Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:11

Ҳисобот: 20 йил ичида глобал банклар 2 триллион долларлик шубҳали операцияларни амалга оширган


Журналистик текширувлар халқаро консорциуми эълон қилган ҳисоботга кўра, глобал банклар йигирма йил давомида 2 триллион доллардан ошиқ қийматга эга шубҳали маблағни айлантирган.

20 сентябрь куни эълон қилинган ҳисоботда молиявий институтлар ҳамда ҳукуматлар ноқонуний маблағ оқимларини тўхтатиш учун етарлича чора кўрмаётгани айтилади.

Ҳисобот АҚШ Молия вазирлигининг пул ювишни ўрганувчи бўлимидан сиздирилган минглаб ҳужжат асосида ёзилган.

Сиздирилган ҳужжатлар ғарб давлатларидаги банклар, жумладан, JPMorgan ва Deutsche Bank жиноий тўдаларга маблағ юборишга ва пул ювишга кўмаклашганини кўрсатди.

Мазкур ҳужжат глобал коррупция мавзусида сўнгги йилларда эълон қилинган бешинчи йирик ҳисоботдир.

АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Молиявий жиноятчиликка қарши кураш тармоғидан олинган 2 100 та ҳужжат аввалига BuzzFeed нашри, сўнгра жаҳон бўйлаб 400 нафар мухбирларга юборилган.

Ҳужжатлар орасида банклар 1997 – 2017 йилларда расмийларга юборган шубҳали фаолиятга доир ҳисоботлари ҳам бор. Банклар бирор операция қонунийлиги ҳақида шубҳа туғилса, Молиявий жиноятчиликка қарши кураш тармоғига ушбу шубҳали фаолият ҳақида ҳисобот юборади.

BuzzFeed нашрига келиб тушган ҳисоботларнинг ярмида банклар операциялар ортида турган бир ёки ундан кўп тараф ҳақида маълумотга эга бўлмаган.

Кейинги йилларда АҚШ ва ғарб давлатларида банкларни ноқонуний маблағ оқимини тўхтатишга мажбурловчи қатор қонунлар қабул қилинди.

Ўтган йили глобал миқёсда банклар 2 миллиондан ошиқ шубҳали фаолиятга доир ҳисоботларни юборган. Таҳлилчиларнинг айтишича, атиги 333 нафар ишчига эга Молиявий жиноятчиликка қарши кураш тармоғи коррупцияга ва молиявий жиноятларга қарши етарлича кураша олмаяпти.

Журналистик текширувлар халқаро консорциуми эълон қилга ҳисоботлардан турк олтинфуруши Ризо Зарраб Россия ва офшор ширкатлар билан ўтказган операциялари ортидан 1,25 миллиард доллар фойда кўргани ўртага чиққан.

Шунингдек, ҳужжатлардан 20 йил ичида Россияга 11 миллиард доллар қийматга эга шубҳали маблағ олиб кирилгани ва олиб чиқилгани маълум бўлди. Айни даврда Украинага маблағлар оқими 470 миллион долларни ташкил қилган.

Молиявий жиноятчиликка қарши кураш тармоғидан олинган ҳужжатларни қўлга киритган хабар агентликлари кейинги кунларда шубҳали амалиётлар ортида ким тургани ҳақида қатор мақола чоп этишни режалаштирмоқда.

2017 йилда Appleby ва Estera офшор ширкатлари глобал молиявий коррупция ҳақида кўп сонли ҳужжатларни эъло қилган эди. Paradise Papers деб номланган ҳужжатлар туфайли таниқли сиёсатчилар, юлдузлар ва бизнесменларнинг офшорлар ёрдамида порахўрлик билан шуғулланаётгани ва пул ўмараётгани ошкор бўлган.

XS
SM
MD
LG