Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:17

Ўзбекистон маҳаллаларида компютер эгалари аниқланмоқда


Тадбир маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ва маҳалла посбонлари ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Тошкентнинг Чилонзорида яшовчи Адҳам аканинг компютер уқуви бор. Лекин шахсий компютер сотиб олишга қурби етмайди. Адҳам ака уйида компютери бор маҳалладошларига ҳукумат томонидан қизиқиш борлигини шундай изоҳлади:

- Компютердан ўша диний нималар бўйича маълумот олар экан. Болалар жалб этилаётган эканми шунга. Маҳалла энди кимни компютери борлигини иқтисодий жиҳатидан билади. Бу биринчидан. Кейин мендан сўрамайди, мени шароитимни билади. Келиб кўрган ҳам. Эҳтимол бошқаларни ҳам кўргандир. Шундан келиб чиқиб, компютери борларни назоратга олган бўлиши мумкин. Шундай гаплар бор эди-да. Мактабда болалар орасида ҳам гаплар бўлганки, “Бизни уйда компютерда кўрсатади, интернетга чиқдик. Ундай бўлар экан, намоз ўқиш керак экан” деган гаплар болалар орасида бўлган эди, - дейди тошкентлик Адҳам ака.

Ўз исмини суҳбат давомида билдиришни истамаган Тошкент шаҳридаги бир маҳалла фуқаролар йиғини раисига кўра, ҳозирча компютерга эга бўлган фуқаролар юзасидан махсус рўйхат тузилмаганини Озодликка билдирди.

- Бу масала кимда, қанча аниқ рўйхат олинмади. Ҳозир энди телефон алоқалари орқали ҳам уланаяпти. Ўшанда аниқ бўлади, қанча одамнинг уйида компютери бор. Бизга ҳокимятдан “компютер рўйхатга олинсин” деган жойи йўқ. Алоқадан келишди. “Бир нималарни ўрнатаяпмиз”, деб ўзини маълумотини беришди. Нечта одамда компютер борлигини биз билмаймиз. Лекин, менимча, ҳозир ҳар бир хонадонда компютер бор. Ҳозир бизда компютер ўқишига одам сўрашаяпти, лекин “рўйхатга олинсин” деган жойлари йўқ ҳали, - деди тошкентлик маҳалла раисаси.

Маҳалла раисаси расмий рўйхат тузилган бўлмаса-да, компютер эгаларига қизиқиш борлигини инкор этмади.

Айни пайтда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги матбуот хизматидан мазкур мавзу юзасидан ахборот олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов компютер эгалари рўйхати тузилиши мумкинлигини билдирди. Маҳалла қўмиталари ҳокимиятга бўйсунувчи орган эканлигини айтади:

- Кимда қанча компютер бор, нима билан шуғулланади, шу каби ёзувларни олиб борилаётгани тўғрисида мен аниқ биламан. Милиция участковойлари уйма-уй юрибди. Лекин шу нарса назоратга олингани бу бор гап, бўлаяпти, - дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаоли бундай ҳолат сўнгги бир-икки ой ичида мунтазам кузатилаётганини айтади.

Суръат Икромов "Компютер эгаларини аниқлаш ишлари Араб давлатларида сўнгги ойларда бўлаётган норозилик намойишлари билан боғлиқ", дея тахмин қилди.

- Ўша араб давлатларида, Африкадаги араб давлатларида революция бўлиб, намойишлар бўла бошлаганидан кейин бу масалада буйруқ берилган. Ҳамма нарса ҳамма жойда рўйхатга олинаяпти, интернет масаласи. Ҳамма жойда ўша интернетни тўхтатишни, одамлар орасида интернет орқали гаплашаётганларни кузатиш, билиш-шунақа нарсалар бўлаяпти, - дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг ўзи уч ҳафтадан буён уйига уланган интернет алоқаси ишламаётганлигидан шикоят қилади.

Тошкент марказида яшовчи ўзбекистонликлардан бири, бу хабарни Озодлик мухбиридан эшитиб саросимага тушди. У шу пайтга қадар маҳалла посбонининг ҳеч бир қора рўйхатига тушмаганини, бироқ уйида компютери бўлгани боис, рўйхат тузилган тақдирда унга тушиш хавотирга солаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG