Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2022, Тошкент вақти: 18:23

Украина: Чугуевда вайроналар остидан ўзбек ошпазининг жасади чиқарилди


Асли ўзбекистонлик тўрт фарзанднинг отаси Сардор Ҳакимов Чугуевда одамларга ўз ҳисобидан палов тарқатиб келган.

Украинанинг Чугуев шаҳрида қутқарувчилар маданият уйи вайроналари остидан 36 ёшли Сардор Ҳакимов жасадини олиб чиқишди. Чугуев 26 июль куни Россиянинг ракета ҳужумига тутилганди. Асли ўзбекистонлик тўрт фарзанднинг отаси маҳаллий кўнгиллилардан бўлган. Уруш бошланганидан бери Сардор Чугуевда одамларга ўз ҳисобидан палов тарқатиб келган.

"Бутун Чугуев уни танирди. Ҳамма Сардор Ҳакимов тирик эканига охиригача умид қилди. Ҳар доим табассумли, қувноқ эди. У бизнинг мангу хотирамизда яшайди. Унинг палови ва шўрвасининг хушбўй ҳидини унутиб бўлмайди. У энди Чугуевда абадий қўним топди”, - деди Харьков вилояти ҳарбий бошқармаси раҳбари Олег Синегубов.

Хабарларга кўра, Чугуевдаги маданият саройи ҳужумга тутилган пайтда Сардор Ҳакимов палов тайёрлаётган бўлган.

Украина матбуоти хабарларига кўра, Ҳакимов 2000 йилдан бери у Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида яшаган. 2014 йилда уруш бошланганидан кейин у Чугуевга кўчиб ўтди.

Ўша ерда ўзбек ошхонаси ва зиравор дўконини очди.

Россия кучлари Украинага бостириб кирганидан кейин Сардор оиласини Ўзбекистонга жўнатиб, ўзи кўнгилли сифатида одамларга ёрдам бериш учун Чугуевда қолган.

Бундан олдин Чугуевда вайроналар остидан аёлнинг жасади чиқариб олинган эди. Икки фарзанднинг онаси Виктория Мишарина ҳам уруш бошланганидан бери Чугуевда кўнгилли бўлган.

XS
SM
MD
LG