Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:48

Тожик-қирғиз чегарасидаги жанжал вақтинча тўхтади


Тожик ва қирғиз расмийлари 6 август куни чегарада содир бўлган можаро юзасидан сўзлашувлар олиб бормоқдалар.
Тожик ва қирғиз расмийлари 6 август куни чегарада содир бўлган можаро юзасидан сўзлашувлар олиб бормоқдалар.

Сўғд вилоятининг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманлари ўртасидаги чегарада икки халқ орасида бошланган можаро давом этмоқда.

Чегарадаги вазиятни ҳар икки республика куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар вакиллари назорат қилмоқда.

Раҳбарлар можаро ҳал қилинганини айтмоқда

8 апрел куни Исфара ва Боткен туманлари раҳбарлари, куч ишлатар тизимлар вакиллари учрашди.

- Учрашувимизнинг асосий мақсади икки республика расмийларидан иборат қўшма комиссия тузишдан иборат эди ва бунга эришдик. Учрашув чоғида 6 апрел куни юзага келган можаро ҳам кўрилиб чиқилди. Инчунин ҳанузгача мавжуд бўлган чегара, ер ва сув муаммолари ҳақида ҳам гапирилди.Мулоқот якунида шундай можаролар чиқмаслиги учун конкрет тадбирлар ишлаб чиқилди,- деди Исфара шахар ҳокими Субҳониддин Ашуров.

Қирғизистонннинг Боткен тумани ҳокими Ҳаитали Айқунов ҳам икки халқ ўртасида жиддий низо чиқмаслигига ишонч билдирди.

- Чунки бизнинг халқларимиз азал азалдан ён қўшни - жон қўшни бўлиб яшаб келмоқда. Мавжуд муамммолар ҳал қилинадиган масала, бу биринчи навбатда бир биримизга боғлиқ. Айтмоқчиманки, хар қандай масалани ўзаро келишишиб ҳал қилиш мумкин,- деди Ҳаитали Айқунов.

6 августда нима бўлган эди?

Суратда: Воқеа мана шу жойда бошланган эди.

Чегарадаги воқеа 6 март куни эрта билан содир бўлган. Ворухлик бир савдогар Боткен ва Исфара чегарасида ўтадиган чоршанба бозорига нарса олиб келаётганда йўлда қирғизистонлик ДАН вакили тўхтатиб, пул талаб қилган. Исфаралик уч сомоний (тақрибан 70 цент – таҳр.) бериб, “бошқа пул йўқ”, деган. Милиционер унинг киссасига қўл урмоқчи бўлган, исфаралик қаршилик кўрсатган. Шунда қирғиз милиционери унинг бошига тўппонча билан урган. Буни кўриб қолган тожикистонликлар ватандоши тарафини олишган. Йўлнинг у томонида турган қирғизлар эса ўз ватандошига ёрдамга келишган. Воқеа жойида Қирғизистон томонидан тахминан 150, Тожикистон томонидан эса 500 га яқин одам тўпланган.

Можаро чоғида тожиклар қирғизларга қарашли битта енгил автомашина ва Қирғизистон фуқаросини гаровга олишган. Қирғизлар ҳам исфаралик савдогар ва унинг автомашинасини гаровга олишган. Воқеа жойига етиб келган Исфара шаҳри ҳокими Субҳониддин Ашуров ва Боткен тумани раҳбари Ҳаитали Айқуновлар икки республика аҳолиси ўртасидаги можаронинг аланга олишига чек қўйишди. Гаровга олинганлар қўйиб юборилган.

Жанжалнинг илдизи 1989 йилга тақалади

Жорий йил март ойининг охирларида мазкур чегарада икки халқ ўртасида можаро юзага келган эди. Ўшанда Қирғизистон куч ишлатар тизимлари Тожикистоннинг Исфара туманидаги “Чоркўҳ” дехқончилик хўжалигидаги 400 дан ортиқ ўрик дарахтларни таг-томири билан кўчириб ташлашганди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманлари ўртасидаги чегарада дастлабки можаро шўролар даврида 1989 йилда юзага келган эди. Ўшанда икки республика аҳолиси бир-бирига қарши кетмону белкураклар қўтариб чиққан. Пировардида уч киши ҳалок бўлган эди.

Сўнгги йилларда эса мазкур ҳудудда саккиз маротаба можаро бўлди. Бунга ҳам Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида шўролар давридан буён давом этиб келаётган ер ва сув жанжали сабаб бўлган.

Раҳбар ваъда беради. бироқ...

- Айтайлик, исфараликнинг сув келадиган қувурини боткенликлар кесиб ташлашди, боткенликнинг ерини эса исфаралик тортиб олди. Натижада можаро. 1989 йилда можаро юзага келган пайтда Тожикистон раҳбари Қаҳҳор Маҳкамов ва Қирғизистон раҳбари Абсамат Масалиев икки республика аҳолиси билан учрашиб, муаммони ҳал қилишга ваъда беришган эди. Бироқ орадан 22 икки йил ўтса ҳамки, масала ҳал бўлмади. Ҳукумат вакиллари келади, кўради, эшитади ва “масалани ҳал қилинглар” дея, маҳаллий ҳукумат аъзоларига топшириқ берадию кетади. Бу “раҳбарлар ҳеч нимани ҳал қилмай кетди”, деган гап. Мана ҳозир ҳам расмийлар учрашди, гапиришди ва кетишди. Икки республика аҳолиси эса чегарадан кетгани йўқ. Таранглик ҳали ҳам мавжуд - дейди таҳлилчи Неъмат Мирсаидов.

Ўтган йиллар мобайнида икки давлат расмийлари чегара масаласига оид бир нечта ҳужжат имзолаганлар. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, чегаралар қонуний жиҳатдан белгилаб олингунига қадар баҳсли ҳудудлардан ҳар икки давлат фойдаланиш ҳуқуқига эга.
XS
SM
MD
LG