳужум қилганлардан бири яраланди”, -дейилади расмий маълумотда.

Беларус Ички ишлар вазирлиги норозиларга қарата ўқотар қуролдан ўқ узилгани ҳақида биринчи марта маълумот берди.

Бундан аввал уларга қарши шовқинли гранаталар ва резина ўқлар қўлланилгани билдирилган эди.

Ички ишлар вазирлиги 11 август куни Беларуснинг 25 шаҳрида Лукашенкога қарши намойишлар бўлганини билдирди. Бир кун олдин вазирлик намойишчилардан бири полиция билан тўқнашувда ҳалок бўлгани, 5 минг норози қўлга олингани ва 200 киши жароҳатланиб, касалхоналарга ётқизилганини билдирган.

Беларусда президент сайлови ғолиби амалдаги президент Александр Лукашенко бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган эди.

Сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган номзоднинг штаби Тихановская Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш натижаларини тан олмаслигини билдирган.

Байден АҚШ вице-президентлигига Камала Харрис номзодини кўрсатди

Камала Харрис Калифорния штати бош прокурори ва Сан-Франциско округ прокурори лавозимларида ишлаган.

АҚШ президентлигига демократлардан номзод Жо Байден 11 август куни Калифорниядан сенатор Камала Харрис номзодини вице-президентликка кўрсатди.

55 ёшли Харрис АҚШ тарихида номзоди вице-президентликка кўрсатилган биринчи”рангли” аёл бўлди.

Бу хабардан бир неча дақиқа ўтгач, президент Дональд Трамп Твитер саҳифасида Байденнинг бу танловини танқид қилди. Трамп Харрисни “сохта сиёсатчи” ва “радикалларни қўллаб-қувватлаш”да айблади.

Обама президентлиги даврида саккиз йил вице-президент лавозимида ишлаган Жо Байден март ойида вице-президентлик номзодига аёл номзодини кўрсатишини билдирган эди.

Отаси ямайкалик, онаси ҳинду бўлган Камала Харрис сенаторликка сайлангунига қадар Калифорния штати бош прокурори ва Сан-Франциско округ прокурори лавозимларида ишлаган.

Байден АҚШда 3 ноябрда ўтадиган президентлик сайловида Трампнинг асосий рақиби ҳисобланади. Сўнгги ижтимоий сўров натижаларига қараганда, Байден президентлик пойгасида Трампдан 10 фоиз кўпроқ тарафдорларга эга бўлмоқда.

ЕИ Беларус ҳукумати вакилларига санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирди

Минскдаги норозилик намойиши иштирокчиси.

Европа Иттифоқи норозилик намойиши иштирокчиларига куч қўллаш, асоссиз ҳибслар ва сайлов натижаларини сохталаштириш учун масъул бўлган Беларус ҳукумати вакилларига нисбатан санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирди.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Борел 11 август куни берган баёнотда Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайлови демократик тамойилларга зид бўлгани ва эркин, ҳолис, ҳалол бўлмагани таъкидланди.

Баёнотда Беларус ҳукумати норозиларга қарши ҳаддан ташқари куч ишлатаётгани, бунинг оқибатида бир одам ўлгани ва кўплаб одамлар жароҳатлангани қайд этилган.

ЕИ Беларусни барча қўлга олинганларни ҳеч қандай шартларсиз ва зудликда озод қилишга чақирди.

Баёнотда ЕИ билан Беларус ўртасидаги муносабатлар 2015 йилда яхшилангани, бироқ энди муносабатлар яна совуқлашиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Беларусда президент сайлови ғолиби амалдаги президент Александр Лукашенко бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган норозилик намойишлари 12 августга ўтар кечаси ҳам давом этди.

Ички ишлар вазирлиги 11 августга ўтар кечаси полиция билан содир этилган тўқнашувларда бир норози ҳалок бўлганини маълум қилди.

Минскда Лукашенкога қарши намойишлар учинчи кун давом этмоқда

Минскда норозиларни қўлга олиш пайти.

Минскда Александр Лукашенко президентлик сайловида ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланган намойишлар учинчи кун давом этмоқда. Полиция 12 августга ўтар кечаси ҳам норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Полиция томонидан норозилик намойишини ёритаётган журналистлар ҳам калтакланди. Жумладан, 11 август куни кечқурун полиция ходимлари Би-би-си радиосининг уч ходимига ҳужум қилиб, уларни калтаклаган. Аммо журналистларни қўлга олган эмас.

