Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2021, Тошкент вақти: 09:55

Тошкентда раҳбарининг пулини қиморда ютқазиб қўйган йигит ўзини пичоқлади


Тошкент шаҳридаги “Paynet” шохобчасида ишловчи талаба йигит раҳбарига тегишли пулни тотализаторда ютқазиб қўйгач, ўзини пичоқлади, деб хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

“Paynet” шохобчаси ишчиси Н.Р. дўкон эгаси Н.Т.га тегишли кассадаги 6 миллион сўм пулни ижтимоий тармоқдаги қимор ўйинига тикиб ютқазиб қўяди.

Бунча пулни қайтаришига кўзи етмаган йигит пичоқ билан қорнига жароҳат етказади ва ИИБга қўнғироқ қилиб, гўёки номаълум шахс уни чавақлаб, дўконни ўмариб кетгани ҳақида хабар беради.

Маълум қилинишича, суд талаба йигитни Жиноят кодексининг 237-моддасида (айбловнинг сунъий далилларини вужудга келтирган ҳолда оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб содир этилган ёлғон хабар бериш) кўрсатилган жиноятни содир этишда айбдор деб топган ва унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ маҳаллий матбуот Бухоро вилоятида айнан қимор сабаб рўй берган бошқа бир жиноят ҳақида хабар берган эди.

2020 йил декабрь ойида Бухоро муҳандислик-технология институти талабаси О.Қ. интернет тармоғидаги “1Хbet” қимор ўйинига пулини ютқазиб қўйгач, бобосининг 4500 доллар маблағини ўғирлаган, сўнг жиноятни яшириш мақсадида бензин сепиб уйга ўт қўйган.

Жиноят ишлари бўйича Пешкў тумани суди енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб ноқобил набирага жарима жазоси тайинлаган.

XS
SM
MD
LG