Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 16:53

Халқаро хабарлар

Новосибирскдан Бишкекка яна 180 дан зиёд қирғизистонлик қайтарилди

Бишкек яқинидаги "Манас" аэропорти (иллюстратив сурат).

Жорий йилнинг 17 июль куни Россиянинг Новосибирск шаҳридан Бишкекка 183 нафар қирғизистонлик қайтарилди. Бу ҳақда Республика тезкор штаби маълумот тарқатди.

Чартер рейси билан Қирғизистонга ҳомиладор аёллар, ёш болали оналар, талабалар ва қариялар қайтарилган.

Айни рейс билан Россияда ишлаётган қирғизистонликлар томонидан йиғилган тиббий восита ва препаратлар шаклидаги гуманитар ёрдам ҳам (185 минг рубллик) олиб келинган.

Коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилгани ортидан хорижий ўлкаларда ишлаётган қирғизистонликларнинг кўпи юртига қайтолмай қолган. Ҳукумат улар учун дунёнинг турли мамлакатларидан чартер рейслар ташкил қилмоқда. ТИВ маълумотларига кўра, коронавирус инфекцияси тарқала бошлаган март ойидан то июль ойи бошларигача хорижий мамлакатлардан Қирғизистонга 20 минг 638 нафар ватандош қайтарилган.

Кун янгиликлари

Қозоғистон собиқ президенти Назарбоевнинг смайликчаларини чизган дизайнер уриб ўлдирилди

Bisen тахаллуси билан машҳур бўлган дизайнер Сабит Сирахан Нурсултон Назарбоевнинг смайликчаларини чизган.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг смайликчаларини чизган ва Bisen тахаллуси билан машҳур бўлган дизайнер Сабит Сирахан номаълум шахслар томонидан калтаклаб ўлдирилди. Бу ҳақда унинг дўстлари ижтимоий тармоқларда хабар бердилар.


“Бисен энди биз билан эмас! Дўстимни тепкилаб кетишибди! Ҳайвонлар! Бирорта соғ жойи қолмабди! Уни пойабзалидан танидик”,- деб ёзди Instagram саҳифасида рэпер Бекболат Кайдаров.


Олмаота полицияси Сабит Сираханни ўлдирганликда гумонлаб дизайнер билан юрган қизнинг акаси қўлга олинди.

Полициянинг билдиришича, гумонланувчи дастлабки терговда дизайнерни калтаклаб ўлдирганини тан олган.


Ҳозирча 31 ёшли Сабит Сирахан қайси мотивлар асосида ўлдирилгани номаълум.

Беларусда Лукашенкога қарши ва уни қўлловчи пенсионерлар намойишга чиқди

“Донолик марши”да иштирок этган пенсионерлар “Лукашенко кет!” деган шиор остида йиғилдилар. Лукашенко тарафдорлари эса “Тинчлик, фаровонлик ва анъанавий қадриятлар учун” деган шиорни танладилар.

Беларус пойтахти Минскда 19 октябрь куни амалдаги президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилган ва уни қўллаб-қувватлаган бир неча минг пенсионер алоҳида-алоҳида намоийиш ўтказди.


“Донолик марши”да иштирок этган пенсионерлар “Лукашенко кет!” деган шиор остида йиғилдилар. Лукашенко тарафдорлари эса “Тинчлик, фаровонлик ва анъанавий қадриятлар учун” деган шиорни танладилар.


Бундан ташқари Беларуснинг бошқа шаҳарларида ҳам норозлик намойишлари бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 19 октябрдаги намойишларда 280 киши ушланди. Улардан 215 нафари Минскда қўлга олинган.

Қўлга олинганлардан 237 нафарининг иши судга юборилган ва улар ҳибсда сақланмоқда.

АҚШ Россия ҳарбий разведкасининг 6 ходимига айблов билдирди

АҚШ расмийларига кўра, уларнинг барчаси Россия ҳарбий разведкасининг 74455 қисми ходимларидир.

АҚШ Адлия вазирлиги 19 октябрда Россия ҳарбий разведкасининг олти зобитига нисбатан йирик киберҳужумларни амалга ошириш айбловини билдирди.

Ҳужжатда таъкидланишича, уларнинг фаолияти оқибатида АҚШ миллиардлаб доллар зарар кўрган.


Прокурорларнинг билдиришича, айбланувчилар Кремлнинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашиши бўйича йирик амалиётларни ҳам бажарган. Улар Демократик партия арбобларининг электрон ёзишмаларини ўғирлаган.


Ҳужжатда айбланувчилар 2017 йилда Франция президентлик сайлови ташкилотчилари компьютерларига киберҳужумлар уюштиргани ҳам қайд этилган.


Бундан ташқари Россия ҳарбий разведкасининг олти ходими Британияда собиқ рус разведкачисининг заҳарланишини ўрганаётган тергов органлари, 2018 йилда Пхёнчханда ўтган Қишки Олимпия ўйинлари ташкилотчилари, Украина парламенти, Украина Молия вазирлиги ва Украина электр таъминоти тизимига киберҳужумлар уюштирган.


Америка овози радиосининг билдиришича, АҚШ расмийлари айбланаётган шахслар Юрий Андриенко, Владимир Детистов, Павел Фролов, Анатолий Ковалёв, Артём Очиченко ва Пётр Плискин эканини билдирмоқда.

АҚШ расмийларига кўра, уларнинг барчаси Россия ҳарбий разведкасининг 74455 қисми ходимларидир. Америка овози радиоси АҚШ расмийларига таянган ҳолда улар келтирган зарар 10 миллиард доллар эканини билдирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди

Тоғли Қорабоғ харитаси.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 19 октябрда ёпиқ эшиклар ортида ўтган маслаҳатлашувлардан сўнг Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматларини Тоғли Қорабоғда оташкесим битимига амал қилишга чақирди.


Тоғли Қорабоғда 17 октябрда томонлар навбатдаги оташкесимни эълон қилган эди. Бироқ 19 октябрь куни эрталаб Озарбайжон ва Арманистон кучлари ўртасида яна отишма содир этилди. Томонлар бир-бирларини оташкесимни бузганликда айбламоқда.


Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Россия Тоғли Қорабоғда сулҳга эришиш юзасидан баёнот лойиҳасини тайёрламоқда.

AFP агентлигининг хабар беришича, баёнотда Арманистон ва Озарбайжон Минск гуруҳига кирган Россия, Франция ва АҚШ воситачилигида музокараларни қайта бошлашга чақирилади.


Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ТАССга берган интервьюсида Москвада музокаралар ўтказишга тайёр эканликларини билдирганлар.


Тоғли Қорабоғда жанглар 27 сентябрь куни бошланган эди. Халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган Тоғли Қорабоғни 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган арманлар бошқариб келади.

Қирғизистон: Парламент қонунчиликка ўзгартиш киритган тақдирда, Жапаров сайловда қатнашишга ҳозир

Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи бош вазир Садир Жапаров “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида президент сайловида қатнашишга тайёр эканини билдирди.

Журналистларнинг саволига жавоб берар экан, у Конституция унинг президентликка номзод бўлишига имкон бермаслигини қайд этди..

“Конституцияга мувофиқ, президент вазифасини бажараётган шахс сайловда иштирок этолмайди. Ҳозирги пайтда парламентда депутатлар ва президент сайлови тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартишлар ҳозирланмоқда. Агар бу қонундаги бу ўзгартишлар натижасида сайловда иштирок этишга имкон туғилса, мен сайловда қатнашаман, бироқ ҳозирча бу ҳақда гапиришга эрта, бу масала бўйича қарор ҳали қабул қилинганича йўқ”, деди Жапаров.

“Адилет” ҳуқуқий клиникаси ўз таҳлилида Қирғизистон Конституциясининг 68-моддасига мувофиқ, президент вазифасини бажарувчи мансабдор шахслар парламентга муддатидан олдин сайлов белгилаш, ҳукуматни истеъфога чиқариш, муддатидан аввалги сайловда президентликка номзод бўлиш ҳуқуқига эга эмаслигини урғулаган.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин юзага келган сиёсий бўҳрон президент, парламент спикери ва бош вазир истеъфосига сабаб бўлган. 16 октябрь куни парламент депутатлари Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини қабул қилганлар. Унинг ўрнига ғалаён чоғида қамоқдан озодликка чиққан ва парламент томоидан бош вазирликка сайланган Садир Жапаров президент вазифасини бажарувчи мақомини олган.

Лукашенко билан тергов ҳибсхонасида учрашган сиёсий маҳбуслардан 3 нафари қўйиб юборилди

Александр Лукашенконинг мухолифатдаги сиёсий ҳаракатлар вакиллари билан учрашуви, 2020 йил 10 октябри.

Беларусда мухолифатдаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш раёсати аъзоси Лилия Власова, адвокат Илья Салей ва сиёсий технолог Виталий Шкляров тергов ҳибсхонасидан уй қамоғига чиқарилди.

Шу тариқа, Беларусь мухолифатининг Александр Лукашенко билан 10 октябрь куни КГБ тергов ҳибсхонасида учрашган 12 вакилидан беш нафари учун эҳтиёт чораси ўзгартирилди. Яна етти нафари, шу жумладан Сергей Тихановский, Виктор Бабарико ва учрашувдан бош тортган Мария Колесникова ҳибсхонада қолмоқда.

Янги президент сайлови ўтказиш талаби билан бир қаторда сиёсий маҳбусларни озод қилиш ҳам беларуслик мухолифатчиларнинг талабларидан бири эди. Бу талабларнинг бажарилиши учун президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская Лукашенкога 25 октябргача муҳлат берган, улар рад этилган тақдирда умуммиллий иш ташлаш бошланиши ҳақида билдирган.

Лукашенконинг тергов ҳибсхонасида мухолифатчилар билан нима ҳақида гаплашгани расман очиқланган эмас. Маҳбусларнинг адвокатларига кўра, гап мухолифатнинг янги конституцияни ҳозирлашдаги муҳтамал иштироки ҳақида кетган, айни пайтда 9 августда бўлиб ўтган президент сайловидан бери мамлакатда давом этиб келаётган норозилик намойишлари тўхтатилиши назарда тутилган.

Озарбайжон Эрон чегарасидаги кўприк устидан назоратни қўлга киритди

Тоғли Қорабоғдаги жанглар манзараси.

Озарбайжон ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда 18 октябрь куни олиб борилган жанглар давомида Эрон чегарасидаги Аракс дарёси устидан ўтувчи Худаферин кўприги назоратини қўлга киритди.


Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг бу баёнотини Арманистон Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади.

Арманистон Мудофаа вазирлиги бир кун аввал эришилган отшкесим битимига қарамай, Озарбайжон қўшинлари фронтнинг жанубий участкасида ҳужумга ўтганини таъкидлади.


Мазкур кўприк 1993 йилдан бери Арманистон назорати остида эди. Бу кўприк бевосита Тоғли Қорабоғда эмас, балки Озарбайжоннинг Жебраил туманида жойлашган.

Аввалроқ Боку 1990 йиллар бошидан бери Арманистон босиб олган Жебраил ва Фузули туманларини озод қилгани ҳақида билдирганди.


XII асрда қурилган Худаферин кўпригининг қўлга киритилиши, Озарбайжон армияси 27 сентябрда бошланган жанглар давомида шу кунгача 25-30 километр олға силжиганини билдиради.


Аввалроқ Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирликлари 18 октябрь соат 00дан бошлаб Тоғли Қорабоғда оташкесим битими кучга киришини билдирган. Бироқ якшанба куни эрталаб томонлар бир-бирини битимни бузганликда айблади.


Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни қўллаб-қувватлаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 18 октябрда конфликтни бартараф этишда воситачилик қилаётган Франция, АҚШ ва Россияни Арманистонга қурол етказиб бераётганликда айблади.


Туркия мазкур конфликт юзасидан музокараларда воситачи давлатлар қаторидан ўрин олмоқчи. Бироқ Арманистон Туркияни Озарбайжонга ҳарбий кўмак кўрсатаётганликда айблаб, унинг воситачи давлатлар қаторига киритилишига қаршилик қилмоқда.

Москвада меҳнат муҳожирлари сони 40 фоизга озайди

Москва мэри Сергей Собянин.

Москва мэри Сергей Собянин “Россия-1” телеканалида қилган чиқишида, пандемия туфайли пойтахтда меҳнат муҳожирлари сони 40 фоизга озайганини билдирди. Унга кўра, бунинг ортидан Москва ҳокимияти “қўл ишларни бажариш” учун Россиянинг бошқа ҳудудларидан одамларни жалб қилишга мажбур бўлмоқда.


Собянин: “Москвада қўлига белкурак, супурги ёки лом олишни истаган одамлар камдан -кам топилади”, -деб айтди.


Собянин ҳар йили қиш мавсумида Москва кўчаларини тозалашга бошқа ҳудудлардан минглаб одамлар қўшимча тарзда жалб қилиниши ҳисобга олинса, жорий йилда кўчаларни тозалаш масаласида “қатор қийнчиликлар” пайдо бўлишини айтди.


Мэрнинг таъкидлашича, муҳожирлар сони камайгани оқибатида қурилишларда ҳам “ўн минглаб” ишчи кучи етишмовчилиги пайдо бўлди.

Чехияда спорт ишқибозлари ва полиция ўртасида тўқнашув содир этилди

Чехия пойтахти Прагада спорт ишқибозлари норозилик намойишига чиқди.

Чехияда коронавирусга қарши янги чеклов чораларига қарши намойишга чиққан футбол ва хоккей ишқибозлари полиция билан тўқнашди.


18 октябрь куни футбол ва хоккей ишқибозларидан икки мингдан ортиқроғи 19 октябрдан кучга кирадиган икки ҳафталик чеклов чораларига қарши намойишга чиққан эди.

Улар икки ҳафта мобайнида спорт мусобақалари тақиқланиши тўғрисидаги қарорга норозилик билдирди.


Норозилар полиция махсус отрядига ёнувчи шишалар ва бошқа буюмларни отди.

Полиция норозиларга қарши сув пуркагичлар ва шовқинли гранатларни қўллади.


Тўқнашув оқибатида бер неча киши, жумладан, полиция ходимлари жароҳатлангани билдирилди.

Европада коронавирусга чалинганларнинг кундалик кўрсаткичи 44 фоизга кўпайди

АҚШда бир кун ичида 679 одам вафот этди ва ўлганлар сони деярли 220 минг кишини ташкил қилди.

Европа Иттифоқида, 2020 йилнинг 18 октябрь ҳолатига қараганда, коронавирусдан ўлганлар сони 250 минг кишига етди. Европа давлатлари коронавируснинг навбатдаги ҳуружини жиловлаш мақсадида бир қатор чекловларни қайта жорий этмоқда.


Айни пайтда Исроил ва Австралияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари озайгани муносабати билан карантин чораларини юмшатди.


Европа давлатларида сўнгги бир ҳафта ичида COVID-19га чалинишнинг кундалик кўрсаткичи 44 фоизга кўпайди.


АҚШда эса 17 октябрь куни 52 минг кишида коронавирус аниқланди. Бу сўнгги 14 кун ичдаги энг юқори кўрсаткичдир. Бу билан коронавирусга чалинишнинг кундалик кўрсаткичи ўртача 28 фоизга ўсди.


АҚШда бир кун ичида 679 одам вафот этди ва ўлганлар сони деярли 220 минг кишини ташкил қилди.

Навальний Россияга қайтиш фикридан воз кечмаганини билдирди

Мухолифатчи 19 сентябрь куни “Шарите”дан соғайиб чиққан ва ҳозирда Германияда қолиб, соғлиғини тиклаяпти.

Россия мухолифатчиси Алексей Навальний Кремль унинг Россияга қайтмаслги учун бор имкониятларни ишга солаётганини билдирди. Бироқ у бу уринишларга қарамай, Москвага қайтишини режалаштираётганини айтди.


АҚШнинг CBS телеканалига 18 октябрда интервью берган Навальный Россияга икки ойдан кейин қайтишни ва ўз фаолиятини давом эттиришни режалаштираётганини маълум қилди.


Навальний CBSга Берлиндан туриб интервью берди. У Россияда заҳарланганидан сўнг бу ердаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган ва даволанган.


Навальний “Шарите” касалхонасида 32 кун ётганидан сўнг 22 сентябрь куни чиқарилган эди.


Коррупцияга қарши кураш жамғармаси асосчиси Алексей Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги “Шарите” клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Мухолифатчи 19 сентябрь куни “Шарите”дан соғайиб чиққан ва ҳозирда Германияда қолиб, соғлиғини тиклаяпти.

Касалхонадан чиққанидан кейин берган бир неча интервьюсида Навальний соғлиғи тез тикланиб бораётгани айтиб, сиёсий фаолиятини давом эттириш учун Россияга қайтмоқчи эканини қайд этган.

Президент Трамп уч кунда тўрт штатда ралли ўтказди

АҚШ президенти Дональд Трамп Айовада, 14 октябрь, 2020

17 сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг матбуот котиби президентлик сайловига икки ярим ҳафта қоларкан, Трамп ўз сайлов кампаниясига «борини бераётганини» айтди.

Президент уч кунда тўрт штатда ралли ўтказган. Хусусан, 17 октябрь куни у Мичиган ва Висконсинда ралли ўтказган.

Иккинчи марта сайланишга уринаётган президент 18 октябрь куни Невада, 19 октябрь куни эса Аризонада ралли ўтказади.

Мичиганда Трамп демократлар номзоди Жо Байден ғалаба қозонса, мамлакат қандай зиён кўриши ҳақида сўзлади.

Трамп демократлар «Америка тарихини ўчиради, Америка қадриятларини йўқ қилади, Америкача яшаш тарзини барбод қилади», дея таъкидлади.

Трампнинг раллисида қатнашаётган аксарият тарафдорлари, мамлакатда коронавирус тез суратда тарқалаётган бўлишига қарамасдан, ниқоб тақмаган ёки ижтимоий масофа сақламаган ҳолда кўринмоқда.

Трампнинг рақиби Байден 17 октябрь куни дам олди, лекин 18 октябрь куни унинг Шимолий Каролинада ралли ўтказиши кутилмоқда.

COVID-19: Австралияда чекловлар юмшатилди, Европада эса кучайтирилмоқда

Франция, COVID-19 пандемияси боис комендантлик соатлари амал қилмоқда, октябрь, 2020

18 октябрь куни Австралия расмийлари Мельбурн шаҳрида коронавирусга чалиниш ҳолатлари озайиб бораётгани учун айрим чекловлар бекор қилинганини эълон қилди.

Хусусан, шаҳарларда ташқарида ўтказиш мумкин бўлган соатларга қўйилган чеклов бекор қилинди.

Биргина Виктория штати ҳокими барча чекловларни бекор қилиб, ресторанларни очишдан бош тортди.

Айни дамда кўплаб Европа давлатларида вирусга чалинганлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Шу сабабдан Испаниядан тортиб, Британиягача бўлган мамлакатларда вирус тақалиши олдини олиш учун чекловлар қайта жорий қилинди.

Францияда Париж ва яна саккиз шаҳарда кечки соат 21:00 дан эрталабки соат 6:00 гача комендант соати жорий қилинди.

Германияда ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари ошиб бормоқда. 17 октябрь куни мамлакатда бугунга қадар вирусни юқтирганлар сони 361 974 га етгани хабар қилинди.

Хабаровскликлар 99- кун норозилик намойишига чиқди

Хабароскликларнинг августдаги намойишларидан бирида олинган сурат.

Россиянинг Узоқ Шарқдаги Хабаровск шаҳрида яшовчи юзлаб киши қамоққа олинган минтақа собиқ губернатори Сергей Фургал ҳимоясига яна норозилик намойишига чиқди. Хабаровскдаги бундай акциялар қаторасига 99 кундан бери давом этмоқда.

Одам энг кўп йиғиладиган акциялар одатда шанба кунлари бўлиб ўтади. 10 октябрда ўтказилган намойишни ОМОН аскарлари куч ишлатиб тарқатган эди. Шунга қарамай, бугунги акцияга бир ҳафта олдингига қараганда, кўпроқ киши қатнашгани хабар қилинди.

Сергей Фургал 2018 йилда губернатор этиб сайланган эди. У сайловда 70 фоиз овоз тўплаб, «Единая Россия» номзоди устидан ғалаба қозонган.

Фургал 9 июль куни Хабаровскда қўлга олиниб, Москвага йўлланди.
Пойтахтда суд сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. У 15 йил аввал тадбиркорларнинг ўлдирилишини уюштирганликда айбланяпти.

Сергей Фургал қўлга олинганидан бери Хабаровск ўлкасида уни озодликка чиқариш ҳамда Путин истеъфоси талаби билан ўтказилаётган норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Озарбайжоннинг иккинчи йирик шаҳрига ракета зарбаси берилгани хабар қилинди

Озарбажон, Ганжа шаҳри, 2020, 17 октябрь.

Озарбайжон расмийлари мамлаканинг иккинчи йирик шаҳри - Ганжага ракета зарбаси берилгани тўғрисида баёнот берди. Айтилишича, шаҳарга Арманистон томондан тактик ракета комплексидан зарба берилган. Ереван бу иддаони рад этмоқда. Айни пайтда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари ўз пойтахти Степанакерт ва бошқа аҳоли пунктларининг яна ўққа тутилгани тўғрисида баёнот берди.

Олдинроқ Озарбайжон ҳарбийлари 27 сентябрдан бери Тоғли Қорабоғда 40та аҳоли пунктини эгаллагани ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Туркиянинг NTV телеканалига берган интервьюсида билдиргани хабар қилинган эди.

Илҳом Алиев суҳбат давомида Арманистон-Озарбайжон ўртасидаги зиддиятни сиёсий жиҳатдан бартараф этишда Туркиянинг аҳамияти муҳим бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Илҳом Алиевга кўра, Боку ва Анқара ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида ҳеч қачон Озарбайжон ҳудудида Туркия ҳарбий базасини ташкил этиш масаласини муҳокама қилмаган.

France 24 телеканалига берган интервьюсида Озарбайжон президенти Туркия Тоғли Қорабоғдаги конфликтда иштирок этмаётганини айтди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда. Тоғли Қорабоғдаги жанглар 27 сентябрда бошланган эди.

Қирғизистон хавфсизлик хизмати божхонадаги коррупцияга оид эълон қилинган материалларни ўргана бошлади

Қирғиз Республикаси Божхона хизмати идораси

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Коррупцияга қарши кураш хизмати материаллари асосида Божхона органларидаги порахўрлик фактлари юзасидан судгача суриштирув ишларини бошлади.

Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига МХДҚ матбуот котиби Роҳат Сулаймонов билдирди.

“2016 йилдан бошлаб Давлат божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов, бошқа амалдорлар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланган шахслар томонидан божхона тизими бошқарувида хафя даромад топиш мақсадида коррупцион схемалар йўлга қўйилган. Бунинг оқибатида давлат бюджетига йирик кўламда зарар етказилган”,- деди Сулаймонов.

Раимбек Матраимов ўтган йили Озодлик қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий фигуранти бўлган.

Ўтган йили Истанбулда яшаётган Саймаити Озодлик радиоси қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий манбаси бўлган эди. У Қирғизистондаги фаолияти давомида божхона хизматидаги коррупция ва камида 700 миллион долларни ноқонуний олиб чиқиб кетгани тўғрисида маълумот берган. Журналистик суриштирувда “коррупциялашган амалдор” қаторида Қирғизистон божхона хизмати раисининг ўша пайтдаги ўринбосари Раимбек Матраимов номи айтилган.

15 октябрда Сооронбай Жеэнбеков Қирғизистон президент лавозимидан истеъфога чиқди.

Президент ваколатлари 4 октябрда ўтказилган парламент сайлови натижалари эълон қилиниши ортидан бошланиб кетган норозилик намойишлари тўлқинида бош вазир лавозимга тайинланган Садир Жапаровга ўтди. У Раим Матраимов билан боғлиқ матбуот материаллари ўрганилади, деб ваъда берган эди.

Францияда ўқитувчининг ўлдирилиши ортидан 9 киши қўлга олинди

Франция президенти Эммануэль Макрон жума оқшомида жиноят содир этилган жойга борди.

Париж яқинидаги Конфлан-Сен-Онорин шаҳарчасида жума куни мактаб ўқитувчисининг ўлдирилиши юзасидан очилган жиноят иши доирасида 9 киши қўлга олинди. Улардан иккиси ўлдирилган ўқитувчи ўқувчисининг ота-онасидир. Бу ҳақда хабар қилган Agence France-Presse ахборот агентлигига кўра, қўлга олинганларнинг бир нечаси жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган шахснинг атрофидаги кишилардир.

Жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган шахс 18 яшар россиялик экани айтилди. Тахминларга кўра, у Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни ўқувчиларига кўрсатгани учун ўқитувчидан ўч олган - бошини танасидан кесиб ташлаган.

Гумон қилинган шахс полиция томонидан отиб ўлдирилган. У ўз Твиттерида ўлган ўқитувчи жасадини эълон қилиб, жиноятни ўз зиммасига олган. У ўқитувчини Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилганликда айблаган. Тарих ўқитувчиси Charlie Hebdo журналида чоп этилган карикатурани ўқувчиларига улар билан сўз эркинлиги нималигини муҳокама қилаётиб кўрсатган.

Франция президенти Эммануэль Макрон жума оқшомида жиноят содир этилган жойга борди. Президент юз берган “воқеада исломчиларнинг террор ҳуружи” аломатлари борлигини билдирди.

Россиядаги баъзи нашрлар ўқитувчини ўлдирган шахс Москвада туғилган Абдулак Анзоров эканлиги ҳақида ёзди. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланган эмас.

Тихановская “ҳокимиятни эгаллаб олишга чақиргани учун” қидирувга берилди

Светлана Тихановская.

Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод Светлана Тихановская миллий хавфсизликка зиён етказишга оид чақириқлари учун давлатлараро қидирувга берилган. Бу ҳақда Беларусь Тергов қўмитаси баёнотида айтилади. Аввалроқ “Интерфакс” агентлиги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда, Тихановская ҳокимиятни босиб олиш ва конституциявий тузумни ағдаришга оид чақириқлари туфайли қидирувга берилгани ҳақида хабар қилганди.

Октябрь ойида Тихановскаянинг қидирувга берилгани ҳақида Россия Ички ишлар вазирлиги маълум қилганди.

9 август куни бўлиб ўтган президент сайловидан кейин Светлана Тихановская таъқибдан хавотирланиб, Литвага кетганди. Мухолифат вакили сифатида у европалик қатор лидерлар билан учрашиб, уларни Беларусдаги норозилик намойиши иштирокчиларини дастаклаш чақирганди.

Озодликнинг беларус хизматига берган интервьюсида Тихановская расмийларнинг зўравонлиги туфайли беларуслик кўплаб фаоллар ва мухолифатчилар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани юзасидан афсус билдирганди.

Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида 9 августдан бери оммавий норозилик намойишлари тингани йўқ. Бу акцияларга юз минглаб одам йиғилмоқда. Мазкур намойишларни бостириш чоғида камида 4 киши нобуд бўлган, 6 киши бедарак кетган. Норозилар орасида қанча киши жабрлангани ёки ҳисбга олингани ҳақида ҳалигача аниқ маълумот йўқ, бироқ улар сони минглаб экани айтилади.

Европа Иттифоқи билан АҚШ Беларусдаги президент сайловини легитим, дея тан олган эмас. Бироқ Россия тан олган.

Қирғизистон: МСК раҳбари қайта сайловлар 20 декабрга белгиланиши мумкинлигини билдирди

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раисаси Нуржан Шайлдабекова.

Қирғизистонда парламентга қайта сайловлар шу йил 20 декабрига белгиланиши мумкин. Бу ҳақда 16 октябрь куни Бишкекда журналистларга Марказий сайлов комиссияси раисаси Нуржан Шайлдабекова маълум қилди.

У айни пайтда президент вазифасини ҳам бажараётган бош вазир Садир Жапаров муддатидан аввалги президент сайловида иштирок этишга ҳуқуқи йўқлигини ҳам маълум қилди. Мулозимага кўра, муддатидан аввалги президент сайлови санасини парламент белгилайди ва бу сайлов уч ой ичида ўтказилиши керак.

Шу йил 4 октябрь куни Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайловининг эртасига Бишкекда сайлов натижаларига қарши митинг бўлиб ўтган. Иштирокчилар овоз бериш натижаларини бекор қилиш ва қайта сайлов ўтказишни талаб қилишган.

