Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2020, Тошкент вақти: 23:07

Комил Алламжонов: Ўзбекистон қонунларини бузмаганман!


Комил Алламжонов ўзининг бизнес манфаатлари ҳақидаги ҳисобот "буюртма" эканини иддао қилган

Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби, Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзининг бизнес манфаатлари тўғрисида Британияда эълон қилинган ҳисоботга “Ўзбекистон қонунларини бузмагани” ҳақидаги иддао билан жавоб қайтарди.

Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт олиб борган журналистик суриштирув жараёнида у ва Озодликнинг саволларини жавобсиз қолдирган Алламжонов 7 октябрь куни суриштирув эълон қилинганидан кўп ўтмай, Twitter саҳифасида ёзди.

"@Жаноб @KLaslett ўз материалида бирон бир янги нарса гапиргани йўқ. Бу маълумотларнинг барчаси интернетда бор. Энг асосийси – менинг фаолиятимда ўзбекистон Республикаси қонунлари бузилганми? Йўқ. Ўзбекистон Республикаси қонунлари бузилмаган!”, деб ёзди Алламжонов Twitterда уч тилда эълон қилинган баёнотида.

Чоршанба куни кеч соатларда Алламжонов ўзининг ҳисоботга илова қилинган сурати асл нусҳасини Твиттер саҳифасига жойлади ва муаллиф-профессор Ласслетт ҳисоботи “буюртма” эканини иддао қилди.

“Ҳаммаси мижоз ва унинг буюртмасига боғлиқ. Агар мақсад расмни хиралаштириш бўлса, бу дизайнерга осон. Ҳақиқатни кўрсатиш учун уни таҳрир қилишга ҳожат йўқ. Ҳаммаси ниятга боғлиқ!”, деб ёзди Алламжонов инглиз тилидаги твитида.

Twitter/Komil Allamjonov
Twitter/Komil Allamjonov

Профессор Кристиан Ласслетт Алламжонов твитига унга йил давомида қайта-қайта юбориб¸ жавоб ололмаган саволларини жамоатчилик олдида сўраш орқали муносабат билдирди.

Бу саволлар айримларининг мазмуни эса қуйидагича:

- Солиқ қўмитаси ходимларининг қўмита матбуот котибига қарашли "Солиқ инфо" газетаси ва БЭМ дастурини тадбиркорларга мажбурлаб сотиши қонуниймиди?

- Солиқ қўмитасининг сизга қарашли Ereportга оид 2014 йилги ҳужжатларни йўқ қилиши "Архивлар иши тўғрисида"ги қонунга зид эмасми? (қонунга кўра бу ҳужжатлар камида 15 йил архивда сақланиши лозим-таҳр.)

- Электрон кадастр тизимига ўтишга оид ҳукумат лойиҳасининг тендерсиз GID Systems Tashkent МЧЖга берилиши ва бу қарорнинг lex.uz порталига қўйилмаслиги қонунийми?

Алламжонов ҳозирга қадар журналистик суриштирувда келтирилган фактлар юзасидан батафсил раддия бергани йўқ.

“Ноқонуний фаолият”

Opendemocracy.net сайтида эълон қилинган журналистик суриштирувда “Ўзбек баҳори”нинг фаол арбоби ва унинг “шубҳали ўтмиши” ҳақида сўз боради.

«2016 йилда Каримов вафотидан кейин Шавкат Мирзиёев президент лавозимини эгаллади ва давлат усталик билан ўз образини ўзгартиришни бошлади”, дейилади ҳисобот муқаддимасида.

Муаллифнинг ёзишича, Мирзиёев ҳукумати “Ўзбекистон бундан буён бизнесга очиқлиги, эндиликда мамлакат тепасида жиддий либерал ислоҳотлар дастурига эга бўлган масъулиятли ҳукумат” тургани ҳақида жамоатчиликка мужда берган.

“Ушбу иддаоли ҳукумат режасини оммалаштираётган муҳим шахслар орасида тадбиркор ва собиқ давлат арбоби Комил Алламжонов бор”, дейилади ҳисоботда.

Кристиан Ласслеттнинг ёзишича, Алламжонов режимнинг ислоҳотлар, матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳукумат ютуқларини кўз-кўз қилаётган вакилларидан бирига айланган.

“Аммо Ольстер университети ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек Форуми Алламжонов бизнес-империясини ўрганиш давомида у асос солган компаниялар ноқонуний фаолият ҳисобига гуллаб-яшнаётганини аниқлади”, дейилади ҳисоботда.

Британиядаги журналистик текширув хулосасига кўра, “давлат Алламжонов компанияларига яширинча махсус имтиёзлар берган, улар истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол этмоқда ва даромадли буюртмаларни тендерсиз қўлга киритмоқда”.

“Чиройли гаплар”

Профессор Ласслетт 7 октябрь куни Комил Алламжонов фаолияти “Мирзиëев ҳукуматининг очиқлик ва тенгликка асосланган демократик бошқарув яратиш қуриш режаси йўқлигига мисол” эканини айтди.

“Мирзиëев келгандан бери очиқлик¸ шаффофлик¸ демократик ислоҳотлар ҳақида Алламжоновдан кўп гапирган ўзбек амалдори йўқ. Аммо унинг ўз бизнес фаолияти бу баëнотларнинг тамом тескариси устига қурилган. Агар Тошкент ҳукуматидагилар чиройли гаплар¸ баландпарвоз баëнотлар билан ғарбдаги инвесторлар ëки ҳукуматларни ислоҳотларга ишонтирамиз¸ деб ўйлашса¸ адашишади», дейди профессор Ласслетт.

Кристиан Ласслетт Шавкат Мирзиëев эълон қилган ислоҳотлар амалда қандай кечаëтганига бағишланган қатор журналистик суриштирувлар муаллифи.

Ласслеттнинг UzInvestigations туркумидан аввалги суриштирувлари Акфа/Артел корпорацияси эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империясининг у Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинлангандан кейинги экспансияга бағишланган.

Профессор Ласслетт эълон қилган янги журналистик суриштирув «Тадбиркорлик пардаси ортида. Ўзбекистонда давлат ëрдами ва элита. Комил Алламжонов мисоли” деб номланади.

Комил Алламжонов ҳозирга қадар Озодликнинг айни суриштирув билан боғлиқ саволларини жавобсиз қолдирмоқда.

XS
SM
MD
LG