Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 23:20

Путиннинг яқин дўсти Ротенберг Европа банки ёрдамида миллионлаб доллар пул ювгани ўртага чиқди


1990-йилларда ҳеч кимга маълум бўлмаган Аркадий Ротенберг Путиннинг 20 йиллик ҳукмронлиги даврида миллиардерга айланган

Россия президенти Владимир Путиннинг яқин дўстларидан саналган Аркадий Ротенберг АҚШ ва Европа Иттифоқи унга қарши санкция жорий қилиши ортидан Европанинг энг йирик банкларидан бири ёрдамида миллионлаб доллар маблағни ювган. Бу ҳақда сиздирилган ҳужжатлардан маълум бўлди.

BBC 20 сентябрь куни АҚШ Молия департаментидан сиздирилган ҳужжатлар асосида ёзган мақолада айтилишича, Путиннинг узоқ йиллик дўсти Ротенберг Advantage Alliance деб номланган ширкат ёрдамида 2012 – 2016 йилларда Barclays банки орқали 60 миллион доллар қийматга эга операцияларни бажарган.

Операцияларнинг аксари Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олгани учун АҚШ ва ЕИ Ротенбергга қарши санкция жорий қилганидан кейин амалга оширилган. АҚШ Молия вазирлиги Ротенбергдан ташқари унинг укаси Борис ва ўғли Игорга қарши санкция жорий қилган.

Санкциялар Кремль элитасини жазолашни ҳамда улар халқаро молиявий тизимдан фойдаланишига тўсқинлик қилишни кўзлайди.

Barclays банки Advantage Alliance ҳисобини 2016 йилда ёпган, аммо Ротенбергга тегишли экани айтилаётган яна бир ҳисоб – Ayrton Development Limited 2017 йилгача фаолиятини давом эттирган.

Жорий йилнинг июлида АҚШ сенати ўтказган тергов ортидан ака-ука Ротенберглар санкцияларни четлаб ўтиш учун санъат асарларини харид қилгани ошкор бўлди. Бу шубҳали харидни амалга оширишда Advantage Alliance ширкати иштирок этгани айтилди.

1990-йилларда ҳеч кимга маълум бўлмаган Ротенберг Путиннинг 20 йиллик ҳукмронлиги даврида миллиардерга айланган. У ўз бойлигини асосан, ҳукумат ширкатлари билан имзолаган шартномалар ёрдамида тўплаган.

Ротенберг ҳисоблари ҳақидаги маълумотлар Молиявий жиноятчиликка қарши кураш тармоғидан олиниб, аввалига BuzzFeed нашри, сўнгра Журналистик тадқиқотлар халқаро консорциуми ва журналистларга сиздирилган икки мингдан ортиқ ҳужжатлардан маълум бўлди.

Ҳужжатлардан глобал банклар 1997 – 2017 йилларда 2 триллион доллар қийматга эга шубҳали тўлов операцияларини амалга оширгани англашилади.

XS
SM
MD
LG