Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2021, Тошкент вақти: 09:29

Халқаро хабарлар

Германияда номаълум эркак одамларга пичоқ билан ҳужум қилди

Германиянинг Вюрцбург шаҳрида номаълум эркак ўткинчиларга пичоқ билан ҳужум қилди.

Ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлди, камида олти киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Полиция маълумотига кўра, эркакка қарата ўқ узилган ва у қўлга олинган. Унга қадар эса фуқаролар уни тўхтатишга уринган.

Воқеа жойи ўраб олинган.

Кун янгиликлари

Швейцарияда бир жинсли никоҳларни легаллаштириш бўйича референдум бўлиб ўтди

Швейцарияликлар 26 сентябрь куни бир жинсли никоҳларни легаллаштиришга оид умумхалқ референдумида иштирок этишди. Reuters агентлиги хабарига кўра, сайловчиларнинг 64 фоизи бу каби никоҳларни қонунийлаштиришни дастаклаб овоз берган.

Янги қонун бир жинсли жуфтликларга ўзаро никоҳланиш ва бола асраб олиш ҳуқуқини беради. Ўзаро оила қурган аёлларга сунъий уруғланиш орқали фарзанд кўришга ҳам рухсат этилади. Бунгача Швейцарияда донор спермасидан фақат гетеросексуал оилалар фойдаланиши мумкин эди, холос.

Швейцария дунёда бир жинсли шахслар ўртасида тўлақонли никоҳ қурилишини маъқуллаган 30-давлатга айланди.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу мамлакатдаги овоз бериш натижаларини “тенг йўлидаги муҳим босқич” деб атаган.

Ўнг қараш тарафдори бўлган Швейцария халқ партияси вакиллари референдум натижаларидан ҳафсалалари пир бўлганини билдирганлар. Уларнинг фикрича, бир жинсли никоҳларнинг легаллашуви болалар иқболига салбий таъсир кўрсатади.

Украиналик Олександр Усик профессионал бокс бўйича жаҳон чепиони бўлди

Олександр Усик, Манчестер, 2018 йилнинг 10 ноябри.

Украиналик боксчи Олександр Усик WBA, IBF, WBO ва IBO версиялари бўйича ўта оғир вазнда жаҳон чемпиони бўлди.

У британиялик Энтони Жошуа билан рингда 12 раунд жанг ўтказди. Умумий натижаларга асосан ҳакамлар ҳайъати уни бир овоздан чемпион деб эълон қилди.

Олександр Усик 34 ёшда. У 8 йилдан бери профессионал бокс билан шуғулланади. У профессионал рингда 19 марта ғалабага эришди, жумладан, 13 жангни нокаут билан якунлади.

31 ёшли Энтони Жошуа эса 24 та жангда ғалаба қозонган ва уларнинг 22 тасини нокаут билан якунлаган. У ўз карьераси давомида бу билан иккинчи марта мағлубиятга учради.

Германия парламентига сайловлар Ангела Меркел иштирокисиз ўтмоқда

Германияда сайлов 26 сентябрь куни ўтмоқда.

Германияда 26 сентябрь куни Бундестагга сайлов бўлиб ўтмоқда. Мазкур сайлов сўнгги 16 йилда илк маротаба Германиянинг амалдаги канцлери Ангела Меркел иштирокисиз ўтказилмоқда.

Меркел 2018 йилда Христиан-демократик иттифоқ раислигидан кетганини ва канцлер сифатидаги тўртинчи муддати якунланганидан сўнг сиёсатдан кетишини эълон қилган эди.

Германияда сайловчилар канцлер учун эмас, Бундестаг раҳбари лавозимига номзод кўрсатган партиялар учун овоз беради.

Бу сайловда канцлер лавозимига Христиан-демократик иттифоқ раиси Армин Ланшет, социал-демократик партия аъзоси, вице-канцлер Олаф Шольц ва Яшиллар партиясидан Анналена Бербок номзоди кўрсатилган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, номзодлар рейтингидаги фарқ жуда кам бўлгани учун сайловда ким ғолиб бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Россияда Думага сайлов натижаларидан норозилар намойишга чиқди

Москвада 25 сентябрда ўтган намойишда қатнашганларнинг кўпчилиги Коммнуистик партия тарафдорлари экани айтилди.

Москвада 25 сентябрь куни Давлат Думасига ўтказилган сайлов натижаларидан норози бўлган мингдан кўпроқ киши намойиш ўтказди. Намойишга келганларнинг асосий қисми Коммунистик партия тарафдорлари экани айтилди.

Норозилар электрон овоз бериш жараёнида кўплаб овозлар ўғирланганини иддао қилган ҳолда, “Овозларни қайтариб беринг” деган сўзлар ёзилган плакатларни кўтариб туришди. Улар онлайн овоз бериш натижаларини бекор қилишни талаб этишди.

Россия президенти Владимир Путин 25 сентябрда Думага ўтган партиялар раҳбарлари билан учрашди. Путин сайлов ҳалол, адолатли ва қонун талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилганини айтди. Президентга кўра, сайловдан ўтмай қолган партияларгина “электрон овоз бериш натижаларини бекор қилишни талаб этмоқда”.

Аввалроқ Туркия, ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британия аннексия қилинган Қрим ҳудудида ўтказилмиш Россия Давлат думасига сайлов якунларини ва овоз бериш жараёнини тан олмаслиги тўғрисида баёнот берган.

Расман билдирилишича, сайловда “Ягона Россия” 49,8 фоиз, Коммунистлар партияси 19 фоиз, ЛДПР 7,5 фоиздан кўпроқ, “Адолатли Россия” 7,5 фоизга яқин овоз олди. Думага 2003 йилдан бери илк маротаба яна бир партия – “Янги одамлар” ҳам кирди.

АҚШда поезд издан чиқиши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди

Поездда 146 йўловчи ва экипажнинг 16 аъзоси бўлган.

АҚШнинг Монтана штатида Сиэтлдан Чикагога кетаётган Amtrak ширкатига қарашли поезд темир йўл изидан чиқиши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди ва бир неча киши жароҳатланди.

Amtrak ширкатининг билдиришича, воқеа 25 сентябрь куни эрталаб юз берган. Поездда 146 йўловчи ва экипажнинг 16 аъзоси бўлган. Жароҳат олганларнинг аниқ сони ҳозирча айтилмаяпти.

Поезд 10 та вагон ва иккита локомотивдан иборат бўлган. 7 та вагон издан чиқиб кетиб, ағдарилган. Айни пайтда поезднинг издан чиқишига нима сабаб бўлгани аниқ эмас.

Толибон одам ўғирлашда гумонланган 7 кишини ўлдириб, жасадларни майдонларга осиб қўйди

Ҳирот марказий майдонига осиб қўйилган жасад.

Толибон жангарилари одам ўғирлашда гумон қилинган шахсларни қўлга олиш жараёнида ўлдириб, уларнинг жасадларини оммага намойиш қилиш учун осиб қўйди.

Ўлдирилганлардан тўрт кишининг жасади Ҳирот шаҳри марказий майдонига осиб қўйилди. Яна уч жасадни Толибон жангарилари бошқа шаҳарларнинг бош майдонларига осиш учун олиб кетди. Бу ҳақда гувоҳларга таянган ҳолда AP агентлиги хабар берди.

Маҳаллий амалдорлардан бирининг айтишича, улар афғонистонлик тадбиркорлардан бирининг ўғлини ўғирлашда гумон қилинган. Ўлдирилганлардан бири Толибон жангариси экани айтилмоқда.

“Биз бошқа ҳеч кимнинг бундай жиноятга қўл уришга ҳадди сиғмасин деган мақсадда уларнинг жасадларини Ҳирот майдонларига осиб қўйдик”,- деди Ҳирот ҳокими ўринбосари Мавлави Шоир Аҳмад Эмар.

Аввалроқ Associated Press агентлигига берган интервюсида Толибон ҳаракаит асосчиларидан бири мулла Нуруддин Туробий Афғонистонда қатл этиш, қўл ва оёқ кесиш жазолари жорий этилишини эълон қилган эди.

Афғонистонда аввалги Толибон ҳукмронлиги даврида қотиллик учун қатл жазоси, ўғирлик учун қўл кесиш, талончилик учун қўл ва оёқни кесиш шаклида жазолар қўлланиб келинган. Кейинчалик Толибон бундай жазоларни омма олдида, жумладан Кобулдаги спорт стадионида ҳам амалга оширди.

Европа Иттифоқи Россияни киберҳужумлар кампаниясида айблади

Хосеп Боррел

Европа Иттифоқи Россияни бир қатор аъзо давлатларга қаратилган киберҳужум кампанияси ортидан "давлат ҳатти-ҳаракатлари масъулияти" меъёрларига риоя қилишга чақирмоқда.

"Айрим Иттифоққа аъзо давлатлар"Ghostwriter"деб номланган зарарли кибер-ҳаракатларни кузатиб боришди ва бу ҳужумларни Россия давлати билан боғлашди", деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати бўйича раҳбари Хосеп Боррел 24 сентабрда бирлашма номидан қилган баёнотида.

"Бундай ҳаракатлар қабул қилиниши мумкин эмас, чунки улар бизнинг яхлитлигимиз ва хавфсизлигимизга, демократик қадриятлар ва тамойилларимизга, демократик давлатларимиз фаолиятининг асосларига таҳдид солишга қаратилган", - деди у.

Баёнот Германия бош прокурори шу ой бошида немис сиёсатчиларига қаратилган сўнгги киберҳужумлар юзасидан тергов ишларини бошлаганидан сўнг эълон қилинди. Германия Ташқи ишлар вазирлиги киберҳужумлар учун жавобгарликни Москвага юклади.

Россия 26 сентябрда Германияда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасида қўйилган айбловларни рад этди.

Борреллнинг сўзларига кўра, "Ghostwriter" киберкампанияси " Европа Иттифоқининг кўп сонли парламент аъзолари, ҳукумат амалдорлари, сиёсатчилар, матбуот ва фуқаролик жамияти" ни нишонга олган, хакерлар эса "компьютер тизимлари ва шахсий ҳисобларига киришга ва маълумотларни ўғирлашга ҳаракат қилган".

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар бу ҳаракатларни "кескин қоралайдилар" ва Иттифоқ "кейинги қадамлар эҳтимолини кўриб чиқадилар".

У бу қадамлар нимадан иборат эканлигига тўхталиб ўтирмади.

6 -сентябр куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги ҳукуматда "ишончли маълумотлар" борлигини билдириб, сиёсатчиларга қаратилган сўнгги киберҳужумлар ортида Россиядаги шахслар, хусусан ГРУ деб номланувчи Россия ҳарбий разведкаси турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Италия суди Каталония бўлгинчиларининг етакчиси Пучдемонни озод қилди

Карлес Пучдемон (ўнгда)

Италия суди Каталония мустақиллиги ҳаракати раҳбари Карлес Пучдемонни қамоқдан озод қилди. Адвокатнинг айтишича, уни Испанияга экстрадиция қилиш октябрдаги йиғилишда муҳокама қилинади.

Пучдемон 24-сентябр, жума куни Испания расмийлари талабига биноан Сардиния оролида ҳибсга олинган эди. Италия суди сиёсатчи ҳибсга олинганида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлганлиги ёки бўлмаганлигини аниқламоқчи.

Карлес Пучдемон маданий фестивалда иштирок этиш учун Европа Парламенти аъзоси сифатида Сардинияга келганди.

Испания Пучдемонни сиёсий иғвогарликда ва давлат мулкини ўзлаштиришда айбланмоқда, шунингдек испан ҳукумати уни Каталония мустақиллиги бўйича референдумнинг асосий ташкилотчиси деб ҳисобламоқда. Бу овоз бериш 2017 йилда бўлиб ўтган эди. Мадрид бу референдумни ноқонуний деб ҳисоблаб, уни мамлакат Конституциявий суди тақиқлади.

Ҳукумат Каталония парламентини тарқатиб юбориши ортидан Пучдемон мамлакатдан қочиб кетган эди. Унинг бир қанча шериклари Испанияда қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шу йилнинг ёзида улар амнистия қилинди, лекин бу қарор Пучдемонга тааллуқли эмаслиги билдирилди.

Сентябр ойининг бошида The New York Times ва бошқа оммавий ахборот воситалари Пучдемон сафдошлари Каталонияни Испаниядан мухторият сифатида ажратишда ёрдам сўраб Россияга мурожаат қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар беришди.

Журналистларга кўра, Пучдемон маслаҳатчиси Москвада махсус хизмат ходимлари ва Кремль расмийлари билан учрашган.

Россия ўз ўрнида хорижий давлатлар ишларига аралашмаслигини таъкидлаб келади.

Россия мигрантлар учун ягона миграция ҳужжатини жорий этмоқчи

Uzbekistan/Russia - Central Asian migrants in the department of the Federal Migration Service of the North Eastern District of Moscow city

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг маълумотига биноан, миграция соҳасида ҳозирланаётган янги қонун хорижлик ватандошларнинг мамлакатга кириб келиши, мамлакат ҳудудида бўлиши ва вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишини тартибга солади.

Янги қонун лойиҳасига Россия Федерацияси ИИВнинг Миграция масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи ўринбосари К.Aдзинов изоҳ бериб, миграция соҳасидаги қоидаларни тубдан ўзгартирадиган катта қонун ёзилаётгани, бу чет эл гражданларининг мамлакатга кириши, мамлакат ҳудудида бўлиши, ишлаши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларга таъсир қилиши ва ҳозирда амалда бўлган қатор ҳужжатларни бекор қилишини айтган.

Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудига киришнинг иккита асосий тури - визали ва визасиз тартиб жорий этилиши айтилмоқда.

Хорижликлар учун расмийлаштирилаётган барча ҳужжатлар ўрнини босадиган ягона ҳужжатни жорий этиш ҳам режалаштирилаётгани маълум бўлди. Шунингдек, мажбурий тиббий суғурта доирасида меҳнат мигрантларига тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббий визалар олиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда.

Россия ҳукумати миграция тўғрисидаги янги қонун 2024 йилда жорий қилиши режалаштирилганини эълон қилди.

Толибон Афғонистонда қатл этиш, қўл ва оёқ кесиш жазоларини қайтармоқчи

Мулла Нуруддин Туробий

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган Толибон ҳаракати мамлакатда жиноятчиларга нисбатан шариат қонунлари асосида жазони қўллаш амалиётини қайта тикламоқчи. Гап қўл кесиш ва ўлим жазоси ҳақида кетаётганини Associated Press агентлигига берган интервюсида маълум қилди ҳаракат асосчиларидан бири мулла Нуруддин Туробий.

"Қўлларни кесиш хавфсизликни таъминлаш учун керак", деди Туробий.

Унинг сўзларича, бундай жазо жиноятларни олдини олиш таъсирига эга. Толибон вакили жазолар илгаригидек омма олдида ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги масаласи ҳали толиблар раҳбарияти томонидан ҳал этилмаган.

Афғонистонда аввалги Толибон ҳукмронлиги даврида қотиллик учун қатл жазоси, ўғирлик учун қўл кесиш, талончилик учун қўл ва оёқни кесиш шаклида жазолар қўлланиб келинган. Кейинчалик Толибон бундай жазоларни омма олдида, жумладан Кобулдаги спорт стадионида ҳам амалга оширди.

Олдинги Толибон ҳукуматида Нуруддин Туробий Фазилатни тарғиб қилиш ва гуноҳлардан сақлаш вазирлигини бошқарган.

- Ҳамма бизни стадионда жазо ижро этгани учун танқид қилди, лекин биз бошқа мамлакатларда қўлланиладиган қонунлар ва жазолар ҳақида ҳеч қачон ҳеч нарса демаганмиз. Ҳеч ким бизга қонунларимиз қандай бўлиши кераклигини уқтирмаслиги керак. Ислом буюради ва биз Қуръонга мувофиқ уларни яратамиз, деди мулла Нуруддин Туробий.

Қозоғистонликлар Ўзбекистонда АЭС қурилишига қарши чиқди

Қозоғистоннинг Тараз шаҳри аҳолиси Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи биринчи атом электр станцияси қурилаётганидан хавотир билдирмоқда.

Atameken Business News нашри хабарига кўра, маҳаллийлар бу каби хавфли лойиҳалар қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қурилиши кераклигига даъват этмоқда. Нашр шунингдек, маҳаллий аҳоли ўртасида ўтказилган махсус ижтимоий сўровни ҳам эълон қилди. Қозоғистонликлар Ўзбекистонда АЭСнинг қурилишини Чернобил авариясига менгзади.

Бундан ташқари, Қозоғистон экологлари ҳам бу лойиҳадан шикоят қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон атом электр станцияларидан олинадиган энергия нархинининг арзонлигини ҳисобга олган, лекин атроф-муҳит учун юзага келадиган зарарларни ҳисобга олмаган.

Atameken Business News нашри Тараз шаҳридан бу масалага оид видеорепортаж ҳам ҳозирлади.

ФСБ ўзбекистонликни Украинага жосуслик қилишда айбламоқда

ФСБ ходимлари гўё Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорлик қилган ва Россия Федерацияси билан чегарани кесиб ўтган Ўзбекистон ватандошини қўлга олишди. Бу ҳақда РИА Новости Россия Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) таяниб хабар бермоқда.

"Россия ФСБнинг Брянск вилояти бўйича Чегара хизмати бўлими Украинадан Россия Федерацияси томон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 1981 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросини наркотик мастлик аломатлари билан ушлади", - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тинтув пайтида ўзбекистонликдан фотосуратга олиш, видео ва аудио ёзиш имконияти бўлган махсус яширин техник воситалари, шунингдек, бироз миқдорда кукунли модда мусодара қилинган. Чегарачилар бу кукунли модда наркотик эканини тахмин қилишмоқда.

“Тинтув давомида, қонунбузар 2019 йилдан бери Украина ҳуқуқ -тартибот идоралари билан махфий асосда ҳамкорлик қилиб келгани маълум бўлди. Навбатдаги вазифани бажараётганда, Россия Федерациясига ноқонуний кирмоқчи бўлган шахс ниқоби остида, у жиноий гуруҳ вакилларидан бири билан алоқага чиқиб, 27 минг гривна (1 минг доллар - таҳр. ) пул мукофоти эвазига бу шахсни чегарадан ноқонуний олиб қўйиш жавобгарлигини олган", - дейилади хабарда.

Лекин, Ўзбекистон фуқаросининг сўзларига кўра, режаланган ишлар чипакка чиққан. Ўзбекистонлик муҳожир, чегарачилар хабарича, ҳамкорлари билан келиша олмаган ва якка ўзи Россия-Украина чегарасини бузишга мажбур бўлган.

Қўлга олинган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатиш масаласи кўрилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маълумотга ҳозирча изоҳ берганича йўқ.

Россия президентининг бюджетдан харажатлари бир миллиард рублга кўпайди

Президент Владимир Путин

Россия давлат ҳокимияти органлари таъминотига яқин уч йилда 1.3 триллион рубль сарфланади, шундан 45 миллиард рубль мамлакат президенти ва унинг маъмурияти фаолиятини таъминлашга йўналтирилади.

Бир йил аввал давлат бюджети лойиҳасида президент ва унинг маъмурияти эҳтиёжлари учун кўзда тутилган маблағ бундан бир миллиард рублга, бош вазир ва ҳукумат аппаратининг сарф-харажатлари эса уч миллиардга кам эди.

Жорий қонун лойиҳасига илова қилинган изоҳ хатида сарф-харажатлар ортишига, хусусан, мулозимлар иш ҳақларининг оширилгани, авиапарвозлар таннархи кўтарилгани, давлат мукофотлари тайёрланиши, шунингдек 2024 йилда давлат раҳбарининг инаугурацияси ўтказилиши асос сифатида кўрсатилган.

Қайд этилишича, энг кўп маблағ – қарийб 719 миллиард рубль суд тизими фаолиятига йўналтирилади. Ушбу сумма амалдаги судьяларга тўланадиган қўшимча ҳақ, истеъфодаги судьялар учун нафақалар ҳамда судларда қўриқлаш хизматини кучайтириш сарф-харажатларини ўз ичига олади.

Тожик-қирғиз чегарасида ўқувчи болалар тошбўронга тутилди

Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғи одамлари мактабдан қайтаётган тожик болаларини тошбўрон қилди. Бу ҳақда 23 сентябрь куни Озодликнинг тожик хизматига Тожикистоннинг Чоркўҳ қишлоқ жамоатига қарашли Сомониён қишлоғида яшовчилар маълум қилишган.

Айтилишича, ҳодиса ортидан бир бола ва катта ёшли бир киши маҳаллий касалхонага тушган.

Исфара туманининг Чоркўҳ қишлоқ жамоати раиси Шукурхон Насриев можародан Қирғизистон вакилларини хабардор қилишганини билдирган.

“Болалар дарсдан қайтишаётган бўлган. Боткен вилоятининг Сомониёнга қўшни Кўктош қишлоғи одамлари ҳеч бир сабабсиз уларни тошбўрон қилишибди. Ҳозир биз ҳодисани тафтиш қиляпмиз”, деган Насриев.

Сомониёнда истиқомат қилувчи яна бир киши исмини ошкор қилмаслик шарти билан, кўктошликлар унга ҳамқишлоқ эр-хотинни ҳам калтаклаганини айтган.

Исфара маъмурияти қирғизларнинг тошбўрони ва калтаклаши натижасида сомониёнлик бир бола ва 54 яшар эркак жабр кўрганини тасдиқлаган. “Жабрланганлар шаҳар марказий касалхонаси шифокорлари назоратида. Эркакнинг бурни ва тишлари синган, боланинг боши ёрилган”, деган шаҳар маъмурияти ходимларидан бири.

Бу орада Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен тумани ҳокими Учқун Жўрўбаев Озодликнинг қирғиз хизматига Тожикистон билан чегара яқинида икки мамлакат ўқувчилари ўртасида юзага келган жанжал оқибатида вояга етмаган тўрт нафар қирғизистонлик жабрлангани ҳақида маълум қилган.

Мулозимга кўра, ҳодиса 23 сентябрь куни соат 13:00 атрофида Кўктош қишлоғининг Даҳма участкасида содир бўлган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон мактабида 8-синфда ўқийдиган тўрт ўқувчи 30 нафарга яқин тожикистонлик 11-синф ўқувчилари томонидан калтакланган. Қирғизистонлик ўқувчиларга тиббий ёрдам кўрсатилган, улар касалхонага етказилган. Уларнинг аҳволи яхши”, деган У. Жўрўбаев.

Ҳодиса ортидан Боткен тумани ҳокими, ТИИБ ва МХДҚ туман бўлими раҳбарлари Тожикистоннинг Исфара тумани раиси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан учрашув ўтказганлар. Томонлар маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бори ва қонунбузарларга қарши чора кўришга келишиб олганлар. Айни пайтда чегарадаги вазият барқарор экани айтилмоқда.

Қирғиз-тожик давлат чегарасидаги баҳсли ҳудудлар сабаб икки мамлакат чегарачилари ва аҳолиси ўртасида тез-тез низо чиқиб туради. Ҳарбийлар иштирокидаги охирги йирик тўқнашув шу йилнинг 28-29 апрель кунлари содир бўлган эди. Тожик ҳукумати қуролли можарода 19 киши нобуд бўлиб, 87 киши яраланганини тасдиқлаган. Қирғиз томони маълумотига кўра, улардан 36 киши қурбон бўлган ва 189 киши жароҳат олган.

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари бир-бирини низо чиқариш ва катта зарар етказишда айблаб келмоқда. Иккала мамлакат прокуратуралари чегарадаги воқеалар муносабати билан жиноят ишлари қўзғатганлар.

Навальний Google, Apple, YouTube ва Telegram’дан “кўнгли қолган”ини айтди

Иллюстратив сурат

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Google, Apple, YouTube ва Telegram’ни “Ақлли овоз бериш” дастурига олиб кирувчи ҳаволаларни блоклаб қўйгани учун танқид қилди.

“Google ва Apple каби гигантлар, Кремль талабини адо этиб, иловамизни ўчирди. Мен ёқтирган YouTube видеомизни ўчириб ташлади, Telegram эса ботимизни блоклаб қўйди. Путин “экстремистик” деб биладиган ушбу дастурларда сизнинг округингиздан кўрсатилган номзодларга оид маълумотлар бор эди, холос”, деб ёзилган Навальний саҳифасида.

Сиёсатчи Кремль гўё IT-гигантларнинг қамоққа олиниши керак бўлган ходимлари рўйхатини рўкач қилиб, уларни ўз иродасига бўйин эгишга мажбур этгани ҳақидаги ОАВ хабарларини эслатган. “Агар бу гаплар рост бўлса, бу борада сукут сақлаш энг ёмон жиноятдир. Бу одамларни гаровга олган террористни рағбатлантириш билан тенг”, дейилган унинг номидан эълон қилинган хабарда.

Навальний, шунингдек, Telegram мессенжери эгаси Павел Дуровдан “қаттиқ ранжигани ва кўнгли қолган”ини ҳамда “Путиннинг блокловчилари рўйхатида уни кўраман деб ўйламаган”ини айтган.

Давлат думасига сайлов олдидан Россия расмийлари Apple ва Google’дан “Навальний” ҳамда “Ақлли овоз бериш” иловаларини App Store ва Google Play дўконларидан ўчириб ташлашни талаб қилиб, бу талабдан бўйин товлаш “Россия сайловларига аралашиш” деб баҳоланиши ҳақида огоҳлантирган.

Кейинроқ маълум бўлишича, Google Docs сервиси “Ақлли овоз бериш” орқали тавсия этилган номзодлар рўйхати келтирилган икки ҳужжатни блоклаб қўйган.

Қирғизистонлик юқори мартабали мулозимлар Кобулда Толибон раҳбарияти билан учрашди

Толибон тузган ҳукуматда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Талъатбек Масадиқов билан, Кобул, 2021 йил 23 сентябри

Толибон Қирғизистоннинг юқори мартабали икки мулозими радикал гуруҳ раҳбарияти билан музокара олиб бориш учун Кобулга келганини маълум қилди. Бу толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери жангарилар пешволари билан учрашган марказий осиёлик энг юқори мақомли делегациядир.

Толибон шакллантирган ҳукуматда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Талъатбек Масадиқов ҳамда Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими мудири Жиянбек Қулибаев билан учрашди, деб ёзган Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид 23 сентябрь куни “Твиттер”даги саҳифасида.

Қирғизистон расмий вакиллари ушбу маълумот юзасидан ҳали изоҳ беришганича йўқ.

Мужоҳидга кўра, Муттақий қирғиз мулозимларини “олқишлаб”, “ёрдам учун миннатдорлик билдирган”. “У, шунингдек, ҳамкорлик ва кўмаклашувни давом эттириш зарурлигини таъкидлади”, деб ёзган Толибон вакили учрашувда “икки томонлама муносабатлар”га алоҳида эътибор қаратилганини қўшимча қилган.

Забиҳуллоҳ Мужоҳид ушбу учрашувдан олинган фотосуратни ҳам ёйинлаган.

Халқаро ҳамжамият толибларнинг Афғонистон ҳукуматини тан олиш масаласида тобора кучайиб бораётган дилемма қаршисида қолган.

Аммо минтақа давлатларининг хатти-ҳаракатлари уларнинг Толибон билан алоқа боғлашга ва ҳатто ҳамкорлик қилишга тайёрлигига ишора қилмоқда.

Хусусан, 21 сентябрь куни толиблар тузган ҳукумат раҳбари мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд Кобулда Россия, Хитой ва Покистон вакиллари билан учрашган.

Қўшни Марказий Осиё мамлакатлари Толибонга муносабат юзасидан якдил фикрга эга эмас. Тожикистон Афғонистондаги барча этник гуруҳлар манфаатини ифодаловчи инклюзив ҳукумат тузилмагунча толиблар ҳукуматини тан олмаслигини очиқ билдирган бўлса, Ўзбекистон тўхтаб қолган иқтисодий алоқаларни тиклашга уринмоқда. Жорий ҳафтада БМТ Бош ассамблеяси минбарида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистонга нефть ва электр қуввати етказиб беришни қайтадан бошлаганини маълум қилган.

“Афғонистонни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслик керак”, деган Ш. Мирзиёев.

Украина парламенти олигархларга доир қонун лойиҳасини қабул қилди

Украина Олий радаси аввалроқ президент Володимир Зеленский таклиф қилган олигархлар ҳақидаги қонун лойиҳасини якуний ўқишда қабул қилди. Ҳужжатни қабул қилиш учун 226 та овоз етарли бўлгани ҳолда уни 279 депутат ёқлаб чиққан.

Президент мансуб бўлган “Халқ хизматкори” партияси вакилларининг қарийб барчаси лойиҳани дастаклаган бўлса, мухолифат – собиқ президент Порошенко тарафдорлари ҳамда россияпараст саналувчи “Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун” партияси депутатлари унга қарши овоз беришган.

Қонун лойиҳасида “олигарх” тушунчаси таърифи келтирилган – у жамият ҳаётида салмоқли иқтисодий ва сиёсий нуфузга эга кишидир. Қонунда қайд этилишича, олигарх деб қуйидаги мезонлардан камида учтасига жавоб берадиган одамга айтилади:

сиёсий ҳаётда иштирок этиш;

ОАВга сезиларли таъсир кўрсата олиш;

бозорда монопол мавқега эга, бир йил бу мавқени сақлаб турган ва мустаҳкамлаган корхонанинг якуний бенефициари бўлиш;

тасдиқланган активлари қиймати 80 миллион доллардан кам бўлмаслиги.

Ким олигархлигига Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қарор беради. У олигархлар реестрини юритади. Реестрга тиркалган кишиларга сиёсий партияларни молиявий дастаклаш ман қилинади, улар давлат хизматчилари билан учрашувлари ҳақида ҳисоб беришлари ва яна қатор талабларни бажаришлари керак бўлади.

Мухолифат ушбу қонун амалдаги ҳокимиятнинг сиёсий рақиблари, жумладан собиқ президент, “Европа бирлиги” партияси етакчиси ва катта тадбиркор Пётр Порошенкога қарши қўлланилиши мумкинлигидан ҳадиксирамоқда.

Россия, Украина ва бошқа мамлакатларда одатда сиёсатга таъсир ўтказа оладиган бадавлат кишиларга “олигарх” дейилади.

Толибон қамоқдан қотиллар ва наркосавдогарларни озод қилди. Собиқ прокурорлар яширинишга мажбур бўлмоқда

Иллюстратив сурат. Афғонистон.

Афғонистон собиқ ҳукумати даврида ишлаган прокурорлар Толибон ҳукумати қамоқдан қотиллар ва наркосавдогарларни озод қилгани ортидан яширинишга мажбур бўлаётганлари, уларга ўзлари қамаган қотиллар ва наркосавдогарлар таҳдид қилаётгани ҳақида айтмоқда.

Билдирилишича, Толибон Афғонистон устидан назоратни қўлга киритганидан сўнг кўплаб жиноятчиларни қамоқдан чиқарган.

Собиқ прокурорларнинг халқаро матбуотга билдиришларича, Толибон август ойида қамоқдан чиқарган маҳкумларнинг асосий қисми Толибон, Ислом давлати ва Таҳрики Толибони Покистон ташкилотининг жангариларидир.

Прокурорлар озод қилинган бу маҳкумлар Толибон Афғонистонда жорий қилмоқчи бўлган шариат қонунларига асосан ҳам жуда қаттиқ жазо, жумладан, ўлим жазоси қўлланилиши лозим бўлган шахслар эканини билдирмоқда.

Озодлик радиоси афғон хизматига адвокатлар қамоқдан озод этилган маҳкумлар ўч олиш мақсадида камида уч нафар прокурорга ҳужум уюштирганини маълум қилмоқда.

Толибон раҳбарияти халқаро ҳамжамиятни жангарилар собиқ амалдорлардан ўч олмаслигига ишонтирмоқчи бўлиб келмоқда. Толибон ҳукумати ҳам бу борада ваъда берган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири экология журналистикаси стипендиясига эга бўлди

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Бактигүл Чинибаева.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Бактигүл Чинибаева Internews Earth Journalism Network ва Stanley Center for Peace and Security дастурининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳасининг стипендианти бўлди.

Мазкур стипендия бутун дунё бўйича фақат 20 нафар журналистга берилади. Стипендиантлар ноябрда Шотландияда ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ўтказиладиган 26-саммитини ёритишда иштирок этади.

Бундан ташқари Бактигүл Чинибаева Шотландия ва Британиянинг айрим нашрларига Қирғизистондаги экологик муаммолар ҳақида мақолалар ёзади.

БМТнинг иқлим ўзгаришига бағишланган саммити 4-14 ноябрь кунлари Глазго шаҳрида бўлиб ўтади. Бу саммитни ёритиш учун стипендия олиш танловида 700 журналист иштирок этган.

Қозоғистон президенти Марказий Осиёда гидроэнергетика консорциумини тузишни таклиф қилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жоомарт Тоқаев.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 22 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади. У ўз нутқи давомида Марказий Осиёда гидроэнергетика консорциумини тузишни таклиф қилди.

“Биз қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик жараёнида Марказий Осиёдаги сув захираларига, унинг сифатига алоқадор масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз. Бошқа давлатлар бошқача манфаатларга эга эканига қарамай, Қозоғистон минтақада сув - гидроэнергетика консорциумини ташкил этишни таклиф қилади. Мазкур гидроэнергетика консорциуми орқали умумий мақсадларга етишмоқ учун муросага эришиш мумкин”,-деди Тоқаев.

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов Тожикистонда “Роғун” ва Қирғизистонда “Қамбарота-1” гидроэнергетик иншоотлари қурилишига қарши туриб келган. Тошкентнинг бундай позициясига ўша пайтда Остона ҳам шерик бўлган эди.

Масалан, 2012 йилнинг декабрида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қримбек Кушербаев ўз мамлакати ва Ўзбекистон Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи бўйича муштарак қарашга эга эканини баён қилган, “бу лойиҳа БМТ конвенцияси ва халқаро экспертиза асосидагина амалга оширилиши мумкин”, деган эди.

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров 2021 йилнинг 15 март куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан ҳамкорликда қуриш тўғрисида келишув тузилгани тўғрисида баёнот берган.

Худди шундай баёнотни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 16 мартда эълон қилганди.

ФХХ Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосарига нисбатан айбловни янада кучайтирди

Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Жалол.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Жалолга нисбатан айбловни янада кучайтирди.

Сентябрнинг бошларида ФХХ Симферополда қримтатарларнинг уйларида тинтув ўтказган, тинтув ортидан Наримон Жалол дохил беш киши ушланган. Қўлга олинганлар Перевальное қишлоғидаги газ қувурига қасддан шикаст етказганликда айбланмоқда.

Дастлаб унга диверсияни амалга оширишга кўмаклашиш айблови қўйилганди. 13 сентябрда эса ФХХ айбловни биринчи марта ўзгартирган ва уни диверсияни тўлақонли амалга оширишда айблаган эди.

23 сентябрда эса ФХХ айбловни янада кучайтирди. Эндиликда у диверсияни уюшган жиноий гуруҳ таркибида амалга оширишда, шунингдек, портловчи моддаларни ноқонуний сотиб олиш ва сақлашда айбланмоқда. Мазкур айблов асосида Наримон Жалол 20 йилга қамалиши мумкин.

Адвокатларнинг билдиришича, Наримон Жалол ўзига билдирилган айбловни тан олмаяпти ва жиноят иши доирасида ўтказилаётган терговда кўрсатма беришдан бош тортмоқда.

Қримтатарларга қарши репрессиялар 2014 йили яриморол Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин бошланган. Қримтатарларнинг кўпи Қримнинг Россияга қўшиб олинишига қарши чиққан эдилар.

Қрим Олий суди 2016 йили қримтатарлари мажлисини экстремистик ташкилот деб топган ва унинг фаолиятини тақиқлаб қўйган.

АҚШ Конгресси Россия давлат қарзига нисбатан янги санкцияларни тасдиқлади

АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси.

АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси америкаликларга Россия суверен қарз мажбуриятларини бирламчи ва иккиламчи бозорда сотиб олиш ва сотишни тақиқловчи қарорни тасдиқлади.

Конгресс мазкур санкциянинг қабул қилинишига Россиянинг АҚШ президенти сайловига аралашгани сабаб бўлганини билдирди.

Мазкур ҳужжат АҚШ Сенати томонидан ҳам тасдиқланиши лозим. Қарор қабул қилинганидан сўнг Россия Марказий банки, Миллий фаровонлик фонди ва Федерал ғазначиликнинг 14 кунда қарзни қайтариш шарти билан чиқарган ҳар қандай қимматбаҳо қоғозларини олиб-сотиш АҚШда тақиқ остида бўлади.

Bloomberg экспертларига кўра, қарор ортидан “Россиянинг молиявий ҳаражатлари кўпайиши мумкин”, бироқ бу қарор Москванинг халқаро молия бозорларидаги мавқеига жуда катта даражада таъсир қила олмайди.

Украинада лотин имлоси асосида ишлаб чиқилган қримтатар алифбоси тасдиқланди

Украина ҳукумати 22 сентябрь куни лотин имлоси асосидаги 31 ҳарфдан иборат қримтатар тили алифбосини тасдиқлади, дея хабар қилди Крим.Реалии.

Алифбо Қримтатар халқи мажлиси ҳамда қатор институт ва университетлар билан кенгашган ҳолда ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг апрелида Украина ҳукумати Қримтатар тилини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаган эди.

Янги алифбони қримтатар тилидаги таълим жараёнига 2025 йил 1 сентябридан бошлаб татбиқ этиш мўлжалланмоқда.

“Бундан кейин қримтатар тили 1991 йилдан сўнг лотин алифбосига ўтган ва ҳозирда ўтаётган бошқа туркий тиллар билан уйғун тарзда ривожланади. Бу Украина учун туркий тилли мамлакатлар билан алоқаларда қўшимча имкониятлар яратиши жуда муҳимдир, зеро улар орасида стратегик ҳамкорларимиз бор. Қримтатар тилидан маиший даражада оз-моз хабардор бўлиш ҳар бир украиналикка Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ёки Ўзбекистонга саёҳатларда ёки у ерлик ҳамкорлар билан иш бўйича мулоқотлар чоғида ўзини янада дадил тутишига ёрдам беради”, деган Украинанинг тобе бўлмаган ҳудудларни қайта интеграция қилиш масалалари бўйича вазири Алексей Резник.

Россия Қримни аннексия қилиши олдидан яриморолда сохта референдум ўтказганида Қримтатар халқи мажлиси тарафдорлари бўлган бир неча минг киши Қрим парламенти ёнида бунга қарши намойишга чиққан эди. Намойиш куч билан бостирилган ва шундан сўнг қримтатарлар ёппасига таъқибга олинган. Қримтатар халқи етакчиларининг аксарияти Украинага кетишга мажбур бўлган.

2016 йилда Россия Қримтатарлар мажлисини экстремистик ташкилот деб топиб, унинг фаолиятини тақиқлаган.

Давлат думаси барча хорижликларга россиялик болаларни асраб олишни тақиқламоқчи

"Дима Яковлев қонуни” қабул қилинишига қарши Санкт-Петербургда ўтган норозилик намойишидан лавҳа, 2013 йилнинг январи

Россия Давлат думасининг чет давлатлар аралашувига қарши кураш комиссияси “Дима Яковлев қонуни”нинг амал қилишини барча хорижликларга нисбатан қўлламоқчи. Ҳозирда мазкур қонун фақат АҚШ фуқароларининг россиялик болаларни асраб олишини ман қилади.

Комиссия изоҳига кўра, сўнгги пайтларда нафақат америкаликлар, балки бошқа чет элликлар ҳам россияликларнинг “тамал ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилмоқда”. Мулозимлар фикрича, бу айниқса ўтган сайлов чоғида яққол намоён бўлган.

Шу муносабат билан “Дима Яковлев” қонунига янги тузатишлар октябрдаёқ депутатлар муҳокамасига киритилиши мумкин.

Тўлиқ ном билан “РФ фуқароларининг тамал ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига алоқадор шахсларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш тўғрисида” деб аталувчи “Дима Яковлев қонуни” 2012 йили АҚШда қабул қилинган “Магнитский қонуни” ва қатор россиялик мулозимлар ҳамда кучишлатар тузилмалар вакилларига қарши жорий этилган санкцияларга жавоб тариқасида қабул қилинган.

Қонун “Россия фуқароларининг тамал ҳуқуқларига дахл қилган АҚШ фуқароларига нисбатан жавоб тусидаги ҳимоя чоралари”ни қўллашни, хусусан, уларнинг молиявий активларига банд солиш, Россияга киришини, мол-мулк сотиб олишини ва инвестиция битимларида иштирок этишини тақиқлашни назарда тутади.

Қонунда АҚШ фуқароларининг россиялик болаларни, хусусан, ўз ватанида зарур муолажа ололмаган ногирон болаларни фарзанд қилиб олишини тақиқловчи банд ҳам мавжуд. Ушбу норма жамоатчилик орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлган, йирик шаҳарларда унга қарши оммавий норозилик чиқишлари бўлиб ўтганди. Қонун қабул қилингач, Москвада 60 минг нафарга яқин киши кўчаларга чиққан. Бир неча юз минг киши ушбу қонунга қарши петицияга имзо чеккан.

Тожикистонда афғон қочқинлари учун лагерь қурилади

Тожикистон ҳукумати Европа Иттифоқи ёрдамида Афғонистон билан чегарадош Шамсиддин Шоҳин туманида афғон қочқинлари учун лагерь қуради.

Туман маъмурияти вакилининг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, лагерь қуриш учун Хирмонжо ва яна икки қишлоқ танлаб олинган.

“Евроиттифоқ элчиси бу жойларни бориб кўради, шундан сўнг лагерь айнан қаерда қурилиши аниқ бўлади”, деган исми сир қолишини истаган манба.

Хатлон вилояти раиси ёзда ўтказилган матбуот анжуманида халқаро ташкилотлар кўмаги билан Жайҳун туманида афғон қочқинлари учун лагерь қурилишини айтган эди.

Аввалроқ Евроиттифоқ Тожикистонда бўлиб турган афғон қочқинларига 160 минг евро ажратишини эълон қилган. ЕИнинг 14 сентябрдаги баёнотида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Хатлон вилояти ҳамда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида 5000 нафаргача афғон қочқини бошпана топгани ҳақида сўз борган.

Толиблар Афғонистон шимолига ҳужум қилганидан сўнг минглаб афғон қочқини Тожикистон ва бошқа қўшни мамлакатларга қочиб ўтган. Уларнинг бир қисми, хусусан ҳарбий хизматчилар Афғонистонга қайтариб юборилган, қолганлар эса Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва бошқа минтақаларда сақланмоқда.

Евроиттифоқ, БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари маҳкамасига таянган ҳолда, “2021 йил охиригача Тожикистонда 50 минг нафаргача қочқин қайд этилиши мумкин”лигини маълум қилган.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси узунлиги 1400 километрни ташкил этади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG