Линклар

Шошилинч хабар
10 август 2020, Тошкент вақти: 16:08

Халқаро хабарлар

Россияда COVID-19га чалинганлар сони 700 мингдан ошиб кетди

Россияда беморлардан 10 мингдан кўпроғи вафот этди.

Россияда COVID-19га чалинганлар сони 700 мингдан ошиб кетди. Расмий маълумотда таъкидланишича, сўнгги бир суткада яна 6562 кишида вирус аниқланган. Бу ўтган кунги кўрсаткичдан анча кўпроқдир.

Расмийларга кўра, бир суткада коронавирусдан 173 киши ўлди ва вафот этган беморлар сони 10 667 кишини ташкил қилди.

Социологларнинг билдиришларича, Россия врачларининг 60 фоизи коронавирусдан ўлганлар сони бўйича ҳукумат эълон қилаётган расмий рақамларга ишонмайди. Врачларнинг 50 фоизи эса ўлганлар тўғрисидаги статистика озайтириб кўрсатилаётганига ишонадилар.

Кун янгиликлари

Лукашенкони биринчи бўлиб Хитой, Қозоғистон ва Россия президентлари табриклади

Путин ва Лукашенко мамлакатлараро дўстлик ришталарини арча экиш билан мустаҳкамлаган эдилар.

Беларус президентлигига 9 августда ўтган сайловда ғалаба қозонгани расман эълон қилинган Александр Лукашенкони 10 август куни биринчилардан бўлиб Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Касим-Жўмарт Токаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Ўз табрик телеграммаларида Си Цзиньпин Хитой ва Беларус “биродарлиги темирдан мустаҳкам ҳамкорлар” эканини, Касим-Жўмарт Токаев “сайловдаги ғалаба Беларус халқи Лукашенконинг мустақилликни мустаҳкамлаш сиёсатини қўллаб-қувватлагани”ни таъкидладилар.

Путин ўз телеграммасида Лукашенко “Иттифоқчи давлат сифатидаги ҳамкорликни ривожлантиришига” умид билдирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди. Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди.

Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

Лукашенконинг асосий рақиби Тихановская сайлов натижаларини тан олмади

. “Мен ўзимни сайлов ғолиби деб ҳисоблайман”, - деб баёнот берди Тихановская

Белорус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди.

“Мен ўзимни сайлов ғолиби деб ҳисоблайман”, - деб баёнот берди Тихановская ўз штабида ўтказган матбуот анжуманида.

Тихановскаянинг айтишича, унинг баёноти кўплаб сайлов участкаларидан олинган “реал протоколлардаги натижалар”га асосланган. Бу протоколларда у Александр Лукашенкодан кўп овоз олгани тасдиқланган.

Тихановская 10 август куни эълон қилинган расмий натижани сохталаштирилган деб ҳисоблашини айтди. Тихановская мамлакатни тарк этиш нияти йўқлигини ҳам билдирди.

Унга кўра, ўзи кўчалардаги норозилик намойишларида иштирок этмаяпти. “Менинг кўчага чиқишим вазиятни янада мураккаблаштиради”,-деди Тихановская. Айни пайтда у ўз тарафдорларини тинч норозилик намойишларини давом эттиришга, Лукашенкони эса зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида мулоқотга чақирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди. Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, намойишлар пайтида бир одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар турли жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилган. Лекин ҳукумат бу хабарларни расман тасдиқлагани йўқ.

Норозилик намойишларида иштирок этган 200 киши қўлга олинганини ҳам ҳуқуқ фаоллари хабар қилди.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина 10 августда сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко сайловчиларнинг 80 фоиз овозини олиб, ғолиб бўлганини эълон қилди. Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская эса расман 10 фоиз овоз олган.

Беларусда Лукашенко яна президентликка сайлангани расман эълон қилинди

Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина 9 августда ўтган президент сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко сайловчиларнинг 80 фоиз овозини олиб, ғолиб бўлганини эълон қилди.

Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская эса расман 10 фоиз овоз олган.

Марказий сайлов комиссияси 10 августда эълон қилган дастлабки маълумотларга қараганда, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 84 фоизи иштирок этган. Уларнинг 6 фоизи барча номзодларга қарши овоз берган.

Лидия Ермошина матбуот анжуманида эълон қилинган дастлабки натижалар кўрсаткичи кун давомида ўзгариши эҳтимоли йўқлигини билдирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция томонидан намойишчиларга нисбатан куч ишлатиш ва уларни ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилди. Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская расмий экзит-пол натижаларини тан олишдан бош тортди.

Ҳукуматга қарашли “Белта” ахборот агентлиги 10 август куни эрталаб полиция “рухсат берилмаган оммавий намойишлар” устидан вазиятни ўз назоратига олгани ҳақида хабар берди.

