Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:27

Тожикистон милицияси қирғизистонликни қўйиб юборди


Қирғизистонлик Расул Бурқановни қутқариш учун 17 апрел куни тожик-қирғиз чегарасига 100 чоғли боткенлик йиғилди.
Қирғизистонлик Расул Бурқановни қутқариш учун 17 апрел куни тожик-қирғиз чегарасига 100 чоғли боткенлик йиғилди.

Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманларидаги чегарада икки республика аҳолиси ўртасида яна можаро юзага келди.

Сўғд вилояти Исфара шаҳри ички ишлар бўлими маълумотларига кўра, Қирғизистон фуқароси 35 ёшли Расулбек Бурқанов шу йилнинг 17 апрел куни контрабанда билан шуғулланганликда айбланиб, қўлга олинган.

Айтилишича, Қирғизистон фуқароси Исфара шаҳрининг Лаккон қишлоғи ёнида тўхтатилиб, у бошқарган автомашина текширилганда, унинг ёнидан шиша идиш топилган.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига кўра, мазкур идиш ичида 3 килограмм 240 грамм симоб борлиги аниқланган. Шундан кейин боткенлик Расулбек Бурқанов ички ишлар бўлими вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб келинган. Бундан хабар топган боткенликлар ўз ватандошини қутқариш учун Лаккон қишлоғи томон юришган.

Исфаралик Неъмат Олимовнинг Озодлик радиосига айтишича, чегарада юздан ортиқ қирғизистонлик йиғилган.

- Воқеа 17 апрел куни тахминан соат 11 ларда содир бўлди. Йўлнинг у томонида турган қирғизлар ўз ватандоши озод этилишини талаб қилишди. Агар Расулбек Бурқанов озод қилинмаса, улар ҳам шундай чора кўришларини айтишди. Хайриятки, бу жанжалга чегара олдида яшовчи икки қўшни қишлоқ - Лаккон ва Қорабоғ қишлоқлари оқсоқоллари аралашганидан кейин одамлар тарқалишди, - деди Неъмат Олимов.

Қирғизистон томонининг иддаоларига кўра, боткенлик йигит тожик милицияси томонидан ноқонуний ҳибсга олинган. Чунки Расулбек Бурқанов ўша пайтда Қирғизистон ҳудудида бўлган. У тижорат билан шуғулланган ва контрабандага ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Қирғизистон фуқароси Расул Бурканов 18 апрел куни Боткен ички ишлар вакилларига топширилган.

Маълумотда айтилишича, икки республика аҳолиси ўртасида можаро аланга олмаслиги учун ана шундай қарорга келинган. Бироқ Исфара шаҳар ички ишлар бўлими Расулбек Бурқановга нисбатан жиноий иш очган ва бу ҳужжатлар ҳам қўшниларга топширилган.

Сўнгги пайтларда тожик-қирғиз чегарасида тез-тез можаро юз бериб турибди. Жумладан, 6 апрел куни Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманларидаги чегарада икки республика аҳолиси ўртасида можаро юзага келганди. Ўшанда қирғизистонлик милиционер тожикистонликдан пул талаб қилган, бироқ исфаралик сўралган пулни бермагач, милиционер унинг бошига тўппонча билан урганди. Бу воқеадан кейин ҳар икки томондан 600 кишидан ортиқ одамлар чегарада йиғилган.

8 апрел куни чегарада яна одамлар йиғилган. Икки республика аҳолисининг жанжали оқибатида бир неча киши зарар кўрган, иккита автомашинага шикаст етказилган.

Март ойининг охирларида эса Қирғизистон куч ишлатар тизимлари Тожикистоннинг Исфара туманидаги “Чоркўҳ” дехқончилик хўжалигидаги 400 дан ортиқ ўрик дарахтларни таг-томири билан кўчириб ташлашган.

Сўнгги йилларда мазкур ҳудудда саккиз маротаба можаро юзага келди. Бунга ҳам Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида шўролар давридан буён давом этиб келаётган ер ва сув жанжали сабаб бўлган.

Тожикистонлик академик Раҳим Масовга кўра, совет даврида маҳаллий хукуматлар қарори билан Боткен вилоятига қўшни бўлган Исфара туманидан то Мастчоҳи Кўҳистон туманигача бўлган қарийб 350 километр масофадаги 80 минг ер Қирғизистон томонига берилган. Шунингдек, уч йил олдин Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги Мурғоб тумани ҳудуди ерларидан ҳам Қирғизистонга ажратиб берилган.

- Бироқ бу тадбир қонун билан мустаҳкамланмаган. Зеро, ҳар бир ҳужжат сессияда парламент депутатлари томонидан тасдиқланиши керак. Шунинг учун ҳам Қирғизистон томонининг аслида Тожикистон ерларига бўлган даъволари асоссиздир. Айтмоқчиманки, чегаралар расмий равишда демаркация қилингунига қадар бирор-бир республика “бу менинг ерим” дейишга хаққи йўқ, - дейди Масов.

Ўтган йиллар мобайнида икки давлат расмийлари чегара масаласига оид бир нечта ҳужжат имзолаганлар. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, чегаралар қонуний жиҳатдан белгилаб олингунига қадар баҳсли ҳудудлардан ҳар икки давлат фойдаланиш ҳуқуқига эга.
XS
SM
MD
LG