Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:23

Каримов давлат ташрифи билан Хитойга етиб борди


19-20 апрел кунлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитойга давлат ташрифи билан боради. Президент матбуот хизмати тарқатган хабарномага кўра, Хитой Президенти Ху Цзинтао таклифига кўра амалага ошаётган сафар сўнгида икки давлат ўртасида қатор ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда. Каримовнинг Пекинга сафарида аввал Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган хабарномада икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар кейинги йилларда сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Таҳлилчилар Хитойнинг Марказий Осиёга қизиқиши ортаётганини бир томондан ошиб бораётган иқтисодий қудрати ёрдамида ўз таъсир доирасини кенгайтириш истаги, иккинчи томондан минтақа давлатларидаги авторитар режимлар билан келишиб олиш осонлиги билан изоҳламоқда.


Ўзбекистон президенти матбуот хизмати қисқа хабарда Ислом Каримов икки кунлик ташрифи чоғида Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао билан музокараларда ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш ҳамда икки томон учун қизиқарли бўлган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммоларни муҳокама қилади.

Музкокарлар натижасига кўра, дейилади расмий хабарда, қатор икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Каримовнинг Пекинга сафари олдидан Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси икки давлат ўртасидаги алоқаларга оид маълумотларни очиқлади.

Хусусан, Хитой элчихонасига кўра, 2005-2010 йиллар оралиғида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори уч ярим баробардан кўпроққа ошиб, бугунги кунда қарийб икки ярим миллиард АҚШ долларини ташкил қилган, дея ёзди Регнум агентлиги.

Лондондаги Шарқ ва Африкани ўрганиш университетининг Марказий Осиё масалалри бўйича таҳлилчиси профессор Алишер Илҳомов кейинги ўн йил давомида Хитойнинг минтақага бўлган қизиқиши ортиб бораётгани бу мамлакатнинг ошиб бораётган иқтисодий қудратидан ўз таъсир доирасини ошириш йўлида фойдаланиш истаги билан изоҳлаш мумкин дейди:

- Хусусан, Ўзбекистон билан ҳам ўзаро контактлар кўлами ошиб бормоқда, Хитой томонидан инветицияларнинг ошаётганини ҳам кўришимиз мумкин. Бунинг бир-бири билан боғлиқ бўлган иккита сабаби бор. Ҳозир иқтисоди бўйича дунёнинг иккинчи қудратли давлатига айланаётган Хитой ўзининг ошиб бораётган иқтисодий ва молиявий имкониятларини ишга солиш учун майдон қидирмоқда. Оддий қилиб айтганда, Хитой ўз иқтисоди ўсишининг давом этишини кафолатлаш учун сармоя ётқизиш мумкин бўлган бозорларни қидирмоқда. Буни масалан, Африка давлатларида ҳам кўришимиз мумкин, шунингдек Марказий Осиё давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам Хитой учун бу имконияталарни амалга ошириш учун қулай бозор бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Бошқа томондан бу мамлакатларга сармоя олиб кириш Хитойнинг минтақадаги таъсир доирасининг кучайишига туртки бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистондагидек режмилар учун биринчидан, инсон ҳуқуқлари ёки демократия масалаларини иқтисодий ҳамкорлик билан боғламайдиган, иккинчидан ўзи ҳам авторитар давлат ҳисобланган Хитой билан иш тутиш жуда қулайдир. Бу эса албатта, Ғарб давлатларининг минтақадаги сиёсатига салбий таъсир қилади. Чунки улар Хитой ёки Россия билан рақобат қилиш истагида инсон ҳуқуқлари ёки демократия масалаларида талаблардан чекинишга мажбур бўлади,- дейди Алишер Илҳомов.

Хитой элчихонаси тарқатган маълумотларга кўра, Хитой бугунги кунда Ўзбекистоннинг иккинчи савдо ҳамкори ҳисобланади. Ўзбекистон иқтисодига сармоя ётқизиш, ўзбек пахтасини сотиб олиш, мамлакатга коммуникация ускуналари ва тупроқни яхшилаш технологияларини олиб киришда эса биринчиликни эагллаб бўлган. Ўзбекистон иқтисодига ётқизилган Хитой сармоялари умумий миқдори эса тўрт миллиард АҚШ долларига яқинлашган.

Инсон ҳуқуқлари ёки демократия қадриятларини тарғиб қилиш яхши, лекин Хитойдек иқтисод жиҳатидан улкан давлат билан ҳамкорлик пировардида оддий ўзбекистонликлар ҳаётида ижобий акс этиши керакку?

Лондонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов гапиради:

- Бу савол жавобини Хитой қайси соҳага сармоя ётқизаётганидан қидириш керак. Масалан, Хитой ўзбек пахтасини сотиб олиш бўйича биринчи ўринга чиқди, деяпсиз. Бу қишлоқ аҳолисининг ҳаётида қандай экс этяпти, деб ўйлайсиз? Масалан, бу болалар меҳнати муаммосининг ҳал қилинишига ҳисса қўшмаслигини аниқ айтиш мумкин. Бундан ташқари Ўзбекистонда пахтадан олинган мўмайгина даромад қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилшга сарфланганини ҳам шу пайтгача эшитмаганмиз. Умуман, пахта даромадига оид тизими мутлақ шаффоф эмас ва пуллар кимларнинг ҳамёнини тўлдираётгани жавобсиз қолиб келаётган саволлардан биридир.

Шунингдек, Ўзбекистонда пахтанинг сердаромадлиги ҳам айнан болалар меҳнати билан боғлиқдир, чунки болаларга ва, умуман, фермерларга пахта учун ўта кам миқдорда ҳақ тўланади ва бунинг ҳисобидан пахта давлатга катта даромад келтиради. Яъни биттагина пахта мисолида Хитой сармояларининг аҳоли турмушида акс этмаслигини кўриб турибмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси асосан Россия ва бошқа мамалакатлардаги мардикорлар армияси ҳисобидан тирикчилик қилмоқда,- дейди Лондондаги Шарқ ва Африкани ўрганиш университетининг Марказий Осиё масалалри бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов
XS
SM
MD
LG