Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 17:16

Ўзбекистон Сенати фавқулодда ҳолат тўғрисидаги конституциявий қонунни маъқуллади


2021 йил 19 ноябрь куни Сенатнинг 21-ялпи мажлисида “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон республикаси Конституциявий Қонуни муҳокама қилинди ва маъқулланди.

Парламент юқори палатаси матбуот хизмати қайдича, қонунда фавқулодда ҳолатни жорий этишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар акс эттирилган.

Хусусан, фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартиби, қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқарув органлари, фавқулодда ҳолат шароитида жисмоний ва юридик шахслар, шунингдeк мансабдор шахс ҳуқуқларининг кафолатлари, фавқулодда ҳолат шароитларида судларнинг фаолиятини тартибга солувчи ва бошқа махсус қоидалар белгиланди.

Қонун билан республика бўйича жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати ўттиз суткадан, унинг айрим жойларида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати эса олтмиш суткадан ошиши мумкин эмас. Агар фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин.

Лекин мазкур фармон Парламент қўшма мажлисида тасдиқланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қонунда фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ички ишлар ва Фавқулотда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек Фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг кучлари ва воситаларидан фойдаланиш белгиланмоқда. Алоҳида ҳолларда эса, юқоридагиларга қўшимча равишда, фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш учун Президент фармонига асосан Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари ҳам жалб этилиши мумкин.

Шунингдек, Қонун билан фавқулодда ҳолат жорий қилингани ҳақида чегарадош давлатларга дипломатик каналлар орқали хабар берилиши ҳам белгилаб қўйилди.

Қонун сенаторлар томонидан бир ўқишда маъқулланди.

XS
SM
MD
LG