Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:45

Имомали Раҳмоннинг “ворис”и ким?


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фарзандлари ва неваралари билан боғда.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фарзандлари ва неваралари билан боғда.

Тўққиз боланинг отаси бўлмиш Тожикистон президенти фарзандлари орасида уч нафари озми-кўпми тожик жамиятида кўзга кўриниб қолган.

Имомали Раҳмон фарзандларидан Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Озодаи Раҳмон, тадбиркор Тахмина ҳамда яқиндан буён Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона хизматининг контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши кураш бошқармаси бошлиғи Рустами Имомали отасининг вориси бўлиши мумкинлиги тўғрисида ҳар замонда таҳлилчилар томонидан турли тахминлар айтилади.

Аммо Шарқ сиёсатида эркаклар доим етакчироқ позицияга эга бўлиб келганини урғуловчи айрим кузатувчилар бу борада Тожикистон президентининг катта ўғли Рустами Имомали шанси кўпроқлигини айтишади.

Рустами Имомали: футболчи, пойгачи, ниҳоят арбоб

Олий маълумотни Тожикистонда олган, бир муддат хорижда ҳам таҳсил олган Рустами Имомали эндигина 23 баҳорни қаршилаган. Шундай бўлса-да, у яқин йиллар ичида уч марта мансаб курсисини алмаштирди.

Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустами Имомали
Аввалроқ Тожикистон ёшлар, спорт ва туризм қўмитаси раисининг биринчи муовини лавозимида фаолият қилган, кейинчалик Тожикистон
Сармоялаш ва давлат мулкини бошқариш қўмитасининг тадбиркорлик бўлимини бошқарган Рустами Имомали эндиликда Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона хизматининг контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши кураш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишламоқда.

Рустами Имомали бу орада отаси Имомали Раҳмон раҳбарлигидаги Тожикистон Ҳалқ демократик партия президиум аъзоси ва кейинчалик Душанбе шаҳар кенгаши депутати бўлишга ҳам улгурди.

Шундай бўлса-да, у партия минбаридан ё бўлмаса республика оммавий ахборот воситалари орқали ҳали бирор марта ҳам чиқиш қилмаган.

У бу сукути тожик жамиятида кўплаб жавобсиз саволлар туғдираётгани баробарида, кўпчилик учун Рустами Имомали шунчаки президентнинг ўғли сифатида танилгани сезилади.

- Мен Рустами Имомалини президентимизнинг ўғли сифатида танийман. Лекин унинг қилаётган ишлари ҳақидаги саволингизга жавоб бера олмайман. Уни фақат бир-икки марта телевизорда кўрганману, гапирганини ҳеч қачон эшитмаганман. У ҳар доим отасининг ёнида, жим турганини кўрамиз, холос, - дейди толиба қиз Зарнигор.

Айни ўринда Рустами Имомали Тожикистондаги “Истиқлол” футбол командасида ҳам тўп тепади. Унинг бошқа бир эрмаги тунда қимматбаҳо машиналарда пойга уюштиришдир.

Рустамнинг уйланиши ҳам оғизларда достон бўлганди. Маҳаллий мансабдорлардан бирининг қизига уйланган Рустамнинг тўйи отасининг шаҳар четидаги дала ҳовлиларидан бирида жуда катта тантана билан ўтгани ҳозиргача гапирилади.

Рустамнинг сиёсий саҳнадан четлатилишидан кимга манфаатдор?

Бундай икки йил аввал давлат раҳбарининг тўп тепиб юрган фарзанди кутилмаганда сиёсат майдонига кириб келиши сиёсий доиралар орасида катта баҳсларга сабаб бўлганди.

Ўшанда сиёсатчилар Ёшлар иттифоқи президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган нуфузли ташкилотлигини ва Рустами Имомалининг шу идорадаги курсилардан бирига ўтириши ворисликка ҳозирланаётганидан далолат эканини гапира бошлаганди.

Президентнинг ўғли Рустам ашаддий футбол ишқибози
Бироқ жорий йил март ойи бошида Рустам Имомали катта сиёсатдан четлаштирилди.

У мамлакат куч тизимлари таркибига кирадиган Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона хизматининг контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши кураш бошқармасига бошлиқ қилиб тайинланди.

Мустақил таҳлилчилар мамлакат ички ва ташқи сиёсий ҳаётидан Рустамнинг йироқлаштирилиши масаласида турлича қарашда.

Тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов фикрича, бу четлатиш вақтинчалик тадбирдир.

- Фикримча, Рустами Имомалининг янги лавозимга тайинланиши бир томондан божхона фаолиятини тартибга солиш, контрабанда юкларининг мамлакатга кириши билан боғлиқ ҳолатларга қарши курашни кучайтириб, шу йўл билан коррупция даражасини тушириш бўлса, иккинчи томондан, Рустам давлат идораларининг ҳар бирида тажриба орттириб кўзланаётган юқори лавозим учун ҳозирдан тайёрланмоқда, - дея мулоҳаза билдиради сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Қозоғистонлик мустақил таҳлилчи Розлана Таукина эса Рустами Имомалининг сиёсатдан узоқлаштирилишини отасининг амбицияси билан боғлайди.

- Мансаб таъмини тотган президентларнинг бора-бора шахсий амбициялари аввалги режаларининг амалга ошишига тўсиқ бўлади.
Масалан, Дариға Назарбоевани олайлик: у аввал-бошда партия лидери эди, мамлакатдаги йирик медиатузилмаларни бошқарганди. Лекин кейинчалик Дариға ҳамма нарсадан четлаштирилди. Чунки Нурсултон Назарбоев ўз ҳокимиятини бирор кишига топширмоқчи эмас. Ва шунинг учун ўз қизигача бўлган барча рақибларини сиёсат майдонидан қувди, - дейди қозоғистонлик таҳлилчи Таукина хоним.

Озодаи Раҳмон ва Гулнора Каримова ўртасидаги тафовут

Рустам президент Имомали Раҳмоннинг сиёсат майдонида жавлон ураётган ягона фарзанди эмас.

Унинг яна бир фарзанди Озодаи Раҳмон Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг муовинидир.

Озодаи Раҳмонни айрим тожикистонликлар ўзбекистонлик қўшиқчи Озода Нурсаидова билан адаштирар эканлар.
Тожикистон Миллий университетининг ташқи алоқалар факультетини битирган ва бир муддат Вашингтондаги Жоржтаун университетида ҳуқуқ бўйича таълим олиб қайтган Озодаи Раҳмон 2007 йил Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик хизматида ҳам бошлиқ бўлганди.

Кузатувчилар Озодаи Раҳмоннинг давлат ташқи сиёсатидаги ҳаётига аралашишини унинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримовага тақлид ўлароқ баҳолайди.

Бироқ тўрт йилдан буён давлат ташқи сиёсатини назорат қилиб келаётганига қарамай, тожик жамиятида Озодаи Раҳмон Гулнора Каримовадан камроқ танилгани кузатилади.

- Ўзбекистоннинг президентининг қизи Гулнора Каримова. У бўйлари узун, келишган оппоқ қиз. Телевизорда кўрсатган у катта машҳур дизайнер. Яна актёрлар, актрисаларга бал беради, - дейди шаҳринавлик Ҳулкархон.

Ҳулкар сингари тожикистонликларнинг кўпи Гулнора Каримовани ҳомий, қўшиқчи, кийимлар-дизайнери сифатида танишини айтади.

Аммо гап Озодаи Раҳмонга келганда аксар тожикистонликлар уни ўзбекистонлик қўшиқчи Озода Нурсаидова билан алмаштираётгани гувоҳи бўлдик.

- Озода ўзбекистонлик қўшиқчи. У Душанбега кўп келган. Катталарнинг тўйларини ўтказган, концертлар берган, яхши таниймиз, - дейди душанбелик Обидахон.

Бундай жавобни Душанбеда кўпчиликдан эшитдик.

Имомали Раҳмоннинг вориси Тахминами?

Имомали Раҳмоннинг яна бир фарзанди Тахминаи Раҳмон эл орасида тижоратчи сифатида танилган.

Асосан катта тижорат билан шуғулланувчи Тахминаи Раҳмон Душанбедаги қатор супермаркетлар, маиший хизмат нуқталари ҳамда ёнилғи қуйиш шаҳобчаларининг соҳибасидир.

Мол-мулки укаси Рустам ва синглиси Озодаи Раҳмонларникидан кўпроқ бўлган Тахминаи Раҳмон отаси Имомали Раҳмоннинг асосий вориси экани ҳақида ҳам гап-сўзлар йўқ эмас.

Аснода Тожикистондаги сиёсий доиралар ва мустақил таҳлилчилар Рустами Имомалининг катта сиёсатга қайтишига шубҳа билан қарашларини айтадилар. Уларга кўра, бунга копток ишқибози, пойгани ёқтирадиган Рустами Имомали отаси Имомали Раҳмоннинг ишончини оқлай олмагани сабабдир.
XS
SM
MD
LG