Линклар

Шошилинч хабар
13 август 2020, Тошкент вақти: 08:24

“Сардоба”даги ўпирилиш бўйича 9 киши ҳибсга олинди


"Сардоба"даги ўпирилиш оқибатларини бартараф қилиш учун йўлланган техника, 2020 йил 2 майи.

“Сардоба” сув омбори тўғонининг жорий йил 1 май куни ўпирилиши ва бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ер майдонларини сув босиши бўйича тергов органи томонидан тўғон қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор 9 нафар шахс Жиноят кодексининг тегишли (167, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокуратураси маълумот тарқатди.

БП қайдича, ҳибсга олинганлар орасида буюртмачи “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК, лойиҳачи “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК, пудратчи ташкилот “Резаксой сув қурилиш” УК, “Тўпаланг Шеробод” ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи бор.

Экспертиза хулосасига кўра, сув омбори тўғонининг ўпирилишига лойиҳа ҳужжатларидаги, қурилишдаги ҳамда эксплуатациядаги хато ва камчиликлар каби омиллар сабаб бўлган.

Жиноят иши доирасида қурилишга сарфланган бюджет маблағларининг асослилигини текшириш мақсадида ҳужжатли тафтиш ва бажарилган ишлар ҳажмларининг назорат ўлчови тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси мутахассислари раҳбарлигида мутасадди идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади БП хабарномасида.

Тергов органи томонидан жиноятнинг сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитларни, айбдор шахслар доирасини аниқлаш билан бирга, етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Дастлабки терговни ҳар томонлама ва тўлиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳамда жиноят ишининг мураккаблиги ва катта ҳажмдалигини инобатга олиб, дастлабки тергов муддати Бош прокуратура томонидан 5 ойга узайтирилган.

1 май куни “Сардоба” сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

XS
SM
MD
LG