Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 04:52

Қозоғистон: Шўрнақ қишлоғига кираверишда блокпост ўрнатилди, кўчаларда махсус отряд ходимлари юрибди


Шўрнақ қишлоғига кираверишдаги блокпост, 2020 йил 23 июли.

Қозоғистон жанубидаги асосан қозоқлар ва ўзбеклар яшайдиган Шўрнақ қишлоғига кираверишда тўқнашувдан кейин полиция блокпости ўрнатилган, қишлоқ кўчаларида махсус топшириқларни бажарувчи отряд ходимлари қўриқчилик қилмоқда. Куч ишлатар тузилмалар вакиллари қишлоққа одамлар ва транспортни текширувдан ўтказганидан кейингина киритмоқда. Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири, маҳаллий турғунларга кўра, миллатлараро можаро, расмийларга кўра эса, маиший зиддият содир бўлган Шўрнақ қишлоғида бўлди.

11 мингга яқин аҳоли яшайдиган Шўрнақда пайшанба куни жимжитлик ҳоким эди. Кўчаларда деярли одам йўқ. Қишлоқда махсус топшириқларни бажарувчи отряд ходимлари қўриқчилик қилмоқда. Шўрнаққа бир неча полиция автобуси, ҳарбий автомобиль ва ўт ўчирувчи машина келган. Қишлоқ четида куч ишлатар тузилмалар ходимлари учун чодир ўрнатилган.

Шўрнақ қишлоғидаги полициячилар, 2020 йил 23 июли.
Шўрнақ қишлоғидаги полициячилар, 2020 йил 23 июли.

Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири Шўрнақда ойналари синдирилган икки уй, шикастланган тўрт автомобилни кўрган. Маҳаллий турғунлар улар ўзбекларнинг мулки эканини айтган. Қишлоқликларга кўра, 20 июль куни икки маҳаллий йигит ўртасида даҳанаки жанг бўлиб ўтган: бири иккинчисидан гурурт сўраган, ўртада жанжал келиб чиққан. 21 июлга ўтар кечаси бир гуруҳ ёшлар Шўрнақдаги бир неча уйни тошбўрон қилган. Маҳаллий турғунлар бунақа воқеалар “аввал ҳам бўлган”ини айтиб, ҳодиса тўғрисида истамайгина гапирадилар.

Полиция ва махсус гуруҳ вакиллари тўқнашув сабаблари ҳақида гапиришдан бош тортган.

Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Қалқаманов Озодликка Шўрнақдаги воқеалар ортидан махсус штаб тузилгани, у ҳодиса тафсилотларини ўрганаётганини билдирган.

23 июль куни қирққа яқин ёш йигит тўпланиб, “болаларни қўйиб юбориш”ни талаб қилишди. Аммо можарога якун ясалди. Қишлоқ оқсоқоллари, полиция, вилоят ва туман ҳокимияти тушунтириш ишларини олиб бориб, ҳаммасини ҳал қилдик. Эндиликда ҳаммасини суд ҳал қилади. Ҳозир вазият барқарор, қишлоқ тинч. Ҳеч қанақа миллатлараро зиддият йўқ, бу фақат маиший зиддиятдир”, деган ҳоким ўринбосари.

Шўрнақ қишлоғидаги ойналари синдирилган автомобиль, 2020 йил 23 июли.
Шўрнақ қишлоғидаги ойналари синдирилган автомобиль, 2020 йил 23 июли.

Қалқаманов қишлоққа кираверишдаги блокпост коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолда ўрнатилганини айтади. Унга кўра, Шўрнақда хасталикни юқтириб олганлар аниқланган. “Нима учун аҳоли пунктига махсус топшириқ бажарувчи гуруҳ киритилди?” деган саволга жавоб берган амалдор бу қарор полиция раҳбарияти томонидан олинганини қайд этди: “У ерда [содир бўлган воқеадан кейин] тўртдан кўпроқ одам ушланган, [тўқнашувда] ўндан зиёд одам иштирок этган, бошқаларни топиш керак эди”.

Шўрнақда содир бўлган тўқнашув ҳақидаги маълумотлар 23 июль куни тарқай бошлаган. Туркистон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, шўрнақлик уч киши 21 июль куни Туркистон шаҳар марказий касалхонаси травматология бўлимига етказилган. Улардан 1997 ва 1998 йилда туғилган икки йигит ўртача оғирликда тан жароҳати олган ва уларнинг ҳаёти учун хавф йўқ. 1998 йилда туғилган яна бири кўзидан жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган, унинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Шўрнақ қишлоғидаги деразалари парчаланган уй, 2020 йил 23 июли.
Шўрнақ қишлоғидаги деразалари парчаланган уй, 2020 йил 23 июли.

Туркистон вилояти полиция департаменти маълумотига кўра, Шўрнақ қишлоғида бир эркак ва унинг қишлоқдошлари ўртасида “муштлашиш чиқиб, безориликка айланиб кетган”. Қайд этилишича, кейинроқ жабрланувчининг уйига номаълум шахслар келиб, “унинг уйи ва қўшни уйларни тошбўрон қила бошлаган”. Натижада уч киши тан жароҳати олган. Ҳодиса жойига етиб борган участка нозири жароҳатланган, дейилади полиция баёнотида. Полиция ҳодисанинг миллатлараро можаро характерига эга бўлганини рад этган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоёзувда полиция кийимида бўлган эркакнинг кўйлак ва юзларида қон излари акс этган. Унинг ёнида турган кишилар “тошбўрон қилганлар”нинг хатти-ҳаракатини қоралаганлар. Полиция департаменти баёнотида участка нозири қишлоқ аҳли томонидан “ўқотар қурол ишлатилишига йўл қўймаган”и айтилади.

Тармоқда тарқаган видеоёзувларда қозоқлар ва ўзбеклар ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақида айтилган.

Қозоғистонда миллатлараро тусга эга нохуш ҳодисалар аввал ҳам содир бўлган ҳамда улар баъзан тўс-тўполон ва талончиликка айланиб кетган. Жорий йил февраль ойида Жамбил вилоятининг Қўрдай туманида қозоқлар билан дунганлар ўртасида юз берган тўқнашувда 11 киши нобуд бўлган.

Расмийлар бу каби ҳодисалардан кейин, одатда, содир бўлган воқеани маиший зиддият ёки жиноятчилик доирасида таъсир жабҳасини тақсимлашда рўй берган тўқнашув, деб баҳолаб, миллатлараро сабабни рад этиб келадилар. Қозоғистон раҳбарияти ўз давлатини “юзта миллат” тинч-хотиржам кун кечираётган, миллатлараро ва динлараро осойишталик барқарор бўлган мамлакат ўлароқ кўрсатиб келади.

XS
SM
MD
LG