Чет эл фуқаролигини олган қирғизистонликлар тарихий ватанида қатор ҳуқуқларга эга бўлди

Москвадаги қирғизистонлик муҳожирлар.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистонда яшаб, кейин бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда 10 август куни президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қонунга асосан чет эл фуқаролигини қабул қилган қирғизистонлик “Чет эл фуқаролиги бор ватандош” деган расмий мақомга эга бўлади.

Улар тарихий ватанига визасиз бориб келиш, Қирғизистонда давлат органларидан ҳеч қандай рухсат олмай ишлаш, вақтинча яшаш, билим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Ватандошларга ўн йил муддатга “Мекен -карт” деган ҳужжат берилади.

Қирғизистон билан чегарадош бўлган Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой фуқаролигини олган шахсларга бу қонун амал қилмайди.

Бундан ташқари “Чет эл фуқаролиги бор ватандош” деган расмий мақом аввал судланганларга, хавфсизликка таҳдид солганларга, террор ва экстремист ташкилотлар аъзоларига берилмайди.

Қонун жорий йилнинг 11 июнида Қирғизистон парламенти томонидан қабул қилинган эди. Қонун расман эълон қилинган кунидан бошлаб кучга киради.

Қирғизистон Миграция хизматининг билдиришича, ҳозирда чет эл фуқаролигини қабул қилган фуқаролар сони уч юз минг кишини ташкил қилади.

Афғонистон парламенти 400 толибни қамоқдан озод қилишга рози бўлди

Лоя жирга раиси Абдулла Абдулла Кобулнинг тинчлик музокараларига тайёр эканини эълон қилди.

Афғонистон парламенти - Лоя жирга Толибон раҳбарияти тинчлик музокараларини бошлашга рози бўлиши эвазига қамоқлардан 400 нафар жангарини озод этишга қарор қилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 9 август куни Лоя жирга депутатларига жангариларни озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолашга ваъда берди.

Ашраф Ғани Толибон раҳбариятини Лоя жирга қарорига бўйсунишга ва тинчлик музокараларини бошлашга чақирди.

Лоя жирга раиси Абдулла Абдулла Кобулнинг тинчлик музокараларига тайёр эканини эълон қилди.

Кобул февраль ойида АҚШ ҳамда Толибон ўртасидаги имзоланган келишувга мувофиқ 4 600 нафар жангарини озодликка чиқарган. Аммо Лоя жирга қамоқдан озод этишни муҳокама қилган Толибон жангарилари ўтмишда оғир жиноятларни содир этган шахслар сифатида судланган эди.

Бир неча кун аввал Ашраф Ғани уларни авф этиш ваколатига эга эмаслигини ва бу масалада қарор қабул қилишни Лоя жиргага топширишини билдирганди.

Халқаро донорлар портлаш оқибатини бартараф этиш учун Ливанга кўмак кўрсатади

Франция президенти 6 августда Байрутга борди.

Халқаро донорлар Ливанга молиявий кўмак кўрсатиш масаласида келишиб олди. БМТнинг ҳисоб-китобича, Байрутда 4 август куни юз берган икки портлаш оқибатларини бартараф этиш учун Ливанга камида 117 миллион доллар миқдорида тезкор ёрдам керак бўлади.

9 август куни Франция президенти Эммануэль Макрон ва БМТ ташаббуси билан ўтказилган донорлар видеоконференциясида ўнлаб мамлакатлар Ливанга ёрдам кўрсатишга ҳозир эканликларини билдирдилар. Бироқ кўрсатиладиган ёрдам миқдорини давлатлар очиқламадилар.

Эммануэль Макрон офиси эълон қилган баёнотда эса, донорлар 298 миллион доллар миқдорида кўмак кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.

Макроннинг айтишича, Ливанда коррупция авж олгани туфайли донорлардан олинадиган ёрдам ҳукумат иштирокисиз ливанликларга тўғридан-тўғри ва шаффоф тарзда етказиб берилади.

Байрут бандаргоҳида 4 август куни юз берган портлашлар оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлган, 5 минг киши яраланган ва 300 мингдан ортиқ киши уйсиз қолган эди.

Портлаш оқибатида келтирилган зиён 15 миллиард доллар экани айтилмоқда.

Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар.

Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожиага сабаб бўлган.

Форс кўрфази давлатлари Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддати узайтирилишини қўлламоқда

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши.

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти БМТнинг Эронга қурол сотилишига қўйилган эмбарго муддати узайтирилишини қўллаб-қувватлайди. Ташкилот бу борадаги расмий мактубни 9 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тақдим қилди.

Мактуб Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган Баҳрайн, Қувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари томонидан имзоланган.

Мактубда айтилишича: “Эрон 2015 йилда жаҳоннинг етакчи давлатлари билан ядровий шартномани имзолаганига қарамай, ҳанузгача қўшни давлатларга қурол билан таҳдид қилишни тўхтатмаган ва ҳужумларни тўхтатиш ниятида ҳам бўлмаган. Қуролли ҳужумлар тўғридан-тўғри ёки Эрон томонидан қуроллантирилган ва ўқитилган ташкилотлар томонидан амалга оширилган”.

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти “минтақадаги террорчи ва диний ташкилотларга қурол етказиб бериш фикридан воз кечмагунича” Эронга қурол сотиш бўйича эмбарго сақланиб қолиниши шарт, деб ҳисоблайди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аббос Мусавий ташкилотнинг бу мактубини “масъулиятсиз ва АҚШ манфаатларини кўзлаб ташланган қадам” сифатида баҳолади.

Жорий ҳафтада АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашига Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддатини узайтириш таклифини киритиши кутилмоқда.

Минскда қўлга олинган "Дождь" телеканали мухбирлари қўйиб юборилди

Беларусда 9 августда президентлик сайлови ўтказилди.

Минскда 9 август куни қўлга олинган Россиянинг “Дождь” телеканали журналистлари Владимир Роменский, Василий Полонский ва оператор Николай Антипов ҳибсдан озод қилинди. Бу ҳақда “Дождь” бош муҳаррири Тихон Дзядко маълум қилди. Унга кўра, журналистлар Смоленскка жўнатилган.

Минскда Россиянинг RT телеканали ва Польшадан туриб эфирга узатилувчи "Белсат" телеканалининг Минскдаги расмий вакили ҳам қўлга олингани хабар қилинганди.

8 августда эса Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настоящее время» телеканалининг уч мухбири мамлакатдан бадарға қилинди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция томонидан намойишчиларга нисбатан куч ишлатиш ва уларни ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилди.

Минскдаги “Весна” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, мамлакат бўйлаб намойишларда иштирок этган норозилардан 126 нафари ҳибсга олинди. Уларнинг 55 нафари Минскдаги намойиш иштирокчиларидир.

Ташкилотнинг хабар беришича, ҳибсга олинганлардан икки нафари яраланган. Қўлга олинганлар орасида 16 журналист ва 40 нафар кузатувчи бор.

Беларусда сайловчиларнинг 50 фоизидан ошиғи овоз берди

Беларус прездентлигига номзод Светлана Тихоновская овоз бермоқда, 9 август, 2020 йил.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина Минск вақти бўйича соат 12:00 гача сайловчиларнинг 54 фоизи овоз берганини маълум қилди. Сайлов натижалари тан олиниши учун сайловчиларнинг 50 фоизидан ошиғи овоз бериши керак эди.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг 40 фоиздан ошиғи муддатидан олдин овоз берганини маълум қилган эди. Мустақил кузатувчилар ушбу билдирувни шубҳа остига олди.

Минскда кунинг биринчи ярмида амалдаги президенти Александр Лукашенко, номзод Анна Канопацкая ҳамда сайловдан четлатилган Виктор Бабариконинг сайлов штаби етакчиси Мария Колесниковалар овоз берди.

Сайлов давом этар экан, Лукашенко сайлов арафасида Беларусга 170 нафар шахс киритилмаганини айтди.

- Ёки визалари сохта чиқди, ёки нима сабаб билан кетаётганларини изоҳлай олмадилар. Чегарада назорат жуда жиддий. Россия ва Полша фуқаролари номаълум сабабларга кўра Беларусга киришга ҳаракат қилишди – келишлари сабабини ўзлари ҳам тушунтира олмадилар, - деди президент.

Покистонда 9 августдан халқаро авиақатнов йўлга қўйилади

8 август куни Покистон фуқаро авиацияси идораси коронавирус пандемияси туфайли тўхтатиб қўйилган халқаро авиарейслар 9 август куни қайта йўлга қўйилишини эълон қилди.

Ундан бир кун олдин Покистон ҳукумати иқтисоднинг барча сектори қайта очилишини маълум қилган эди.

6 август куни мамлакат ичидаги рейслар қайта йўлга қўйилди.

Расмий маълумотларга кўра, 8 август куни Покистонда 14 нафар одам COVID-19 инфекцияси туфайли ҳалок бўлган.

Мамлакат март ойидан бери 283 487 нафар одам коронавирусга чалинган, уларнинг 6 068 нафари нобуд бўлган.

АҚШ йил якунигача Афғонистондаги қўшинлари сонини озайтиради

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Вашингтон Афғонистондаги ҳарбийлари сонини озайтиришни режалаштираётганини айтди.

Эспер Fox News телеканалига берган интервьюсида ноябрь якунигача Афғонистонда 5 000 дан озроқ америкалик аскар қолишини айтди.

Ҳафта бошида президент Дональд Трамп ҳам Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари сони озайтирилишини айтган эди.

Айни дамда Афғонистонда тақрибан 8 600 нафар америкалик ҳарбий бор. Трампнинг сўзларига кўра, уларнинг деярли тенг ярми Афғонистондан олиб чиқиб кетилади.

Беларусда президентлик сайлови ўтказиляпти

Беларусда бугун президентлик сайлови ўтказилмоқда. Мамлакатни 26 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко оммавий норозиликлар манзараси остида олтинчи марта ўз номзодини қўйган.

Марказий сайлов комиссиясининг хабарига кўра, сайловчиларнинг 41,7 фоизи овоз бериб бўлган. Муддатидан олдин сайлов сешанба куни бошланган эди. Бугунги кўрсаткич ша пайтгача бўлган сайловлар учун рекорд натижа бўлди. Расмий маълумотга кўра, бундан беш йил олдин ўтган сайлов давомида сайловчиларнинг 36 фоизи муддатидан олдин овоз берган.

Мухолифат муддатидан олдин сайловда кузатувчиларни ташкил этиш мушкул бўлгани сабабли ўз тарафдорларини бу жараёнда иштирок этмасдан, 9 август куни овоз беришга чақирган эди. Лукашенконинг мухолифати айнан муддатдан олдин ўтказилган сайловда овозларни сохталаштириш мумкин деб ҳисоблайди.

Беларус "Настоящее время"нинг уч мухбирини мамлакатдан бадарға қилди

Ирина Ромалийская, Юрий Баранюк ва Иван Гребенюк 7 август куни Минскдаги меҳмонхонада қўлга олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган эди.

Беларусда Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настоящее время» телеканалининг уч мухбири мамлакатдан бадарға қилинди.

Ирина Ромалийская, Юрий Баранюк ва Иван Гребенюк 7 август куни Минскдаги меҳмонхонада қўлга олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган эди.

Мухбирлар 8 август куни мамлакатдан бадарға қилинди, уларнинг сайловни ёритишлари ва Беларусга киришларига 10 йиллик тақиқ ҳам қўйилди.

Ромалийская ва Гребенюк Украина фуқаролари, Баранюк эса Россия фуқаросидир.

Озодлик радиосининг амалдаги президенти Дейзи Синделар Беларусь расмийлари мухбирларга аккредитация бермаётганини ва мухбирлар қўлга олинганини кескин қоралаганди.

Беларусда 9 август куни президентлик сайлови бўлиб ўтади. Таҳлилчилар сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қозониши бу гал ҳар доимгидек жуда осон бўлмаслигини айтишмоқда.

Сайловолди кампанияси давомида Лукашенко мухолифатга босимни кучайтирди. Кейинги ойларда мамлакатда юзлаб одам, жумладан, фаоллар, блогерлар ва президентликка номзодлар ҳибсга олинди.

Афғонистон парламенти Толибон жангариларини озод этиш масаласини муҳокама қилмоқда

Афғонистон Олий кенгаши (Лоя жирга) мамлакатда бир неча ҳужумларни амалга оширган 400 нафар Толибон жангарисини озодликка чиқариш масаласини кўриб чиқмоқда.

Маҳбусларни озодликка чиқариш масаласи Қобулдаги ҳукумат ҳамда Толибон ўртасида эришилган келишув доирасида музокараларни давом эттиришга тўсқинлик қилмоқда.

Бир неча минг Афғонистонлик сиёсатчи ва жамоа етакчиларидан иборат Лоя жирга қурултойи уч кун давом этиши кутилмоқда.

Қобул февраль ойида АҚШ ҳамда Толибон ўртасидаги имзоланган келишувга мувофиқ 4 600 нафар жангарини озодликка чиқарди. Аммо расмийлар қолган 400 нафар жангарини қўйиб юборишни истамаяпти.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакат конституциясига мувофиқ жиддий жиноят содир этган шахсларни озодликка чиқаришга ҳақли эмаслигини айтган.

Агар кенгаш қолган 400 нафар Толибонни озодликка чиқаришга келишса, Толибон ва Қобул ўртасидаги музокаралар кейинги ҳафта бошланиши мумкин.

АҚШ ва Толибон вакиллари 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳада келишув имзолаган эди.

Унга биноан, Вашингтон 2021 йил ўртасигача мамлакатдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетади. Толибон эса Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида Қобулдаги ҳукумат билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишни бошлайди.

Толибон келишувга биноан 1 000 нафар асирни озодликка чиқарганини айтиб, Қобулдаги ҳукуматни қолган 400 нафар Толибон жангарисини қўйиб юборишга чорламоқда.

Ҳиндистондаги авиаҳалокатда камида 15 киши нобуд бўлди

Авиаҳалокат содир бўлган Кожикоде аэропортига келган "тез ёрдам" машиналари, Керала штати, 2020 йил 7 августи.

Дубайдан учиб келаётган "Эйр Индиа Экспресс" авиаширкати учоғи 7 август куни Ҳиндистон жанубий-шарқидаги Керала штати аэропортига қўниш чоғида қулаб тушди. Авиаҳалокат чоғида, расмий маълумотларга кўра, камида 15 киши ҳаётдан кўз юмган.

Хабарларга кўра, учоқ бортида 200 чоғли йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган. Йўловчиларнинг аксарияти пул топиш учун Дубайга борган ва эндиликда ватанига қайтиб келаётган ҳиндистонликлар бўлгани айтилмоқда.

Ҳодиса жойида олинган видеокадрлар учоқнинг учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, қияликдан қулаганидан дарак бермоқда. Авиаҳалокат натижасида учоқ фюзеляжи иккига бўлиниб кетган.

Ҳозирда авиаҳалокат содир бўлган жойда қутқарув ишлари, қурбон бўлганларнинг шахсини аниқлаш ва жароҳатланганларга кўмак кўрсатиш ишлари давом этмоқда.

Ашхободда “бюджетчилар” ўз ҳисобидан COVID-19 учун тест топширишга мажбурланмоқда

Иллюстратив сурат.

Туркманистон пойтахтида бюджет ташкилоти ходимлари зиммасига коронавирусга тест топшириш мажбурияти юклатилди. Давлат муассасаларига 6 август куни ана шундай буйруқ келиб тушган, дея хабар қилди Озодликнинг туркман хизмати. Бу мамлакатда расман битта ҳам коронавирус ҳолати қайд этилган эмас.

“Кеча эрталаб бюджет ташкилотларига зудлик билан коронавирусга тест топшириш бўйича янги фармойиш келиб тушди. Бунинг учун оилавий поликлиника врачи лабораторияга йўлланма бериши лозим. Маълумотномалар ташкилотларга олиб келиниши керак, акс ҳолда, ходим ишга қўйилмайди”, дея хабар қилган Озодликнинг Ашхободдаги мухбири.

Унга кўра, бюджет ташкилотлари ходимлари, тиббий суғурта полиси бор-йўқлигидан қатъи назар, таҳлил учун пулни ўз ёнларидан тўлашлари лозим. Бундай тест 100 манат ёки 28,5 доллар туради. Айни пайтда врачлар таҳлил натижаларини маълумотномада кўрсатмасликлари шарт, бу ҳақда улар ходим келган бюджет ташкилотининг раҳбарларига хабар беришлари керак.

Озодликнинг туркман хизмати давлат ташкилотлари ходимларига нима сабабдан ёппасига тест топширтирилаётганини аниқлаштиришга муваффақ бўлолмаган. “Бюджетчилар”нинг ўзлари журналистларга янги буйруқ маош берилган кунга тўғри келгани айтганлар ва уларнинг фикрича, бу буйруқ ходимлардан пул ушлаб қолиш учун чиқарилган.

Расмийлар Туркманистонда коронавирус мавжудлигини инкор қилиб келадилар, бу орада таҳририятга манбалардан мунтазам равишда касалхоналар тўлиб кетгани ва қурбонлар сони ошиб бораётгани ҳақида маълумотлар келиб турибди.

ЖССТ миссияси вакиллари шу йил 15 июлида Туркманистон расмийларига “худди мамлакатда коронавирус аниқланганидек” чоралар кўришни тавсия қилган. Шундан сўнг бу ўлкада карантин чораларини жорий этиш бошланди: бозорлар, йирик дўконлар ва масжидлар ёпилган. Дейлик, Ашхободда йирик дўкон ва бозорлар фаолияти тақиқланган, Лебап вилоятида ҳам жамоатчилик жойлари ва масжидлар ёпилган, Марв шаҳрида эса аҳолига тўй-маъракаларни бекор қилиш тавсия этилган. Туркманистоннинг барча минтақаларида расмийлар уйма-уй юриб, одамларни кўчага чиқмаслик ва ниқоб тақиб юришга чақиришган.

Россиялик артистлар Беларусда сайловдан бир кун олдин чиқиш қилишдан бош торта бошлашди

Минскда 8 август куни бўлиб ўтадиган концерт афишаси, 2020 йил 6 августи.

Россиялик артистларнинг кўпчилиги Беларусда президент сайловидан бир кун олдин ўтказиш режаланган бепул концертларда чиқиш қилишдан бош тортишди. Бу ҳақда Tut.by нашри хабар қилди.

Қайд этилишича, Леонид Агутин, Григорий Лепс, "Кар-Мэн", Стас Пьеха, Юлианна Караулова, Rasa ва Джаро & Ханза саҳнада қўшиқ куйлашдан бош тортганлар. Бундан ташқари, беларуслик қўшиқчи Мэвл ҳамда америкалик рэп қўшиқчилари Tyga ва Saint Jhn саҳнага чиқмасликларини билдирганлар.

Аввалроқ Беларус Маданият вазирлиги 8 август куни мамлакатнинг 13 та йирик шаҳрида “Беларус учун” деб номланган бепул концертлар бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилганди. Ижтимоий тармоқларда саҳнага чиқиши айтилган артистларга кўплаб мурожаатлар бўлган, бу мурожаатларда улар Александр Лукашенка режимини дастакламасликка чақирилган.

Беларусда президент сайлови 9 августга белгиланган. Сайловолди кампанияси амалдаги президент Александр Лукашенкага қарши оммавий намойишлар қабатида ўтмоқда. Расмийлар кетма-кетига олтинчи марта президентликка номзодини қўйган Лукашенканинг сайловда иштирок этмоқчи бўлган икки рақиби банкир – Виктор Бабарико ҳамда таниқли блогер Сергей Тихановскийни ҳибсга олганлар. Мухолифатнинг яна бир номзоди, тадбиркор Валерий Цепкалони МСК рўйхатга олишдан бош тортган.

Душанбедаги автоҳалокатда эстрада юлдузи Баҳром Ғофурий оламдан ўтди

Баҳром Ғофурий.

Душанбеда рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тожик эстрадаси юлдузи Баҳром Ғофурий ҳалок бўлди. Озодлик тожик хизматининг мамлакат ИИВ маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, ЙТҲ 7 август тонгида тахминан соат 4 ларда Тожикистон педагогика университети яқинида содир бўлган.

ИИВ маълумотига кўра, ҳодиса чоғида Баҳром Ғофурий жон таслим қилган, ҳайдовчи Ислом Анварзода ва йўловчи Баҳодур Зарипов касалхонага етказилган.

Айтилишича, ичида Баҳром Ғофурий бўлган “Тойота Ланд Крузер” автомашинаси КамАЗ автомашинаси билан тўқнашиб кетган.

Ҳодисага “Тойота Ланд Крузер” ҳайдовчиси Ислом Анварзоданинг Рудакий шоҳкўчасида тезликни ошириб юборгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Шифокорлардан олинган дастлабки маълумотларга кўра, Тойота ичидагиларнинг уччаласи ҳам маст бўлган”, дейилади Тожикистон ИИВ хабарномасида.

Хонанданинг яқинлари унинг жанозаси бугун тушда ўқилишини билдирганлар.

Баҳром Ғофурий 2011 ва 2014 йилларда АҚШда Big Music Awards мукофотига сазовор бўлган эди.

Twitter амалдорлар ва давлат оммавий ахборот воситалари аккаунтларига белги қўя бошлади

Twitter ижтимоий тармоғи логоси.

Twitter корпорацияси 6 август куни давлат идоралари, юқори лавозимли амалдорлар, давлат ОАВ ва давлат билан боғлиқ нашрлар, уларнинг бош муҳаррирлари ва асосий вакилларининг ижтимоий тармоқдаги аккаунтларига белги қўйиб бориши ҳақида эълон қилди.

Корпорация хабарномасида айтилишича, бу иш Twitter фойдаланувчилари ва давлат вакиллари ўртасидаги мулоқотни осонлаштириш ҳамда кўпроқ шаффофлик бўлиши учун қилинган.

Ҳозирда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлган беш мамлакат, шу жумладан Россияга алоқадор аккаунтларгагина белги қўйилмоқда.

Давлат раҳбарларининг шахсий аккаунтларига (шу жумладан АҚШ президенти Дональд Трамп аккаунтига) белги қўйилмаган, бироқ, масалан, Оқ уй ёки Британия бош вазири расмий аккаунтларида бундай белгилар бор.

Давлат ёки давлат билан боғлиқ оммавий ахборот воситалари ўлароқ давлат бевосита редакцион назоратни амалга оширадиган оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Агар ОАВ таҳририятлари, улар ҳатто давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган бўлсалар ҳам, мустақил равишда фаолият кўрсатаётган бўлсалар, уларга бунақа белги қўйилмайди. Бу каби белгилар, хусусан, Россиянинг RT телеканали, унинг бош муҳаррири Маргарита Симоньян, “РИА Новости” агентлиги, ТАСС агентлиги, Хитойнинг Синьхуа агентлиги ҳамда инглиз тилидаги “Жэньминь жибао” аккаунтларига қўйилган.

Аввалроқ шу каби сиёсатни Facebook корпорацияси жорий қилганди.

АҚШ Украина президентига алоқадор миллиардернинг мулкини мусодара қилмоқчи

Коломойский АҚШда бир қатор ширкатларга эгалик қилади.

Қўшма Штатлар Украина президенти Володимир Зеленскийга алоқадор миллиардер Игор Коломойскийнинг Техас ва Кентуккидаги ширкатларни давлат фойдасига мусодара қилмоқчи.

АҚШ Адлия вазирлиги 6 август куни судга Игор Коломойскийнинг мол-мулкини мусодара қилиш талаби билан ариза киритди. Адлия вазирлиги Коломойский ва унинг ҳамкори Геннадий Боголюбовни “Приватбанк”дан пул ювиш орқали “миллиард долларлаб маблағларни ноқонуний ўзлаштирганлик”да айбламоқда.

Аризада таъкидланишича, бу ишда уларга икки нафар АҚШ бизнесмени ҳам кўмак кўрсатган. Адлия вазирлиги Коломойский, Боголюбов ва уларнинг АҚШдаги икки ҳамкори ноқонуний ўзлаштирилган пулларга Қўшма Штатларда кўчмас мулк ва пўлат ишлаб чиқариш заводини сотиб олганини билдирди.

«Вашингтон пост» газетасининг ёзишича, Коломойскийнинг адвокати Майкл Салливан ўз ҳимоясидаги одам “Адлия вазирлиги айбловларини инкор қилаётганини”ни билдирган.

АҚШ Федерал тергов бюроси - ФТБ 4 август куни Игор Коломойскийнинг Кливленд ва Майамидаги ширкатлари офисларида тинтув ўтказган эди. ФТБ ходимига кўра, тинтувлар пайтида ҳеч ким қўлга олинган эмас.

Франция президенти Байрутдаги портлашни халқаро тергов қилишга чақирди

Франция президенти 6 августда Байрутга борди.

Франция президенти Эммануэль Макрон Ливан пойтахти Байрутда юз берган портлашни халқаро тергов қилишга чақирди.

Макрон 6 август куни Байрутга борган эди. Франция президентининг сафари арафасида Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги портлаш қурбонлари сони яна кўпайгани ва 137 кишига етганини, ўнлаб одам бедарак кетганини ва камида 5 минг одам яраланганини билдирди.

Ливан ҳукумати портлаш юзасидан ўтказилаётган тергов доирасида 16 кишини қўлга олди.

Байрут бандаргоҳида портлаш 4 август куни содир бўлган. Портлаш зарбаси ҳатто Кипрда сезилган.

Ҳодиса ортидан шаҳардаги биноларнинг қарийб ярмига шикаст етган. Кўплаб иншоотлар қулаган, айримларининг ойна ва эшиклари синган.

Портлаш туфайли етказилган зарар миллиардлаб долларни ташкил этиши айтилмоқда.

Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар.

Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожиага сабаб бўлган.

АҚШда сўнгги уч ойда биринчи марта коронавирусдан энг кўп ўлим ҳолати қайд этилди

АҚШда бир кунда коронавирусдан 2 минг киши ўлгани ҳолати сўнгги марта 7 майда қайд этилган эди.

АҚШда 6 август куни 2060 киши COVID-19дан вафот этди. Бир кунда 58 минг кишида коронавирус аниқланди.

Экспертларга кўра, 6 августдаги кўрсаткичлар Оқ уйнинг вирус тарқалишини олдини олиш бўйича ҳаракатлари муваффақиятсизликка учраганини намойиш қилмоқда.

АҚШда бир кунда коронавирусдан 2 минг киши ўлгани ҳолати сўнгги марта 7 майда қайд этилган эди.

Американинг бошқа давлатлари- Мексика ва Бразилияда ҳам касалланганлар ҳамда ўлганлар сони ўсмоқда.

Бразилияда бир кунда 53 минг кишида вирус аниқланди ва 1200 бемор ўлди. Бразилияда коронавирусдан ўлганларнинг жами сони 100 мингга яқинлашди.

6 август куни Мексикада коронавирусдан ўлганларнинг умумий сони 50 минг кишига етди. Бир кунда 6500 кишида вирус аниқланди.

Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, 6 август ҳолатига кўра, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 18 миллион 900 минг кишига етди. Ўлганлар сони 712 минг кишини ташкил қилди.

Қирғиз-тожик чегарасида бугунги кун ҳисобидан яна бир инцидент содир бўлди

Қирғиз-тожик чегарасидаги Кўктош қишлоғи (архив сурати).

Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида бугунги кун ҳисобидан иккинчи қуролли инцидент содир бўлди.

Боткен вилоят маъмуриятидан Озодликнинг қирғиз хизматига маълум қилишларича, Кўктош қишлоғи яқинида соат 19:30 ларда қирғизистонлик бир киши сони ва энсасидан иккита жароҳат олган, шундан сўнг у касалхонага етказилган. Унинг аҳволи ўртача оғир, деб баҳоланмоқда. Қайд этилишича, ўқ номаълум томондан отилган.

Қирғизистон Чегара хизмати бу маълумотга аниқлик киритаётганини маълум қилган. Чегара хизматига кўра, воқеа жойида вазият назорат остида тутиб турилибди.

6 август куни эрталаб ҳам қирғиз-тожик чегарасида қуролли инцидент содир бўлганди. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, Боткен вилоятининг Иккитош деб номланган ҳудудида Тожикистон томонидан номаълум шахслар, тахминларга кўра, ов милтиғидан Чегара хизмати ҳарбийсига қарата ўқ узган. У қўлидан яраланган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат хизмати Чегара қўшинлари матбуот маркази шу вақтда Қирғизистон томонидан отилган ўқдан чегара чизиғидан 1 километр нарида юрган тожикистонлик Воҳид Ваҳҳобов оёғидан яралангани, пировардида жон таслим қилганини маълум қилган.

Кейинроқ Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари вакиллари учрашув ўтказиб, чегара яқинида 6 август куни эрталаб рўй берган нохуш ҳолатни муҳокама қилганлар. Ҳар бир тараф инцидент бўйича мустақил тергов ўтказишга қарор қилган.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара 970 километрга узанган. Бундан 519 километри бўйича келишувга эришилган, чегаранинг қолган қисми эса баҳсли бўлиб ҳисобланади. Бундай участкалар асосан Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Лайлак ва Боткен туманларида жойлашган. У ерда кўпинча сув, яйлов ва ер талашиш ортидан тўқнашувлар келиб чиқмоқда.

Тожикистонда президент сайлови 11 октябрга белгиланди

Тожикистон парламенти юқори ва қуйи палаталарининг 5-6 август кунлари бўлиб ўтган қўшма мажлисида мамлакат президенти сайловини 11 октябрга белгилаш ҳақида эълон қилинди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати Марказий сайлов комиссияси аппарати раҳбари Наврўз Самадзодадан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Қонунга мувофиқ, Тожикистонда президентликка номзодларни сиёсий партиялар, вилоят, шаҳар ва туман касаба уюшмалари кўрсатиши мумкин. Бундан олдинги президент сайлови 2013 йил 6 ноябрида бўлиб ўтган.

Бу Тожикистон мустақилликка эришганидан бери мамлакатда ўтказилаётган олтинчи президент сайлови бўлади.

1994 йилдан бери бўлиб ўтган президент сайловларининг барчасида Республика Олий кенгашининг собиқ раиси Имомали Раҳмон ғалаба қозониб келган. У бўлажак сайловнинг ҳам фаворити бўлиб ҳисобланади. У мамлакатни бошқарган қарийб 28 йил мобайнида сайлов тўғрисидаги қонун бир неча бор ўзгарган, бу эса президентга ҳокимият тепасида чекловсиз муддат қолиш имконини берган.

Тожикистон президенти етти йилга сайланади. Президентликка номзодлар мамлакатда камида 10 йил яшаган бўлишлари, тожик тилини билишлари, олий маълумотга эга бўлишлари ва ёшлари 30 дан кичик бўлмаслиги лозим.

Тожикистондаги аввалги сайловларни мониторинг қилган халқаро кузатувчилар фикрича, бу мамлакатда ўтказилган сайловлардан бирортаси ҳам демократик, шаффоф ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган эмас.

Киевдаги банкни портлатиш билан таҳдид қилган самарқандлик Каримов икки ойга ҳибс этилди

Суҳроб Каримов "Универсал Банк" бўлимида, Киев, 2020 йил 3 августи.

Киев суди банк бўлимини портлатиш билан таҳдид қилган ўзбекистонлик Суҳроб Каримовни террор хуружига оид иш бўйича ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Киев прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, С. Каримовга Украина Жиноят кодексининг 258-моддаси 1-банди (“Террор хуружи содир этганлик ёки содир қилиш билан таҳдид этганлик”) бўйича айблов билдирилган.

Маҳкама мажлисидан сўнг прокурор Александр Жила журналистларга Суҳроб Каримов гаров пули киритиш ҳуқуқисиз икки ойга ҳибсга олинганини маълум қилган.

Айби исботланган тақдирда Каримов 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шу йил 3 август куни ўзбекистонлик 32 ёшли Суҳроб Каримов Украина пойтахтидаги “Универсал Банк” бўлимига кириб, рюкзагидаги бомбани портлатиб юбориш билан таҳдид қилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган эди.

У интервью учун ўзининг ёнига журналистлар киритилишини ҳамда унга 40 минг гривна (тақрибан 1400 АҚШ доллари – таҳр.) берилишини талаб қилган.

Суҳроб Каримов “Бумеранг” ва “Гром” махсус амалиётлари чоғида қўлга олинган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG