Линклар

Шошилинч хабар
12 апрел 2021, Тошкент вақти: 17:21

Карантин 15 августгача узайтирилди, Ҳайит куни ҳаракат тўлиқ тўхтатилади - бунинг учун БВ ўринбосари узр сўради (ВИДЕО)


Карантиндаги Тошкент, июнь, 2020

Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистонда карантин муддати 15 августгача узайтирилди.

31 июль (Қурбон Ҳайити куни), 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш ТЎЛИҚ ТЎХТАТИЛИШИ эълон қилинди.

Бундан ташқари, коронавирус юқтиргани гумон қилинганлар ва вирус тасдиқланганларга амбулатор ёрдам кўрсатадиган "махсус поликлиникалар" очилиши айтилди.

Карантин 15 августгача узайтирилди

Махсус комиссия 26 июль куни тарқатган баёнотга кўра, "мамлакатдаги эпидемиологик вазият оғирлашганлиги муносабати билан, шунингдек, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида ҳамда эпидемиологларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда" карантинни 15 августгача узайтиришга қарор қилинган.

Давлат органлари ва ташкилотларига:

- ходимларини хатловдан ўтказган ҳолда, иш жойига фақатгина зарур ходимлари келиши,

- қолган ходимларни меҳнат таътилига чиқариш ёхуд масофадан туриб ишлашга ўтказиш топширилди.

Фуқаролардан:

- тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик;

- жамоат жойлари, кўча, майдон ва маҳаллаларда 3 кишидан ортиқ тўпланмаслик, қатъий ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;

- ёши катта ва муайян турдаги касаллиги (қандли диабет, метоболик синдромлари, аутоимун касалликлари, қон, юрак, томир касалликлари, онкологик касалликлар ва б.) мавжуд фуқароларга коронавирус касаллиги кучли таъсир кўрсатишини инобатга олиб, 65 ёшдан ошган фуқароларни “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Вирус тарқалиши занжирини узиш учун ҳаракат тўлиқ тўхтатилади

Бундан ташқари, инфекциянинг тарқалиш занжирини узиш учун, 31 июль (Қурбон Ҳайити куни), 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланишни тўлиқ тўхтатишга қарор қилинган.

Белгиланган кунларда республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситалари ва йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Ҳаракат тақиқланган кунларда аҳолидан "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш, давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлардан эса ходимларни ишга жалб этмаслик сўралмоқда.

Дорихоналар дори, шифохоналар кислород билан таъминланади

Республика махсус комиссиясининг қарори билан уй шароитида карантинни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида услубий кўрсатма ҳам тасдиқланди.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси енгил, ўртача оғир ва оғир ўтаётган беморларни даволаш стандартлари тасдиқланиши ҳамда фуқароларга тавсия этиладиган дори воситаларининг ягона рўйхати шакллантирилиши белгиланди:

- республикадаги барча дорихоналарни зарур дори воситалари билан таъминлаш ҳамда дорихоналарда дори воситаларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш;

- коронавирус инфекциясини даволашга мўлжалланган шифохоналарни кислород билан таъминланган ҳолда шайлигини тайёрлаш;

- коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни клиник белгиларига асосан тест жавобларини кутмасдан тиббий ёрдамни ташкил қилиш бўйича зарур чоралар белгиланди.

Масъул ташкилотларга эса коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни шифохонага жойлаштиришнинг аниқ ва шаффоф мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда бу мезонларга қатъий амал қилинишини назорат қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилгани айтилди.

Амбулатор даволайдиган махсус поликлиникалар очилади

Шунингдек, Қорақалпоғистон ва вилоятларда коронавирус юқтириб олингани гумон қилинган ёки юқтириб олгани аниқланган беморлар учун амбулатор даволашга ихтисослашган "махсус поликлиникалар" очилиши айтилди.

Бу поликлиникалар ва касалларни йиғиб-тақсимлайдиган марказлар туну кун ишлаши белгиланди.

Бош вазир ўринбосари халқдан узр сўради

Махсус комиссиянинг бу баёноти ортидан расмий телевидение орқали чиқиш қилган Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев карантин чекловлари узайтирилаётгани учун халқдан узр сўради.

Ҳукумат мулозимига кўра, бу муддат ҳокимиятлар, соғлиқни сақлаш тизимининг қўшимча тайёргарлик кўриб олиши учун зарурдир:

"Транспортда юришга, иш фаолиятини тиклашга, бозорлардаги тадбиркорларга, умуман, ҳозирги кунда ишини тўхтатиб турган одамлардан узр сўрашимиз керак. Чунки биз мажбурмиз. Биринчи пировард мақсад аҳоли соғлиғини, ҳаётини сақлаб қолишдир. Бунинг учун нима иш қилиш керак бўлса, қилишимиз керак. Бизга вақт керак. Айрим фаолият турлари яна озгина биргаликда сабр қилиб турса, касалликнинг олдини олиш бўйича биринчи галдаги вазифаларимизни амалга оширсак, ундан кейин ҳаммасини тиклаб оламиз. Карантин чеклови узайтирилиши ҳукуматга, ҳокимиятларга даволаш тизимини яратишга имконият беради".

XS
SM
MD
LG