Намойишларнинг учинчи куни аввалгиларидан анча фарқ қилгани кузатилди. 10 ва 11 август кунлари норозиларнинг асосий қисми майдонларга йиғилган бўлса, 12 августга ўтар кечаси ёшлар бир неча ўн кишилик гуруҳларга бирлашиб, шаҳар кўчаларида юриш қилдилар.

Улар полицияни кўриши биланоқ ҳар тарафга тарқалиб, яқин атрофдаги кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига кириб яширинган. Полиция кетиши билан яна намойишни давом эттирган.

Полиция Каменная Горка майдонида норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Москвада яшаётган беларуслар Беларус элчихонаси олдида “Узурпатор судлансин”, деган шиор остида акция ўтказдилар.

Путин Россия коронавирусга қарши вакцина кашф этганини эълон қилди. Доришунослар норози

Россия COVID-19га қарши ишлаб чиққан эм дори.

Президент Владимир Путин 11 август куни Россия COVID-19га қарши вакцинани жаҳонда биринчи бўлиб рўйхатдан ўтказганини эълон қилди.

Путин бу ҳақда ҳукумат йиғилишида баёнот берди. Унга кўра, қизларидан бири бу вакцинани ўзида синаб ҳам кўрган.

Аввалроқ Россия фармацевтика ширкатларини бирлаштирган Клиник тадқиқотлар ўтказувчи ташкилотлар ассоциацияси Саломатликни сақлаш соҳасини назорат қилиш федерал агентлиги - Росздравнадзорга COVID-19га қарши ишлаб чиқарилган эм дорисини рўйхатга олишни вақтинчалик кечиктириш таклифини киритган эди.

Мутахассислар бу дорини синаб кўришнинг учинчи босқичи ниҳоясига етмаганини бунга сабаб ўлароқ кўрсатишган. Аммо Росздравнадзор бу таклифни инобатга олмади.

Дори-дармон ширкатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигини “Россия вакцинасини улуғламасликка”, чунки бунга муқобил тарзда жаҳонда яна 26та эм дори ишлаб чиқарилаётганига ва улардан олтитаси бир неча ўн минг кишида синаб кўрилганига эътибор қаратишга чақирган.

Россия бу вакцинани ишлаб чиқаришни 2021 йилнинг 1 январидан бошламоқчи.

Тожикистон транспорт вазири ўз жонига қасд қилди

Худоёр Худоёрзода Тожикстон транспорт вазири лавозимида 2017 йилдан бери ишлаб келмоқда.

Тожикистон транспорт вазири Худоёр Худоёрзода ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилди, бироқ оила аъзолари уни ўз вақтида касалхонага олиб бориб, жонини омон сақлаб қолишди.

Бош прокуратура вазир 11 август куни эрталаб оилавий жанжал оқибатида ўз жонига қасд қилганини билдирди.

Расмий маълумотда айтилишича, 62 ёшли Худоёр Худоёрзода ўзига ўзи пичоқ урган. Шундан сўнг оила аъзолари унга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиб, кейин касалхонага етказганлар.

Айни пайтда “Истиқлол” касалхонасига ётқизилган вазир жарроҳлик амалиётидан ўтказилган. Унинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.

Мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши очилиб, тергов олиб борилмоқда. Худоёр Худоёрзода Оператор транспорт вазири лавозимида 2017 йилдан бери ишлаб келмоқда.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Тихановская Беларусни тарк этди

Тихановская телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаган.

Беларус президентлигига сайловда амалдаги президент Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская Беларусни тарк этди ва айни пайтда Литвада бўлиб турибди. Бу ҳақда Твиттерда Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс маълум қилди.

У Тихановскаянинг нега Беларусни тарк этгани сабабларини очиқламади. Беларус ҳукумати ҳам, Тихановскаянинг ўзи ҳам бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

10 август куни Тихановская Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш натижаларидан норози эканини билдириш учун ариза топширгани борган ва кейин йўқолиб қолган эди.

Унинг тарафдорлари матбуотга Тихановская Марказий сайлов комиссияси биносида мажбурий тарзда ушлаб турилгани ҳақида билдиргандилар. Бироқ Марказий сайлов комиссияси Тихановская аризани топширгани ва ҳеч қандай тўсиқсиз бинони тарк этганини билдирган.

Тихановская телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаган. Тунга яқин Тихановская телефон орқали алоқага чиққан, аммо ўзининг қаерда эканини очиқламаган эди.

Минскда норозилик намойиши иштирокчиларидан бири ҳалок бўлди

Минскда баррикада қураётган норозилар.

Беларус пойтахти Минскда 10 август куни кечқурун норозилик намойишининг бир иштирокчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг билдиришича, норозилар "Пушкинская" метро станцияси яқинида баррикада қурганлар. Бу ерга полиция махсус отряди етиб борган. Тўқнашув пайтида норозилардан бири номаълум портловчи моддани полицияга қарата отмоқчи бўлган. Аммо портловчи модда намойишчининг қўлида портлаган ва у ҳалок бўлган.

Воқеанинг мустақил гувоҳлари ҳозирча йўқ. Беларус матбуоти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айнан мана шу жойда полиция ва норозилар ўртасида тўқнашувлар юз берганини, полиция резина ўқлар ва шовқинли гранаталарни қўллагани тўғрисида ёзмоқдалар.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг тахминича, норози полиция қўллаган шовқинли граната портлаши оқибатида ҳалок бўлган бўлиши эҳтимол.

10 август куни эрталаб ҳуқуқ фаоллари намойишчилар ва полиция тўқнашуви пайтида бир норози ҳалок бўлганини билдирган. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган эди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳриида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

Ливан ҳукумати Байрутдаги портлаш ортидан истеъфога чиқди

Портлаш ортидан Байрутда норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Ливан ҳукумати Байрут бандаргоҳидаги портлаш ортидан истеъфога чиқди. Бош вазир Ҳасан Диаб 10 августдаги ҳукумат йиғилишидан сўнг президентга барча вазирлар номидан истеъфо аризасини топширди.

Ливанликларнинг асосий кўпчилиги бандаргоҳдаги портлаш ҳукуматнинг эътиборсизлиги ва коррупциялашгани оқибатида юз берди, деб ҳисоблайди. Портлаш ортидан Байрутда норозилик намойишлари ҳам бошланиб кетган эди.

Байрут бандаргоҳида 4 август куни юз берган портлашлар оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлган, 5 минг киши яраланган ва 300 мингдан ортиқ киши уйсиз қолган эди.

Портлаш оқибатида келтирилган зиён 15 миллиард доллар экани айтилмоқда. Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар. Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожиага сабаб бўлган.

Оқ Уй олдидаги отишма оқибатида Трамп брифингни тўхтатишга мажбур бўлди

Трампнинг айтишича, махфий хизмат агенти Оқ Уй ёнида қуролланган одамни отган.

Душанба куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг Оқ Уйдаги брифинги бирдан тўхтатиб қўйилди ва президент махсус хизмат ходимлари қуршовида брифинг ўтказилаётган хонани тарк этди.

Бир неча дақиқадан сўнг президент яна брифингга қайтди ва Оқ Уй олдида отишма бўлганини айтди. Трампнинг айтишича, махфий хизмат агенти Оқ Уй ёнида қуролланган одамни отган.

Махфий хизмат Твиттер саҳифасида ўз агенти томонидан қурол қўлланилиши юзасидан тергов олиб борилаётганини билдирди.

Хабарда айтилишича, Махфий хизмат агенти ва отишманинг иккинчи иштирокчиси бўлган шахс ҳозир касалхонага ётқизилган. Билдирилишича, Оқ Уй ҳудудига бегона одамлар кирмаган ва бу ерда ишловчиларга таҳдид туғдирмаган.

Инцидент Оқ уйдан бир квартал нарида юз берган. Associated Press агентлигининг хабар беришича, исми айтилмаётган гумонланувчи касалхонада оғир аҳволда қолмоқда. Тергов унинг ҳаракатлари мотивларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек унинг руҳий саломатлиги ҳам текширилмоқда.

Лукашенкони биринчи бўлиб Хитой, Қозоғистон ва Россия президентлари табриклади

Путин ва Лукашенко мамлакатлараро дўстлик ришталарини арча экиш билан мустаҳкамлаган эдилар.

Беларус президентлигига 9 августда ўтган сайловда ғалаба қозонгани расман эълон қилинган Александр Лукашенкони 10 август куни биринчилардан бўлиб Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Ўз табрик телеграммаларида Си Цзиньпин Хитой ва Беларус “биродарлиги темирдан мустаҳкам ҳамкорлар” эканини,Қасим-Жомарт Тоқаев “сайловдаги ғалаба Беларус халқи Лукашенконинг мустақилликни мустаҳкамлаш сиёсатини қўллаб-қувватлагани”ни таъкидладилар.

Путин ўз телеграммасида Лукашенко “Иттифоқчи давлат сифатидаги ҳамкорликни ривожлантиришига” умид билдирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди. Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди.

Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳриида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

Лукашенконинг асосий рақиби Тихановская сайлов натижаларини тан олмади

. “Мен ўзимни сайлов ғолиби деб ҳисоблайман”, - деб баёнот берди Тихановская

Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди.

“Мен ўзимни сайлов ғолиби деб ҳисоблайман”, - деб баёнот берди Тихановская ўз штабида ўтказган матбуот анжуманида.

Тихановскаянинг айтишича, унинг баёноти кўплаб сайлов участкаларидан олинган “реал протоколлардаги натижалар”га асосланган. Бу протоколларда у Александр Лукашенкодан кўп овоз олгани тасдиқланган.

Тихановская 10 август куни эълон қилинган расмий натижани сохталаштирилган деб ҳисоблашини айтди. Тихановская мамлакатни тарк этиш нияти йўқлигини ҳам билдирди.

Унга кўра, ўзи кўчалардаги норозилик намойишларида иштирок этмаяпти. “Менинг кўчага чиқишим вазиятни янада мураккаблаштиради”,-деди Тихановская. Айни пайтда у ўз тарафдорларини тинч норозилик намойишларини давом эттиришга, Лукашенкони эса зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида мулоқотга чақирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида намойишлар бошланди. Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, намойишлар пайтида бир одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар турли жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилган. Лекин ҳукумат бу хабарларни расман тасдиқлагани йўқ.

Норозилик намойишларида иштирок этган 200 киши қўлга олинганини ҳам ҳуқуқ фаоллари хабар қилди.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина 10 августда сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко сайловчиларнинг 80 фоиз овозини олиб, ғолиб бўлганини эълон қилди. Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская эса расман 10 фоиз овоз олган.

Беларусда Лукашенко яна президентликка сайлангани расман эълон қилинди

Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина 9 августда ўтган президент сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко сайловчиларнинг 80 фоиз овозини олиб, ғолиб бўлганини эълон қилди.

Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская эса расман 10 фоиз овоз олган.

Марказий сайлов комиссияси 10 августда эълон қилган дастлабки маълумотларга қараганда, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 84 фоизи иштирок этган. Уларнинг 6 фоизи барча номзодларга қарши овоз берган.

Лидия Ермошина матбуот анжуманида эълон қилинган дастлабки натижалар кўрсаткичи кун давомида ўзгариши эҳтимоли йўқлигини билдирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция томонидан намойишчиларга нисбатан куч ишлатиш ва уларни ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилди. Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская расмий экзит-пол натижаларини тан олишдан бош тортди.

Ҳукуматга қарашли “Белта” ахборот агентлиги 10 август куни эрталаб полиция “рухсат берилмаган оммавий намойишлар” устидан вазиятни ўз назоратига олгани ҳақида хабар берди.

Чет эл фуқаролигини олган қирғизистонликлар тарихий ватанида қатор ҳуқуқларга эга бўлди

Москвадаги қирғизистонлик муҳожирлар.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистонда яшаб, кейин бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда 10 август куни президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қонунга асосан чет эл фуқаролигини қабул қилган қирғизистонлик “Чет эл фуқаролиги бор ватандош” деган расмий мақомга эга бўлади.

Улар тарихий ватанига визасиз бориб келиш, Қирғизистонда давлат органларидан ҳеч қандай рухсат олмай ишлаш, вақтинча яшаш, билим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Ватандошларга ўн йил муддатга “Мекен -карт” деган ҳужжат берилади.

Қирғизистон билан чегарадош бўлган Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой фуқаролигини олган шахсларга бу қонун амал қилмайди.

Бундан ташқари “Чет эл фуқаролиги бор ватандош” деган расмий мақом аввал судланганларга, хавфсизликка таҳдид солганларга, террор ва экстремист ташкилотлар аъзоларига берилмайди.

Қонун жорий йилнинг 11 июнида Қирғизистон парламенти томонидан қабул қилинган эди. Қонун расман эълон қилинган кунидан бошлаб кучга киради.

Қирғизистон Миграция хизматининг билдиришича, ҳозирда чет эл фуқаролигини қабул қилган фуқаролар сони уч юз минг кишини ташкил қилади.

Афғонистон парламенти 400 толибни қамоқдан озод қилишга рози бўлди

Лоя жирга раиси Абдулла Абдулла Кобулнинг тинчлик музокараларига тайёр эканини эълон қилди.

Афғонистон парламенти - Лоя жирга Толибон раҳбарияти тинчлик музокараларини бошлашга рози бўлиши эвазига қамоқлардан 400 нафар жангарини озод этишга қарор қилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 9 август куни Лоя жирга депутатларига жангариларни озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолашга ваъда берди.

Ашраф Ғани Толибон раҳбариятини Лоя жирга қарорига бўйсунишга ва тинчлик музокараларини бошлашга чақирди.

Лоя жирга раиси Абдулла Абдулла Кобулнинг тинчлик музокараларига тайёр эканини эълон қилди.

Кобул февраль ойида АҚШ ҳамда Толибон ўртасидаги имзоланган келишувга мувофиқ 4 600 нафар жангарини озодликка чиқарган. Аммо Лоя жирга қамоқдан озод этишни муҳокама қилган Толибон жангарилари ўтмишда оғир жиноятларни содир этган шахслар сифатида судланган эди.

Бир неча кун аввал Ашраф Ғани уларни авф этиш ваколатига эга эмаслигини ва бу масалада қарор қабул қилишни Лоя жиргага топширишини билдирганди.

Халқаро донорлар портлаш оқибатини бартараф этиш учун Ливанга кўмак кўрсатади

Франция президенти 6 августда Байрутга борди.

Халқаро донорлар Ливанга молиявий кўмак кўрсатиш масаласида келишиб олди. БМТнинг ҳисоб-китобича, Байрутда 4 август куни юз берган икки портлаш оқибатларини бартараф этиш учун Ливанга камида 117 миллион доллар миқдорида тезкор ёрдам керак бўлади.

9 август куни Франция президенти Эммануэль Макрон ва БМТ ташаббуси билан ўтказилган донорлар видеоконференциясида ўнлаб мамлакатлар Ливанга ёрдам кўрсатишга ҳозир эканликларини билдирдилар. Бироқ кўрсатиладиган ёрдам миқдорини давлатлар очиқламадилар.

Эммануэль Макрон офиси эълон қилган баёнотда эса, донорлар 298 миллион доллар миқдорида кўмак кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.

Макроннинг айтишича, Ливанда коррупция авж олгани туфайли донорлардан олинадиган ёрдам ҳукумат иштирокисиз ливанликларга тўғридан-тўғри ва шаффоф тарзда етказиб берилади.

Байрут бандаргоҳида 4 август куни юз берган портлашлар оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлган, 5 минг киши яраланган ва 300 мингдан ортиқ киши уйсиз қолган эди.

Портлаш оқибатида келтирилган зиён 15 миллиард доллар экани айтилмоқда.

Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар.

Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожиага сабаб бўлган.

Форс кўрфази давлатлари Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддати узайтирилишини қўлламоқда

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши.

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти БМТнинг Эронга қурол сотилишига қўйилган эмбарго муддати узайтирилишини қўллаб-қувватлайди. Ташкилот бу борадаги расмий мактубни 9 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тақдим қилди.

Мактуб Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган Баҳрайн, Қувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари томонидан имзоланган.

Мактубда айтилишича: “Эрон 2015 йилда жаҳоннинг етакчи давлатлари билан ядровий шартномани имзолаганига қарамай, ҳанузгача қўшни давлатларга қурол билан таҳдид қилишни тўхтатмаган ва ҳужумларни тўхтатиш ниятида ҳам бўлмаган. Қуролли ҳужумлар тўғридан-тўғри ёки Эрон томонидан қуроллантирилган ва ўқитилган ташкилотлар томонидан амалга оширилган”.

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти “минтақадаги террорчи ва диний ташкилотларга қурол етказиб бериш фикридан воз кечмагунича” Эронга қурол сотиш бўйича эмбарго сақланиб қолиниши шарт, деб ҳисоблайди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аббос Мусавий ташкилотнинг бу мактубини “масъулиятсиз ва АҚШ манфаатларини кўзлаб ташланган қадам” сифатида баҳолади.

Жорий ҳафтада АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашига Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддатини узайтириш таклифини киритиши кутилмоқда.

Минскда қўлга олинган "Дождь" телеканали мухбирлари қўйиб юборилди

Беларусда 9 августда президентлик сайлови ўтказилди.

Минскда 9 август куни қўлга олинган Россиянинг “Дождь” телеканали журналистлари Владимир Роменский, Василий Полонский ва оператор Николай Антипов ҳибсдан озод қилинди. Бу ҳақда “Дождь” бош муҳаррири Тихон Дзядко маълум қилди. Унга кўра, журналистлар Смоленскка жўнатилган.

Минскда Россиянинг RT телеканали ва Польшадан туриб эфирга узатилувчи "Белсат" телеканалининг Минскдаги расмий вакили ҳам қўлга олингани хабар қилинганди.

8 августда эса Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настоящее время» телеканалининг уч мухбири мамлакатдан бадарға қилинди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция томонидан намойишчиларга нисбатан куч ишлатиш ва уларни ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилди.

Минскдаги “Весна” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, мамлакат бўйлаб намойишларда иштирок этган норозилардан 126 нафари ҳибсга олинди. Уларнинг 55 нафари Минскдаги намойиш иштирокчиларидир.

Ташкилотнинг хабар беришича, ҳибсга олинганлардан икки нафари яраланган. Қўлга олинганлар орасида 16 журналист ва 40 нафар кузатувчи бор.

Беларусда сайловчиларнинг 50 фоизидан ошиғи овоз берди

Беларус прездентлигига номзод Светлана Тихановская овоз бермоқда, 9 август, 2020 йил.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина Минск вақти бўйича соат 12:00 гача сайловчиларнинг 54 фоизи овоз берганини маълум қилди. Сайлов натижалари тан олиниши учун сайловчиларнинг 50 фоизидан ошиғи овоз бериши керак эди.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг 40 фоиздан ошиғи муддатидан олдин овоз берганини маълум қилган эди. Мустақил кузатувчилар ушбу билдирувни шубҳа остига олди.

Минскда кунинг биринчи ярмида амалдаги президенти Александр Лукашенко, номзод Анна Канопацкая ҳамда сайловдан четлатилган Виктор Бабариконинг сайлов штаби етакчиси Мария Колесниковалар овоз берди.

Сайлов давом этар экан, Лукашенко сайлов арафасида Беларусга 170 нафар шахс киритилмаганини айтди.

- Ёки визалари сохта чиқди, ёки нима сабаб билан кетаётганларини изоҳлай олмадилар. Чегарада назорат жуда жиддий. Россия ва Полша фуқаролари номаълум сабабларга кўра Беларусга киришга ҳаракат қилишди – келишлари сабабини ўзлари ҳам тушунтира олмадилар, - деди президент.

Покистонда 9 августдан халқаро авиақатнов йўлга қўйилади

8 август куни Покистон фуқаро авиацияси идораси коронавирус пандемияси туфайли тўхтатиб қўйилган халқаро авиарейслар 9 август куни қайта йўлга қўйилишини эълон қилди.

Ундан бир кун олдин Покистон ҳукумати иқтисоднинг барча сектори қайта очилишини маълум қилган эди.

6 август куни мамлакат ичидаги рейслар қайта йўлга қўйилди.

Расмий маълумотларга кўра, 8 август куни Покистонда 14 нафар одам COVID-19 инфекцияси туфайли ҳалок бўлган.

Мамлакатда март ойидан бери 283 487 нафар одам коронавирусга чалинган, уларнинг 6 068 нафари нобуд бўлган.

АҚШ йил якунигача Афғонистондаги қўшинлари сонини озайтиради

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Вашингтон Афғонистондаги ҳарбийлари сонини озайтиришни режалаштираётганини айтди.

Эспер Fox News телеканалига берган интервьюсида ноябрь якунигача Афғонистонда 5 000 дан озроқ америкалик аскар қолишини айтди.

Ҳафта бошида президент Дональд Трамп ҳам Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари сони озайтирилишини айтган эди.

Айни дамда Афғонистонда тақрибан 8 600 нафар америкалик ҳарбий бор. Трампнинг сўзларига кўра, уларнинг деярли тенг ярми Афғонистондан олиб чиқиб кетилади.

Беларусда президентлик сайлови ўтказиляпти

Беларусда бугун президентлик сайлови ўтказилмоқда. Мамлакатни 26 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко оммавий норозиликлар манзараси остида олтинчи марта ўз номзодини қўйган.

Марказий сайлов комиссиясининг хабарига кўра, сайловчиларнинг 41,7 фоизи овоз бериб бўлган. Муддатидан олдин сайлов сешанба куни бошланган эди. Бугунги кўрсаткич ша пайтгача бўлган сайловлар учун рекорд натижа бўлди. Расмий маълумотга кўра, бундан беш йил олдин ўтган сайлов давомида сайловчиларнинг 36 фоизи муддатидан олдин овоз берган.

Мухолифат муддатидан олдин сайловда кузатувчиларни ташкил этиш мушкул бўлгани сабабли ўз тарафдорларини бу жараёнда иштирок этмасдан, 9 август куни овоз беришга чақирган эди. Лукашенконинг мухолифати айнан муддатдан олдин ўтказилган сайловда овозларни сохталаштириш мумкин деб ҳисоблайди.

Беларус "Настояшчее время"нинг уч мухбирини мамлакатдан бадарға қилди

Ирина Ромалийская, Юрий Баранюк ва Иван Гребенюк 7 август куни Минскдаги меҳмонхонада қўлга олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган эди.

Беларусда Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настояшчее время» телеканалининг уч мухбири мамлакатдан бадарға қилинди.

Ирина Ромалийская, Юрий Баранюк ва Иван Гребенюк 7 август куни Минскдаги меҳмонхонада қўлга олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган эди.

Мухбирлар 8 август куни мамлакатдан бадарға қилинди, уларнинг сайловни ёритишлари ва Беларусга киришларига 10 йиллик тақиқ ҳам қўйилди.

Ромалийская ва Гребенюк Украина фуқаролари, Баранюк эса Россия фуқаросидир.

Озодлик радиосининг амалдаги президенти Дейзи Синделар Беларусь расмийлари мухбирларга аккредитация бермаётганини ва мухбирлар қўлга олинганини кескин қоралаганди.

Беларусда 9 август куни президентлик сайлови бўлиб ўтади. Таҳлилчилар сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қозониши бу гал ҳар доимгидек жуда осон бўлмаслигини айтишмоқда.

Сайловолди кампанияси давомида Лукашенко мухолифатга босимни кучайтирди. Кейинги ойларда мамлакатда юзлаб одам, жумладан, фаоллар, блогерлар ва президентликка номзодлар ҳибсга олинди.

Афғонистон парламенти Толибон жангариларини озод этиш масаласини муҳокама қилмоқда

Афғонистон Олий кенгаши (Лоя жирга) мамлакатда бир неча ҳужумларни амалга оширган 400 нафар Толибон жангарисини озодликка чиқариш масаласини кўриб чиқмоқда.

Маҳбусларни озодликка чиқариш масаласи Қобулдаги ҳукумат ҳамда Толибон ўртасида эришилган келишув доирасида музокараларни давом эттиришга тўсқинлик қилмоқда.

Бир неча минг Афғонистонлик сиёсатчи ва жамоа етакчиларидан иборат Лоя жирга қурултойи уч кун давом этиши кутилмоқда.

Қобул февраль ойида АҚШ ҳамда Толибон ўртасидаги имзоланган келишувга мувофиқ 4 600 нафар жангарини озодликка чиқарди. Аммо расмийлар қолган 400 нафар жангарини қўйиб юборишни истамаяпти.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакат конституциясига мувофиқ жиддий жиноят содир этган шахсларни озодликка чиқаришга ҳақли эмаслигини айтган.

Агар кенгаш қолган 400 нафар Толибонни озодликка чиқаришга келишса, Толибон ва Қобул ўртасидаги музокаралар кейинги ҳафта бошланиши мумкин.

АҚШ ва Толибон вакиллари 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳада келишув имзолаган эди.

Унга биноан, Вашингтон 2021 йил ўртасигача мамлакатдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетади. Толибон эса Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида Қобулдаги ҳукумат билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишни бошлайди.

Толибон келишувга биноан 1 000 нафар асирни озодликка чиқарганини айтиб, Қобулдаги ҳукуматни қолган 400 нафар Толибон жангарисини қўйиб юборишга чорламоқда.

Давомини ўқинг

Сўнгги хабарлар

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG