Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2022, Тошкент вақти: 08:08

Мудофаа вазирлиги: Ўзбекистон ҳарбий дронлари Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб кирмаган


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги мамлакат қуролли кучларига тегишли ҳарбий дронлар Афғонистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтгани ҳақидаги хабарни рад этиб чиқди.

Ўзбекистонга тегишли учувчисиз бошқариладиган дронларнинг қўшнилар ҳудудига изнсиз ўтгани борасида Sputnik Afganistan хабар қилганди.

“Айрим нашрлар томонидан бу борада тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучлари томонидан қўшни давлатлар ҳаво маконини бузиш ҳолатлари бўлмаган” дейилади хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистон томони қўшни мамлакат авиациясига тегишли ҳарбий транспортларнинг ҳам мамлакат ҳаво ҳудудига ноқонуний ўтмаганини таъкидлаган.

«Мудофаа вазирлигининг учувчисиз бошқариладиган, қирувчи ва ишғол авиацияси қатъий белгиланган тартибда жанговар навбатчилик ўтамоқда», — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Аввалроқ Афғонистонда қўним топган ИШИД жангари гуруҳлари Термизга қарата ракета отгани ва бу ракеталар манзилга етиб келмагани борасида хабарлар тарқалган. Гарчанд Ўзбекистон томонидан бу маълумотларни инкор қилган бўлса-да, Афғонистон расмийлари ИШИДнинг бундай ҳаракатини қоралаган ва бундай муваффақиятсиз ҳаракатнинг содир этилганини эътироф этган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президентининг махсус вакили Исматулла Эргашев “Америка овози” мухбири билан суҳбатда қарийб бир йил аввал Ўзбекистон ҳаво ҳудуни ноқонуний кесиб ўтган ҳарбий транспортларнинг бу мамлакатга қайтарилмаслиги, уларнинг АҚШга берилишини маълум қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон томони Рамазон ойи муносабати билан қўшни мамлакатга 58 та вагонда инсонпарварлик ёрдамлари жўнатди.

XS
SM
MD
LG