Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2022, Тошкент вақти: 12:30

Венгрия бош вазири: Россия армияси номутаносиб устунликка эга!


В.Орбан Кремл тарафдори бўлган Европа сиёсатчиларидан саналади

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқини Россияга ва Украинадаги урушга нисбатан янги стратегия ишлаб чиқишга чақирди. Унга кўра, ЕИнинг Москвага қарши санкциялари таъсир қилмаган, Украина эса Россия билан урушда ютиб чиқиш имконига эга эмас.

Орбан Руминияга сафари чоғида шундай баёнот билан чиқди, деб хабар бермоқда Reuters.

Венгрия бош вазири фикрича, янги стратегияда асосий эътибор жанг майдонида ғалаба қозонишга эмас, балки сулҳ музокараларига қаратилиши лозим.

Орбанга кўра, Ғарбнинг Украинага оид ҳозирги стратегияси “тўрт устун”га таянади, булар: Ғарб қуроллари Киевнинг урушда ютиб чиқишига ишонч, санкциялар самарадорлигига ва улар Европадан кўра Россияга кўпроқ зарар етказишига ишонч, шунингдек Ғарбнинг хатти-ҳаракатларини бутун дунё қўллаб-қувватлашига ишонч.

Венгрия бош вазири санкциялар энергия манбалари нархи ошиб кетиши ва сиёсий беқарорликдан бошқа натижа бермаганини, Украина эса ғалаба қозона олмаслигини, “чунки Россия армияси асимметрик устунликка эга”лигини айтди.

Орбан Россия ва АҚШ ўртасидаги сулҳ музокаралари урушга барҳам бериши мумкин, деб ҳисоблайди. Венгрия бош вазири бу билан Москва Украинага бостириб кириши арафасида Ғарбдан талаб қилган хавфсизлик кафолатларини эслатди. Орбаннинг фикрича, Ғарбнинг бу “кафолатлар”ни рад этиши оқибатида Россия ўз мақсадларига қурол кучи эришишни бошлаган. Венгрия лидери ЕИ мамлакатлари воситачилик вазифасини уддалай олмади, можарони энди фақат Москва билан Вашингтон музокаралари бартараф этиши мумкин, деб ҳисоблайди. Орбан назарида, АҚШга Дональд Трамп, Германияга Ангела Меркель раҳбарлик қилганида уруш бўлмаслиги мумкин эди, чунки улар Москванинг талабларига жиддий қараган бўлур эдилар.

Украина ТИВ вакили Олег Николенко санкциялар “Россия ҳарбий машинасининг Украинага қарши уруш олиб бориш лаёқатини сезиларли даражада камайтирган”ини таъкидлаб Орбаннинг фикрига эътироз билдирди, шунингдек, “бу ён беришлар ва хушомадлар Кремлнинг агрессив иштаҳасини жиловламаслиги”ни айтди. Шунингдек, Николанко Украина ЕИ кўмагида урушда ғалаба қозонишига ишонч билдирди.

Орбан Европанинг Кремлга энг яқин сиёсатчиларидан бири саналади. Венгрия Россияга қарши жорий этилган санкцияларга қўшилган ва расман Россия тажовузини қоралаган. Аммо мамлакат Украинага қурол-аслаҳа бермаяпти, боз устига қатор санкция чораларига вето қўймоқда. Чунончи, Россиядан ЕИга қувур орқали нефть етказиб беришни тақиқлаш ташаббуси Венгрия қистови билан амалга ошмай қолди.

Ўтган пайшанба куни Венгрия ташқи ишлар вазириПетер Сийярто кутилмаганда Москвага борди ва газ етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласида музокара ўтказди.

XS
SM
MD
LG