Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2020, Тошкент вақти: 12:17

Халқаро хабарлар

Туркманистонда ниқоб тақиб юриш тартиби бузганлар пахта теришга мажбурланмоқда

Иллюстратив сурат.

Туркманистоннинг Мари вилояти расмийлари ниқоб тақиб юриш тартибига риоя қилмаган ва бу қоидабузарлик учун жарима тўлашга қодир бўлмаган кишиларни пахта теришга йўлламоқда. Мажбурий пахта теришдан бош тортган шахсларга эса меҳнат лагерларига жўнатиш билан таҳдид қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар қилди.

Қоидабузарлардан далага кетиш учун белгиланган вақтда полиция идорасига келиш талаб қилинмоқда. Биринчи гуруҳ далага 30 август куни йўлланган.

Озодлик туркман хизмати мухбирига кўра, қоидабузарларнинг ҳар бири кунига 20 килограммдан кам бўлмаган миқдорда пахта териб бериши лозим. Нормани бажармаган кишилар эса кейинги куни ҳам теримга жўнатилади.

Туркманистонда жамоат жойларида ниқоб тақмай юрганлик учун жарима август ойи бошидан жорий этилган. Жарима миқдори 60 манатни (расмий курс бўйича 17 доллар) ташкил қилади.

Ниқоб тақиб юриш талабини туркман расмийлари инфекция юқтириб олиш хавфи билан эмас, балки “ҳавода чанг миқдори кўплиги” билан изоҳламоқдалар. Расмий Ашхобод ҳалигача мамлакатда бирорта ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаганини иддао қилиб келмоқда.

Кун янгиликлари

COVID-19: Коронавирус туфайли Россияда 2020 йилнинг биринчи ярмида ўлимлар сони ўтган йилга солиштирганда анча юқори бўлди

Россия Федерал давлат статистика хизмати (Росстат ) маълумотларига кўра, мамлакатда 2020 йилнинг илк етти ойида ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 57 961 нафарга кўпроқ киши вафот этган.

Россияда шу муддат ичида 22,6 минг одам COVID-19 инфекциясидан нобуд бўлган; 15,3 минг киши бошқа сабабга кўра вафот этган, деб қайд этилган, аммо улар ҳам коронавирусга чалинган бўлган.

Москва соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, пойтахтдаги ошиқча ўлимлар сабабчиси коронавирус инфекциясидир. Росстат COVID-19 инфекциясидан ўлганлар статистикасида фарқлар мавжудлигини тасдиқлади.

Россия ҳукуматининг коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича тезкор штаби маълумотларига кўра, Россияда апрель ойидан 18 сентябрга қадар 19 195 нафар киши COVID-19 инфекциясидан нобуд бўлган.

Росстат ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилнинг тўрт ойида (апрель-июль) 22 590 нафар россиялик коронавирусдан ўлган. Бу вирус юқтирганларнинг икки фоизидан кўпроғидир.

Марказий эпидемиология илмий-тадқиқот институти ходими Анна Иванова: «Ушбу маълумотлар бир-бирига мос келмайди, чунки тезкор штат статистикасида улар касалхоналардан ҳар куни оладиган ўлимлар сони кўрсатилган. Росстат эълон қилган маълумотлар эса тиббий ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар асосида тўпланган»,- деди.

АҚШ Эроннинг мудофаа ва атом энергияси соҳаларига қарши янги санкцияларни жорий қилди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео санкцияларни эълон қилмоқда.

АҚШ Эроннинг мудофаа ва ядровий энергия соҳаларида фаолият юритаётган 20 дан ошиқ шахс ва ташкилотга қарши янги санкцияларни жорий қилди.

Ўтган ҳафтада Вашингтон АҚШнинг Европадаги яқин ҳамкорлари эътирозига қарамасдан, Эронга қарши БМТ санкцияларини қайта жорий қилиш механизмини бир тарафлама ишга солган эди.

Янги санкциялар туфайли Вашингтон Эронга БМТ санкцияларини четлаб ўтишга кўмаклашган ҳар қандай шахс ёки идорага қарши чора кўриши мумкин.

Эронга қарши БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизми 2015 йилда дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга доир 2231-сонли БМТ резолюциясида белгиланган.

Россия, Хитой ҳамда Эрон билан келишувни имзолаган бошқа давлатлар АҚШ Эронга қарши БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизмини ишга сола олмаслигини айтиб келади.

Сабаби, 2018 йилда АҚШ Эрон билан имзоланган келишувдан чиқиб, мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилган. АҚШ эса, Эрон билан эришилган келишувни имзолаган «қатнашчи» экани ва шу сабабдан, БМТ санкцияларни қайта жорий қилиш механизмини ишга солишга ҳақли эканини даъво қилмоқда.

Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетишга ошиқмоқда

Президент Дональд Трамп Афғонистондаги Бағром АҚШ базасида нутқ сўзламоқда.

Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукумати ҳамда Толибон жангарилари ўртасида тинчлик музокаралари давом этар экан, АҚШ президенти Дональд Трамп 3 ноябрга қадар мамлакатдан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетишга ошиқмоқда.

