Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2021, Тошкент вақти: 21:38

COVID-19: АҚШ Россияни Ғарб вакциналари ҳақида қасддан ёлғон ахборот тарқатишда айблади


Ғарб вакциналари Россиянинг ўзида ишлаб чиқилган ва 90 фоиздан юқори самарани кўрсатган “Спутник V” вакцинасига рақобатчи ҳисобланади.

АҚШ Россия жосуслик хизматларини коронавирусга қарши Ғарбда ишлаб чиқилган вакциналар ҳақида қасддан ёлғон ахборот тарқатаётганликда айблади. Ёлғон ахборот вакциналарнинг хавфсизлиги ва самарадорлигига бўлган ишончга путур етказиш мақсадида тарқатилган, деб хабар беради “The Wall Street Journal” нашри.

АҚШ Давлат департаментининг Глобал фаолият маркази хориждаги дезинформация – қасддан ёлғон ахборот тарқатиш ҳаракатларини кузатиб боради. Марказнинг нашрга маълум қилишича, Россия разведкасига алоқаси бор, деб гумонланаётган тўртта вебсайтда Ғарб вакциналари самарасини шубҳа остига олувчи қатор мақолалар чоп этилган.

Ушбу вебсайтлар вакциналар ҳақида салбий фикр шаклланишига олиб келадиган хабарларгагина урғу бериб, уларнинг самараси ёки хавфсизлиги борасидаги маълумотларни атай келтирмайди.

Ғарб ширкатлари ишлаб чиққан вакциналар ўта пухта синовлардан ўтказилган бўлиб, уларнинг самараси бирида 60 фоиздан, иккитасида 90 фоиздан юқори эканлиги намойиш этилган. Ғарб вакциналари Россиянинг ўзида ишлаб чиқилган ва 90 фоиздан юқори самарани кўрсатган “Спутник V” вакцинасига рақобатчи ҳисобланади.

Глобал фаолият маркази аниқлаган вебсайтлар орасида Россия Ташқи разведка хизматига (СВР) тегишли “New Eastern Outlook” ва “Oriental Review”, ФХХга (ФСБ) тегишли “News Front” нашрлари ҳам бор. “News Front” Россия ўзига қўшиб олган Қримда жойлашган. Тўртинчи нашр, “Rebel Inside”, Бош разведка идорасига (ГРУ, Россия ҳарбий разведкаси) тегишлидир. Бу нашрлар тор йўналишда бўлиб, ўқувчилари кўп эмас. “New Eastern Outlook” ва “Oriental Review” Яқин Шарқ, Осиё ва Африкадаги ўқувчиларга мўлжалланган. “Rebel Inside” ҳозирча янгиланмаяпти.

АҚШга тегишли ижтимоий медиа компаниялари ушбу тўрт вебсайтга алоқаси бўлган саҳифаларни ўз платформасидан ўчирган.

Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия разведкаси Ғарбда ишлаб чиқилган вакциналар ҳақида дезинформация тарқатаётганини инкор этган. Унинг фикрича, АҚШ коронавирус давоси борасидаги баҳс-мунозарага масъулиятни Россияга тўнкаб қўймоқчи.

АҚШ Совет давридан бери Россияни тиббий масалаларда дезинформация тарқатишда айблаб келади, дейди экспертлар. Жумладан, ўз вақтида КГБ ОИТС касаллиги АҚШнинг биологик қурол лабораторияларидан чиқиб кетганлиги ҳақида ахборот ҳуружи уюштирган эди.

XS
SM
MD
LG