Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:46

Европа Иттифоқи яна сўзидан қайтди


Брюссел учрашувларида ЕИ нинг Тошкентда ваколатхонасини очиш ҳақида келишувга эришилган.
Брюссел учрашувларида ЕИ нинг Тошкентда ваколатхонасини очиш ҳақида келишувга эришилган.

ЕИ Тошкентда ўз ваколатхонасини очишдан воз кечганига оид баёнот "англашилмовчилик" бўлганини билдирди.


ЕИ Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Косянчич Озодлик билан суҳбатда:

- Суҳбатда айтилган гаплар нотўғри шаклда талқин этилган" дея баëнот берди.

17 март куни "Uznews.net" мустақил ахборот агентлиги Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистондан қувилганига норозилик белгиси ўлароқ Европа Иттифоқи Тошкентда ваколатхонасини очишдан воз кечиш билан де-марш қилгани ҳақида хабар қилиб¸ ЕИ Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон матбуот котиби Майкл Манн сўзларидан иқтибос келтирган эди.

Эртаси куни Эштон хонимнинг яна бир матбуот вакили Майя Косянчич Озодлик билан суҳбатда бу баёнотни рад этган эди.

"Uznews.net" нашри ЕИ расмийсининг гаплари тўқима эмаслигини тасдиқлаш учун Майкл Манн билан ёзиб олинган суҳбат парчасини Интернетга жойлади.

"Uznews.net" мухбири билан суҳбатда жаноб Манн "Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун ЕИ бу мамлакатга босим қилишда давом этади ва Ҳюман Райтс Уотч ваколатхонаси ёпилганига норозилик ўлароқ Европа Иттифоқи Тошкентда ваколатхонасини очишдан воз кечади", деб айтган.

29 март куни Кэтрин Эштон матбуот вакили Майя Косянчич бу аудиоëзувни эшитгач:

- Шарқ мамлакатлари ҳақида гапиришга Майкл Манн эмас, мен масъулман. Менинг йўқлигимда у гапирган афтидан, бу ерда англашилмовчилик бўлган, - деди Косянчич Озодлик билан суҳбатда.

Майкл Манннинг ўзи эса "Uznews.net"га аввалги баёнотида хатога йўл қўйгани, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ваколатхона очиш қароридан воз кечмагани ҳақда билдирган.

ЕИ расмийси Манн билан суҳбат қилган "Uznews.net" мухбири Маркус Бенсман фикрича, бу ҳолат Европа Иттифоқидаги иккиюзламачиликнинг яна бир кўринишидир.

- Ҳюман Райст Уотчнинг Ўзбекистонда ишлаши ЕИнинг Тошкентга қўйган асосий талабларидан бири эди. Ташкилотнинг Ўзбекистондан қувилгани расман билдирилганидан сўнг мен ЕИ расмийларидан бунга муносабат олмоқчи бўлдим. Майкл Манн бу ҳақда жавоб бериши мумкинлиги ва Европа Иттифоқи Тошкентда ўз ваколатхонасини очишдан воз кечишини аниқ айтди.

"ЕИнинг бунга муносабати ваколатхонанини очмаслик бўлади"¸ деди у. Кейин эса Манн дарҳол позициясини ўзгартириб, интервью нотўғри бўлган дейишга ўтди. Менимча¸ Ўзбекистон ЕИга босим қилган ва ЕИ ўз фикридан қайтиб¸ яна Ўзбекистон олдида тиз чўкяпти, - дейди Бенсман.

ЕИ расмийсига кўра, Ўзбекистон олдида ҳеч ким тиз чўкаётгани йўқ, Иттифоқ ҳали ҳам Ўзбекистонга босим ўтказишнинг кучли механизмларга эга.

- Инсон ҳуқуқлари муҳим эканлигини урғулаш учун кучли механизмларга эгамиз.Аввалги ҳафтадаги суҳбатда ҳам айтганимдек, Ўзбекистон расмийлари билан мулоқотда инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги масалалаларига доим алоҳида ўрин берамиз ва ҳар галги музокараларда бу масала кўтарилади, жумладан Хьюман Райтс Уотч билан боғлиқ масала ҳам.

Умумиятла айтадиган бўлсам, ЕИ Ўзбекистон билан мулоқот сиёсати кўпроқ самара беради деган ишончда ва шу йўналишда собитмиз, - деди Майя Косянчич 29 март куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда ЕИ ваколатхонасини очиш қарори Ислом Каримовнинг январ ойида Брюсселга қилган сафари ва Европа комиссияси президенти Жозе Мануэл Баррозо билан икки соатдан кўп давом этган учрашувидан кейин қабул қилинган эди.

Айни музокаралар давомида Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ходимига аккредитация бериш масаласи ҳам кўтарилган эди.

Брюссел сўзлашувларидан икки ҳафтача ўтиб¸ Ўзбекистон Адлия вазирлиги Ҳьюман Райтс Уотчнинг 1996 йилда Тошкент марказида очилган идорасини ëпиш ҳақида фармон чиқарди.
XS
SM
MD
LG