Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2020, Тошкент вақти: 07:54

Тожикистонда 10 киши норозилик акциясидаги иштироки учун жазоланди


Норозилар кучли сел тошқини оқибатлари билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш учун трассани ёпиб қўйганди

Хатлон вилоятининг Хуросон туманида 10 киши рухсат этилмаган митингдаги иштироки учун маъмурий қамоққа олинди.

Бу ҳақда 16 июль куни Бохтарда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган Хатлон вилояти прокурори Абдурахим Рахимзодага кўра, ушланганлар 5-10 суткалик қамоққа олинган.

17 май куни Хуросон туманида яшовчи ўнлаб киши норозилик акцияси ўтказиб, Бохтар-Душанбе трассасини тўсиб қўйганди.

Норозилар шу йўл орқали кучли сел тошқини оқибатлари билан боғлиқ ўз муаммоларига амалдорлар эътиборини қаратишни истаганини айтишган.

Хуросонга 14 май куни келган кучли сел оқибатида икки нафар киши ҳалок бўлди.

Расмий маълумотга кўра, сел оқибатида 10 га яқин уй буткул вайрон бўлган. Бироқ маҳаллий аҳоли сел вайрон қилган ва шикастлаган қишлоқдаги уйлар бундан кўпроқ эканини айтмоқда. Ҳозирда уйи вайрон бўлганлар палаткаларда яшамоқда.

Бохтар-Душанбе трассаси ёпилгач, Хуросон туманининг Чорбоғ қишлоғида сув тошқинидан жабр кўрган аҳоли учун 60 дан зиёд уйлар қурилиши бошланди.

Маълум бўлишича, қишгача палаткаларда яшаётганларни янги уйларга кўчиришга улгуриш учун ҳашарга ўқитувчилар ва бошқа давлат идоралари ишчилари қўшилмоқда.

Аҳолининг айтишича, агар улар ўз муаммоларига йўлни тўсиб, эътибор қаратмаганларида “эҳтимол қуруқ қўл билан қолишлари мумкин эди”.

XS
SM
MD
LG