3 ноябрь кунига белгиланган АҚШ президентлик сайловида Жо Байденга қарши беллашадиган Трамп сайлов кампанияси давомида Афғонистондаги урушни тугатиш борасида берган ваъдаси устидан чиқишни истайди.

АҚШ армиясининг айрим расмийлари, Конгресс аъзолари ва таҳлилчилар Афғонистондан Америка қўшинларини тезда олиб чиқиб кетиш Афғонистон ҳукумати қулашига ҳамда Толибон ҳокимиятни қўлга олишига замин яратишидан хавотирда.

Трамп июль ойида президентлик сайловига қадар Афғонистондан 4-5 минг АҚШ аскари қолишини ваъда қилган эди. АҚШ ҳамда Толибон ҳаракати шу йил февраль ойида хорижий қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишини кўзда тутган келишувга эришди. Унга биноан, АҚШ 2021 йилнинг майига қадар мамлакатдан барча Америка аскарларини олиб чиқиб кетади.

Бунинг эвазига Толибон Афғонистонда террор гуруҳларига бошпана беришни тўхтатиши ва Қобулдаги ҳукумат билан музокара олиб бориши керак.

АҚШ Эроннинг мудофаа ва атом энергияси соҳаларига қарши янги санкцияларни жорий қилди

Франция президенти БМТда Хитойдаги мусулмонлар муаммоси ҳақида гапирди

Франция президенти Эммануэль Макрон БМТнинг видеоконференция сифатида ўтаётган йиғилишида нутқ сўзламоқда.

Франция президенти Эммануэль Макрон халқаро ҳамжамиятни Шинжон-Уйғур мухториятидаги уйғурлар ва бошқа муслмон миллатлар вазиятини ўрганиш учун БМТ ваколати остида халқаро комиссия жўнатишга чақирди.

Эммануэль Макрон 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75 -сессиясида сўзлаган нутқида: “Биз барчамиз Хитойда мусулмон уйғурлар вазияти ёмонлашиб бораётганидан ташвишдамиз”, - деб айтди.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади. Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.

Қўшма Штатлар ҳукумати 14 сентябрда Хитойдан пахта, кийим-кечак, компьютерлар учун эҳтиёт қисмлар, жун сотиб олишни тақиқловчи қарорни қабул қилди.

АҚШ ҳукуматининг билдиришича, бу маҳсулотлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар мажбурий меҳнати оқибатида ишлаб чиқарилган.

Трамп БМТ Бош ассамблеясида COVID-19 ёйилиши учун Хитойни жавобгарликка тортишга чақирди (ВИДЕО)

Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп 22 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясида дистанцион чиқиш қилди. Бошқа давлат раҳбарлари каби унинг чиқиши ҳам коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият туфайли аввалдан ёзиб олинганди. Залда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, 75-сессия раиси Вўлқан Бўзқир ва аъзо мамлакатларнинг БМТдаги вакилларигина бор эди.

Трамп чиқишининг илк қисмини коронавирус эпидемиясига бағишлади. АҚШ президенти, одатдагидай, коронавирусни “Хитой вируси” деб атади. У Хитойни ўтган йил охиридан бери халқаро ҳамжамиятдан янги коронавирус инфекцияси тарқалишига оид маълумотни яширганликда айблади. Трампга кўра, эпидемияни иҳоталаш бўйича етарли чоралар кўрмагани учун Хитой жавобгарликка тортилиши зарур.

АҚШ президенти Хитойни Париж иқлим шартномасига эътиборсизлик билан ёндашаётганликда, хусусан сув ва атмосферани ифлослантираётганликда ҳам айблади. Трампга кўра, ўз навбатида, АҚШ атроф-муҳитга чиқинди чиқаришни сезиларли даражада камайтирган, шунга қарамай, халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилинмоқда. У Америка бундай муносабатга рози эмаслигини таъкидлаб, мамлакат аввалроқ Париж иқлим шартномасидан чиққанини яна бир бор эслатди.

Террорчиликни дунёдаги энг асосий муаммолардан бири эканини урғулаган Трамп ўзи президентлик қилаётган сўнгги тўрт йил ичида АҚШ бу кўринишга қарши курашга сезиларли ҳисса қўшганини билдирди. Халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ва қарорларини эса у самарасиз, дея баҳолади.

Ўз нутқида Трамп яна бир бор Эронни Яқин Шарқ ва Осиёда террорчиликка ҳомийлик қилаётганликда айблади. У 2020 йил январида АҚШ Яқин Шарқда террорчиликнинг ёйилиши учун шахсан жавобгар бўлган эронлик генерал Қосим Сулаймонийни йўқ қилганини қайд этди.

АҚШ президенти ўз мамлакати ИШИД лидери Абу Бакр ал-Бағдодийни йўқ қилиш орқали мазкур террор гуруҳини “юз фоизга ер билан яксон қилгани”ни билдирди.

