Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2022, Тошкент вақти: 06:58

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Украина Қуролли кучлари: Россия армияси Луганск вилоятидаги икки қишлоқни ишғол қилди

Россиялик ҳарбийлар Луганск вилоятидаги Рай-Александровка ва Лоскутовка қишлоқларини эгаллаб олишган. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумот тарқатди.

Шу тариқа Россия армияси вилоятдаги Горское ва Золотое аҳоли пунктларини ҳимоя қилаётган украиналик ҳарбийларни ўраб олиш бўйича ўз мақсадларига яқинлашишган.

Британия ҳарбий разведкаси маълумотига кўра, Россия Лисичанск йўналиши бўйлаб 5 километр илгарилаган. Қамалда қолмаслик учун Украина армиясининг айрим бўлинмалари чекинишган.

Россия армиясининг Луганск вилоятида Украина назорати остида қолаётган сўнгги шаҳар томон ҳаракатланаётганига оид маълумотларни АҚШнинг Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) экспертлари ҳам келтиришмоқда.

Украинадаги уруш туфайли Чехия 2023 йил мартигача россияликларга виза бермоқчи эмас

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги биноси
Чехия Ташқи ишлар вазирлиги биноси

Чехия 2023 йилнинг март ойи охиригача Россия ва Беларусь фуқароларига виза ҳам, яшаш рухсатномаси ҳам бермайди. České noviny нашри хабарига кўра, ТИВнинг бу борадаги таклифи Чехия ҳукумати томонидан маъқулланган. Бунда фақат гуманитар мақсад билан келаётган шахсларгагина истисно сифатида виза берилиши мумкинлиги айтилган.

Мазкур чора, чех расмийлари қайдича, Украинадаги уруш манзарасида “Чехиянинг ташқи сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш” ҳамда Россия ва Беларусга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Россия: Петрозаводскда урушга қарши постлар ёзган 76 ёшли пенсионерга 30 минг рубль жарима солинди

Владимир Малегин
Владимир Малегин

Петрозаводск шаҳар суди урушга қарши мавзуда постлар ёзган 76 ёшли пенсионер Владимир Малегинга Россия армиясини “обрўсизлантирганлик” моддаси бўйича 30 минг жарима тайин қилди. Бу ҳақда Озодликнинг Север.Реалии лойиҳаси хабар қилди.

Жиноят иши материалларида у “ВКонтакте” тармоғида жорий йилнинг 8 март, 23 ва 24 апрель кунлари ёйинлаган иккита пост ва битта сурат ҳақида гап боради.

23 апрелдаги постида Малегин: "Шаҳарлар, қишлоқлар вайрон этилди, тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлди. Кўплаб одам ертўлаларда егуликсиз ва сувсиз ўтирибди, миллионлаб одам ўлдирилишидан қўрқиб, уйларини тарк этган. Бу тутуруқсиз хунрезлик тўхтатилмаса, эртага бошқалар ҳам ҳалок бўлиши мумкин”, деб ёзган. Бу постга Малегиннинг қўлида “Тинч шаҳарлар бомбаланишига қатъиян қаршиман!” деган плакат ушлаб турган сурати илова қилинган.

Малегиннинг адвокати судга ўз мижози Украинадаги уруш тўғрисида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмагани, чунки Украинада аҳоли пунктлари бомбаланиб, тинч фуқаролар ҳалок бўлгани халқаро расмий манбалар, шу жумладан БМТ томонидан тасдиқланганини билдирган. “Плакатли фотосуратда эса Украина ва Россия Қуролли кучлари ҳақида ҳеч нарса дейилган эмас”, деган адвокат суд қарори устида шикоят аризаси ёзишини қайд этган.

Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Владимир Малегин петрозаводскликлар орасида танилган фаоллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Путинга яқин кўрилган украиналик сиёсатчи Медведчук 9 августгача ҳибсхонада қоладиган бўлди

Виктор Медведчук
Виктор Медведчук

Львов суди Россия президентига яқин кўрилган украиналик сиёсатчи Виктор Медведчук шу йил 9 августигача ҳибсхонада қоладиган бўлди. Бу ҳақда Hromadske нашри суднинг иккита қарорига таянган ҳолда хабар қилди.

Медведчукнинг адвокати эҳтиёт чорасини алмаштириш тўғрисидаги ариза билан Печера туман судига мурожаат қилган, бироқ унинг илтимоси рад этилган.

Жорий йилнинг 17 июнь куни суд Медведчукка тегишли бўлган мол-мулкнинг бир қисмини, жумладан, ичида қимматбаҳо мебель ва идиш-товоқлари бўлган вагон-ресторан, 279 та картина, тўртта ҳайкал, 10 та соат, иккита ваза ва бошқа ашёларни ҳибсга олган.

Виктор Медведчук Украинада тақиқланган “Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун” партияси сиёсий кенгашининг раиси бўлиб ҳисобланади. У давлатга хиёнат ва террорчилик фаолиятига кўмаклашганлик дохил қатор моддалар бўйича айбланмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG