Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:34

Болалар орасида COVID-19га чалинганлар ортмоқда, қўшимча койкалар ҳозирланмоқда (ВИДЕО)


7 сентябрдан дарс бошланган Ўзбекистондаги мактаблардан бири, 2020
7 сентябрдан дарс бошланган Ўзбекистондаги мактаблардан бири, 2020

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган болалар сони ортаётгани, шу боис, шифохоналарда болалар учун қўшимча койкалар ташкил қилинаётгани маълум қилинди.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқиловнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига айтишича, бунга мактаблар очилиши сабабдир.

«Минг афсус, Ўзбекистонда олдин болалар деярли касал бўлмаётганди, ҳозир болалар контингентининг ичида ҳам касалланиш бор. Шунинг учун биз педиатрик койкалар захирасини тайёрлаяпмиз. Педиатр кадрларни ҳам тайёрлаш режалаштирилган», деди Оқилов телеканалга берган интервьюсида.

Айни пайтда, Ҳ. Оқилов бу интервьюда коронавирусга чалинган болалар сони қанча экани ҳақида маълумот бермаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) 17 сентябрь куни Ўзбекистонда COVID-19дан ўлган илк бола ҳақида маълумот берган.

Расмий маълумотга кўра, Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрида истиқомат қилган 11 ёшли фуқаро М.Ў. 5 сентябрь куни эрталаб соат 8:00 да туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган.

Болада ўша вақтда бурундан қон кетиши, тана ҳароратининг 38 даражага кўтарилиши, нафас сиқиши кузатилган. Кўкрак қафаси ренгени қилинганда 50 фоиз зарарланиш аниқланган.

Бола 2012 йилдан буён сурункали гломерулонефрит, нефротик шакли, сурункали буйрак етишмовчилиги, камқонлик ва семизликнинг учинчи даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган ва ногиронлик нафақаси олиб келган.

Кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор сурункали гломерулонефрит, буйрак етишмовчилигининг терминал босқичи, семизлик ва анемиянинг учинчи даражаси, икки томонлама пневмониянинг оғир шакли натижасида ўша куниёқ - 5 сентябрда вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 20 сентябрь куни Ўзбекистон COVID-19 га чалиниш ҳоллари расман 51 мингдан ошганини маълум қилди.

20 сентябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалингач нобуд бўлганлар расмий сони 429 нафарга етган, аммо мустақил манбалар ўлганлар сони бундан анча юқори эканини айтиб келмоқда.

ССВ касалга чалинганлар сонига оид кунлик статистикасида беморларнинг ёш категорияси, хусусан, улар орасидаги вояга етмаган беморлар ҳақида маълумот тақдим қилмаётир.

XS
SM
MD
LG