Трамп ўз нутқида Исроил, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашуви бўйича яқинда тузилган шартномага тўхталиб ўтди. АҚШнинг бу ўринда воситачилик қилганига урғу берган Трамп Яқин Шарқда тинчлик жараёни давом эттирилишини қайд этди.

АҚШ президенти, шунингдек, ўз мамлакатининг эпидемияга қарши кураши, иқтисодиёт ва ҳарбий қувватнинг мустаҳкамланишидаги ютуқлардан баҳс этди.

Хитойда давлат раҳбарини танқид қилган тадбиркор 18 йилга қамалди

Хитойда кўчмас мулк олди-соттиси билан шуғулланган тадбиркор Жэнь Чжицян коррупцияга оид айблов билан 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Хитой раҳбари Си Цзиньпинни танқид қилгани билан танилганди.

Аввал “Хуаюань” давлат қурилиш ширкатининг топ-менеджери бўлиб ишлаган Жэнга 4,2 миллион юань (тақрибан 618 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима ҳам солинган. Бунга оид маълумот Пекин суди сайтида 22 сентябрь куни ёйинланган.

Пекин суди тадбиркорни коррупцияга оид ишлар, порахўрлик, давлат маблағини ўғирлаганлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда айблаган. Маҳкамада иддао қилинишича, судланувчи айбловларни бўйнига олган ва ҳукмга рози бўлган.

Аввал Хитой Коммунистик партияси аъзоси бўлган 69 ёшли Жэнь Чжицян мамлакат элитасини яқиндан танир эди. Унинг танишлари орасида, жумладан Си Цзиньпиннинг ўринбосари Ван Цишань ҳам бўлиб, у давлатда қудрати бўйича иккинчи одам ҳисобланади.

Жэнь “тийиқсиз бойлик орттириш мақсадида” ўз фарзандлари билан тил бириктирганликда айбланганидан кейин шу йил июль ойида Коммунистик партия сафидан чиқарилганди. Аввалроқ тадбиркор коронавирусга қарши курашда ҳукумат қабул қилаётган қарорларни танқид қилиб, мақола ёзганидан кейин бир муддат омма кўзидан ғойиб бўлиб қолганди. Мазкур мақолада Хитой лидери Си Цзиньпиннинг номи зикр этилган бўлмаса-да, Жэнь “императорликка ҳавасланган”, бошқаларга ўз ҳукмини ўтказишни яхши кўрадиган “масхарабоз” ҳақида ёзган эди.

Россия: Тверь вилоятида Су-30 қирувчи учоғи ҳалокатга учради

Су-30 учоғи (иллюстратив сурат).

Россия ҳарбий-космик кучларига қарашли Су-30 қирувчи учоғи Тверь вилоятида режаланган парвозни амалга ошираётган пайтда қулаб тушди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Ғарбий ҳарбий округ штабидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Учоқдаги учувчиларнинг иккаласи ҳам катапульта воситасида салондан чиқишга ва парашют билан ерга тушишга муваффақ бўлишган ҳамда аэродромга етказилган. Учоқ ўрмонга қулаган, ҳеч кимса ва ҳеч бир бинога зарар етмаган, дея билдирган Росссия Мудофаа вазирлиги. Содир бўлган ҳодиса сабабларини ўрганиш учун воқеа жойига комиссия йўлланган.

Су-30 илк парвозини 1992 йилда амалга оширган қирувчи учоқ бўлиб ҳисобланади. Бу учоқдан 13 та давлат, жумладан Хитой, Ҳиндистон, Жазоир, Вьетнам, Венесуэла каби мамлакатларнинг Қуролли кучлари фойдаланиб келади.

Қозоғистоннинг бешта вилоятида “қуш гриппи” тарқалди

Шимолий Қозоғистонда 41 мингдан ортиқ қуш қирилди.

Шимолий Қозоғистон, Акмўла, Қўстанай, Павлодар ва Қарағанда вилоятларида паррандалар қирилиб кетмоқда. Бу ҳақда 21 сентябрь куни ўтган брифингда қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Гулмира Исаева маълум қилди.

-Шу кунларда беш вилоятнинг 26 туманида ва 47 та қишлоқда паррандалар қирилаётгани аниқланди. Ҳовлиларда 12 926 парранда ўлган. Шимолий Қозоғистонда 41 мингдан ортиқ қуш қирилди,-деди Исаева.

Унга кўра, паррандалар “қуш гриппи”дан ўлмоқда. Айни пайтда бу борада икки вилоятда лаборатория тадқиқоти олиб борилмоқда.

26 август куни Қозоғистон Россиянинг Омск вилоятидан парранда гўшти олиб кирилишини тақиқлаган эди. Бунга Омскда “қуш гриппи” тарқалгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Қозоғистон ҳукумати паррандалари қирилиб кетган фермерларга товон пули тўланишини ваъда қилмоқда.

Расмий маълумотга қараганда, Қозоғистондаги 4,7 миллион паррандани эмлаш учун 1,4 миллион доза вакцина олиб келинди. Бундан ташқари яна бир миллион вакцина сотиб олиш назарда тутилмоқда. “Қуш гриппи” бошлангунига қадар Қозоғистонда 11,8 миллион парранда эмланган.

Навальний Россия терговчиларидан ўз кийимларини қайтариб беришни талаб қилмоқда

Алексей Навальний рафиқаси Юлия билан Берлиндаги "Шарите" касалхонасида.

Заҳарлангани ортидан Германияда даволанаётган Россия мухолифати лидери Алексей Навальний рус терговчиларидан кийим-кечакларини қайтариб беришни талаб қилди.

Унинг билдиришича, у заҳарланган пайтда мана шу кийимларда бўлган. Навальний фикрича, бу кийимлар унинг заҳарланганини исботловчи асосий далил бўлиши мумкин.

Навальный 21 сентябрь куни ўз веб-сайтида ўзининг заҳарланишини “қотилликка уриниш” деб баҳолади. Унга кўра, Россия қонунларида дастлабки терговга 30 кун ажратилади. Навальний бу муддат якунланганини, шунинг учун Россия терговчиларидан кийимларини қайтариб олишга ҳақли эканини билдирди.

44 ёшли Навальний 20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан Москвага қайтаётганида комага тушиб қолган ва 22 августда Берлиндаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган эди.

Немис экспертлари ўтказган тестлар натижасида Алексей Навальний Новичок гуруҳига кирувчи модда билан заҳарлангани аниқланган.

Айни пайтда Европа парламенти Навальнийнинг заҳарланиши ортидан ЕИ маъмуриятидан Россияга нисбатан кескин санкциялар жорий этишни талаб қилмоқда.

Европа Иттифоқи Беларусга санкция жорий қилиш масласида муросага кела олмади

Беларус мухолифати лидери Светлана Тихановская йиғилишдан олдин ташқи ишлар вазирлари билан учрашган эди.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 21 сентябрь куни Брюсселда ўтган йиғилишда Беларусга санкциялар жорий этиш юзасидан муросага кела олмади.

Европа Иттифоқидаги энг кичик давлатлардан бири бўлган Кипр Беларусга санкция жорий этилса, Туркияга нисбатан ҳам санкция қўллашни талаб қилди. Кипр Туркиянинг Ўрта Ер денгизида газ заҳирасини ўрганаётганидан норози.

Беларусга санкция жорий этиш масаласи энди Европа Иттифоқи давлат раҳбарларининг 24-25 сентябрь куни ўтадиган саммитида муҳокама қилинади.

Брюсселда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари билан йиғилиш олдидан учрашган Беларус мухолифати лидери Светлана Тихановская иттифоқни “қатъийроқ бўлиш”га чақирган эди.

Беларусда амалдаги президент Александр Лукашенкога қарши намойишлар олти ҳафтадан бери тинмаяпти. 20 сентябрь куни мамлакат полицияси норозилик акциясига чиққан юзлаб одамни ҳибсга олди.

17 сентябрь куни Европа парламенти ноябрь ойида Лукашенконинг жорий муддати тугаши ортидан уни Беларусь президенти ўлароқ тан олмаслик ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.

Беларусь мухолифати ва ғарб давлатлари сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келади.

Италия: Референдумда сайловчиларнинг аксарияти депутатлар сонини қисқартиришни ёқлаб чиқди

Референдумда овоз бераётган италиялик аёл, Рим, 2020 йил 20 сентябри.

Италиядаги референдумда овоз берган фуқароларнинг 60 фоиздан кўпроғи депутатлар ва сенаторлар сонини қисқартириш бўйича мамлакат конституциясига киритилган ўзгартишларни ёқлаб чиққан. Овоз бериш участкалари ёпилганидан кейин 21 сентябрь куни ёйинланган экзитпол натижалари шундан далолат бермоқда. Овоз бериш икки кун давом этган.

Аввалроқ парламент томонидан маъқулланган ўзгартишларга мувофиқ, 2023 йилдан депутатлар сони 630 нафардан 400 нафаргача, сенаторлар сони эса 315 нафардан 200 нафаргача қисқартирилади. Мазкур қонун лойиҳасининг ташаббускори ҳукмрон коалицияга кирувчи “Беш юлдуз ҳаракати” бўлган.

Қайд этилишича, овоз бериш коронавирус ёйилишига қарши кураш чораларига риоя қилинган ҳолда ўтказилган. Референдум билан бирга Италиянинг қатор минтақаларида маҳаллий ҳокимият органларига ҳам сайловлар ўтказилган.

Жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 31 миллион нафардан ошди

Дунё давлатларида COVID-19 инфекцияси юқтириб олганлар сони, АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 31 миллион 84 минг 7 нафарга етди.

Коронавирус ёйилиши бўйича жаҳон мамлакатлари орасида ҳамон АҚШ етакчилик қиляпти. Бу мамлакатда беморлар сони 6 миллион 800 минг нафардан ошган.

COVID-19 га чалинганлар сони бўйича Ҳиндистон (қарийб 5,5 млн бемор) иккинчи, Бразилия эса (4,5 млн нафардан кўпроқ бемор) учинчи ўринда бормоқда.

Бу орада сайёрада коронавирус қурбонлари сони 1 миллион нафарга яқинлаб қолди. Улардан 200 мингга яқини АҚШда, тақрибан 137 минг нафари Бразилияда, қарийб 88 минги эса Ҳиндистонда нобуд бўлган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, ССВнинг сўнгги расмий маълумотларига кўра, айни пайтда 52 минг 70 нафарни ташкил этмоқда, қурбонлар сони эса ҳозиргача 437 нафарга етган.

Чехия соғлиқни сақлаш вазири COVID-19 га чалиниш кескин кўпайгани ортидан истеъфога кетди

Адам Войтех.

Чехия соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтех мамлакатда сўнгги пайтларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб кетгани ортидан 21 сентябрь куни истеъфога кетгани ҳақида билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига бу соҳани тузатиш учун келгани билдирган Войтех коронавирус эпидемияси мазкур ишни амалга оширишга имкон бермаганини таъкидлаган. “Соғлиқни сақлаш соҳаси олға силжиши учун қўлимдан келган барча ишни қилишга уриндим”, деган вазир.

Соғлиқни сақлаш вазирини истеъфога кетишга мухолифатдаги сиёсатчилар ҳам чақирганлар.

Чехия баҳорда Европа Иттифоқида кескин карантин чораларини киритган илк мамлакатлардан бўлган. Шу тадбирлар туфайли Чехияда хасталар сони кескин ўсиши кузатилмаган, ўлимлар сони ҳам Европадаги бошқа мамлакатлар (Италия, Испания ва Германия) билан қиёслаганда нисбатан паст даражада қолган.

Бироқ касалликка чалиниш ҳолати камая бошлаганидан кейин май-июнь ойларида бу мамлакатда чекловларнинг қарийб барчаси олиб ташланган. Август ойи охирида хасталар сони кескин оша бошлаган, сўнгги кунларда эса коронавирусга чалиниш ҳолатлари суткасига 3 мингтага етиб қолди. Бу эса баҳордагига қараганда бир неча баробарга кўпдир.

10 миллиондан кўпроқ аҳоли истиқомат қиладиган Чехия охирги пайтларда чекловларга қайтмоқда, мутахассислар карантин чоралари қайта жорий қилиниши мумкинлигини ҳақида гапира бошладилар.

21 сентябрь ҳолатига кўра, Чехияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 49 минг 290 та ҳолат қайд этилган, хасталик қурбонлари сони эса 503 кишига етган.

Тожикистонда ҳарбий хизматдан бўйин товлаш учун тўртта игна ютган оддий аскар 2,5 йилга қамалди

Тожикистон Олий суди биноси.

Душанбе гарнизони ҳарбий суди оддий аскар Фаридун Зиёвуддиновни ҳарбий хизматдан бўйин товлаш мақсадида тўртта игна ютганликда айбдор деб топди ва 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2020 йилнинг апрелида армияга чақирилган 21 ёшли Фаридун Зиёвуддинов Вахдат шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган эди.

Терговнинг аниқлашича, у хизматдан бўйин товлаш мақсадида тўртта игна ютган ва бунинг оқибатида касалхонага ётқизилган.

Айни пайтда Фаридуннинг яқинлари суд ҳукмини адолатсиз деб баҳоламоқда. Уларга кўра, 21 ёшли йигит ҳарбий хизматдан бўйин товлаш мақсадида игна ютган, деган айблов асоссиздир.

Фаридуннинг онаси ўғли ҳарбий хизматдан ҳеч қачон бўйин товламаганини билдирди ва ўз умрига таҳдид солган ҳолда игна ютганига ишонмаслигини айтди. Унга кўра, Фаридун армиядаги зўравонлик жабрдийдасидир.

“Уни тўртта игна ютишга мажбурлашган. Бу игналарни кейин касалхонада чиқариб олишди, аммо ўшандан бери ўғлимнинг соғлиғи ёмонлашган. Судга қадар мен ўғлим билан учрашдим, нега бундай қилганини сўрадим. Ўғлим жуда қўрқиб кетди ва ҳарбий хизматдан бўйин товламаганини айтди”,-деди она.

Тожикистонда ҳарбий хизматдаги оддий аскарлар зўравонликларга учраётгани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлиб туради.

Қирғизистонда сўнгги ҳафталарда коронавирусга чалинганлар сони кескин озайди

Хитойнинг Ухань шаҳрида 2019 йилнинг декабрида пайдо бўлган бу вирус шу кунгача жаҳоннинг 188 мамлакатига тарқалди.

Қирғизистонда 21 сентябрь ҳолатига кўра, 55 кишида коронавирус аниқланди. Беморларнинг энг кўпи – 25 киши Боткен вилоятида топилган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, коронавирусга чалинган беморлардан 104 нафари 21 сентябрь куни соғайган. Ўлим ҳолатлари қайд этилмади.

Қирғизистонда шу кунгача COVID-19 вирусига чалинганлар сони 45 471 кишини ташкил қилмоқда. Улардан 41 682 нафари соғайди. Коронавирусдан ўлганлар сони эса 1063 кишини ташкил қилди.

Хитойнинг Ухань шаҳрида 2019 йилнинг декабрида пайдо бўлган бу вирус шу кунгача жаҳоннинг 188 мамлакатига тарқалди.

АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, 21 сентябрь ҳолатига кўра, жаҳонда 31 миллион одамга вирус юққан. Уларнинг 959 мингдан кўпроғи вафот этди, 21 миллиондан кўпроқ бемор соғайди.

Қозоғистонда қўшиқчиларга саҳнага маст аҳволда чиқиш тақиқланади

Қозоқ қўшиқчиси Димаш Кудайберген.

Қозоғистонда қўшиқчилар фонограммадан фойдаланаётгани тўғрисида томошабинларни олдиндан огоҳлантириши ва бундай концертларга билет нархини арзон қилиши режалаштирилмоқда.

Бу борадаги қонун лойиҳаси парламентнинг қўйи палатасида қабул қилинди ва айни пайтда юқори палата томонидан кўриб чиқилмоқда.

Қонунга асосан қўшиқчиларга классик қозоқ қўшиқларини замонавий оҳангга солиб бузиб ижро этиш, саҳнага маст аҳволда чиқиш ва томошабинларни камситиш тақиқланади.

Қозоқ қўшиқчиларининг кўпчилиги мазкур қонунни қўллаб-қувватлашларини таъкидлашмоқда. Бироқ улар қонундаги чекловлар ва тақиқлар амалда қўлланилишига шубҳа билан қарамоқдалар.

“Томошабинга қўшиқчи фонограмма билан ашула айтяптими ёки фонограммасизми, фарқи йўқ. Масалан, Қозоғистонга Ольга Бузова келди дейлик. Унинг жонли қўшиқ айта олмаслигини, фонограммадан фойдаланишини ҳамма билади. Шунга қарамай, зал одамга лиқ тўлади. Маданий даражаси паст бўлган томошабинга бунинг қизиғи йўқ”,- деб фикр билдирди таниқли мусиқачи ва композитор Ўлжас Байкан.

Парламентнинг айрим депутатлари ижро этилаётган қўшиқлар сифатига ҳам эътибор қаратиш зарурлиги тўғрисида таклиф киритмоқда.

Беларусда яна камида 200 норози қўлга олинди (ВИДЕО)

Беларусда намойишлар олти ҳафтадан бери давом этмоқда.

Беларус полицияси 20 сентябрь куни президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб намойишга чиққан юзлаб норозини қўлга олди.

Беларусдаги “Весна” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, Минскда камида 140 киши, бошқа шаҳарларда камида 60 киши қўлга олинган.

Маҳаллий ва халқаро агентликларнинг хабар беришича, 20 сентябрда Минскда ўтган намойишда камида юз минг киши иштирок этди.

Брест шаҳрида полиция норозиларни тарқатиш учун куч қўллади ва намойишчилардан айримларини қўлга олди. Норозилар бунга қаршилик кўрсатгани ортидан полиция осмонга қарата ўқ узди. Шундан сўнг норозилар тарқалиб кетган.

1994 йилдан бери мамлакатни бошқараётган Лукашенкога қарши норозилик намойишлари 9 августда ўтган президентлик сайловидан сўнг бошланиб кетди.

Олти ҳафтадан бери давом этаётган намойишларга сайловда Лукашенконинг ғолиб бўлгани эълон қилингани сабаб бўлди. Мухолифат овоз бериш натижалари сохталаштирилган, деб ҳисобламоқда.

АҚШ Эронга қарши БМТ санкцияларини қайта жорий қилиш механизмини ишга солди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео

АҚШ Европадаги яқин ҳамкорлари эътирозига қарамасдан, Эронга қарши БМТ санкцияларини қайта жорий қилиш механизмини бир тарафлама ишга солди.

Бу ҳақда 19 сентябрь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео эълон қилди.

Помпео Вашингтон санкцияларга амал қилмаган ҳар қандай давлатга қарши чора кўришини таъкидлади.

Эронга қарши БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизми 2015 йилда дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга доир 2231-сонли БМТ резолюциясида белгиланган.

АҚШ қарорига жавобан Эрон бошқа давлатларни АҚШнинг «бемулоҳаза ҳаракатларига» қарши бирлашишга чорлади.

Вашингтоннинг бу ҳаракати БМТда йирик тўқнашув келтириб чиқаришини кутиш мумкин.

АҚШ ўз қарорини эълон қилишидан олдин Британия, Франция ва Германия БМТ Хавфсизлик кенгашига мактуб йўллаб, Эронга санкциялар борасида берилган имтиёзлар 20 сентябрдан кейин ҳам ўз кучида қолишини билдирган эди.

Россия, Хитой ҳамда Эрон билан келишувни имзолаган бошқа давлатлар АҚШ Эронга қарши БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизмини ишга сола олмаслигини айтиб келади.

Сабаби, 2018 йилда АҚШ Эрон билан имзоланган келишувдан чиқиб, мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилган.

АҚШ эса, Эрон билан эришилган келишувни имзолаган «қатнашчи» экани ва шу сабабдан, БМТ санкцияларни қайта жорий қилиш механизмини ишга солишга ҳақли эканини даъво қилмоқда.

Юзлаб аёл қўлга олинган Беларусда намойишлар давом этмоқда (ВИДЕО)

Минскда намойишга чиққан аёллар, 19 сентябрь, 2020

20 сентябрь куни Беларусда яна норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб ўтказилаётган оммавий норозилик акциялари маҳаллий вақт билан соат 13:00 да бошланди.

Бир кун олдин пойтахт Минскда полиция юзлаб аёл намойишчини қўлга олган эди.

Беларусь мухолифати ва ғарб давлатлари 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келади.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Беларусь ҳукумати тинч намойишларда қатнашган минглаб кишини ҳибсга олди, мухолифатнинг деярли барча етакчиларини мамлакатни тарк этишга мажбурлади ёки қўлга олди.

Хабарларга кўра, 19 сентябрь куни бўлиб ўтган намойишларда минглаб аёл қатнашган.

COVID-19: Европа бўйлаб коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда

Буюк Британиядаги намойишлар, 19 сентябрь, 2020

19 сентябрь куни Лондонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий қилинган чекловлардан норозилар полиция билан тўқнашди.

Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида эса минглаб одам чекловларга қарши норозилик акциясига чиқиши кутилмоқда.

Лондонда намойишлар бошланишидан олдин мэр Сидиқ Хон комендант соати жорий қилиниши, пабларни эртароқ ёпишга тўғри келиши ҳамда аҳоли ҳаракати чекланиши мумкинлигини билдирган эди.

Жорий ҳафтада Британия ҳукумати олти кишидан кўп одам қатнашадиган тадбирлар ўтказишни ман этди. Бош вазир Борис Жонсон мамлакатда инфекциянинг иккинчи тўлқини бошланишига «шубҳасизлигини» таъкидлади.

Кейинги ҳафталарда Европа бўйлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпая бошлади.

Руминия пойтахти Бухарестда ҳам коронавирус чекловларидан норози халқ намойишга чиқди.

Францияда вирусга чалиниш ҳолатлари ошиб бораётган бўлса-да, 20 сентябрга белгиланган «Тур де Франс» велопойгаси якуний босқичи бекор қилинмади.

АҚШ Олий судининг энг кекса ҳаками Рут Бейдер Гинзбург вафот этди

27 йилдан ортиқ вақт давомида Гинзбург аёллар ҳуқуқлари учун курашчи сифатида америкалик либералларнинг тимсолига айланди.

АҚШ Олий суди ҳакамлар ҳайъатининг энг кекса аъзоси Рут Бейдер Гинзбург 87 ёшида саратон касаллигидан вафот этди.

Гинзбург АҚШ тарихида Олий суд ҳаками бўлган иккинчи аёл эди.

Ушбу лавозимни у Билл Клинтон президентлиги пайти 1993 йилда эгаллаганди.

27 йилдан ортиқ вақт давомида Гинзбург аёллар ҳуқуқлари учун курашчи сифатида америкалик либералларнинг тимсолига айланди.

Ҳозирда 9 та Олий ҳакам орасида кўпчилик республикачилар президент томонидан тайинланган.

АҚШнинг амалдаги Президенти Доналд Трамп бўш турган лавозимга ўз одами номзодини таклиф қилса ва уни республикачилар кўпчилигига эга Сенат қўллаб-қувватласа Олий суд республикачилар фойдасига мустаҳкамланади.

Айни пайтда АҚШ Сенатидаги демократик озчилик ушбу лавозимни навбатдаги президент сайловларига қадар бўш қолдиришга уринмоқда.

Москвада эркак машинаси билан АҚШ элчиси қароргоҳи деворини бузиб кирди

Москвада рус фуқароси ўз автомобили билан АҚШнинг Россиядаги элчиси резиденция деворини бузиб, унинг ҳовлисига кирди.

Бу ҳақда АҚШнинг Москвадаги элчихонаси маълум қилди.

Ҳайдовчини элчихона хавфсизлик ходимлари ҳуқуқ тартибот органлари қўлига топширган.

АҚШ элчихонаси матбуот котиби Ребекка Росс ҳодиса пайтида элчи Жон Салливан у ерда бўлмагани ва ҳеч ким жабрланмаганини билдирди

Ҳодиса 18 сентябр маҳаллий вақт билан тушдан кейин соат 16:20 да содир бўлган.

«112» Телеграм канали манбаларни очиқламаган ҳолда ҳайдовчи маст бўлганини хабар қилди.

АҚШ Кобул ҳукуматини гендер тенглиги масаласига содиқ қолишга чақирди

АҚШ Намоёндалар палатаси Ташқи ишлар қўмитасининг юқори лавозимли аъзолари Афғонистон етакчиларини Толибон билан музокаралар давомида гендер тенглиги йўлида эришилган ютуқларни сақлаб қолишга чақирди.

Ҳуқуқ фаоллари Толибон тузуми ағдарилганидан бери эришилган ютуқлар расмий Қобул жангари гуруҳ билан олиб бораётган музокаралар давомида йўқотилишидан хавотирда.

Ташқи ишлар қўмитаси раиси Элиот Энгель ҳамда Майкл МакКол ҳукумат музокарачилари Афғонистон келажагида аёллар муҳим рол ўйнашини тарафларга яхши тушунтириши кераклигини айтдилар.

Толибон ҳукмронлиги даврида (1996-2001) аёллар мактабга бориши ёки ишлаши ман этилган эди.

АҚШ мамлакатга 2001 йилда бостириб кирганидан бери, миллионлаб қиз мактабда таҳсил ола бошлади, аёллар ишлай бошлади, бир неча аёл парламентда ва дипломатик миссияларда ишлай бошлади.

Толибон аёллар ҳуқуқлари улар исломий ёки афғон қадриятларга зид бўлмасагина ҳимоя қилинишини айтиб келади

Афғонистон жанубида вилоят кенгаши аъзоси отиб ўлдирилди

Афғонистон жанубидаги Пактиё вилояти кенгаши раиси ўринбосари Аюб Ғарвал номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилди.

Вилоят матбуоти хабарларига кўра, Ғарвал 19 сентябрь куни, вилоят маркази Гардез шаҳридаги университетга кетаётганида отиб ўлдирилган.

Қотиллик учун масъулиятни ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ.

Вилоятда Толибон узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келади.

Кейинги кунларда қўшни Нангарҳор вилоятида Афғонистон ҳукумати ҳамда Толибон жангарилари ўртасида шиддатли тўқнашувлар содир бўлди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ғарвал яқинларига ҳамдардлик билдирди ва Толибонни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини қўллашга чорлади.

Толибон тинчлик ўрнатиш чақириқларига рози бўлмай келади.

Айни дамда жангари гуруҳ вакиллари Қатарда Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини ўтказмоқда.

Байден Россияни АҚШнинг "мухолифи", Хитойни эса "рақиби" деб ҳисоблайди

Демократик партиядан АҚШ президенти лавозимига номзод Жо Байден , Вашингтон, 2020 йил 2 сентябри.

Демократик партиядан АҚШ президенти лавозимига номзод Жо Байден Россияни АҚШнинг халқаро майдондаги “мухолифи”, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у 17 сентябрь куни сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда билдирган.

Байден учрашувда “Сизнинг тасаввурингизда Россия АҚШнинг душманими?” деган саволга жавоб берган. Ўз жавобида у “душман” сўзини ишлатмаган, бунинг ўрнига opponent калимасидан фойдаланган, бу сўзни “мухолиф” дея таржима қилиш мумкин. Байден Россия президенти Владимир Путиннинг асосий мақсади НАТОни парчалаш, бу билан Европадаги стратегик вазиятни ўзгартириш, деган мулоҳазани билдирган.

Хитойга тавсиф бериш илтимосига жавобан Байден бошқа бирикмадан фойдаланган – у ХХРни АҚШнинг “жиддий рақиби” деб атаб, Вашингтон Осиёдаги иттифоқчилари билан алоқаларини мустаҳкамлаши зарурлигини урғулаган.

Республикачилар ва Байденнинг рақиби бўлган амалдаги президент Дональд Трампнинг шахсан ўзи демократни Хитойга нисбатан кўнгилчанлик қилаётганликда айблаб, бир неча бор танқид қилишган. Демократлар эса, ўз навбатида, Трамп Путинни қарийб ҳеч қачон танқид қилмаслигини таъкидлаб, уни Россияга нисбатан етарли даражада қатъиятли ва принципиал эмас, деб ҳисоблайдилар.

Аввалроқ Байден кампания чоғида бир неча маротаба Россияга нисбатан қатъийроқ сиёсат юритишини, демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишини ҳамда бошқа демократик давлатлар билан биргаликда Москвага нисбатан ягона сиёсат ишлаб чиқишга уринишини билдирган.

Куни кеча Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рей Конгрессда қилган чиқишида Россия сайлов олдидан Байден номзодини “бадном қилиш”га уринаётганини билдирган. У сайловлар билан боғлиқ инфратузилмага хакерлик ҳужумлари уюштирилган 2016 йилдан фарқли ўлароқ Россия томонидан ҳали ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмагани, ҳозирча дезинформация кампанияси билан чекланилаётганини билдирган. Рейнинг бу фикрига қўшилмаган Дональд Трамп ФТБ раҳбарини Россиянинг ўрнига Хитойга эътибор қаратишга чақирган.

АҚШда галдаги президент сайлови шу йил 3 ноябрида бўлиб ўтади. Аксарият сўров натижаларига кўра, Байден айни пайтда асосий штатларда Трампдан олдинда бормоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG