Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:28

Собиқ вазирнинг ўғиллари қамоқда камроқ ўтирадиган бўлди


Расмий маълумотларга кўра, собиқ вазир Мирзо Зиёев 2009 йили Тавилдарада ўтказилган амалиёт чоғида ўлдирилган.
Расмий маълумотларга кўра, собиқ вазир Мирзо Зиёев 2009 йили Тавилдарада ўтказилган амалиёт чоғида ўлдирилган.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар собиқ вазири Мирзо Зиёев ўғилларига белгиланган жазо муҳлати тенг ярмига қисқартирилди.

Бири 28 ва бошқаси 30 йилга кесилган Сайидаҳмад ва Маҳмадризо Зиёевлар энди 15 ва 13,5 йиллик умрини қамоқда ўтказади. Аммо уларнинг мол-мулкини мусодара қилишга оид ҳукм эса ўз кучида қолган.

90-йиллардаги машҳур дала қўмондони Мирзо Зиёев ўғилларига белгиланган жазо муҳлатининг икки бараварга қисқартирилиши жамиятда турли баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Зиёевлар иши бўйича суд ҳайъати аъзоси Санобар Холова Олий суд Зиёевлар оиласининг даъво аризасини ҳар томонлама ўрганиб чиққандан сўнг шундай хулосага келганини билдирди.

- Улар даъво аризаси билан чиқиб, жазо муддати бўйича эътироз билдиришди. Биз аризани пухта, ҳар томонлама кўриб чиққач, шундай қарор қабул қилдик, - деди Олий суд ҳайъати аъзоси Холова хоним.

Аммо Тожикистондаги баъзи сиёсий доиралар вакиллари, мустақил таҳлилчилар бундай хулоса Мирзо Зиёев ва унинг атрофидагилар ҳеч қачон давлатга, ватанига хиёнат қилмагани, аксинча унга содиқ бўлгани исботидир, дея талқин қилмоқда.

- Мирзо Зиёев ва унинг фарзандлари, у билан бирга бўлган кишилар ватанига хиёнат қилмаганининг исботи бу. Мирзо Зиёев ўз ватанига вафодор фарзанд эди. Мана бугун адолат тантана қилди, - дея мулоҳаза билдиради парламент қуйи палатасининг депутати, Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Саидумар Ҳусайний.

Эслатиб ўтамиз, Мирзо Зиёевнинг ўғиллари Саидаҳмад ва Маҳмадризо Зиёевлар 2009 йил ёзида ҳукумат кучларининг Тавилдарада ўтказган “Кўкнор-2009” махсус амалиёти чоғида ҳибсга олинган эди.

Ўшанда хавфсизлик ходимлари яна 44 кишини қўлга олганди. Қўлга олинганларнинг саккиз нафари эса Ўзбекистон фуқаролари экани айтилганди.

Тавилдара амалиёти чоғида Тожикистон фавқулодда ҳолатлар собиқ вазири Мирзо Зиёев ўлдирилганди. Аммо унинг ўлими билан боғлиқ ҳолат ҳозиргача жамият учун сирлигича қолмоқда.

Аввалига Тавилдарадаги тартибсизликларда қўли борликда айбланган Саидаҳмад ва Маҳмадризо Зиёевларга кейинчалик зўрлик йўли билан давлат тўнтариши уюштиришга уринганлик, ноқонуний қурол-аслаҳа сақлаганлик, наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғулланганлик ва уюшган жиноий гуруҳ тузганлик каби оғир айбловлар қўйилганди.

Ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов фикрича, Зиёевлар ишини кўриб чиққан Олий суд дастлабки босқичда қатор хатоларга йўл қўйган.

- Аввал ўтказилган суд жараёнида тўпланган далилларга холис баҳо берилмаганди. Суд Зиёев ўғилларига нисбатан ўта адолатсиз ҳукм чиқарганди. Бугун кассация тартибидаги шикоят аризасини ўрганган суд ҳайъати далилларни тўғри таҳлил қилиб, ўша хатони тузатди, - дейди ҳуқуқшунос Қаюмов.

Бироқ бир гуруҳ таҳлилчилар Тожикистондаги бугунги вазият иқтидордаги ҳукумат масъулларини ташқи хавф-хатардан огоҳлантираётганини айтади. Уларга кўра, мамлакатда тинчлик устуворлигини таъминлаш ва уни ташқаридан келаётган хавфдан сақлаб қолиш учун ҳукумат масъуллари ташаббус кўрсатиши зарур.

Тожикистон парламентидаги манбанинг айтишича, президент Имомали Раҳмон мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида авф тўғрисида фармон имзолайди. Манбага кўра, бу гал Тавилдара иши бўйича қамалганлар ҳамда Тожикистон собиқ мухолифати вакиллари ана шу амнистияга туширилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG