Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:47

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда (ВИДЕО)


Тоғли Қорабоғдаги жанг ҳаракатларида қатнашаётган аскар (архив фото)
Тоғли Қорабоғдаги жанг ҳаракатларида қатнашаётган аскар (архив фото)

Тоғли Қорабоғ минтақасида Озарбайжон ва Арманистон ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда.

4 октябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги мамлакатнинг Ганжа, Тертер ва Горадиз шаҳарларига отилган ракеталарга жавобан «чора кўрилганини» билдирди.

AFP мухбирлари ҳам Тоғли Қорабоғ пойтахти Степанакертга ракета ёғдирилаётганини хабар қилди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, 330 мингга яқин одам яшайдиган Ганжа шаҳрига ракета ёғдирилган.

«Айни дамда Арманистон ҳарбий қўшинлари Фузулий туманида Тертер ва Горадизга ракета отмоқда», дейилади билдирувда.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги бу ҳужумларга жавобан қандай чора кўрилганини очиқламади.

Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арцрун Ованнисян Озарбайжонни Степанакертда оддий аҳолини нишонга олишда айблади.

3 октябрь куни президент Илҳом Алиев Озарбайжон қўшинлари Тоғли Қорабоғда бир неча қишлоқни қўлга олганини таъкидлади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса ҳужумлар кўлами мисли кўрилмаган даражада эканини таъкидлади.

«Эҳтимол, минг йиллик тарихимиздаги энг муҳим кунларни бошдан кечиряпмиз», - деди вазир.

Асосан этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни сўнгги тўрт йил ичида содир бўлган энг йирик ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетди.

28 сентябрь куни кеч Тоғли Қорабоғдаги айирмачилар 26 нафар арман аскари нобуд бўлганини маълум қилишди. Бу билан тўқнашувларда ҳалок бўлган арманларнинг умумий сони 80 дан ошди.

Озарбайжон эса камида 9 нафар оддий фуқаро нобуд бўлганини, 30 га яқин одам жароҳат олганини билдирди.

Ҳарбий тўқнашувларга ҳар икки тараф вертолёт, дрон, танк ва артиллерия жалб қилди. Бир ҳафтадирки, бу минтақада ҳарбий ҳаракатлар тўхтамаётир.

Ереван Озарбайжоннинг яқин ҳамкори Туркияни Бокуга қурол-аслаҳа, жумладан, дронлар юборишда айблади. Озарбайжон эса бу иддаони рад этмоқда.

Россия ҳам тарафларни ўт очишни тўхтатишга чорлади. Москва ҳам Озарбайжонни, ҳам Арманистонни қурол-аслаҳа билан таъминлаб келади. Арманистонда Россия ҳарбий базаси бўлиб, Москва Ереванни стратегик ҳамкор ўлароқ кўради.

Боку билан Ереван ўртасида кўп йиллардан бери айирмачи Тоғли Қорабоғ туфайли зиддият давом этиб келмоқда.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган.

Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади.

Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлаб келади.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат ҳозиргача тан олмаган.

XS
SM
MD
LG