6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олишган, шундан сўнг мамлакатда турли сиёсий кучлар ўртасида ҳокимият учун кураш бошланиб кетган.

6 октябрь куни МСК парламент сайлови натижаларини бекор қилган. Аммо ўша пайтда МСК вакиллари бунинг сиёсий эмас, ҳуқуқий қарор бўлганини билдирганлар.

15 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков норозилик акциялари қабатида истеъфога кетган, парламент спикери Қанатбек Исаев эса давлат раҳбари вазифасини бажаришдан бош тортган. Шу важдан президент ваколатлари ҳам бош вазир Садир Жапаровга ўтган.

ЖССТ ремдесивир ва бошқа уч препаратни COVID-19 ни даволашда самарасиз эканини билдирди

Ремдесивир, гидроксихлорохин, лопинавир/ритонавир ва интерферон каби препаратлар COVID-19 ни даволашда қарийб таъсир кучига эга эмас. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқотида айтилган.

ЖССТ томонидан мувофиқлаштирилган Solidarity (“Бирдамлик”) клиник тадқиқотларининг оралиқ натижалари ремдесивир, гидроксихлорохин, лопинавир/ритонавир ва интерферондан фойдаланиш COVID-19 юқтирилганидан 28 кун ўтиб ёки касалхонада муолажа олаётган беморлар орасида ўлим ҳолатлари кўрсаткичи пасайишига жуда кам таъсир қилаётгани ёки умуман таъсир қилмаётганини кўрсатди”, дейилади хабарномада.

30 дан зиёд мамлакатни қамраб олган Solidarity тадқиқоти чоғида бу препаратлар билан даволашнинг ўлим кўрсаткичларига таъсири, ўпкага сунъий нафас беришнинг бошланиши ва беморларнинг касалхонада бўлиш муддатлари ўрганилган.

ЖССТ таъсири камлигини билдирган дори воситалари, хусусан, ремдесивир препарати Ўзбекистонда шу пайтгача коронавирусга чалинган беморларни даволашда энг самарали воситалардан бири ўлароқ қаралаётган эди.

Озарбайжон президенти: Биз Қорабоғда 40та аҳоли пунктини эгалладик

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон ҳарбийлари 27 сентябрдан бери Тоғли Қорабоғда 40та аҳоли пунктини эгаллади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Туркиянинг NTV телеканалига берган интервьюсида билдирди.


Илҳом Алиев суҳбат давомида Арманистон-Озарбайжон ўртасидаги зиддиятни сиёсий жиҳатдан бартараф этишда Туркиянинг аҳамияти муҳим бўлиши мумкинлигини таъкидлади.


Илҳом Алиевга кўра, Баку ва Анкара ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида ҳеч қачон Озарбайжон ҳудудида Туркия ҳарбий базасини ташкил этиш масаласини муҳокама қилмаган.


France 24 телеканалига берган интервьюсида Озарбайжон президенти Туркия Тоғли Қорабоғдаги конфликтда иштирок этмаётганини айтди.


Айни пайтда Тоғли Қорабоғ расмий вакили пойтахт Степанакерт Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан бомбардимон қилинганини билдирди. Расмий Бакунинг Арманистон Озарбайжон объектларига ракета отгани ҳақидаги баёнотларини рад этди.


Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда.


Тоғли Қорабоғдаги жанглар 27 сентябрдан бошланган эди.

Қирғизистон парламенти Бишкекда жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини бекор қилди

Бишкек марказий майдони манзараси.

Қирғизистон парламентининг "Ала-Арча" давлат резиденциясида 16 октябрда ўтган навбатдаги йиғилишида Бишкекда фавқулодда ҳолат режимини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.


Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда 12 октябрдан 19 октябргача фавқулодда ҳолат режимини жорий этган эди. Фармонга асосан пойтахтда кечки соат 10дан тонгги 5гача комендантлик соати киритилганди.


Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келган. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетган.


6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй” ва ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносини эгаллаб олишган эди.

ОАВ: Эмомали Раҳмонни қасамёдга келтириш маросими 30 октябрь куни бўлиб ўтади

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.

Тожикистонда бешинчи марта президентликка сайланган Эмомали Раҳмонни қасамёдга келтириш маросими шу йил 30 октябрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри мамлакат парламентидаги манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Инаугурация маросими аввал “Кўҳи Сомон” саройи, кейин эса Миллат саройида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

“Кўҳи Сомон”да давлат раҳбари ҳукумат аъзолари, парламент депутатлари ва жамоатчилик вакиллари олдида Тожикистон Конституцияси ва халқига содиқ қолиш борасида қасамёд қабул қилади, Миллат саройида эса унга президентлик рамзлари — байроқ ва гувоҳнома топширилади.

Кейин эса пойтахтдаги марказий майдонда президентнинг қасамёдга келтирилиши муносабати билан Душанбе ҳарбий гарнизони қисмлари ва бирлашмаларининг паради бўлиб ўтади.

Инаугурация маросимига хориждан делегациялар таклиф қилинган эмас.

Тожикистонда 11 октябрь куни ўтказилган президент сайловида Эмомали Раҳмон, МСК маълумотларига кўра, 90,92 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Э. Раҳмон Тожикистонни 1992 йилдан бери бошқариб келмоқда. Бунга қадар у тўрт марта президентликка қайта сайланган. Бироқ бу сайловларнинг бирортаси ҳам ғарб кузатувчилари томонидан адолатли, ҳолис ва демократик, дея тан олинган эмас.

Қирғизистон: Бош вазир Жапаров президент ваколатлари ҳам ўз тасарруфига ўтганини билдирди

Майдондаги митингчилар олдида нутқ сўзлаётган Садир Жапаров, Бишкек, 2020 йил 14 октябри.

Қирғизистон бош вазири Садир Жапаров 15 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган митингда президент истеъфо бериб, ўз ваколатларини топширгани, парламент раиси эса давлат раҳбари вазифасини бажаришдан бош тортгани ҳақида ариза ёзиб берганини очиқлади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Ҳаммаси ўз ўрнига келди. Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков аризасини ёзиб бериб кетди. Спикер Қанат Исаев эса: “Унинг вазифасини бажара олмас эканман” деб, ўз аризасини ёзиб берди. Бугун президент вазифасини бажарувчи ва бош вазир деган лавозимлар менга ўтди”, деди С. Жапаров Бишкекдаги ҳукумат биноси олдига йиғилган тарафдорлари олдида чиқиш қиларкан.

Бу борада спикер Қ. Исаевдан изоҳ олиш имкони бўлмаган.

Қирғизистонда 4 октябрда ўтказилган парламент сайловидан кейин сиёсий инқироз вужудга келди.

15 октябрь куни президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиққанини эълон қилди.

13 октябрь куни Қанат Исаев Қирғизистон парламентининг янги спикери этиб сайланган. Мамлакат қонунларига кўра, президент истеъфога кетган пайтда унинг вазифасини парламент спикери бажариши лозим. Аммо пайшанба куни 24.kg сайти саволларига жавоб берган Қ. Исаев асосий эътиборини парламент фаолиятига қаратишга қарор қилганини айтган.

14 октябрь куни Садир Жапаров номзоди парламент томонидан бош вазирликка маъқулланган, президент томонидан тасдиқланган. Собиқ депутат С. Жапаров шу йил 6 октябрга ўтар кечаси бир гуруҳ намойишчилар томонидан қамоқдан озод этилганди.

Песков: Россия Қирғизистонга молиявий ёрдамни вазият барқарорлашгунига қадар тўхтатади

Дмитрий Песков.

Россия Қирғизистонда вазият барқарорлашгунича, бу мамлакатга бериладиган молиявий ёрдамни тўхтатиб туради. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.

РБК нашри хабарига кўра, Кремль мулозими молиявий ёрдамнинг тўхталишини шу кунда Қирғизистонда ҳукумат деган нарсанинг ўзи йўқлиги ва у ерда инқироз ҳукм сураётгани билан изоҳлаган.

Шунинг учун, албатта, барча муассасалар, барча ташкилотлар ишлаб кетгунига қадар муайян муддатга танаффус қилиб турган маъқул”, деди Песков “Россия Қирғизистонга ҳақиқатан ҳам молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйдими?” деган саволга жавоб бера туриб.

Москва Бишкекка молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйгани ҳақида РБК нашрига Россия Молия вазирлигидаги манба маълум қилган ва бу маълумотни бошқа бир юқори лавозимли мулозим тасдиқлаган.

Россия сўнгги бор Қирғизистонга 2019 йили молиявий ёрдам кўрсатган. Ўшанда мамлакат бюджетини дастаклаш учун беминнат кўмак ўлароқ 30 миллион АҚШ доллари берилган.

Президент Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков қайдича, 2018 йили Россия Қирғизистоннинг 240 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат қарзидан тўлалигича кечиб юборган.

15 октябрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Россия президентининг матбуот котиби Д. Песков Қирғизистон президенти С. Жээнбеков истеъфоси ҳақида ҳам изоҳ берган.

Мулозим истеъфога кетган Жээнбековнинг хатти-ҳаракатига ҳиссий омилларга таянган ҳолда баҳо бериб бўлмаслигини урғулаган ва Москва Қирғизистондаги вазият тезроқ изга тушиб кетишига умид қилаётганини қайд этган.

Кремль Қирғизистонда ким билан мулоқот олиб боради?” деган саволга Песков ҳозирча бу саволга аниқ-тиниқ жавоб беролмаслигини билдирган.

15 октябрь куни Қирғизистон президенти С. Жээнбеков истеъфога кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG