Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:57

Бир неча йилдан бери низолар маскани бўлиб қолган Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна ўқ отилди. Бир одам ўлди


Қирғизистон-Тожикистон чегараси энг нотинч ҳудуд ҳисобланади.
Қирғизистон-Тожикистон чегараси энг нотинч ҳудуд ҳисобланади.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 6 август куни эрталаб ўқ отилгани тўғрисида икки давлат Чегара хизматлари хабар берди.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси Марказий Осиёдаги энг нотинч ҳудуд ҳисобланади. Жорий йилнинг май ойида чегаранинг мазкур қисмида икки марта отишма содир этилган эди.

6 август куни содир этилган отишмада Тожикистон томонидан бир одам ўлди ва Қирғизистон томонидан бир чегарачи яраланди.

Бу ҳодиса юзасидан биринчи бўлиб маълум қилган Қирғизистон Чегара хизмати воқеа Боткен вилояти Боткен туманига қарашли Иккитош деб номланувчи ҳудудда содир бўлганини билдирди.

Қирғиз томони версиясида айтилишича, Иккитошда Тожикистон томонидан номаълум одамлар Қирғизистон чегарачисига, дастлабки тахминларга кўра, овчи милтиғидан ўқ отган.

Бунинг оқибатида қирғиз чегарачиларидан бири қўлидан яраланган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилди. Шифокорлар чегарачининг аҳволи яхши эканини айтмоқдалар.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари матбуот хизмати тарқатган хабарда эса тожик томонидан бир одам ҳалок бўлгани билдирилди.

“6 август куни тонгги соат 4ларда Исфара тумани Чоркух қишлоғининг Лангари Моҳиён маҳалласига туташ чегара ҳудудида Қирғизистон Республикаси Чегара хизматининг “Кўктош” заставаси бошлиғи, катта лейтенант Кабирев Шер номаълум шахс томонидан “ТОЗ-8” русумидаги овчи милтиғидан отилган ўқдан яраланди. Айни пайтда чегара чизиғидан бир километр узоқликда 1995 йилда туғилган, Чоркух жамоати Сомониён маҳалласида яшовчи, 4-бригаданинг боғбони бўлиб ишловчи Тожикистон фуқароси Ваххобов Воҳид Абдулхаевич қирғиз томонидан отилган ўқдан оёғидан яраланди ва ҳалок бўлди”,- дейилади Тожикистон тарқатган расмий маълумотда.

Ҳар икки давлат расмийларининг билдиришларича, айни пайтда мазкур ҳодиса юзасидан чегара хизматлари вакиллари учрашиб, вазиятни муҳокама қилмоқда.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси Марказий Осиёдаги энг нотинч ҳудуд ҳисобланади. Жорий йилнинг май ойида чегаранинг мазкур қисмида икки марта отишма содир этилган эди.

Мусулмонлар рамазон ҳайитини нишонлаган 24 май куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма пайтида бир нафар тожик аскари яраланган.

8 май кунги отишма чоғида Тожикистон томонидан отилган ўқлардан уч нафар қирғиз аскари яралангани хабар қилинганди. Тожикистон эса икки нафар фуқаро яраланганини айтган.

Ўша воқеада ов милтиқлари билан биргаликда миномётлардан ҳам ўқ отилган.

9 май куни Бишкек ва Душанбе ўзаро норозилик ноталари билан алмашган.

2020 йилнинг январь-май ойлари оралиғида Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг мазкур қисмида камида уч марта ўқ отилди.

10 январга ўтар кечаси Кўктош қишлоғида қирғизистонлик ва тожикистонликлар ўртасида тошбўрон бўлиб ўтган. Бу воқеада томонлар бир-бирларини ўқ отганликда ҳам айблаган.

2019 йилда эса Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 10 дан ортиқ можаро юз берди, шундан тўртта ҳодисада одамлар ҳалок бўлди. 16 сентябрь куни юз берган ҳодисада тўрт киши вафот этди.

Расмийларнинг маълумотларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги 970 километрли чегаранинг 405 километри ҳозиргача аниқланмаган. Отишмалар ва аҳоли ўртасидаги тўқнашувлар чегаранинг айнан мана шундай аниқланмаган ва баҳсли ҳудудларида содир бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG