Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:27

АҚШ суди Бостон марафони ҳужумчисига чиқарилган ўлим ҳукмини бекор қилди


Царнаев Флориданинг Флоренс шаҳрида қамоқ жазосини ўтамоқда.

АҚШ федерал аппеляция суди 2013 йилги Бостон марафони пайтида террор хуружини уюштирганликда айбланиб ўлим жазосига ҳукм қилинган Жоҳар Царнаевга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилди.

Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган этник чечен Царнаев акаси Тамерлан билан амалга оширган ҳужумда уч нафар одам ҳалок бўлган, 260 дан ошиқ одам жароҳат олган эди.

31 июль куни Бостондаги Биринчи туман аппеляция суди Царнаев ҳукмини чиқарган суд маслаҳатчиларни синчиклаб танламаганини айтиб, қайтадан суд ўтказишни буюрди.

2015 йилда федерал суд маслаҳатчилари ҳайъати Царнаевни унга қўйилган барча 30 айблов бўйича айбдор деб топган, суд эса уни ўлим жазосига ҳукм қилган эди.

Царнаевнинг акаси Тамерлан портлашдан бир неча кун ўтиб қўлга олиш пайтида ҳалок бўлган.

Бостондаги суд ўз қарорини суд эшитишларидан 6 ой ўтиб чиқарди.

Ишни кўриб чиққан уч судья бир овоздан Царнаевга чиқарилган ўлим жазоси ҳукми бекор қилиниши керак, дея қарор чиқарган.

Судья О. Рожерии Томпсон Царнаев қолган умрини қамоқда ўтказишини, ягона масала у қатл этилиши керак ёки йўқлиги эканлигини айтди.

Царнаевнинг адвокатлари ўз мижозлари Бостонда одил судланмаслигини айтиб келади. Улар судни бошқа шаҳарда ўтказишга чорлаган эди.

Аммо ҳакам бетараф суд маслаҳатчиларини тўплаш ва судни одил ўтказиш мумкинлигини айтиб, адвокатларнинг бу талабини бажармади.

Царнаев адвокатлари, шунингдек, суд маслаҳатчилар ҳайъатига аъзо бўлган икки шахс суд бошланишидан олдин ижтимоий тармоқларда Царнаев ҳақида салбий фикр изҳор қилганига эътибор қаратишган эди.

Судда Царнаев акаси билан айбдор эканлигини тан олиб, узр сўради.

Царнаев айни дамда Флориданинг Флоренс шаҳрида қамоқ жазосини ўтамоқда.

Унинг адвокатлари суд бошида ака-ука Царнаевлар бомба портлатганини тан олишди, аммо Жоҳар Царнаевнинг акасига қиёслаганда айби озроқ эканлигини, сабаби ҳужумнинг асосий уюштирувчиси Тамерлан Царнаев бўлганини айтишди.

Айбловчиларга кўра, ака-укалар АҚШнинг мусулмон давлатларидаги урушлари учун ўч олиш мақсадида террор хуружини амалга оширишган.

Ҳужумда ҳалок бўлган Кристи Кэмпбеллнинг онаси шикоят суди қарорини кескин қоралади.

- Унга яшашга изн берилгани даҳшатли ҳолат. Бу адолатдан эмас. У бир кун уйқудан туриб, ҳужум уюштиришга қарор қилгани йўқ. Қилган ишини яхшилаб режалаштирган. Жоҳил, разил ишга қўл уран у, - деди.

Царнаевлар билан содир бўлган отишма давомида жароҳатланган Массачусетс йўловчи транспорти бошқармасининг собиқ ходими Дик Донохью шикоят суди қароридан ҳайратга тушмаганини билдирди. У Twitterда «Нима бўлганда ҳам, у озодликка чиқарилмайди ва қўлга олинганидан бери ҳеч кимга зиён келтира олмади», деб ёзди.

XS
SM
MD
LG