Украин аскарлари Россия кучлари таркибида жанг қилаётган камида икки ўзбекистонликни асирга олган.
Украинада Россия тарафида жанг қилган ўзбекистонликларнинг асирга олингани ва сўроқ қилиниши акс этган видео 10 сентябрь куни тармоқларда тарқалди.
Тасвирлар қачон олингани маълум эмас.
Видео остига жойланган хабарда воқеа Украинанинг 25инчи ҳаво-десант бригадаси ҳарбийлари Харьков вилоятининг Балаклия шаҳри остонасида рус қўшинларини ёриб ўтиш пайти рўй бергани айтилади.
"Сиз қайси давлатдансиз? Неча ёшда? Украинага нима учун келгансизлар? Ёнларингда яна нечта киши бор эди? Урушга кетаётганингизни билармидингиз?" - дея асирга олинганларни саволга тутади Украина ҳарбий хизматчиси.
Қўлга олинганлар Ўзбекистондан эканликлари, Москвада яшаганликлари, Украинага ҳусусий ҳарбий бўлинманинг 120-минамётчилар батареяси таркибида олиб келинганликларини айтишади.
Сўроқ қилинаётганлардан бири Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидан экани, 22 ёшда экани, Москвада яшагани, талаба бўлгани, "пул ишлаш мақсадида ёлланган"ини қўшимча қилади.
Украина кучларининг Харьков йўналишидаги тезкор қарши ҳужумлари натижасида рус армияси ортга чекинар экан кўплаб аскарлари асирга олингани ҳақида хабарлар бор.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз фуқароларини Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан тийилишга чақирган.
Элчихона ўзбекистонликларни бу каби ҳаракат учун ватанларида жиноий жавобгарлик кутиши ҳақида огоҳлантирган.