Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:52

Жаҳон банки Ўзбекистон ялпи миллий даромадига оид рақамларни изоҳлади


6 июлда (2020 йил) Озодлик радиоси «Жаҳон банки: Ўзбекистонликлар даромади кейинги тўрт йил ичида кескин камайиб бормоқда» сарлавҳаси остида мақола чоп этган эди. Мақола чоп этилганидан сўнг Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Озодлик сўровига биноан, қуйидаги расмий изоҳни юборди.

Мақолада Жаҳон банкининг очиқ маълумотлар базаси: Ривожланишнинг глобал индикаторларида келтирилган Ўзбекистоннинг иқтисодий статистикасига оид маълумотлардан фойдаланилган. Мақола муаллифлари Ўзбекистоннинг аҳоли жон бошига ялпи миллий даромади (ЯМД)нинг “Атлас” методикаси асосида ҳисобланган кўрсаткичларини иқтибос қилиб келтириб, аҳоли жон бошига ўртача даромад миқдори 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда 2 660 АҚШ долларидан 1 800 гача қисқарганлигини таъкидлайдилар. Мамлакат иқтисодиёти ўлчамини миллий валюта ўрнига АҚШ долларида баҳолаш учун баъзида мазкур методдан фойдаланилади. ЯМД ҳисоб-китоби аввал ҳар бир мамлакатнинг миллий валютасида ифодаланиб, сўнгра “Атлас” методикаси бўйича конвертация коэффициентини қўллаган ҳолда АҚШ долларига ўгирилади. Мазкур коэффициент валюта айирбошлаш курсининг сўнгги уч йил мобайнидаги ўртача қийматига асосан ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг расмий иқтисодий статистикаси даставвал сўмда ифодаланади. Сўнгра у АҚШ долларига ўтказилади, бунда сўм долларга ҳукумат томонидан ўрнатилган расмий айирбошлаш курси бўйича конвертация қилинади. 2017 йилнинг сентябрь ойида ҳукумат валюта курсини тартибга солиш режимини ўзгартириш тўғрисида эълон қилди, бу АҚШ долларини ўзбек сўмига айирбошлаш расмий курсининг тахминан 50 фоизга девальвация бўлишига олиб келди.

Бунинг натижасида, АҚШ долларида ифодаланган миллий даромад ва бошқа иқтисодий статистик маълумотлар кўрсаткичи 2017 йилдан бошлаб сезиларли даражада пасайган, деган таассурот ҳосил бўлади. Мамлакатда валюта режимининг ўзгартирилиши оқибатида, АҚШ долларида ифодаланган даромадлар тўғрисидаги маълумотларнинг 2017 йилгача бўлган ва ундан кейинги даврдаги кўрсаткичларини бир-бири билан қиёслаш, “Озодлик” мақоласида айтилганидек, даромадлар даражаси – ёки фуқароларнинг харид лаёқати – пасайган, деган нотўғри хулосага олиб келиши мумкин. Аслида, кўрсаткичлар пасайишини валюта айирбошлаш курсининг ўзгариши билан изоҳлаш мумкин, бинобарин ўзбек сўмида ифодаланувчи расмий статистика кўрсаткичлари АҚШ долларига ўгирилганда курснинг пасайгани ҳисобига камаяди.

Айирбошлаш курсининг девальвация қилиниши ўзбекистонликлар даромади нуқтаи назаридан нимани англатиши ва нимани англатмаслигига ойдинлик киритиш зарур. 2017 йилда айирбошлаш курси унификация қилингунга қадар, Ўзбекистонда яшовчи аксарият аҳоли сўмни ҳорижий валютага расмий айирбошлаш курси бўйича алмаштира олмас эди. Бундай сиёсат ҳорижий валютанинг кенг кўламли муқобил бозори пайдо бўлишига олиб келган эди. Ўша пайтда сўмни АҚШ долларига айирбошлаш расмий курсининг муқобил бозор билан тенглаштирилишига олиб келган девальвацияси ўз-ўзидан фуқароларнинг харид лаёқати ўзгарганлигини билдирмас эди. Бундай вазиятларда, яъни айирбошлаш курси девальвация натижасида сезиларли равишда ўзгарганда, даромадлар ошгани ёки қисқаргани ўзбек сўмида (ҳориж валютасида эмас) баҳоланиши ва фуқароларнинг ўз даромадлари эвазига харид қилиши мумкин бўлган нарсаларни солиштириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мақолада келтирилган бундай янглиш талқиндан ташқари, мазкур мақола, жумладан, муаллифлар томонидан билдирилган “ўзбекистонликларнинг даромади сўнгги тўрт йил ичида кескин қисқарди”, деган таҳлил ва хулосаларни Жаҳон банкининг нуқтаи назари сифатида тақдим этиб, ўқувчини чалғитади.

Хўжаликларнинг даромади ва фаровонлигида содир бўлган ўзгаришлардаги сўнгги тенденциялар таҳлили натижаларига кўра, Жаҳон банкининг хулосалари мақолада келтирилган маълумотлардан кескин фарқ қилади. Ўзбекистоннинг сўмда ифодаланган расмий ҳисоботларига кўра (бу ерда келтирилган), аҳоли жон бошига даромадлар 2016 йилдан буён, ҳатто инфляцияни ҳисобга олганда ҳам, барқарор равишда ўсиб келган.

Бошқа маълумотлар манбалари ҳам худди шундай хулосага келишга имкон беради. Масалан, 2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган Жаҳон банкининг «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» тадқиқоти доирасида мамлакатнинг барча ҳудудлари: ҳам қишлоқ, ҳам шаҳар жойларини қамраб олган ҳолда, 1 500 дан ортиқ оила хўжаликларининг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаб келмоқдамиз. Тадқиқот доирасида йиғилган маълумотларга кўра, киши бошига ўртача даромад 2019 йилнинг сўнгги кварталида аввалги йилнинг айни шу даври билан солиштирганда, инфляцияни ҳисобга олганда, тахминан, 5,2 фоизга ўсган ва 2020 йилда COVID-19 коронавирус пандемияси бошлангунга қадар ўсиш суръати бундан ҳам жадалроқ бўлган.

Шунингдек, юқорида келтирилган тадқиқот натижаларига кўра, ўз молиявий аҳволини кескинлашган, деб ҳисобловчи фуқаролар улуши у қадар юқори эмас ва вақт ўтган сари қисқариб келмоқда. 2018 йилнинг сентябрь ойида, тахминан, 18 фоиз аҳоли анкетадаги “молиявий аҳволим икки йил аввалгига қараганда ёмонроқ”, деган таъкидга қўшилган ва 82 фоизи ушбу таъкидга қўшилмаган, 2020 йилнинг март ойида, COVID-19 натижасида инқироз бошлангунга қадар, ўз молиявий аҳволи ёмонлашганини таъкидловчи респондентлар сони 18 фоиздан 10 фоизга қадар қисқарган – бу бизнинг тадқиқотимизда қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Ўзбекистонликлар даромадининг ўсиши мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиш кўрсаткичлари ва 2017 йилдан кейинги даврда бизнесни қўллаб-қувватлаш муҳитининг яхшиланишига эришилгани билан мувофиқ келади. Шу билан бирга, даромадларнинг ўсиши иқтисодиётнинг асосий секторларида, жумладан, мамлакатнинг кўплаб эҳтиёжманд оилалари даромад манбаи бўлган қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасидир.

COVID-19 пандемияси дунёдаги бошқа кўплаб мамлакатлар сингари Ўзбекистоннинг ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатди. Ўзбекистонда COVID-19нинг салбий таъсирига оид қўшимча ахборот билан бизнинг яқинда нашр этилган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти доирасида тўпланган ахборот тўғрисидаги маълумотномамизда танишиш мумкин.

XS
SM
MD
LG