Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 22:30

Самарқанд суди раиси ногиронлар аравачаси учун қурилма ўрнатиш сўровини рад қилди


Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносига ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин кириб-чиқишини таъминлаш мақсадида ногиронлар аравачаси учун махсус мослама ўрнатиш сўрови вилоят суди раиси томонидан рад этилди.

Бу ҳақда Озодликка самарқандлик ҳуқуқ фаоли Мақсуд Абдужабборов маълум қилди.

Ногиронларнинг суд мажлисларида қатнашиш имкони деярли йўқлигига шахсан гувоҳ бўлгани ортидан Абдужабборов¸ вилоят суди раисига бинода бундай шахслар учун махсус мослама ўрнатишни сўраб мурожаат қилган.

Жорий ой бошида бу сўровнинг рад этилиши¸ ҳуқуқ фаоли таъкидича¸ ногиронлиги бор шахсларнинг ҳаракат эркинлиги¸ қолаверса¸ уларнинг одил судлов ҳуқуқининг бузилишидир.

- Вилоят судига келган ногиронлар бинога киришлари учун бошқаларга илтимос қилишга мажбур бўлмоқда. Эшик олдидаги Миллий гвардия ходимлари уларни кўтариб бинога киритганлигининг гувоҳи бўлдим. Наҳотки оддий бир пандус (ногиронлар аравачаси кўтарилиши учун ўрнатиладиган махсус қурилма -таҳр.) ўрнатишнинг имкони бўлмаса?

Ногиронлар Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносига кираверишданоқ тўсиққа учрайди.
Ногиронлар Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносига кираверишданоқ тўсиққа учрайди.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Байрамали Норовнинг мурожаатчига берган ёзма жавобида ногиронлар аравачаси учун махсус мослама ўрнатилмаслиги суд биносининг тарихий деб топилгани ва давлат ҳимоясида эканлиги билан изоҳланган.

«Суд биноси ХХ аср бошида қурилган ва табиийки ўша пайтда пандуслар инобатга олинмаган” – дейилади суд раиси жавобида.

Самарқанд вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қиличев 6 август куни имзолаган расмий хатда¸ суд раиси келтирган сабабнинг асоссизлиги таъкидланган.

Тарихий обидалар учун масъул идора раҳбари Кўксарой майдони 3-уйда жойлашган вилоят Фуқаролик суди биносига имконияти чекланган фуқаролар учун зарур пандус ўрнатилиши бўйича ҳеч қандай чеклов йўқлигини билдирган.

Масъулнинг билдиришича¸ вилоят фуқаролик суди жойлашган тарихий бинога пандус ўрнатиш бўйича рухсат олиш масаласида бугунгача вилоят Маданий мерос бошқармасига бирон бир мурожаат юборилмаган.

- Маданий мерос объектига конструктив ҳолатига зарар етказилмаган ҳолда ҳамда ногиронлар учун шарт-шароитлар яратиш учун бинонинг кириш қисмида пандус ўрнатилиши мумкинлигини маълум қиламиз.

Самарқанд аҳолиси сони бўйича Ўзбекистонда биринчиликда ва вилоят статистика қўмитаси тарқатган рақамларга кўра¸ 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, вилоят доимий аҳолиси сони 3 миллион 878 минг кишини ташкил этган.

Ўзбекистонда жами 680 мингга яқин ногиронлиги бор шахс расман қайд этилган¸ улардан қанчасининг Самарқандда яшашига оид очиқ манбаларда маълумот йўқ.

Энг кўп аҳолига эга Самарқанддаги Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди биносидан бошқа суд биноларида ҳам имконияти чекланган шахсларнинг кириши учун тегишли шарт-шароит яратилмаган.

Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида мажлислар бинонинг ер сатҳидан пастда жойлашган ва қуёш нури кирмайган ертўла қисмида ўтказилади. Ушбу ҳолатнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига ҳам зид эканиги айтилмоқда.

Судьяларнинг хизмат хоналари эса барча шарт-шароитга эга бинонинг биринчи ва иккинчи қаватида жойлашган.

2019 йилнинг сентябр ойида фойдаланишга топширилган Тайлоқ туманлараро суди биноси вилоят бўйича “энг замонавий суд биноси” деб тавсифланади. Бу бинода ҳам суд мажлислари бинонинг учинчи қаватида олиб борилади ва ногиронларнинг учинчи қаватга ҳатто бошқаларнинг ёрдами билан ҳам чиқиш имкони йўқ ҳисоби.

Олий Суд матбуот хизмати Самарқанд вилоят фуқаролик судлари биноларида ногиронларнинг бинога кириши учун шароит йўқлигини Ўзбекистонда қурилишни лойиҳалаштиришдаги давлат стандартлари билан боғлади.

- Мисол учун, Тайлоқ туманлараро судида фуқаролик ишлари бинонинг учинчи қаватида кўрилади. Қурилиш нормалари бўйича эса бизда (Ўзбекистонда) 3 қаватли бинога лифт ўрнатилиши назарда тутилмаган.

Олий суд мулозими¸ айни пайтда¸ суд биноларида пандуслар ўрнатилмагани тегишли тартибда ўрганилишини қўшимча қилди.

«Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги БМТ Конвенцияси 2008 йил 3 майда кучга кирган ва Ўзбекистон 2009 йил 27 феврал куни бу ҳужжатни имзолаган. Аммо бу конвенция ҳозиргача ратификация қилинмай келаëтгани боис¸ ундаги талаб ва стандартларга амал қилиш Тошкент ҳукумати учун мажбурий характерда эмас.

2019 йил декабрида Тошкентда шу мавзуда ўтказилган халқаро тадбир қатнашчиларига қилган видеомурожаатида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича Махсус Маърузачиси Каталина Девандас Агилар Ўзбекистонни бу конвенцияни ратификация қилиш жараëнини тугатишга чақирди.

Судьялар ва адвокатларнинг мустақиллиги бўйича эксперт Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил сентябр ойидаги Ўзбекистонга ташрифи якуни бўйича БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этган ҳисоботида ҳам ногиронлар муаммоларига эътибор қаратилган.

БМТ махсус маърузачиси¸ Ўзбекистонда яқинда таъмирланган биноларда ҳам ногиронлар учун эркин ҳаракатланиш имкони йўқлиги бундай шахсларнинг адолатли судловга бўлган ҳуқуқи таъминлаши учун муаммо туғдираëтганини таъкидлаган.

Халқаро конвенцияга кўра¸ давлатнинг ногиронлиги бор шахслар учун қулайлик яратиш мажбурияти инсон ҳуқуқлари таъминланишининг фундаментал қисмидир.

XS
SM
MD
LG